Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
17.02.2017 17:24:00

Эрта баҳорда токзорлар орасига сабзавот ва картошка экинларини экиш учун октябрь ойининг охири-ноябрнинг ўрталаригача ерлар ҳайдалиб эгат олиб қўйилади.

Янги экилган токзорлар иккала қатор орасидан 0.5 м. дан ташлаб биринчи 2–3 йил давомида қатор орасига 70 см. ли эгатлардан 3 қаторга, кейинги йилларда эса 70 см ёки 90 см эгатлардан бир қатор эгат олиниб, уни икки четига экиш мумкин. Бунда эрта баҳорда совуққа нисбатан чидамли сабзи, ош лавлаги, редис, кўкат сабзавотлар, картошка экинлари уруғини ҳамда карам кўчатини туннел шаклидаги шаффоф плёнка остига экилади.

Бунда сабзавот, картошка ҳосили апрель-июнь ойларида йиғиштириб олинади ва токзорлари зарар етказмайди.

Ток қатор ораларига экилган экинлар ердаги намлик ва озиқ моддаларни олади. Шунинг учун уруғни тупроқ намига ундириб олиш учун уларни иложи борича барвақт февраль ойи ўрталарида экиш лозим. Экиш муддати кечиктириб юборилса, уруғ қуруқ тупроққа тушиб, униб чиқиши қийинлашади, ҳосилдорликнинг пасайишига олиб келади.

Плёнка остидаги ҳарорат очиқ ердагига нисбатан 2–3оС га юқори бўлади ва бир ҳафта ичида 15–20оС иссиқлик ортиқча олади. Бу эса юқорида зикр қилинган экинларни униб чиқишини икки бароварга тезлаштиради. Натижада уларни ҳосилини эрта йиғиштириб олса бўлади.

Ток қатор ораларига экиладиган экинлар мевали узумзорларнинг ўсиши ва ҳосил беришига таъсир этади. Шунинг учун қатор ораларига экиладиган картошка ва сабзавотлар эртапишар, вегетация даври қисқа, сувга бўлган талаби асосий экин талабига мос тушмаслиги керак. Яна токзорлар қатор ораларига баҳорда сувни кўп талаб қилмайдиган экинлар экилиши лозим.

Токзорлар қатор ораларига сентябрь ойида суғоришни талаб қиладиган картошка ва сабзавот экинларини экиш мумкин эмас. Акс ҳолда қишга тайёргарлик қилмаган токларни барвақт тушадиган совуқлар уриб кетади.

Ток қатор ораларига экиладиган экинларнинг узум тупларига салбий таъсирини камайтириш учун тана атрофидаги бўш ерларга экинлар экилмайди. Токзорлар қатор ораларига сурункасига бир ойилага мансуб экинларни экмасдан, алмашлаб экишни жорий қилиш керак.

Кеч кузда ток навдалари кесиб кўмилгандан сўнг – ноябрнинг охири-декабрнинг бошларида тўқсобости муддатда сабзи, ош лавлаги, кўкат сабзавотлар экилади. Бунда сабзини қизил рангли эркаклаб кетмайдиган навлари экилади. Бу муддатда экиш ниҳолларни эрта баҳорда ундириб олишга мўлжалланган. Улар уруғи баҳорда экилганига нисбатан бирмунча эрта униб чиқади ҳамда ҳосили 2–3 ҳафта олдин йиғиштириб олинади.

Картошка ва сабзавотлар уруғи ёки кўчати эрта баҳорда экилгандан кейин устига чиринди, майда похол, шоли шелухаси, ёғоч қипиғи 2–3 см қалинликда ташлаб мульчаланади. Сув кам бўлган йилларда мульча тупроқни қуруқ қолишдан сақлайди, сув ерга чуқурроқ сингади. Мульча тагидаги ҳарорат мўътадилроқ бўлади. Мульча бегона ўтларни ўстирмайди, чириб кетиб тупроқни органик моддаларга бойитади. Мульча тагидаги буғланиш камроқ бўлгани учун зарарли тузлар ер устки қаватларига чиқмайди. Мульчаланган токзорларни қатор оралари камроқ суғорилади.

Ток қатор ораларига дуккакли экинлардан мош, нўхат, ловия ҳамда кўк ўғит сифатида ҳайдаб юбориладиган экинлар экиш тавсия этилади.

Сабзавот ва картошка навлари

Оқбошли карамнинг Балбро, Бурбон, Браво, Лион, Назоми, Фарел, Фарао, Фреско;

баргли Хитой карамнинг – Шарқ Гўзали.

кўкат сабзавотлардан: салатнинг Кўк шох, петрушканинг Сербарг, укропнинг Узбекский–243, Ором, исмалоқнинг Нафис, кашничнинг Орзу, селдерейнинг Нилуфар;

сабзининг Барака, Зийнатли, Мирзои қизил–228, Мирзои сариқ–304, Мшак–195, Нурли–70, Нантская–4, Шантане–2461;

салатбоп шолғомнинг Муяссар;

ош лавлагининг Бордо–237, Боро, Диёр, Детройт, Фабло, Ягона;

редисканинг Лола, Рубин, Сакса, Соро, Эртапишар;

картошканинг Аринда, Арново, Аладин, Кондор, Курода, Марфона, Пикассо, Розаро, Санте каби навларини экиш тавсия этилади.

Сабзавот ва картошка экинларининг ток қатор ораларига экиш муддатлари қуйидагича:

оқбош карам жанубий вилоятларда 15–25 январь, марказий минтақа вилоятларида 25 февраль-10 март, шимолий минтақаларда 10–20 март;

сабзи, ош лавлаги, редиска, кўкатлар, шолғом жанубий вилоятларда эрта баҳорда 1–20 февраль, тўқсонбости 1–20 декабрь, марказий минтақа вилоятларида эрта баҳорда 25 февраль-10 март, тўқсонбости 15 ноябрь-10 декабрь, шимолий минтақаларда 15–30 март;

картошка жанубий вилоятларда 1–15 февраль, марказий минтақа вилоятларида 25 февраль-10 март, шимолий минтақаларда 10–15 март.

Эртаги картошка ва карам кўчатини экиш учун эгатлар кеч кузда олиб қўйилади ва фақат ушбу экинларнинг эртапишар навлари экилади.

Сабзавот ва картошка экинларининг экиш схемалари ҳамда уруғлари ва кўчатларини экиш меъёрлари

Сабзавот ва картошка экинлари қадимдан қатор оралари 70 см бўлган (140 см) агрегатлар ёрдамида экиб келинган. Лекин республикамизнинг пахта етиштирадиган барча вилоятларида техника изи (колеяси) 180 ёки 120 см оралиқни ташкил қилганлиги сабабли ушбу экинлар 90 ёки 60 см эгат оралиқларига экилади.

Сабзавот ва картошка экинларининг экиш схемалари ҳамда уруғлари ва кўчатларини экиш меъёрлари

Экин турлари

Экиш схемаси, см

Уруғ сарфи,

1 га

Гектардаги кўчат сони, минг дона

Оқ бош карам

70×25-30

0.5кг

57-47.6

Сабзи

50+20:2 ёки сочма

5-6кг

420-550

Лавлаги

50+20:2

15-16кг

150-200

Картошка

70×25-30

3-3,5т

57-47.6

Экинларни ўғитлаш

Сабзавот экинлари бошқа дала экинларига нисбатан тупроқ унумдорлигига анча талабчандир. Уларнинг илдиз тизими кам ривожланиб тупроқнинг устки қатламидаги озиқалардан фойдаланади холос.

Сабзавот экинлари даставвал кўпроқ азот ва фосфор ўғитларига муҳтождир, чунки тупроқда экин енгил ҳазм қилинадиган ҳаракатчан азот ва фосфор захираси кам бўлиб, калий эса етарли даражада бўлади.

Агар тупроқда азот етарли бўлмаса, барча сабзавот экинлари ва картошканинг барг поя қисми жуда заиф ўсади, танаси нозик, барглари майда ва оқиш бўлади. Сабзавот экинларининг азотга талабчанлиги турлича. Карам ва картошка кучли, бодринг, сабзи, петрушка, шолғом, помидор ва лавлагида – ўртача, салат ва нўхатда суст бўлади.

Фосфор экин пояларининг ўсишини чеклаб, сабзавот ҳосилининг етилишини бирмунча тезлаштиради. Фосфор илдиз тизимининг ўсишига ёрдам беради. Шунинг учун экинни ўсувини дастлабки даврида фосфор билан ўғитлаш жуда муҳимдир. Фосфорга талабчанлик гулкарам, ловия, укроп, бодринг, сабзи, карамда – юқори; нўхат, картошка, петрушка, салат, бақлажон, помидор, пиёз ва лавлагида – ўртача; шолғом, турп ва редисда суст бўлади.

Калий ҳосил таналарида углеводлар миқдорини кўпайтиради ва сабзавот сифатини яхшилайди. Калий сабзавотнинг қурғоқчилик ва совуққа ҳамда вирус, замбуруғ касалликларига чидамлилигини оширади. Калийга талабчанлик гулкарам, ловия, нўхат, картошкада – юқори; укроп, бодринг, сабзи, турп, карам, помидор, пиёз, лавлагида – ўртача; петрушка ва редискада суст бўлади. Калий етарли бўлмаса, экинлар азот ва фосфорни ёмон ҳазм қилади, ҳосилнинг етилишини секинлаштиради.

Оқбош карам учун бўз тупроқли ерларда гектарига соф ҳолда 200 кг азот, 150 кг фосфор ва 100 кг калий; ўтлоқи ва ўтлоқи-ботқоқли тупроқларда мувофиқ равишда – 120–150 кг азот, 120–150 кг фосфор ва 60–100 кг калий солиш тавсия этилади.

Кузги шудгордан олдин 25–30 т органик ўғитларнинг ҳаммаси, фосфорнинг 75 ва калийнинг 50 фоизи солинади. Экишдан олдин фосфорнинг қолган қисми ва азотнинг 20–25 фоизи; кўчат тутиб олгандан сўнг 1-озиқлантиришда қолган азотнинг 35–40 фоизи; карам бош ўрай бошлаганда 2-озиқлантиришда азотнинг 35–40 ва калийнинг 50 фоиз меъёри солинади.

Илдизмевали сабзавотларга бўз тупроқларда соф ҳолда (кг/га) 150 кг азот, 100 кг фосфор, 50 кг калий; ўтлоқи ва ўтлоқи-ботқоқ ерларда – 100 кг азот, 100 кг фосфор ва 50 кг калий ўғитини солиш тавсия этилади. Ерни ҳайдашдан олдин фосфор ўғитининг 75 ва калийнинг 100 фоизи экишдан олдин солинади. Азот ўғитларининг тенг иккига бўлиб, биринчи ўтоқдан кейин 2–3 та чинбарг чиққанда, иккинчиси илдизмевалар шаклланаётган даврда берилади.

Картошканинг гектаридан 30 тонна ҳосил олиш учун соф модда ҳисобида 330 кг азот, 260 кг фосфор ва 170 кг калий ўғити солиниши лозим. Органик (30 т/га) ва калийли ўғитлар ҳаммаси, фосфорнинг 75% кузги шудгордан олдин, азотнинг 20% ва фосфорнинг 25% экиш пайитида, азотнинг қолган 30% ниҳоллар пайдо бўлгандан сўнг ва қолган қисми ўсимлик гуллаши олдидан берилади.

Сабзавот ва картошка экинларини суғориш тартиботи

Сабзавотларни суғориш сони ва меъёри сизот сувнинг жойлашиши чуқурлигига, иқлим минтақаларига, ўсув даврининг муддатига, ўсимликнинг биологик, морфологик ва хўжалик кўрсаткичларига боғлиқ. Яна у тупроқ типи ва механик оғирлигига қараб ўзгариб туради.

Суғориш меъёри эртаги картошка учун 300–400 м³ бўлади. Бу суғориш тартиботидаги суғориш ишлари кечки салқинда ўтказилганда 20–25% сув тежалади.

Тупроқ тури, сизот сувларининг жойлашишига қараб экинларни

суғориш сони

Экин тури

Бўз тупроқлар, сизот суви чуқур жойлашган

Ўтлоқи ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқлар, сизот сувлари яқин жойлашган

Суғориш

сони

Суғориш

оралиги, кун

Суғориш

сони

Суғориш

оралиги, кун

Эртаги картошка

8-9

7-8 ва 5-6

5-7

7-10

Эртаги оқбош карам

8-9

15-7

5-6

18-8

Эртаги сабзи ва лавлаги

10-12

10-12/7-10

6-8

12-14/6-8

Эртаги карам баҳорда ёғингарчилик сабабли, карам бош ўрай бошлагунга қадар деярли суғорилмайди. Карам бош ўрай бошлаганда эртаги карам ҳар 6–7 кунда гектарига 300–400 м³ меъёрида суғориб турилади.

Сабзи ва лавлаги илдизларининг кучли, ерга чуқур кириши, сувни кам бўғлантириши, уларнинг сувга бўлган талабчанлиги кучсиз экинлигини билдиради. Уруғ бўртаётган ва унаётган даврда ҳамда илдизмева ҳосил қилиш даврида тупроқ сернам бўлиши керак. Сабзининг суғориш меъёри гектарга 500–600 м³ ва қолган илдизмеваларники – 700–800 м³ сув билан суғорилади.

Сабзавот ва картошка экинларини парваришлашда сув тежовчи агротехнологиялар

Сабзавот экиларининг навига ва қўлланилаётган парваришлаш технологиясига қараб ўсимликнинг сувга талабчанлиги ўзгариб туради. Масалан: эртапишар сабзавот навлари ўсув даври қисқа бўлганлиги учун кечпишар навларга қараганда сувга кўпроқ муҳтож бўлади. Очиқ далага бевосита уруғи билан экилган сабзавотларга нисбатан кўчат қилиб экилганлари сувга анча талабчан ҳисобланади.

Далада кўчат қалин экилган бўлса ва у юқори агротехника асосида парвариш қилинганда ўсимликнинг сувга талабчанлиги ортади. Нишаби оз (0,003° гача) бўлган ерларда боши берк эгатлардан суғориш усилини қўллаш ҳам сувни кўп тежайди.

Махсус ётқизилган трубалар орқали тупроқ тагидан суғорилганда сув ўсимлик илдизи тарқалган қатламга ўтади. Бунда тупроқ юзаси намланмайди. Шу сабабли тупроқни қатқалоқ босмайди ва у ҳамма вақт майин , ҳаво бемолол кирадиган ҳамда сув кам бўғланадиган ҳолатда туради. Сув мутлақо исроф бўлмайди ва сувдан фойдаланиш миқдори икки баравар ортади.

Сабзавотлар чуқур эгатлардан жилдиратиб суғорилганда сув кам парга айланади ва тупроқда нам яхши сақланади, натижада анчагача сув тежалади. Яна тилма эгатлардан суғориш тупроқда намни узоқ сақланишга сабаб бўлади.

Эгатлаб суғоришда эгилувчан трубопроводлардан ҳам фойдаланиш мумкин. Бунда сув экин қатор орасининг кенглигига мослаб қилинган тешиклардан тушади. Мана шундай трубалар ишлатилганда ўқариқ ва бешамаклар олишдек ишларга барҳам берилади. Сувнинг тупроққа шимилиб кетиши камаяди, экинларни суғориш анча осонлашади. Натижада суғориш ишларини қисқа муддатда сифатли қилиб тугаллаш имкони яратилади.

Зараркунанда ва касалликларига карши кураш усуллари

Ўргимчаккана (Tetranychis urticae Koch) ҳаммахўр зараркунанда ҳисобланиб, у 250 дан ортиқ ўсимликларни зарарлаб, сабзавот экилган ўсимлик ҳосилининг 50 фоизга яқинини йўқотиш мумкин.

Кураш чоралари. Агротехник:. Кузда даладан ўсимлик қолдиқларини олиб чиқиб ташлаш, ерни чукур қилиб шудгорлаш зарур. Экилган майдон атрофларини бегона ўтлардан тозаланади.

Кимёвий усул: 57 фоизли Омайт эм.к. – 1,5 л/га (етук зотига, личинкасига); 10 фоизли Ниссоран н.кук. – 0,1 кг/га (тухумига); 20 фоизли Флумайт сус.к. – 0,2 л/га (етук зотига, личинкасига); 5 фоизли Ортус сус.к. – 0,75 л/га (етук зотига, личинкасига); 1,8 фоизли Вертимек эм.к. – 0,3–0,4 л/га (етук зотига, личинкасига) меъёрда қўллаш зарур.

Очиқ далада ва иссиқхоналарда помидор ва бошқа сабзавот экинларига оққанотларнинг учта тури учрайди: иссиқхона оққаноти (Trialeurodes vaporarlorum West), ғўза оққаноти (Bemizia tabaci Gtnn) ва карам оққаноти (Aleurodes proletella L) жиддий зарар келтирмоқда.

Кураш чоралари. Агротехник кураш: юқори агротехника асосида соғлом ўсимликларни ўстириш.

Биологик кураш: оққанотга қарши биологик кураш учун уларнинг зичлигига қараб, энкарзия паразитини оққанот личинкаларига қарши 1:20, 1:10, 1:5 нисбатларда, олтинкўз личинкаларини қўллаш. Оққанотнинг етук зотларига қарши эса сариқ тусли елим суртилган экранларда тутиш.

Кимёвий усул: оққанотнинг миқдори кўп бўлганда қуйидаги препаратлардан бирини қўллаш тавсия этилади: 25 фоизли Аппловуд н.кук - 0,5 кг/га, 20 фоизли Моспилан н.кук. – 0,15 л/га; 20 фоизли Конфидор эм.к. – 0,3–0,4 л/га; 36 фоизли Дельтафос эм.к. – 1,25–1,5 л/га ва бошқа рухсат этилган препаратлар билан ишлов берилади.

Ўсимлик битлари (Aphididae) сабзавот экинларини зарарлайди ва айрим йиллари ҳосилдорликни 50 фоизгача камайтириши мумкин.

Кураш чоралари. Агротехник кураш: алмашлаб экиш, ўсимлик қолдиқларидан тозалаш, қатор ораларига сифатли ишлов бериш, кўллатиб суғормаслик.

Биологик кураш: сабзавотлардаги ўсимлик битларига қарши биологик кураш учун олтинкўзни 3–4 кунлик тухумини зараркунанда сонига қараб 1:10, 1:5 нисбатларда чиқариш.

Кимёвий усул: ўсимлик битларининг миқдори кўп бўлганда қуйидаги препаратлардан бирини қўллаш тавсия этилади: 20 фоизли Моспилан н.кук. – 0,15 л/га; Пилармос н.кук. – 0,15 л/га; Камилот н.кук. – 0,15 л/га; 50 фоизли Карбофос эм.к. – 0,6 л/га; 48 фоизли Калипсо сус.к. – 0,05–0,07 л/га; 36 фоизли Дельтафос эм.к. – 1,0 л/га; 1,8 фоизли Вертимек эм.к. – 0,4 л/га ва бошқа рухсат этилган дорилар билан ишлов берилади.

Ғовак ҳосил қилувчи пашшалар (Agromyzidae, Liriomyza congesta Beck.). Ғовак ҳосил қилувчи пашша ҳаммахўр бўлиб, турли оилага мансуб экинларни усув даврининг ҳаммасида зарарлайди.

Кураш чоралари. Агротехник кураш: Алмашлаб экиш, қатор ораларига сифатли ишлов бериш.

Биологик кураш: ғовакловчи пашшага қарши биологик кураш учун олтинкўзни 3–4 кунлик тухумини зараркунанда сонига қараб 1:10, 1:5 нисбатларда чиқариш.

Кимёвий усул: ғовакловчи пашшанинг миқдори кўп бўлганда қуйидаги препаратлардан бирини қўллаш тавсия этилади: 20 фоизли Суми-альфа эм.к. – 0,6 л/га; Конфидор эм.к. – 0,25 л/га; 1,8 фоизли Вертимек эм.к. – 0,6 л/га; 50 фоизли Карбофос эм.к. – 0,6 л/га меъёрда қўллаш тавсия этилади.

Колорадо қўнғизи (Liptinotarsa decemlineata) картошканинг энг хавфли зараркунандаси бўлиб, республикамизнинг барча ҳудудларида тарқалган.

Кураш чоралари. Агротехник кураш: алмашлаб экиш, қатор ораларига ишлов бериш, уларнинг миқдори кам бўлганда қўл кучи билан териб йўқотиш.

Кимёвий усул: колародо қўнғизининг миқдори кўп бўлганда қуйидаги препаратлардан бирини қўллаш тавсия этилади: Тайшин ВДГ 0,045–0,06 кг/га; 70 фоизли Имидамакс с.э.г. – 0,02 кг/га; 25 фоизли Циракс к.э. – 0,1–0,16 л/га; Циперметрин к.э. – 0,16 л/га; 20 фоизли Конфидор к.э. – 0,05 л/га; 5 фоизли Каратэ эм.к. – 0,1 л/га сарф меъёрида қўллаш тавсия этилади.

Картошка куяси (Phihorimaea operculella Zell.) нинг капалаги майда (12–16 мм) бўлиб, жуда ҳаракатчан, кулранг. Иссиқ кунлари кундузи пана жойларда беркиниб, тонгда ҳамда номозшомда фаол учиб ҳаракатланади. Урчиган урғочи капалак 20 кунлар давомида жами ўртача 150 та тухумни баргларнинг остига якка-якка қилиб қўяди.

Кураш чараси. Уруғлик учун мўлжалланган картошкани кузда микробиологик дори – Лепидоциднинг 1 фоизли сувдаги эритмасига “чўмилтириб” олиш. Картошка экилган далада куянинг қуртлари пайдо бўлса кимевий усулдан фойдаланиш зарур.

Кимёвий усул: қуйидаги инсектицидларнинг бирортасини бир йўла бошқа зараркунандаларни ҳам назарда тутиб, ишлатса бўлади: 20 фоизли Конфидор с.э.к. (Багира) – 0,3 л/га, Моспилан н.кук – 0,2 кг/га, 55 фоизли Циперфос эм.к 1,0 л/га, 5 фоизли Каратэ эм.к. (Атилла) – 0,4 л/га, 1,8 фоизли Вертимек эм.к. – 0,3 л/га меъёрда қўллаш тавсия этилади.

Карам бити (шираси) Brevicoryne brassicae – карам оиласига мансуб бўлган экинларнинг барчасини зарарлайди.

Кураш чоралари. Агротехник тадбирлар: қишловчи бутгулсимон бегона ўтларни, карам қолдиқларини даладан йўқотиш; карамни чидамлилигини ошириш тадбирларини (қўшимча озиқлантириш, қатор ораларига сифатли ишлов бериш, кўллатмасдан суғориш) ўтказиш;

Биологик усул: Олтинкўз энтомофагини 3–4 кунлик тухумларидан 1:10, 1:20 нисбатларда 10 кун оралатиб 2 марта карамларга қўйиб чиқиш.

Кимёвий усул: 5–10% ўсимликда шира тўдалари пайдо бўлгач 2,5 фоизли Децис эм.к. – 0,3 л/га; 57 фоизли Фуфанон эм.к. – 0,6–1,2 л/га; 10 фоизли Фьюри 10 с.э.к. – 0,3 л/га ва бошқа рухсат этилган препаратлар билан ишлов берилади.

Карам оқ капалаги (Pieris brassiai) қуртлари карам баргларини ёппасига кемириб, баргларнинг фақат йўғон томирларинигина қолдиради. Апрель-май ойларида капалаклари учиб чиқиб оталанган урғочи зотлар ҳар бири 250–300 тухумларини карам баргларига тўп-тўп қилиб қўяди.

Кураш чоралари. Агротехник тадбирлар: бутгулсимон бегона ўтларни, айниқса гуллаётганларини зудлик билан йўқотиш.

Биологик усул: карам оқ капалагини тухумига қарши трихограмма энтомофагидан 1 граммдан ҳар бир авлодига 3 марта 4–5 кун оралатиб тарқатилади; ўрта ва катта ёшдаги қуртларига қарши 1:20; 1:10; 1:5 нисбатларда бракон энтомофаги тарқатилади.

Кимёвий усул: 5 фоиз ўсимликда зараркунанда тухум ва қурти мавжуд бўлса 2,5 фоизли Децис эм.к. – 0,3 л/га; 57 фоизли Фуфанон эм.к. – 0,6–1,2 л/га; 5 фоизли Кинмекс эм.к. – 0,15–0,2 л/га; 5 фоизли Суми-альфа эм.к. – 0,2 л/га; 25 фоизли Суперкилл эм.к. – 0,16 л/га, Циракс эм.к. – 0,16 л/га; Циперметрин 25 эм.к. – 0,1 л/га меъёрда ишлов берилади.

Фузариоз сўлиш касаллиги (Fusarium spp). Барча ўсимликларни ўсиб-ривожланиш фазаларида зарарлайди. Бунда ўсимликларни пастки ярусдаги баргларда сарғиш, сўнгра қўнғир доғлар пайдо бўлади ва улар юқори ярусдаги баргларга ўтиб сўлишни бошлайди ва кейинчалик қуриб қолади.

Кураш чоралари. Агротехник: алмашлаб экиш, қатор ораларига сифатли ишлов бериш, кўллатиб суғормаслик.

Фитофтороз касаллиги. Касаллик ўсимликларни гуллаш пайтида бошланади. Барглар қўнғир ёки тўқ-қўнғир тус олади, барглар орқаси моғор қатлами пайдо бўлади ва қуриб қолишга олиб келади.

Кураш чоралари. Агротехник: ўсимлик қолдиқларини даладан чиқариш, чидамли навлар экиш, жўякларни баланд олиш, экишдан олдин уруғни самарали уруғ дорилагич билан дорилаш, алмашлаб экиш, олдинги йили помидор ёки картошка экилган далаларга экмаслик, минерал ўғитларни меъёрида бериш.

Кимёвий усул: ўсув даврида экинда касалликнинг биринчи белгилари кўриниши билан ўсимликларга профилактика учун 68 фоизли Ридомил гольд мц с.д.г. – 2,5 кг/га, Курзат Р – 2,5 кг/га, Превикур Sl – 1,5 л/га меъёрда пуркаш.

   Р.Ҳакимов, Ф.Расулов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech