Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
17.02.2017 17:27:00

Инсон ҳаётида сабзавот ва полиз маҳсулотларини етарли равишда ишлаб чиқариш муҳим аҳамиятга эга. Аҳолини сабзавот, полиз маҳсулотлари билан таъминлашни кескин яхшилаш ҳамда узлуксизлигини яратиш ҳозирги даврнинг ҳам энг долзарб масалаларидан ҳисобланади. Сабзавот маҳсулотларининг қиймати ва инсон овқатланишидаги бебаҳо аҳамияти уларнинг таркибида одам танасининг нормал ривожланиши ва харакат қилиши учун зарур бўлган витаминлар, ферментлар, оқсил моддалар, ёғлар, углеводлар ва минерал тузлар кўп миқдорда борлигидадир. Витаминлар инсон танасида кетализаторлар хизматини ўтайди ва шу туфайли моддалар алмашинувида муҳим аҳамиятга эга. Овқатда витаминлар бўлмаслиги ёки етишмаслиги инсон танасида моддалар алмашинуви бузилишига ва авитаминоз билан касалланишга олиб келади.

Республикамизнинг об-ҳаво, тупроқ шароитига қараб ҳар бир минтақа учун янги районлаштирилган, серҳосил, сифат кўрсаткичлари юқори бўлган, зараркунанда ва касалликларга чидамли, механизмлар ёрдамида ишлов беришга мослашган, ҳар бир экиш муддати учун мос навларни тўғри танлаш лозим.

Боғ қатор ораларига экиладиган экинларни танлашда – тупроққа ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ва бошқа чора-тадбирлар дарахтларни яхши тарбиялашга, илдизини ривожлантиришга, чиройли шакл беришга ҳамда очиқ ердан унумли фойдаланиб тупроқнинг унумдорлигини оширишга қаратилиши керак.

Мевали дарахтлар биринчи йил экилганда унга ажратилган майдонни-экиш схемаси бўйича фақат 1–2% фойдаланади. Уларни илдиз тизимини ривожланиши натижасида ажратилган майдондан данакли дарахтлар фақат 4–6 йилдан, уруғли мевали дарахтлар эса 5–8 йилдан кейин тўлиқ фойдаланадилар. Мевали боғларга экиш схемаси бўйича ажратилган майдонни кўп қисми, нисбатан узоқ муддат давомида ўзлаштирилмасдан ётади. Ёш боғлар орасини қора шудгор (черный пар) сифатида сақлаб туриш мақсадга мувофиқ эмас.

Боғларни қатор ораларига экиш учун экинларни тўғри танлаш муҳим аҳамиятга эга. Тадқиқотлардан маълумки, олма ва нок боғларини қатор орасига улар 6–8 ёшга киргунга қадар сабзавот экинларини ва қатор ораларига ишлов берадиган ўсимликларни экилгани яхши.

Данакли боғлар олти ёшга киргунча улар қатор орасига сабзавот ва полиз экинларини экиш тавсия қилинади. Бунда томатдош экинлардан помидор, қалампир, бақлажон ва картошка экинлари вирус касалликларини тарқатишга мойил бўлганлиги сабабли уларни боғларни қатор ораларига экиш тавсия қилинмайди.

Боғларни қатор ораларига оралиқ экинлар экиладиган бўлса, биринчи икки йил давомида дарахт танаси қаторига эни 1 м, кейин ҳар йили 0,5 м. дан ошириб бориб, сабзавотлар экилмай қолдирилади. Боғ тўлиқ ҳосилга кирганда қатор ораларига экин экиш фойдасиз бўлади.

Боғ қатор ораларига экилган экинлар ердаги озиқ моддалар ва намни бир қисмини олиб қўяди. Бу эса баъзан мева дарахтларининг ўсиши ва ҳосил беришига таъсир этади. Шунинг учун қатор ораларига экиладиган экинлар танланганда боғдаги мева дарахтларининг сувга ва озиқага бўлган талаби бир пайтга тўғри келмаслиги керак.

Мевали дарахтлар баҳорда, барг ёзаётганда, новдалари ва мевалари ўсаётганда сувни кўпроқ талаб қилади. Шунинг учун боғ қатор ораларига баҳорда сувни кўп талаб қилмайдиган экинлар экилиши керак. Бундан ташқари қатор ораларига сентябр ойида суғорилмаслик учун, ўсув даври қисқа бўлган, кузгача вегетацияси тугайдиган сабзавот ва дуккакли дон экинларини экиш лозим. Акс ҳолда экинлар суғорилганда, боғ дарахтлари ҳам сувдан фойдаланиб қишга тайёргарчилик қилолмайдилар.

Боғ қатор ораларига баланд ўсадиган маккажўхори, оқ жўхори, яна тупроқдан кўп озиқа оладиган кунгабоқар, уруғлик беда ҳамда дарахтларни соялайдиган экинлар экилмаслик керак.

Боғ қатор ораларига сабзавотларни ўсув даври қисқа бўлган турлари ҳамда тупроқларни азот ва чиринди билан бойитадиган дуккакли дон экинларидан – мош, кўк нўхат, нўхат ва ловия ўсимликларини экиш тавсия этилади. Боғ қатор ораларига турли сабзавот ва бошқа экинлар экилганда алмашлаб экишни қўллаш мақсадга мувофиқ.

Ёш боғ қатор ораларига қуйидаги полиз ва сабзавот экинларини экишни тавсия этилади.

Оқ бош карам навлари. Оқ бош карамнинг эртапишар, хорижнинг Фарао Ғ1, Парел Ғ1, Балбро Ғ1, Бурбон Ғ1, Назоми Ғ1 дурагайларини экишга тавсия этилади.

Парваришлаш технологияси. Эртапишар карам навларининг кўчати жанубий вилоятларда 10–12 февралда, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 25 февраль-10 мартда, шимолий минтақаларда 15–30 мартда далага экиш пайтида кўчатларда 6–7 та барг бўлиши ва улар плёнка остига экилиши керак.

Эртаги карамнинг ҳосилини эрта муддатларда етиштирилиши учун биринчи навбатда уни экишга мос жой танланади ва ер кузда тайёрлаб қўйилади. Кузда тайёрлаб қуйилган эгатларга экилганда ҳосили 8–10 кун илгари етилади ва 20 фоизга кўпаяди.

Эртаги карам 70×25 (30) см схемада экилади. Кўчат экилиб бўлгандан кейин дала кетма-кет суғорилади. Орадан 2–3 кун ўтгач, кўчат ўтказилган эгатлар текширилади, хато жойларга яна кўчат экилади. Кўчат тутгандан сўнг эгатнинг оралари культивация қилинади, сўнг кўчат атрофи юмшатилади ва биринчи марта ўғит берилади. Иккинчи культивация экин бир суғорилгандан сўнг ўтказилади. Эртаги карам икки марта чопиқ қилинади.

Кўчатлар экиб бўлингандан кейин икки-уч ҳафта ўтказиб биринчи ялпи ишлов берилади. Бунда қатор оралари КРН-4,2 культиватор билан 15–16 см чуқурликда культивация қилиниб, ўсимлик атрофи юмшатилади, маъдан ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғорилади. 20–25 кундан кейин яна бир марта ялпи ишлов берилади.

Карамни озиқлантириш учун гектарига 25–30 тонна гўнг, 200 кг азот, 150 кг фосфор ва 75 кг калий солинади.

Иккинчи йил боғларда кузда гўнгнинг йиллик миқдори тўлиқ, фосфорнинг 75, калийнинг 50 фоизи ерни ҳайдашдан олдин солинади. Фосфорнинг 25, калийнинг фолган қисми, азотли ўғитларнинг 20 фоизи кўчатни экишдан олдин, қолган қисми кўчат тутгандан сўнг, тупбарги пайдо бўлганда ва карамбош ўрай бошлаган пайтда тенг қисмларга ажратилган ҳолда берилади. Бўзтупроқли ерларда эртаги карамга 8–10 марта, сизот сувлари юза жойлашган ерларда 6–8 марта сув бериш тавсия этилади. Суғориш меъёри гектарига 500–550 м3.

Суғориш. Карамни неча марта суғориш уни экиш муддатига ҳамда сизот сувнинг чуқур ёки юзалигига боғлиқ. Карам кўчати далага ўтқазилгандан кейин тутиб кетиш ва карам бош ўраётган даврда сувни айниқса кўп талаб қилади.

Эртаги карам кўчатини далага ўтқазиш вақтида кўпроқ ёғин-сочин бўлиб туради, бинобарин, бу даврда экинни суғормаса ҳам бўлади. Акс ҳолда экинни албатта суғориш шарт. Шунинг учун эртаги карам кўпинча мартнинг охири ва апрелнинг дастлабки кунларидан бошлаб суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги карам майнинг ўрталаригача ҳар 7–8 кунда бир марта суғорилиши керак. Майнинг иккинчи ярми ва июнда эса 5–6 кунда сув берилади. Йиғиб-териб олиш олдидан сувни тўхтатиш лозим. Умуман олганда сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги карам ўсув даври мобайнида (тупроқнинг дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 80 фоиздан камаймаганда) 10–12 марта, сизот суви юза жойлашган далаларда эса 6–8 марта суғорилади.

Пиёз навлари: пиёзнинг маҳаллий шароитда яратилган эртапишар Сумбула, Оқ дур, ўртапишар Истиқбол, Зафар навларини экиш тавсия этилади.

Парваришлаш технологияси. Республикамизда пиёз уч муддатда: эрта-баҳорги, ёзги-кузги ва тўқсонбости қилиб экилади. Баҳорги муддатда пиёз жанубий вилоятларда 5–25 январда, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 20 февраль-10 март, шимолий минтақаларда 5–25 март, 2-йил боғларга тўқсонбости муддатда марказий минтақада жойлашган вилоятларда 15 ноябрь-15 декабрь ва шимолий минтақаларда 1 ноябрь-1 декабрда, ёзги-кузги муддатда шимолий минтақаларда 15 август-1 сентябрь, бошқа ҳудудларда 15 август-10 сентябрларда уруғи экилади.

Пиёз уруғи гектарига баҳорги муддатда гектарига 12–15 кг, ёзги-кузги ва тўқсонбости муддатда 20 кг. гача сарфланади. Пиёз СКОН-4,2, СММ-4 русумли сеялка билан ернинг нишабига қараб қатор ораларини 70–90 см. дан олиб тўрт қаторли усулда экилади. Уруғлар ерга 1,5–2 см чуқурликка кўмилади.

Пиёз икки-уч марта дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6–8 см. га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади. Ерга КРН-2,8 А культиватори билан 15–16 см чуқурликда ишлов берилиб, қатор ораларидаги бегона ўтлар йўқотилади.

Ўғитлаш. Пиёз ўсимлиги патак илдизли сабзавот бўлиб, илдиз тизими асосан тупроқнинг устки қисмига яқин жойлашган. Шунинг учун у ернинг устки қисмида асосий озиқа элементларни кўп бўлишини талаб қилади.

Бўз тупроқларда пиёздан 30 тонна ҳосил олиш учун ҳар гектар ерга ўртача 300 кг азот, 220 кг фосфор ва 90 кг калий бериш керак.

Ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ тупроқларда эса 250 кг азот, 200 кг фосфор, 80 кг калий беришни тақозо этади.

Шўрланган, тупроқ бонитети паст бўлган ўтлоқи тақир, тақир тупроқларда пиёз етиштирилганда гектарига 320 кг азот, 220 кг фосфор ва 100 кг калий бериш керак.

Ўғитларни бериш муддати. Режалаштирилган ҳосилга белгиланган фосфор ўғити йиллик миқдорининг 70–75% ернинг асосий ишловида, қолган қисми эса бороналашдан олдин берилади. Азот ўғити эса вегетация даврида озиқлантириш пайтида тенг иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш пиёз яганалаб, пиёз боши ўтоқ қилингандан сўнг, иккинчиси эса шакллана бошлаганда берилади. Пиёз ўсимлигига органик ўғитлардан янги гўнгни бериш тавсия этилмайди. Гўнг берилганда гўнгдаги бегона ўтлар уруғлари униб чиқиб, олинадиган ҳосилга салбий таъсир этади.

Суғориш. Пиёз ҳаво нами паст жойларда яхши ўсади, аммо тупроқнинг сернам бўлишини хоҳлайди. Пиёзнинг барг шапалоғини кичиклиги ва сувни тежаб-тергаб сарфлашига қарамасдан, унинг илдизи яхши ривожланмаганлигидан тупроқ намлигига талабчанлиги ниҳоятда кучли. Уруғ униб чиқаётган ва пиёз боши шаклланаётган даврда экиннинг сувга талаби айниқса ошади. Фақат ўсув даврининг охирида ва пиёз бошлари етилган пайтдагина ўсимликнинг сувга бўлган талаби бир оз камаяди. Бу даврда тупроқ ҳаддан ташқари сернам бўлса, пиёз кечроқ етилади ва уни узоқ сақлаб бўлмайди. Тупроқ нами етишмаса, пиёз бошининг катталашиши сустлашади,ўсув даврини барвақт тугаллайди, камбарг ва пиёзбоши майда бўлади, натижада ҳосилдорлик кескин камаяди.

Суғорганда тупроқ етарли даражада намиқмаса барги оқиш-яшил тусга кириб, учи эгилади. Ортиқча намланганда эса барги оч яшил рангга киради.

Сизот суви чуқур жойлашган бўзтупроқли ерларда кўкламнинг охири ёзнинг бошларида пиёз ҳар 7–10 кунда суғорилади.

Пиёзни тез-тез суғориш то пиёз боши шаклланишининг охиригача давом эттирилиб, янги барг ўсиб чиққандан сўнг тўхтатилади. Июннинг иккинчи ярмидан бошлаб, яъни пиёзбошининг ўсиши тўхтагандан кейин экин 12–14 кун оралатиб икки марта суғорилади ва йиғиб-териб олишга бир ой қолганда суғориш тўхтатилади. Экин шу тарзда суғорилганда пиёзбоши қаттиқ-тиғиз ва узоқ сақланадиган бўлиб етилади. Мана шу даврда ўсимлик суғориб турилса, у қайтадан кўклаб кетади ва бундай пиёз яхши сақланмайди. Сизот суви чуқур жойлашган бўз тупроқли ерларда кўкламда экилган пиёзни ўсув даврида 11–13 марта, сизот суви яқин бўлган участкаларда 7–9 марта суғориш керак.

Юқорида айтилганидек, пиёз илдизлари тупроқнинг юза қатламига таралишини ҳисобга олиб ҳар галги суғоришда гектарига 350–400 м3 ҳисобидан сув берилади.

Сабзи навлари. Сабзининг эртапишар Мшак–95, Нурли–70, ўртапишар Мирзои сариқ–304, Қизил мирзои–228, Нантская–4, Шантане–2461, Зийнатли навлари экишга тавсия этилади.

Парваришлаш технологияси. Юртимизнинг жанубий вилоятларида баҳорги сабзи уруғи 15–28 февралда; марказий минтақада жойлашган вилоятларда 1–15 мартда, шимолий минтақаларда 15–30 мартда экилади. Сабзи уруғлари СКОН-4,2, СММ-4 русумли сеялкалар билан 1,5–2 см чуқурликка 52×8, 62×8 см схемада экилади. Уруғ сарфи гектарига 5–6 кг. Сабзини парваришлаш жараёнидаги энг муҳим масалалардан бири уруғни ердан текис ундириб олишдир. Сабзи ниҳоллари тупроқ доим нам бўлганда 5–7 кунда кўринади ва 10 кунда униб чиқади.

Сабзи униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташга ва яганалашга киришиш керак. Сабзи 2 марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3–4 барг чиқарганда ўтказилади. Ҳар ўтоқ давомида ягана ҳам қилиб борилади. Бегона ўтларни йўқотиш учун гербицидлардан фойдаланилади. Бир йиллик ўтларга қарши, экишдан олдин гектарига Гезагард–50 ёки Прометрин препаратини ҳар гектарига 2–3 кг дан бегона ўтлар уруғи ердан унгунга қадар ёки 1–2 чинбарг чиқарган вақтда; 30 фоизли Нитран препаратни гектарига 3,3–6,0 кг ёки 24 фоизли Трефланни препаратини гектарига 4–6 кг ҳисобидан маданий ўсимликларининг уруғи униб чиққунгача ёки 1–2 чинбарг чиқарган вақтда ёки 12,5 фоизли Фюзилад Супер препаратини гектарига 1–2 кг ҳисобидан бегона ўтлар уруғи 2–4 та барг чиқарган вақтида пуркалади.

Гербицид сепилган сабзи экинлари меваларини 4 ойдан илгари истеъмол қилиш тақиқланади. Сабзи иккинчи марта ягана қилиниб, ўтдан тозалангандан кейин қатор оралари трактор культиваторида юмшатилади.

Суғориш. Илдизмева сабзавотларнинг тупроқ намига бўлган талаби экиннинг турига қараб ҳар хилдир.

Сабзи ўсимлигининг илдизи яхши ривожланган, тупроққа нисбатан чуқур таралади, барг шапалоғи унчалик катта эмаслигидан сувни кўп буғлантирмайди, аммо тупроқнинг бир оз чуқур қатламидан нам тортиб олиш қобилиятига эга. Демак, уларнинг сувга ўта талабчан эмаслигининг боиси ҳам шунда. Лекин мамлакатимиз шароитида экинларни суғормасдан мўл ва сифатли ҳосил олиб бўлмайди. Агар экин қондириб суғорилмаса, ҳосилдорлик ва шунинг билан бирга маҳсулотнинг сифати пасаяди.

Сабзи ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70–75% бўлиши керак.

Илдизмевали сабзавотлар ўсув даврида сувни ҳар хил миқдорда талаб қилади. Уруғнинг униб чиқиш, шунингдек, баргнинг жадал суратда ўсиш ва ҳосил тўплаш даврида экинларнинг сувга талабчанлиги бир оз ошади. Илдизмеваси етилган вақтда экин ҳаддан ташқари кўп суғорилса, уни узоқ сақлаб бўлмайди ва ёрилиб кетиши мумкин.

Тупроқ нами етишмаса сабзининг барги қораяди, ортиқча сернам бўлса оч яшил тусга киради. Шунга мувофиқ хўраки лавлаги баргининг ўсиши анча секинлашади, майдалашади ва у тўқ қизил-бинафша ранг билан қопланади. Ортиқча нам бўлганда барги яшил, томирлари эса оч қизғиш рангга киради.

Ўзбекистон шароитида сабзи боғ қатор орасига кузда ва кўкламда сепилади. Кўкламда сепилганда ўсимликнинг ўсув даври ҳаво анча салқин пайтда ўтади, лекин илдизмева ҳосил қилиш пайти эса ёзнинг айни иссиқ вақтига тўғри келади. Бу вақтда экилганда уруғ қишда ва баҳорда ёққан ёғиндан тўпланган нам ҳисобига бемалол униб чиқади. Айрим, яъни кўклам қурғоқчил келган йиллардагина уруғнинг униб чиқишини тезлаштириш мақсадида уруғ суви берилади.

Кўкламда экилган илдизмевали сабзавотлар апрелнинг иккинчи ярмидан бошлаб суғорилади. Дастлабки пайтларда экин ҳар бир ярим-икки ҳафтада, майнинг иккинчи ярмидан эътиборан, яъни илдизмевалар жадал суратда катталашаётганда эса ҳар 7–8 кунда суғорилади. Ҳосил етилиб, йиғим-терим пайти яқинлашганда суғориш тўхтатилади.

Сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги сабзи ва лавлаги ўсув даврида 8, сизот суви юза далаларда эса 5–6 марта суғорилади.

Барча илдизмевали сабзавотлар учун тупроқ (70–80 см) қатлами нам бўлиши керак. Бу эса бошқа сабзавотларга қараганда катта норма билан суғоришни тақозо қилади. Лекин ҳамма илдизмевали сабзавотлар учун суғориш меъёри бир хилда эмас.

Сабзи бошқа экинларга нисбатан камроқ сув талаб ўсимлик бўлиб, бинобарин навбатдаги суғориш олдидан тупроқнинг дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70–75 фоизга тушиб қолиб, нам анча камаяди. Шундай пайтларда бу экинлар тупроқ шароитига қараб гектарига 550–600 м3 ҳисобидан суғорилади. Сабзини ҳаддан ташқари катта меъёр билан суғориш тавсия этилмайди.

Суғориш-тупроқ ва унинг унумдорлигига кучли таъсир этадиган воситадир. Суғориш натижасида экинларнинг ҳосилдорлиги оширилади ва маҳсулотнинг сифати яхшиланади. Шунинг учун экинлардан муттасил юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда суғоришни тўғри ташкил этишнинг аҳамияти каттадир. Суғориш яхши ташкил қилинганда сабзавоткорларнинг иш унуми ошади, маҳсулотнинг сифати яхшиланади ва таннархи арзонлашади.

Ўғитлаш. Республикамизнинг барча минтақаларида сабзи боғлар орасига эртаги муддатда экиш мукин. Сабзи ўсимлиги бошқа сабзавотлар каби тупроқ унумдорлигига, асосий озиқа элементларига талабчандир. Озиқа элементлари етарли миқдорда тавсия этилган миқдорда берилганда юқори ҳосил олиш имкони бўлади.

Мамлакатимизда энг кўп тарқалган қадимдан суғориб келинаётган буз тупроқ ерлардан эртаги сабзининг гектаридан 25 тоннадан ҳосил олиш учун соф ҳолда 150 кг азот, 80 кг фосфор, 45 кг калий солиш керак; ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ ерларда етиштирилганда соф ҳолда 120 кг азот, 70 кг фосфор, 40 кг калий бериш керак; шўрланган тақир ерларда етиштирилганда эса соф ҳолда 160 кг азот, 80 кг фосфор, 50 кг калий бериш керак; 30 тонна ҳосил олиш учун келтирилган тупроқларга қуйидаги миқдорда соф ҳолда ўғитлар бериш тавсия этилади:қадимдан суғориб келинаётган бўз тупроқларда сабзи етиштирганда гектарига соф ҳолда 220 кг азот, 160 кг фосфор, 100 кг калий; ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ тупроқларда етиштирилганда эса 175 кг азот, 130 кг фосфор, 80 кг калий; шўрланган тақир тупроқларда етиштирилганда эса 250 кг азот, 200 кг фосфор, 120 кг калий бериш керак бўлади.

Бериладиган маъдан ўғитлар ичида аммиак селитра, аммофос, суперфосфат, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган Муборак фосфорит кони фосфор ўғитини қўллаш яхши натижа беради.

Шўрланган, тақир тупроқларда сульфат аммоний, калий сульфат, калий хлорид ўғитларини бериш тавсия этилмайди, сульфат аммоний ўрнига аммиак селитраси, калий ўғитлари сифатида нитрат калий ўғитларини бериш тавсия этилади. Янги гўнгни бериш тавсия этилмайди. Гўнгни бериш тупроқда бегона ўтларни кўпайишига олиб келади, уни ўтоқ қилиш учун сарф-харажатлар кўпаяди, сабзи ўсимлигининг ўсиб-ривожланиши орқада қолади, ҳосилдорлик камаяди.

Ўғитларни бериш муддатлари: фосфор ўғити йиллик миқдорининг 75 фоизи, калийнинг ҳаммаси шудгорлаш даврида, фосфорнинг қолган қисми ерни бороналаб эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларнинг ҳаммаси вегетация даврида озиқлантиришда иккига бўлиб берилади. Биринчи озиклантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2–3 тадан чинг барг пайдо бўлганда ўтказилади. Ўғитлар ўғитлагич мосламалар билан қатор ораларига ўсимликка яқинроқ қилиб берилади.

Ош лавлаги. Ош лавлагининг маҳаллий Диёр, Ягона ва чет эл навларидан Бордо–237, Бикорес, Боро F1, Пабло F1 дурагайларини экиш тавсия этилади.

Парваришлаш технологияси. Ош лавлаги уруғлари 4–5оС да униб чиқа бошлайди, ўсиб- ривожланиб бориши учун энг қулай ҳарорат 20–25оС дир. Лавлаги совуқ (-2–3оС) ва юқори ҳарорат таъсирига чидамли бўлади, тупроқда нам етарли даражада бўлганда юқори ҳосил беради.

Баҳорги муддатда жанубий ҳудудларда 15 февраль-1 март, марказий минтақада жойлашган ҳудудларда 1–15 март ва шимолий ҳудудларда мартнинг учинчи ўн кунлиги-апрелни биринчи ўн кунлигида экилади.

2-йил боғларга тўқсонбости муддатда марказий минтақада жойлашган вилоятларда 10 ноябрь-10 декабрь ва шимолий минтақаларда 1 ноябрь-10 декабрда экилади. Уруғ сарфи баҳорги ва ёзги муддатларда 14–16 кг, тўқсонбости муддатда 16–18 кг. Экиш схемаси 50+20×8 см. Ош лавлагини суғориш сони ва суғориш меъёри сабзиникига ўхшаш бўлади.

Бодринг навлари. Бодрингнинг қуйидаги навларини экиш тавсия этилади: Ранний–645, Ўзбекистон–740, Марғилон–822, Зилол, Парад, Конкурент, Наврўз, Омад, Талаба ҳамда Голландия F1 дурагайларидан Алиби, Астерикс, Регал, Аякс, Суперина кабилардан иборат.

Парваришлаш технологияси. Эртаги бодринг жанубий минтақаларда 1–15 апрелда, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 10–20 апрелда, шимолий минтақаларда 20–30 апрелда, ўртаги муддатда жанубда 20 апрель-5 майда, марказий минтақада жойлашган вилоятларда 1–10 майда, шимолий минтақаларда 1–15 майда экилади.

Эртаги маҳсулот етиштириш учун плёнкали ёпқичлар остига март ойининг 2–3 ўн кунликларида 70+140×40 см оралиқда уруғ ташланади. Очиқ майдонда СБУ-2,4А сеялкасида 70x30, 90x20 см тизимида 4–5 см чуқурликка экилади. Уруғ сарфи гектарига 4–5 кг. Униб чиқиб ниҳоллар уруғ палла баргчалари даврига киргандан кейин биринчи, битта чинбарг даврига киргандан кейин эса иккинчи марта ягана қилинади.

Қатор ораларига КРН-2,8А, КОН-2,8А, КХО-4 русумли культиватори билан 15–16 см чуқурликда ишлов бериб, ўсимлик атрофини мунтазам юмшатиб туриш, минерал озиқ ва сув бериб бориш керак. Ўсув даври мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор ораларини 15–16 см чуқурликда культивация қилинади.

Ўғитлаш. Бўз тупроқларда бодрингдан гектарига 15–16 тонна ҳосил олиш учун гектарига 20 тонна гўнг ва N190P100K75 бериш тавсия этилади.

Азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки аммиак селитраси кўринишида берилади.

Фосфорли ўғитлар – аммофос ёки таркибида P2O5-9,5%, N-4,6% бўлган мураккаб фосфор ўғити кўринишида берилади.

Калий ўғити калий хлор кўринишида берилади. Гектарига соф ҳолда N150P100K75 берилганда тукда қуйидагича: сульфат аммоний – 571 кг ёки аммиак селитраси – 376,5 кг, аммофос – 217,4 кг, калий хлор – 150 кг бўлади.

Ерга асосий ишлов берилаётганда органик ўғитининг ҳамма миқдори, фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади. Бу кўрсаткич гўнгнинг гектарига 20 т, аммофоснинг 163 кг, калий хлорнинг 112,5 кг тўғри келади.

Азотли ўғитларни 50 фоизга камайтириш мақсадида, биоазотни гектарига 2 л суғориш суви билан биогумусни гектарига 10 тонна, вермигумни гектарига 10 тонна бериш мумкин.

Ўтлоқи ёки ўтлоқи-ботқоқ тупроқларда бодринг етиштириш учун гектарига N120P80K60 кг бериш тавсия этилади. Азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки аммиак селитраси кўринишида берилади.

Фосфорли ўғитлар – аммофос ёки таркибида P2O5-9,5%, N-4,6% бўлган мураккаб фосфор ўғити кўринишида берилади.

Калий ўғити – калий хлор кўринишида берилади. Гектарига соф ҳолда N120P80K60 кг берилганда тукда қуйидагича: сульфат аммоний – 456,8 кг ёки аммиак селитраси – 301,2 кг, аммофос – 174 кг, калий хлор – 120 кг бўлади.

Ерга асосий ишлов берилаётганда фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади. Бу кўрсаткич аммофоснинг гектарига 130,5 кг, калий хлорнинг гектарига 90 кг дан берилганда тўғри келади.

Биринчи озиқлантириш ўсимликнинг 2–3 чин барг чиқарган даврида берилади. Бу озиқлантиришда азотнинг 10 фоизи, фосфор ва калийнинг қолган қисми берилади. Бу гектарига 45,7 кг сульфат аммоний, 30 кг аммиак селитраси, 44 кг аммофосга тўғри келади.

Иккинчи озиқлантириш оналик гулларининг ялпи гуллаган даврида берилади. Бу озиқлантиришда азотли ўғитнинг 45 фоизи берилади. Бу кўрсаткич гектарига 205,6 кг сульфат аммоний, 135,5 кг аммиак селитрасига тўғри келади.

Учинчи озиқлантириш ҳосилни иккинчи ёки учинчи теримидан сўнг берилади. Бу озиқлантиришда азотли ўғитнинг қолган 45 фоизи берилади, бу гектарига 205,6 кг сульфат аммоний ёки 135,5 кг аммиак селитраси берилишига тўғри келади.

Суғориш. Бодринг жуда серпалак экин. Унинг асосий пояси 1–2 метрга етади, поядан ён шохчалар ва йирик барглар чиқади. Бодрингнинг илдизи эса унчалик ривожланмаган ва унинг асосий қисми тупроқнинг ҳайдалма қатламига яъни 25–30 см чуқурликка таралади. Ўсимликни ернинг устки қисми билан илдизларининг ривожланиши ўртасидаги номувофиқлик экинни тез-тез суғориб туришни тақозо қилади. Шу сабабдан экиннинг сувга талабчанлигининг боиси ҳам шунда.

Сувга талабчанлиги жиҳатдан бодринг сабзавот экинлари орасида биринчи ўринда турадиган экинлар қаторига киради. Найчалаш ва меваси етилган даврда бодринг сувни айниқса кўп талаб қилади.

Тупроқ нами етишмаса ўсимликнинг ўсиши сустлашади, ҳосил тўплаш даври қисқаради ва маҳсулотнинг сифати пасаяди. Бундан ташқари бодринг эгри-бугри ва мазаси аччиқ бўлиб етилади.

Тупроқ нами қочганда бодрингнинг барги тўқ яшил, сернам бўлганда эса оч яшил тусга киради.

Бодрингни суғоришда об-ҳаво шароитини, тупроқдаги намни ва ўсимликнинг қайси фазада ўсаётганлигини ҳисобга олиш жуда муҳимдир.

Кўкламда экилган бодрингнинг ҳосил тўплаш даври одатда кечкисига қараганда узоқроқ давом этади. Экиннинг найчалаш-ҳосил тўплаш даври ёзнинг иссиқ пайтига тўғри келади. Ҳар қайси фазада ҳар хил миқдорда сув талаб қилиши, ҳарорат шароитини эътиборга олиб сизот суви чуқур жойлашган ерларда кўкламда экилган экин ҳар 7–8 кунда суғориб турилади. Ҳосил тўплаш даври бошланиши биланоқ экин тез-тез, ёппасига ҳосилга кирганда эса ҳар қайси теримдан кейин, яъни камида 2–3 кун оралатиб суғорилади. Ана шундай қилинганда сизот суви чуқур участкаларда эртаги бодрингга ўсув даврида 14–15 марта, юза ерларда эса камроқ 9–11 марта сув берилади.

Биринчи чопиқдан то 2–3 та чинбарг чиқаргунича ўсимликни қантаришнинг суғориш тартиботида аҳамияти каттадир. Чопиқдан кейин навбатдаги сувни 10–12 кундан сўнг, яъни унинг барги тўқ яшил тусга кирганда бериш керак.

Бодринг найчалагунича тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 80%, найчалаш даврида эса 85–90% бўлганда суғорилса ўсимлик яхши авж олиб, ҳосил бирмунча ортади. Сув сиғими кам ва механик таркиби жиҳатдан енгил тупроқли ерларда суғориш меъёри камайтирилади, нам сиғими яхши бўлган оғир тупроқли участкаларда эса кўпайтирилади.

Редиска. Редисканинг Сакса, Дунганский, Лола, Красний великан, Майский местний ва Эртапишар навлари кенг тарқалган. Уруғи экилиб ниҳоллар пайдо бўлгандан жуда тезпишар навлари 20–25, тезпишарлари 30–35, ўртапишарлари 35–40 ва ўртачи кечки навларининг илдизмевалари 40–45 кунда етилади.

Редиска уруғининг униб чиқиши, ўсиши ва ривожланиши учун энг қулай ҳарорат 15–18оС ҳисобланади. Лекин редис паст ҳароратда (8–12оС) ҳам ўсади ва -3–4оС совуққа бардош беради. Ҳарорат юқори – 25–30оС ва ундан ҳам юқори бўлганда редис ёғочлашиб таъмини, сифатини йўқотади.

Редиска қисқа сояга чидамли ўсимлик, ёруғлик етишмаса ҳам ўсаверади. У ўғитланган унумдор ерларга эрта баҳорда февраль охири-март бошларида, кўпинча бир неча муддатда экилади. Редис ёзда экилмайди, чунки у ёз ойларида тез пишиб ўтиб кетади ва таъмини йўқотади. Редис уруғи сабзавот сеялкаси билан пушталарга 2 қатор, пушталар ораси 50–70 см қилиниб ҳар гектар ерга 10–12 кг ҳисобидан уруғ экилади. Ўсимлик 1–2 тадан чинбарг чиқарганда яганаланади ва бир йўла ўтоқ қилинади. Қатордаги ўсимликлар ораси кичик тезпишар навлар учун 3–4 см, кечпишарларига эса 5–6 см. да бир тупдан қолдирилади.

Баҳордаги ёғингарчиликка қараб редиска 2–4 марта суғорилади, қатор оралари культивация қилинади, бегона ўтлар йўқотилади. Илдизмевалари етилишига қараб 2–3 марта танлаб териб олинади. Навига қараб гектаридан 10–12 тоннагача ҳосил беради.

Кўкат сабзавотлар. Кўкат сабзавотларга бир йиллик, икки йиллик ва кўп йиллик маданий сабзавотлар киради. Кўкат сабзавотлар витаминларга, минерал тузларга, эфир мойларига ва ферментларга бой бўлиб, зиравор сифатида сабзавотларни тузлашда ҳам ишлатилади.

Кўкат сабзавотлар юқори ҳосилдорлиги, тезпишарлиги, иссиққа кам талабчанлиги, тупроққа, намга ва озиқ моддаларга кўп талабчанлиги билан бошқа сабзавотлардан ажралиб турадилар.

Кўкат сабзавотлар ниҳоллари пайдо бўлгандан кейин 25–35 кунда ҳосили йиғиб олинадиган даражага етади. Уларни йил давомида экиб янги сабзавот етиштириб туриш имконияти бор. Кўкат сабзавотлар асосан барги учун етиштирилади, шу сабабли уларнинг уруғи анча қалин экилади.

Кўкат сабзавотларга юқори ҳарорат салбий таъсир қилади,иссиқ ортиқча ва ҳавонинг нисбий намлиги паст (60%) бўлса, ўсимлик барвақт гулпоя чиқаради, барглари суст ўсади, ҳосили камаяди, баргининг сифати пасаяди, шираси кам, ўзи дағал бўлиб қолади. Улар унумдор ерларга экилса юқори сифатли ҳосил олинади.

Салат. Салат бир йиллик ўсимлик бўлиб, у йирик барглардан иборат паст тупбарг ёки салат боши ҳосил қилади. Салатнинг Крупнокачанный ва Кок-шох навлари Давлат реестрига киритилган. Умуман салатнинг 4 хил тури бор. Уларга баргли салат (ўсув даври 30–40 кун); пояли юлма салат (буйи 40–80 см ); бош ўрайдиган салат (ўсув даври 40–100 кун); Ромен салат (ўсув даври 70–100 кун) ининг тупбарги йирик, тик ўсади.

Салат совуққа чидамли ўсимлик. Баргларининг ўсиши ва бош ўраши учун қулай ҳарорат кундузи 15–20оС ва кечаси 12–15оС бўлиши керак. У -5оС дан паст ҳароратда ҳам оз бўлсада ўсаверади.

Баргли ва бош ўрайдиган салатлар эрта баҳорда – февраль охири-март ойининг бошида очиқ далага экилади. Уруғи 15–20 см чуқур олинган полларга ёки лентасимон усулида 2–3 қатор қилиб экилади. Бунда ленталар ораси 45–60 см, лентадаги қаторлар ораси 15 см қилинади. Бир гектар ерга салат уруғидан 4–5 кг, бошли салатникидан 3–4 кг экилади. Майсалар униб чиққандан 10–12 кун ўтгач 1-марта, 2–3 ҳафта ўтгач 2-марта ягана қилинади. Бунда барг салат тупларининг орасида 8–10 см, бошли салатда эса 12–15 см масофа қолдирилади.

Салат ўсимлигини парваришлашга – ўташ, қатор ораларини юмшатиш, суғориш ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш ишлари киради. Баргли салат майсалар пайдо бўлгандан 30–40 кундан кейин ҳосили бир йўла йиғиштириб олинади. Бошли салатни ҳосили 45–50 кундан кейин уларни етилишига қараб кундузи, баргидан шудринг кўтарилгандан кейин бирин- кетин узиб олинади. Баргли салатнинг гектаридан 5–6, бошли салатникидан – 8–10 тоннадан ҳосил олинади.

Исмалоқ. Исмалоқ-бир йиллик ўсимлик бўлиб, илдиз бўғзидан 8–10 та баргдан иборат тупбарг ва ўтсимон тик поя чиқаради.

Исмалоқ ўсимлиги совуққа чидамли сабзавотлар қаторига киради. Уруғи 3оС ҳароратда кўкариб чиқади. Ёш ўсимликлари -6–8оС гача совуққа бардош беради. Ҳароратнинг юқори бўлиши ва ҳаво намлигини пасайиб кетиши ўсимликка салбий таъсир қилади, барглари майда бўлиб қолади. Исмалоқ ҳосили ниҳоллар пайдо бўлгандан 25–40 кундан сўнг йиғиб олинади. Уруғи 90–100 кунда пишиб етилади.

Исмалоқнинг фақат битта – Нафис нави Давлат реестрига киритилган. Исмалоқ боғ қатор орасига эрта баҳорда, сабзавот сеялкалари билан қўш қаторлаб, ленталар ораси 50–60 см ва қаторлар орасини–15–20 см. дан қилиб экилади. Ҳар гектар ерга 15–20 кг уруғ, 2–3 см чуқурликка кўмилади.

Ўсув даврида парвариш қилиш ишлари экинни суғориш, қатор ораларини юмшатиш ва бегона ўтларни ўташдан иборат. Озиқ-овқатга ишлатадиган исмалоқ ягана қилинмайди. Исмалоқ 5–6 та барг чиқаргандан бошлаб кесилиб ёки юлиниб ҳосили бир неча марта йиғиштирилади. Гулпоялар чиқарганда ҳосили терилмайди. Исмалоқнинг ҳосилдорлиги гектарига 10–15 т.

Укроп. Укроп бир йиллик ўсимлик. Унинг Узбекский–243 ва Ором навлари экилади. Баҳор ва ёзда истеъмол қилинадиган укроп эрта баҳорда (мартда) экилади. Кузда бодринг тузлаш учун у ёзда-август бошларида экилади. Кўклигида ишлатиладиган укроп уруғи полларга қалин қилиб сепилади. Бир гектар ерга 20–25 кг уруғ сарфланади. Тузлашга ишлатиш учун улар сийракроқ экилади ва ҳар гектар ерга 10–12 кг уруғ сарфланади.

Укроп уруғи секин униб чиқади, экилгандан кейин 15–20 кунда кўкара бошлайди. Укроп ўтоқ қилиш, ленталар орасини юмшатиш ва бостириб суғориш йўли билан парвариш қилинади. Баҳорда экилган укроп 2 марта, ёзда экилганлари эса 3–4 марта суғорилади.

Кўклигида ишлатиладиган укроп апрель ойидан бошлаб, бўйи 10–15 см. га етганда ўриб олинади. Укроп кўклигида ишлатиш учун экилганда гекторидан 6–8, тузлаш учун ўстирилганда 10–12 тоннадан ҳосил олиш мумкин.

Кашнич. Маҳаллий аҳоли кашнични янги узулган барра маҳсулот ҳолида ва қуритиб қишда ҳам ишлатади. Бу кўкат сабзавот йил буйи истеъмол қилинади. Уни Орзу ва Янтарь навлари районлаштирилган.

Кашнич совуққа чидамли бир йиллик ўтчил ўсимлик. Уруғининг ўсиши учун 5–6оС, кўкариб ҳосил яратиши учун 15–16оС ҳарорат керак. Кашнич вегетация бошида секин ўсади, кейин тез ривожланади. Унинг барра баргларини 2–3 марта ўриб олиш мумкин. Бунда 1–1,5 см танаси қолдирилади, тегишли шароит яратилганда барги яна ўсиб чиқаверади. Вақтида ўриб олинмаса, уруғпоя ҳосил қилади.

Кашнич ер танламайди. Уруғи экилгандан сўнг 35–40 кунда ҳосили етилади. Кашничдан узлуксиз ҳосил олиш учун уруғи қуйидаги муддатларда: эртагиси – 10–15 февралда, ўртагиси – 10–15 апрелда, ёзгиси – 15 июнда, кейингилари 15 август-15 октябрда ва тўқсонбости қилиб 25 ноябрдан 10 декабргача экилади.

Пол қилиб сепилганда гектарига 8–10 кг уруғ сарфланади. Уруғ экилгандан сўнг, устидан майда чириган гўнг сепилади. Нам етарли бўлса уруғи 5–10 кунда униб чиқади. Асосий парвариши 1–2 марта ўташ, қалин ерларини бир оз яганалаш ва вақтида суғоришдан иборат. Яхши парваришланганда гектаридан 8–10 тоннагача ҳосил олиш мумкин.

Қовун навлари. Қовуннинг эртапишар Роҳат, ўртапишар Суюнчи–2, Олтин водий, Лаззатли, Олтин тепа, Кичкинтой, Оби новвот, Гурвак, Бўри калла, кечпишар Тўёна, Гурлан, Амударё, Гулоби Хоразмий, Зар гулоби, Саховат ва бошқа навлари мавжуд.

Тарвуз навлари. Тарвузнинг эртапишар Ўринбой, Манзур, Чиллаки F1, Крисби F1, Кримстар F1 ва ўрта эртапишар Сурхон тонги, Деҳқон, Фермер навлари кенг тарқалган.

Парваришлаш технологияси. Полиз экинлари уруғининг униб чиқиши экиш муддатини тўғри белгилашга боғлиқ. Марказий минтақада жойлашган вилоятларда қовун ва тарвузнинг эртаги навлари – 15 апрелгача, ўртагиси – 20 апрель-10 май, кечкиси – 15 май–10 июнда; жанубий вилоятларда эртаги навлар – 10 апрелгача, ўртагиси – 10–20 апрелда, кечкилари эса 10–20 июнда экилади. Шимолий минтақаларда эртаги қовун ва тарвузни 20 апрелгача, ўртагисини 25 апрель-10 май, кечкисини 20–30 майда экиш лозим.

Полизчиликда ерни экишга тайёрлаш кейинги барча технологик чора-тадбирларни яхши наф беришини таъминловчи муҳим шартдир. Ер кузда 35 см чуқурликкача шудгор қилинади. Ерни ҳайдаш олдидан маъдан ва органик ўғитлар берилади.

Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун дала тишли бороналар билан бороналанади, экиш олдидан эса чизелланади.

Полиз экинлари эрта муддатларда экилганда ерни баҳорда қайта ҳайдашнинг хожати йўқ. Экинлар кечки муддатларда экилганда ерни қайта ҳайдаш зарур. Бунда тупроқни ағдармасдан туриб, 22 см чуқурликда ҳайдаб чиқилади.

Полиз экинларини ер ҳарорати 14–15оС га етганда экишга киришилади. Қатор оралари 210–280 см. ли кенг эгат олинади. Бундай эгатлар полиз экинлари қатор ораларини ишлаш вақтида тўрт ғилдиракли тракторларни ишлатишга имкон беради. Экиш шакли қовун учун (210+70):2×70, тарвуз учун (270+90):2×70 см. Уруғлар 3–6 см чуқурликка экилади. Майда уруғли қовун ва тарвузларни экиш учун гектарига 4 кг, йирик уруғли тарвузларни экиш учун 5–6 кг уруғ сарфланади.

Полиз экинларини парваришлаш ўсимликларни яганалаш, тупроқни юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғрилаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашишни ўз ичига олади.

Яганалаш икки босқичда: биринчиси ўсимлик чинбарг чиқарганда ва биринчи чопиқ вактида ўтказилади. Ниҳоллар ялпи униб чиқиши билан бир қаторда ораларини юмшатишга киришилади.

Ниҳоллар униб чиққач 20–25 кун ўтказилиб, иккита-учта чинбарг пайдо бўлганидан кейин экин биринчи марта чопиқ қилинади, дастлабки сув берилади, озиқлантирилади. Иккинчи чопиқ биринчисидан 25–30 кундан кейин ўтказилади. Ўсув даврида қатор оралари 4–5 марта культивация қилинади.

Суғориш. Полиз экинлари айниқса тарвуз ва мускат туридаги қовоқнинг илдизлари жуда кучли ўсиб тупроқнинг 3, ҳатто 5 м чуқурликдаги қатламигача таралади, диаметри эса 8–10 м. га боради. Шунинг учун ҳам полиз экинлари қурғоқчиликка ўта чидамлилиги билан бошқалардан ажралиб туради. Чунки уларда илдиз тукчаларнинг сўриш кучи юқори бўлиб, тупроқ унча нам бўлмаса ҳам мавжуд намдан фойдаланиш қобилиятига эга. Шу сабабли полиз экинлари сув буғлантирадиган барг шапалоқининг катталигига қарамай Марказий Осиёнинг лалми ерларида бемалол ўсиб, дурустгина ҳосил бераверади. Қурғоқчиликка чидамлилиги жиҳатдан тарвуз биринчи, қовун иккинчи, қовоқ эса энг кейинги ўринда туради.

Полиз экинлари қурғоқчиликка жуда чидамли бўлишига қарамай Ўзбекистон шароитида уларни суғориб парваришлаш керак. Бироқ, ҳаддан ташқари сернам тупроқ полиз экинларига салбий таъсир этади. Сернам тупроқда мевадаги қанд моддаси камаяди, пўсти қалинлашади, ҳар хил замбуруғ касалликларига, жумладан, фузариоз-сўлиш касалига чалинади.

Республикамизнинг кўпгина минтақаларида полиз экинлари суғориладиган ерга экилади. Бўзтупроқли ерларда ўсув даврида экинларнинг ҳар гал гектарига 400–500 м3 ҳисобида 8–9 марта суғориш кифоя. Сизот суви юза жойлашган далаларда эса бўзтупроқли ерларга қараганда камроқ 4–5 марта суғорилади.

Ўсув даврида полиз экинларини сув билан бир текис таъминлаш ҳосилни ошириш гаровидир.

Майсалар кўрингандан кейин биринчи чопиққа қадар экинлар 1–2 марта суғорилади. Биринчи чопиқ тугаллангандан кейин экин 20–25 кунгача сувдан қантарилади. Бу даврда ўсимлик илдизини чуқурроқ таралишига зўр беради, чопиқда илдизи кесилган бегона ўтлар тезроқ қурийди ва ниҳоят полизнинг найчалаш-мева тугиши тезлашади. Навбатдаги сув иккинчи чопиқ олдидан берилади.

Шундан кейин полиз экинлари ҳосил тўплашга киришади ва уларнинг сувга талаби ошади. Бинобарин, бу даврда полизни ҳар 10–12 кунда суғориб туриш керак. Қовун-тарвуз пиша бошлаши билан сув камроқ берилади. Ҳосил етилганда суғориш тўхтатилади, акс ҳолда қанд моддаси камайиб узоқ сақлашга ярамай қолади.

Кабачки ва патиссон. Полиз экинлари гурухига мансуб кабачки ва патиссон қовун, тарвуз ва қовоққа қараганда сувга бирмунча талабчандир. Қовоқча ва патиссон ўсув даврининг дастлабки пайтларидан то гуллашгача полиз экинлари сингари суғорилади. Лекин булар чопиқдан кейин қовун-тарвузга ўхшаб узоқ қантарилмайди. Ҳосил тўплаш даври бошлангандан то ўсув даврининг охиригача ҳар 6–8 кунда суғориб турилиши лозим.

Полиз экинларини ўғитлаш. Полиз экинларидан 25–30 т, ҳосил олиш учун гектарига 75 кг азот, 75 кг фосфор ва 50 кг калий, органик ўғитлар-дан гектарига 30–40 т солинади. Йиллик меъёрга нисбатан органик ва калийли ўғитларнинг ҳаммаси, фосфорнинг 70–75% асосий шудгорга солинади. Фосфорли ўғитнинг қолган 25–30 фоизи ва азотнинг 50 фоизи экиш олдидан берилади: азотли ўғитнинг 50 фоизи экинлар уч-тўрт барг чиқарганидан кейин эгатларга 10–12 см чуқурликка солинади.

Қовун ва тарвуз ҳосили пишиб етилганларини танлаб-танлаб, уч-беш марта йиғиб олинади. Кечки муддатда экилган кечки навлар эса бир марта йиғиштириб олинади.

Эртаги картошкани плёнка остига экиш. Картошка ҳосилдорлигини ошириш ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришнинг асосий омилларидан бири экин навини тўғри танлаш ва сифатли уруғлик материалини экиш ҳисобланади. Буни афзаллиги биринчидан, қисқа муддатда кам меҳнат ва маблағ сарфлаб юқори ва сифатли ҳосил олиш ҳамда такрорий экин ўстириш, иккинчидан, суғориладиган ердан, сувдан, техника ва ўғитдан самарали фойдаланиш, учинчидан, картошкачиликни рентабелли тармоққа айлантириш, хўжалик иқтисодини кўтаришга шароит яратади.

Ҳозирги кунда картошканинг Ўзбекистон Республикаси Давлат реестрига киритилган 63 та нави бўлиб, кўпроқ экилиб келинаётган навлар қуйидагилар: Эртапишар навлар – Латона, Фреско, Ред Скарлет.

Картошка учун энг яхши ерлар бу намлик ва органик моддалар билан тўлиқ таъминланган агро хусусиятлари яхши бўлган тоғ ҳудудлар, тоғ олди ва қуйи дарё бўйидаги гидроморф тупроқлар ҳисобланади. Картошка оч енгил ўрта қумоқли соз тупроқларда ҳам яхши ҳосил беради.

Картошка учун яхши ўтмишдош экинлар бу карам, бодринг, полиз экинлари, пиёз, илдизмевалар, бошоқли дон ҳисобланади.

Картошкани эрта муддатда етиштириш учун ер тайёрлаш. 2-йил боғларида эрта баҳорда картошка экиш учун ерларни тайёрлаш октябрь ойининг иккинчи ярми ёки ноябр ойининг дастлабки 15 куни мобайнида амалга оширилади. Бунда аввал майдонлардаги ўсимлик қолдиқлари ЧКУ-4А русумли юмшатгич ва бороналар ёрдамида ташқарига чиқариб ташланади ёки КИР-1,5Б русумли майдалагич ёрдамида майдалаб чиқилади. Кейин майдонларнинг нотекис қисми текислаш мосламалари билан текисланади.

Текисланган майдонларга фосфорли ва калий ўғитлари йиллик меъёрининг 70 фоизи ва ҳар гектар ҳисобига камида 25–30 тоннадан маҳаллий ўғитлар РОУ-6 русумли ўғит сочгич билан бир текис сочиб чиқилади. Ўғитлар сепиб бўлингач, майдонлар ПЛН-3-35 русумли плугда 30–35 см чуқурликда ҳайдалиб, ЧКУ-4А, ЧК-4/6 русумли чизел билан 18–20 см чуқурликда кетма-кет юмшатилади, кейин эса КРН-2,8А, КОН-2,8А, КХО-4 русумли культиватор ёрдамида 70 ёки 90 см оралиқда суғориш эгатлари олиниб экишга тайёрлаб қўйилади.

Уруғликни экишга тайёрлаш. Картошка ҳосилини ошириш, сифатини яхшилаш ва эрта етилишини таъминлаш учун уни ундирилган туганакларидан экиш керак. Ундирилган туганакларни баҳорги муддатларда экиш ундирилмаган туганакларни экишга қараганда ҳосилни 12–15% ошириб, 10–15 кун эрта пишишига имкон беради.

Уруғлик картошкани ундиришга қўйиш олдидан сараланиб, чириган, эзилган ҳамда касалга чалинганларидан ҳоли қилиниб, соғлом тоза туганаклар ундириш хоналарига қўйилади.

Маҳаллий шароитда тайёрланган уруғлар ундириш хоналарига экишдан 30–35 кун олдин, четдан келтирилган уруғликлар 20–25 кун илгари қўйилади.

Ундириш хонасида ёруғлик ва 18–22оС даража иссиқ ҳарорат яратилиши лозим. Уруғликлар майда йириклигига қараб (40–60, 60–80, 80–100 г) саралаб ундириш хонанинг полларига, сўкчакларга (стеллаж) 2–3 қатламдан оширмай ёки 12-20-25 кг яшикларга қўйиш лозим. Уларни яшил нишлари экиш давригача 0,5–1 см. дан ошиқ ўсиб кетишига йўл қўймаслик лозим, акс ҳолда экиш даврида синиб кетади. Агар қўлда қўйиб кетмон билан ёпиб экиладиган бўлса, нишларини 3–4 см. гача ўстириб экилса ундан ҳам яхши бўлади. Уруғликларни катта кичикларига қараб алоҳида экилади. Бунда ўсимликларни ердан униб чиқиши, ўсиб ривожланиши ҳамда ҳосил етилиши бир хил бўлишини таъмин этади.

Оғирлиги 100 г. дан катта туганакларни баҳорда экиш учун икки-уч бўлакка бўлинади. Туганаклар кесилганда уларни униб чиқиши бир оз кечикади.

Картошкани баҳорда экиш муддатлари, схемаси ва ишлов бериш. Республикамизнинг марказий минтақаларида эртаги картошкани экиш об-ҳаво шароитларига кўра 20 февралдан бошлаб март ойининг биринчи ярмигача давом этади.

Картошкани экиш олдиндан тайёрлаб қўйилган майдонга СН-4Б, КС-4 русумли картошка эккич ёрдамида ҳамда кичик майдонларда қўлда кетмон билан экиш амалга оширилади. Экиш схемаси 70×30 ёки 90×25 см. Экиш тугаллангач, уруғлар униб чиқадиган давргача ёғингарчилик кўп бўлиб, эгат устида қатқалоқ вужудга келган майдонларга уруғларнинг бир текис, тўлиқ униб чиқишини таъмин этиш учун сеткалик енгил бороналар ёрдамида бир-икки маротаба ишлов берилади. Бу ишни кичик майдондаги томорқа, деҳқон - фермер майдонларида хаскаш билан эгатларни устига ишлов берилса қатқалоқ бузилиб бир йўла чиқиб келаётган ўтлар ҳам йўқотилади. Экилган картошка уруғлари ердан тўлиқ униб чиққач қатор ораларидаги бегона ўтларни йўқотиш мақсадида КРН-2,8А, КОН-2,8А, КХО-4 русумли культиватор билан 14–16 см чуқурликда юмшатилади. Бунда 10–12 см ҳимоя майдони қолдирилади.

Эртаги картошкадан юқори ҳосил олиш учун ўсимликлар ўсув даври давомида ўтлоқи тупроқли майдонларда 4–6 маротаба, бўз тупроқли майдонларда эса 5–7 маротаба суғориш тавсия этилади. Ҳар икки суғориш оралиғида қатор оралари 10–12 см чуқурликда юмшатилади. Бу тадбир мақсадида КРН-2,8А, КОН-2,8А, КХО-4 русумли культиватор билан ўсимликлар шоналагунча амалга оширилади.

Суғориш. Картошка намсевар, сувга талабчан ўсимлик, бинобарин, ундан мўл ҳосил етиштириш учун тупроқ нами доимо етарли бўлиши шарт. Бу экин ўсув даврида сувни бир хилда талаб қилавермайди. Палаги ўсган сари унинг сувга талаби орта боради. Айниқса, гуллаш даврида тупроқ доимо сернам бўлиши лозим. Акс ҳолда буғланиш ва фотосинтез жараёни қисқаради, ўсимлик ўсишдан тўхтайди, туганаклар озиқ моддалардан фойдалана олмай, ривожланишдан орқада қолади. Орадан маълум вақт ўтгандан кейин суғорилганида эса, туганаклар қайтадан ўса бошлайди, лекин у болалаб кетади ва туплари кўклайди.

Юртимизда картошкадан юқори ҳосил етиштириш учун тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги камида 75–80% бўлиши керак, ана шунда ўсимлик яхши ўсиб-ривожланади.

Бўз тупроқли ерларда тупроқ нами 75–80 фоиздан кам бўлмай сув даланинг 70 см. ли қатламини намласа, ҳар гектардаги картошка 400–450 м3 ҳисобида ботқоқ ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқли ерларда эса бундан кўра озроқ меъёрда суғорилиши керак. Картошкани неча марта суғориш унинг қайси муддатда экилишига қараб белгиланади.

Картошка баҳорда экилганида ўсув даври ҳавонинг салқин ва тупроқнинг сернам пайтига, ҳосил тўплаш даври эса ёзнинг айни қизий бошлаган вақтига тўғри келади. Шунинг учун ҳам эртаги картошка ҳосил тўплаш (туганаклаш) пайтида ҳар 5–6 кунда суғоришни талаб қилади. Шу тартибда суғорилганда фақат ўсимликнинг чанқови қондирилмасдан, балки қизиб ётган тупроқ ҳарорати ҳам анча пайсайтирилади.

Зангиота туманидаги илғор картошкачилар сизот суви чуқур жойлашган бўз тупроқли ерларда эртаги картошкани суғоришни апрелнинг иккинчи ярмида, яъни ёғин-сочин деярли ёғмайдиган пайтдан бошлайдилар. Картошка туганаклагунча экин ҳар 7–8, туганаклаш даврида эса ҳар 4–5 кунда суғориб турилади. Миришкорлари эртапишар навларни эса 9–10 марта суғорадилар.

Ҳаво ҳаддан ташқари исиб кетган пайтларда эртаги картошкани ҳар 5–6 кунда эмас, балки 3–4 кунда кечаси суғориш ниҳоятда фойдалидир. Кечаси суғорганда тупроқ батамом намлангандан кейин орадан 1–2 кун ўтказиб яна суғориш керак. Тошкент давлат аграр университети ўқув тажриба даласида картошка ҳар 6–7 кунда суғорилган ернинг ҳар гектаридан 21,2 т, 3–4 кун оралатиб суғорилган пайкалдан 22,5 т ва кечаси суғорилган далаларнинг гектаридан эса 24,9 тоннага етказиб ҳосил етиштирилган. Картошкага сув тунда жилдиратиб таралиши, яъни гектарига 250–300 м3 ҳисобидан қўйилиши лозим.

Эртаги муддатда экилган картошкани ўғитлаш. Режалаштирилган ҳосилга белгиланган фосфорнинг 70–75 фоизи, калийнинг ҳаммаси кузда ерни экишга тайёрлаганда берилади. Қолган 25–30% фосфор, 20–25% азот билан эгат олишда бериш тавсия этилади. Қолган азотнинг 30–35 фоизи туганаклар тўлиқ униб чиққанда, 50 фоизи эса қийғос шоналашда берган маъқул.

Шўрланмаган ерларда азот ўғитларидан сульфат аммоний, калий ўғитларидан эса сульфат калий ўғитларини бериш тавсия этилади. Ер шўрланган бўлса азот ўғитини аммиак селитраси ҳолида берган маъқул. Калий ўрнига суғоришда шарбат усулидан фойдалангани яхши натижа беради.

Сабзавот, полиз ва картошка экинларининг зараркунанда ва касалликларига қарши кураш усуллари

Республикамизнинг сабзавот, полиз ва картошка экинлари майдонларида асосий зарар келтирувчиларга кўк қурт тунлами, кўсак қурти, карадрина, колорадо қўнғизи, карам оқ капалаги, карам куяси, ўргимчак кана, занг кана, карам шираси, полиз шираси, акация шираси, оқ қанот (белокрилка), касалликларга замбуруғли, бактерияли, вирусли касалликлар киради.

Уларнинг таъсирида сабзавот ва полиз экинларининг 35–45% ҳосили камаяди. Шунинг учун уларга қарши кураш тадбирларини ўз вақтида ўтказмоқ зарур.

Зараркунанда ва касалликларга қарши кураш олиб бориш асосан 5 хил усулда ўтказилади.

1. Агротехникавий ерни ўз вақтида ҳайдаш, экиш, суғориш, чопиқ, озуқа моддаларини бериш, ҳосилни йиғиштириб олиш ишларини ўз вақтида ўтказиш.

2. Биологик усул ёрдамида кураш. Бунга фойдали кушандаларни қўллаш киради.

3. Кимёвий усулда ҳар хил пиретроид дорилар зараркунандаларга ва касалликларга қарши қўлланилади.

4. усулда қарши курашишга қиздириш, куйдириш каби усуллар киради.

5. Механик усулда қарши курашда ҳашоратлардан колорадо қўнғизи, карам оқ капалаги қўлда терилади.

Зараркунанда ва касалликларга юқорида келтирилган усуллар орқали қарши кураш тадбирлари олиб борилади.

Юқорида келтирилган кўк қурт тунлами ҳамма турдаги сабзавот, полиз ва картошка экинларини кемириб зарарлайди ва экинлар ола бўлиб қолишига сабаб бўлади.

Бундай ҳолни бартараф этиш учун гектарига 0,5 л ҳисобида Децис препарати ёки 2 кг Энтобактерин ёки фойдали кушандалардан 200 минг дона трихограмма уч муддатда қўлланилади: биринчи мартаба кўк қурт тунламининг капалаклари чиққан вақтда, яъни тухум қўйиш даврида 60 минг ҳисобида, иккинчи маротаба бир ҳафта ўтгач, 80 минг ҳисобида, учинчи марта иккинчи қўллашдан 10 кун кейин 60 минг дона ҳисобида қўйилади. Бу усулни кўсак қуртига, карадринага қарши ҳам қўллаш мумкин.

Колорадо қўнғизи. Картошка, бақлажон, помидор ўсимликларига жиддий зарар етказади. Бу зараркунандага қарши курашда Децис препаратидан гектарига 0,5 л ёки Каратэ препаратидан 350 г ёки Сумми-альфадан 0,5 л ёки Бензофосфатдан 2 кг ёки Данитолдан 1 л ҳисобида қўллаш мумкин. Карамда – карам куяси, карам оқ капалагига қарши ҳам колорадо қўнғизига қўлланилган препаратларни сепиш мумкин.

Ўргимчак кана – бақлажон, картошка, қовун, тарвуз, бодринг каби экинларга катта зарар етказади. Бу зараркунандага қарши Данитолни 1 л/га ёки Неоронни 1,5 л/га, Омайтни 2 л/га ёки Ниссоронни 0,3–0,5 л/га ҳисобида пуркаш тавсия қилинади.

Занг кана – очиқ ва ёпиқ майдонларга экиладиган помидорга ҳамда кечки картошкага катта зарар келтиради. У ўсимлик баргларини кесиб, сўриб зарарлайди. Занг канани оддий кўз билан кўриб бўлмайди. Уни фақат микроскоп остида кўриш мумкин, шунинг учун унинг зарари билинмайди ва помидор ва картошкани барглари тез қуриб қолади. Бу зараркунандага ўргимчак канага қарши қўлланиладиган препаратлардан фойдаланиш мумкин ёки сувда эрувчан 80 фоизли олтингугуртни 5–7 кг ҳисобидан ишлатиш тавсия қилинади.

Ширалардан полиз шираси, акация шираси сабзавот-полиз экинларига, карам шираси эса фақат карамга сўриб зарар келтиради. Ширалар ўсимлик баргларининг орқасига, ўсиш нуқтасига жойлашиб, уларни сўриб зарарлайди. Зарарланган ўсимлик ўсишдан, ҳосилдан қолади.

Буларга қарши БИ-58 дорисидан 1–1,5 л/га ёки Нурелл-Д ни 0,5 л/га ёхуд Актелликни 1,5 л/га ёки Талстарни 0,8 л/га ҳисобида қўллаш мумкин. Қанот личинкаси сўриб зарарлайди, Зарарланган ўсимликнинг барглари устида ёпишқоқ ширалар пайдо бўлади. Бу шираларга қора замбуруғлар ёпишиши оқибатида ўсимлик барглари қуриб қолади, натижада ҳосил кескин камаяди, Бу зараркунандаларга қарши Аплоуд препаратидан гектарига 0,5 кг ва Талстар препаратидан 0,8 литр қўшиб пуркалса, оқ қанот ва личинкасига 95–99% таъсир қилади ёки Трихопорус кушандасидан 1:5 ҳисобида қўллаш мумкин.

Касалликлардан – замбуруғли касалликлар помидорга, қўнғир доғланиш, илдиз чириш, бодринг, қовун, қовоққа ун шудринг, сохта ун шудринг касаллари зарар келтиради. Бу касалликлар намлик ортган, ҳаво иссиқ бўлган пайтларида кўп зарар келтиради.

Буларга қарши Топсин-М гектарига 0,7 л ёки Топаз 0,5 л ёки Сапрол 0,8 л ёки сувда эрувчи 80 фоизли олтингугуртдан 4 кг ҳисобида пуркаш мумкин.

Қовун пашшаси – Қашқадарё, Сирдарё, Жиззах, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасида кўп тарқалган. Бу зараркунандага қарши 50 фоизли Карбофос 1,5 л/га, 57 фоизли Фуфанон 1 л/га, Крузиер препаратлари билан 0,2 л/га ҳисобида гуллаш даврида, сўнгра 25–30 кун ўтказиб иккинчи марта ишлов бериш талаб қилинади.

Вирусли касалликларга Столбур, Стрик, Мозаика касалликлари киради. Столбур билан касалланган ўсимликларнинг учларидаги барглари майдалашади, гул косачалари супоқлашиб, мевалари ноксимон бўлиб қолади. Бу касаллик кўпроқ очиқ ва ёпиқ майдонлардаги помидорда учрайди.

Мозаика билан касалланган помидор, бодринг, қовун ва қовоқларнинг барглари қалинлашиб, тарновсимон ва тез синадиган бўлиб қолади.

Стрик касаллиги кўпроқ помидорда учрайди. Бу касалликка чалинган помидорнинг пояси қотиб қурийди, мевалари эса қотиб ёрилади ва истеъмол учун яроқсиз бўлиб қолади.

Вирус касалликларининг олдини олиш учун помидор уруғлари икки кун 50–52 даража, учинчи куни бир кун (24 соат) 80 даража иссиқликда қиздирилади ва 0,03 фоизли Метилсинк ёки марганцовкада 8 соат ивитилиб, сўнг экилади. Бундай усулда қарши курашилганда уруғда сақланиб қолган вирус касалликлари йўқ бўлади.

Ўсув даврида вирус касалликлари билан касалланган ўсимликлар ҳар хил микроэлементлар, яъни марганец, рух, цинк, бор, молибден, йод кабилар билан дориланади. Бактерияли касалликлар билан касалланган экинларда Топсин-М препаратини гектарига 0,7–1,0 кг ҳисобида сарфлаш мумкин.

Юқорида келтирилган препаратлар очиқ майдонларда гектарига 600 л, ёпиқ майдонларда 1 тонна сувга аралаштириб сепилади. Пуркаш ишлари қўл ёки тракторга тиркалган аппаратлар орқали ўтказилади. Пирэтроид ва кимёвий дорилар билан ишлаганда, албатта мутахассис назорати ўрнатилиши зарур.

Хулоса қилиб айтганда, боғ қатор ораларига сабзавот ва полиз экинларини экишдан мақсад, бўш ётган ерлардан унумли фойдаланиш, маҳсулот етиштириш билан бирга тупроқ унумдорлигини ошириш аниқроқ қилиб айтганда микроорганизмлар тинмай ишлаши ҳисобига тупроқ маҳсулдорлиги ошади ҳамда сабзавот ва бошқа экинлар ҳосилдорлиги кўпаяди.

Мевали дарахтларнинг шохлари ва илдиз тизими кучли ривожланиш даврига қадар ердан унумли фойдаланиш мақсадида қатор ораларида сабзавот, полиз ва картошка экинларни юқорида келтириб ўтилган тавсиялар асосида етиштириш, ушбу экинлар маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини янада орттиришга замин яратади.

   Р.Ҳакимов, Ф.Расулов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech