Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
30.01.2018 19:21:00

Республикамиздаги шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларида чорва моллари бош сонини кўпайтиришни рағбатлантириш, сервис хизматлари тармоғини ташкил этишга доир чора-тадбирлар дастурининг амалга оширилиши натижасида чорвачилик соҳасида ижобий натижаларга эришилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2017 йилдаги йиғилиш баёнлари билан тасдиқланган чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва асаларичилик дастурлари ижросини таъминлаш борасида қуйидаги тадбирлар амалга оширилди.

Қорамолчилик йўналиши бўйича янгидан 1592 та лойиҳалар ташкил этилди ва уларда 62 минг 232 бош қорамолларни парвариши йўлга қўйилди. Ташкил этилган янги лойиҳалар ҳисобига 5648 та янги ишчи ўринлари яратилди.

2616 та зооветеринария пунктлари орқали шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларидаги чорва молларига 14 млрд. 200 млн. сўмлик турли хилдаги зооветеринария сервис хизматлари кўрсатилди.

Чорва моллари наслини яхшилаш ва маҳсулдорлигини ошириш мақсадида жорий йилда хориждан 10793 бош юқори маҳсулдор наслли қорамоллар олиб келиниб, жами хориждан олиб келинган қорамоллар бош сони 82 минг 435 бошга етди. Олиб келинган насли моллардан жорий йилнинг якунига келиб 330 минг бошга яқин бузоқлар олиниб, бир бош наслли сигирдан кунига ўртача 20-22 кг дан сут соғиб олинмоқда. Қорамолларни сунъий уруғлантириш мақсадида чорвачилик субъектларига “Ўзнаслчилик” корхонаси томонидан маҳаллий шароитда ишлаб чиқарилган 3 млн. 667 минг дозадан ортиқ наслли буқаларнинг уруғлари етказиб берилди ҳамда 2 млн. 839 минг бош сигир ва урғочи таналар сунъий уруғлантирилди.

217 та қорамолчилик фермер хўжаликлари наслчилик тоифасига ўтказилди ва ушбу тоифадаги хўжаликлар сони 827 тага етказилди ва улар томонидан 9 минг 491 бош наслли моллар тайёрланиб деҳқон ва фермер хўжаликларига шартнома асосида етказиб берилди.

Қоракўлчилик тармоғида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, коракўлчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ва тармоқ экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида 36 та наслчилик тоифасидаги қоракўлчилик МЧЖ ва 1100 та қоракўлчилик фермер хўжаликлари ташкил этилди.

Шунингдек, чорва молларига мустаҳкам озуқа базасини таъминлаш мақсадида 326,1 минг га асосий майдонларга беда, баҳорги ва кузги беда, маккажўхори ва хашаки лавлаги экилди. Бундан ташқари 115,1 минг гектар экин майдонларига маккажўхори экилиб, гектаридан ўртача 300 центнердан кўк масса, жами 3 млн. 453 минг тонна маккажўхори силосга ўриб олинди.

Жорий йилда 26,4 тонна беданинг элита уруғи, сулининг 15,2 тонна суперэлита, жавдарнинг 4,3 тонна, третикаленинг 20,7 тонна, хашаки лавлагининг 900 кг элита, маккажўхорининг 60 тонна элита уруғлари тайёрланди.

Чорвачиликка ихтисослашган хўжаликлар томонидан уларни моддий техника базасини кучайтириш мақсадида 66 та косылка, 38 та озуқа ўриш комбайни, 82 та прессбойлагич ва 112 та сут соғиш ускуналари харид қилинди

Эчкичилик соҳасини ривожлантириш бўйича жорий йилда 235 та лойиҳалар ташкил этилди, лойиҳаларни ташкил этиш ҳисобидан 21 минг 815 бош эчкичларни парвариш қилиш йўлга қўйилди ва лойиҳалар доирасида 400 та янги иш ўринлари яратилди. Республикамизга хорижий мамлакатлардан (Франция, Россия) 5 минг бошдан ортиқ сут йўналишидаги заанен ва оқ рус зотидаги наслли эчкилар олиб келиб парваришланмоқда.

Паррандачиликни ривожлантириш бўйича 554 та паррандачилик лойиҳалари ташкил этилиб, уларда 8 млн. 44 минг бош парранда боқиш йўлга қўйилиб, улар асосида 2505 та янги иш ўринлари яратилди.

Куркачилик, ўрдакчилик, беданачилик ва туяқушчилик йўналишларида 60 тадан ортиқ янги лойиҳалар ташкил этилди ҳамда 241 та янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, 50 та 50 минг бошга мўлжалланган гўшт йўналишидаги паррандачилик хўжаликлари ташкил этилиб, уларда 2 млн. 325 минг бош паррандалар парваришланмоқда ва уларда 419 та иш ўринлари яратилди.

Балиқчилик тармоғини ривожлантириш бўйича 2017 йилда 3472 гектар сув ҳавзаларида (479 га табиий ва 2993 га сунъий) 677 та янги лойиҳалар ишга туширилиб улар ҳисобидан 2016 та янги иш ўринлари яратилди.

Асаларичилик соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилган 466 та лойиҳалар ҳисобидан 57 минг 126 та асалари оилалари ташкил этилиб, лойиҳалар асосида 1058 та янги ишчи ўринлари яратилди.

Қуёнчилик соҳасини ривожлантириш бўйича жорий йилда 81 та янги лойиҳалар ташкил этилиб, уларда 33 минг 500 бош қуёнларни боқиш йўлга қўйилди ва 200 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 28 январдаги ЭДО-03-36-12-сонли баёни билан тасдиқланган Дастур асосида Тошкент Давлат аграр университетининг малака ошириш марказида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда жами 603 нафар техник осеменаторлар қисқа муддатли бир ҳафталик малака ошириш ўқув курслари ташкил этилди.

Юқорида таъкидланган тадбирларни амалга оширилиши натижасида 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига, Республикамизда йирик шохли қорамоллар бош сони 12 млн. 415 минг бошга ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 101,9 фоизга, сигирлар бош сони 4 млн. 418 минг бошга ёки 104,8 фоизга, қўй ва эчкилар бош сони 20 млн. 681 минг бошга ёки 105 фоизга ҳамда паррандалар бош сони 71 млн. 343 минг бошга ёки 106,4 фоизга кўпайишга эришилди.

Натижада ҳисобот даврида гўшт ишлаб чиқариш 2 млн. 281 минг тоннага ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105 фоизга, сут ишлаб чиқариш 10 млн. 83 минг тоннага ёки 103,9 фоизга ҳамда тухум ишлаб чиқариш 6 млрд. 605 минг донага етказилди ёки 107,4 фоизга ошиши кузатилди.

     М.Юсупов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech