Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
01.02.2016 15:27:02

Республикамизда 2015 йилда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, истеъмолчилар талабини мамлакатимизда етиштирилаётган мева-сабзавот, полиз, узум ва картошка маҳсулотлар ҳисобига тўла қондириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мева-сабзавот, полиз, картошка ва узум маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш, ички бозорни тўла таъминлаш баробарида қайта ишлаш корхоналари қувватини ва экспорт ҳажмларини ошириш, замонавий технологиялар асосида пакана ва ярим пакана интенсив мевали боғлар ва янги токзорлар барпо этишга қаратилган бир қатор аниқ манзилли чора-тадбирлар дастурларининг амалга оширилиши натижасида ижобий натижаларга эришилди.

Мева-сабзавот, полиз, узум ва картошка маҳсулотлари етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликларида янги боғ-токзорлар барпо этиш, қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, агротехник тадбирларини ўтказиш, талаб этиладиган ёнилғи-мойлаш маҳсулотлар, минерал ўғитлар, уруғликлар етказиб бериш ҳамда маҳсулотларни нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.

Барча агротехника тадбирлари илғор технологиялар асосида ўз муддатида сифатли ўтказилиши натижасида ўртача ҳосилдорлик боғларда 116, токзорларда 121 центнерни ташкил этди.

Республикамизда озиқ-овқат дастурлари асосида мева-сабзавотчилик бўйича 2015 йилда 959,1 триллион сўмлик жами 19,2 мингта лойиҳа амалга оширилиб, бунинг натижасида 26,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, мева-сабзавотчиликка ихтисослашган 30 та туманда 517,3 млрд сўмлик 7,6 мингта лойиҳа амалга оширилди.

Республикамиз бўйича 9,8 минг гектар (2014 йилга нисабатан 176%) пакана ва ярим пакана интенсив боғлар ва 9,9 минг гектар (109%) янги токзорлар барпо этилиб, 12,3 минг гектар (296%) боғ ва 7,5 минг гектар (123%) токзорлар реконструкция қилинди. Шунингдек, 451 гектар майдонда иссиқхоналар қурилди, 181 та 102,8 минг тонна ҳажмли музлаткичли-омборхоналар, 246 та 315,7 минг тонна қувватга эга қайта ишлаш корхоналари ишга туширилди. Бундан ташқари, аҳоли хонадонларида 154 гектар майдонда енгил конструкцияли иссиқхоналар барпо этилди.

Соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва яратилган имкониятлар, берилган имтиёзлардан унумли фойдаланган деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати эвазига 2015 йилда республикамиз бўйича 10 млн 128,1 минг тонна (2014 йилга нисбатан 109,1 фоиз) сабзавот, 1 млн 853,1 минг тонна (109,3%) полиз, 2 млн 696,7 минг тонна (110%) картошка, 2 млн 746,2 минг тонна (110,3%) мева ва 1 млн 579 минг тонна (109,6%) узум маҳсулотлари етиштиришга эришилди.

Бошқача қилиб айтганда, 2015 йилда аҳоли жон бошига йиллик ўртача 320 кг сабзавот (тиббий меъёрга нисбатан 2,8 марта кўп), 85,3 кг картошка (1,5 марта), 58,6 кг полиз (2,2 марта), 86,8 кг мева (1,2 марта) ва 49,9 кг узум (3,3 марта) маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.

Истиқболда мева-сабзавотчиликни янада ривожлантириш мақсадида соҳа мутахассис ва олимлари томонидан республикамиз минтақаларининг тупроқ-иқлим шароитига мос, совуққа, қурғоқчиликка, иссиққа, касаллик ва зараркунандаларга чидамли, узоқ сақланадиган, транспортабелли, сифатли ва юқори ҳосилли навларини яратиш борасидаги илмий изланишлар кўламини кенгайтириш, янги навларни амалиётга кенг жорий этиш, пировардида халқимизни сархил мева-узум ҳамда сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш борасидаги тадбирларни изчил амалга ошириш белгиланган.

    Ахборот хизмати





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech