Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
17.02.2017 17:29:00

Сабзавот экинлари тупроқдаги озиқ моддаларга ва ўғитга талабчанлиги билан бошқа экинлардан фарқ қилади. Бунинг сабаби кўпчилик сабзавот экинлари тупроқдан озиқ моддаларни жуда кўп ўзлаштиради, бунда кўпроқ калий, азот ва камроқ фосфор ўзлаштирилади. Вегетация даври қисқа бўлган сабзавотлар минерал ўғитларни тезроқ, давр узун бўлганлари эса секинроқ ўзлаштирадилар.

Ўсимликда минерал озиқ элементларининг етишмаслиги туфайли содир бўладиган аломатларга қурғоқчилик, ортиқча намиқиш, совуқ, ўсимликларда бўйнинг ёппасига шикастланиши ёки уларни зараркунандалар таъсиридан зарарланиши ва тупроқ типлари таъсир кўрсатиши мумкин. Минерал элементларнинг етишмаётганлигини тўғри белгилаш ва ўсимликларни тегишли минерал элементлар билан ўз вақтида озиқлантириш керак. Минерал элеметлар етишмаслиги натижасида рўй берадиган аломатларга қуйдагилар киради.

Помидор ўсимлигига азот етишмаганда ўсимлик ривожланишдан орқада қолади, паст бўйли ва поялари ингичка бўлади. Барглари майда ва тўғри, уч қисмидан бошлаб оқиш яшил рангда, томирлари сариқ ёки барг томирлари бинафша рангда ғубор билан қопланади. Мевалари майда, кам сонли, дағал бўлади.

Фосфор етишмаганда барглари дастлаб кўпиксимон, кейин эса ёппасига кўкиш яшил тусга киради, айнииқса баргининг остки томони ва томирлари бўйлаб қизғиш бинафша тусга киради, барглари кўпинча эгилган бўлади.

Калий етишмаганда ўсиш жараёни тўхтаб қолади, поялари ёғочлашади, ҳосил камайиб кетади, меваларнинг бир текисда етилмаслиги кузатилади, ўсимлик илдизлари яхши ривожланмайди.

Бодринг ўсимлигига азот етишмаганда ўсимликнинг ўсиш жараёни тўхтайди, барглари сарғаяди, сув танқислик кескин рўй берган ҳолларда сариқ рангга киради. Мевалари оқаради ва палагининг учки қисмидаги мевалар учли бўлади.

Калий етишмаганда баргларнинг чети буғдойрангга киради ва қуриб қолади. Кейинчалик бундай буғдойранг барг томирлари оралиғида тарқалади ва меваларнинг тугилиш баландлиги ошади.

Картошкада азот етишмаганда ўсимлик оч ёки сарғиш-яшил тусдаги ўлчами кичрайган барглари кичрайиб бироз юқорига кўтарилади. Кейинчалик барг бўлмалари атрофи сарғаяди ва қуриб қолади, ҳосили пасаяди.

Фосфор етишмаганда биринчи ҳолдаги белгилар намоён бўлади, лекин барг бўлмалари устига томон қайрилади, хира яшил тусдаги ялтироқлиги пастроқ, тугундаги кесиб кўрилганда зангсимон доғлар кузатилади.

Калий етишмаганда баргларининг орқа томони кўп сонли доғлар билан қопланади. Ўсимлик барглари ва пояларининг барвақт қуриб қолиши кузатилади. Сталонлари ва томирлари қисқаради.

Полиз экинларида азот етишмаганда (қовун, тарвуз, қовоқ) ўсимликнинг ўсиш жараёни тўхтайди, барглари оч-яшилдан сариққача ўзгаради, элементлар жуда танқис бўлганда улар сариқ рангга киради. Палаги ингичкалашади ва дағаллашади .

Фосфор етишмаганда ҳам ўсимликларда юқоридаги белгилар кузатилади, лекин барглари бирмунча қизғиш-бинафша рангга киради. Ўсимлик кўримсиз бўлиб қолади ва мева тугиши кечикади.

Калий етишмаганда барглар атрофи буғдой рангга кириб қуриб қолади, кейинчалик буғдой ранг барг томирлари оралиғида тарқалади, мевасининг етилиши кечикади, таркибидаги қанд моддаси миқдори камайиб кетади.

Минерал ўғитлар

Аммиак селитраси NH43. Таркибида 34% азот бор, донадор ҳолатида чиқарилади, доначалари оқ ёки сарғиш рангда, сувда яхши эрийди, ҳаводаги намни тез тортади (гигроскопик).

Аммоний сульфат (NH4)2SO4. Таркибидаги азот 20,5% бўлиб, аммоний шаклида оқдан то кулранг-яшил ранггача бўлган кристалл ўғит, сувда эрувчан, ҳаводаги намни кучсиз сингдиради. Сочилувчанлиги яхши, тупроқдан кам ювилиб кетади.

Карбомид (мочевина) (NH2)2СO. Таркибида 46% азот бўлиб, донадор кўринишда чиқарилади, доначалари оқ рангли бўлиб, майда ва тез эрувчан, намни кам сингдиради ва зичлашиб қолмайди.

АДУ – таркибида азот миқдори 28% ва 11% олтингугурт бор.

АФУ – суюқ ўғити таркибида 300 г/л азот, 75 г/л фосфор бор.

АКУ– суюқ ўғити таркиби 300 г/л азот, 50 г/л калийдан иборат.

ЖКУ – суюқ ўғити таркибидаги азот миқдори – 10,3%, калий – 3,7%, олтингугурт – 3 фоизни ташкил қилади.

Тукосмес – қаттиқ ўғити таркибида 16% азот, 12% калий бор.

Аммофос (NH2H2PO4). Юқори концентрланган фосфор-азотли донадор ўғит, таркибида 43–46% фосфор, 11% азот бор. Ёпишиб зичлашмайди, ҳаводаги намни кучсиз сингдиради.

Аммонийлаштирилган суперфосфат – NH2H2PO4+СаНРО4. Энг кам концентрацияли юқори баластли, кулранг тусли донадор ўғит, таркибида 14–15% фосфор ва 1,5–2,0% азот бор.

Оддий суперфосфат (Ca(H2PO4)2H2O+2CaSO4). Апатит концентратидан ёки қоратов фосфоритларидан ишлаб чиқарилади. Кукунсимон суперфосфат хомашё турига кўра ўзида 19–19,5 фоиздан 15–16 фоизгача, донадор суперфосфатда эса 20% фосфор бор. Сувда эрувчан, ҳаводаги намни кучсиз сингдиради.

Мураккаб фосфор – таркибида фосфор – 9,8, азот 4,6 фоизни ташкил қилади.

Калий хлорид (KCL). Таркибида 50–52% калий бор, оқ ёки қизғиш-қўнғир рангли кристаллсимон, сувда эрувчан, ҳаводаги намни тез ўзлаштириб олади, қуруқ ҳолатдагисининг сочилувчанлиги яхши.

Калийли туз (калий хлориднинг каинит ёки силвинит билан аралашмаси). Таркибида 40% калий бор, кул ранг-қўнғир тусли, майда кристалл ўғит.

ОРГАНИК ЎҒИТЛАР

Экинлардан юқори ҳосил олишда органик ўғитларнинг ўрни катта. Органик ўғитларга гўнг, торф, гўнг шалтоғи, парранда қийи, турли хил компостлар, кўкат ўғитлар киради. Органик ўғитлар таркибида азот, фосфор, калий, кальций ва ўсимликларнинг озиқланиши учун керакли бошқа элементлар, шунингдек, тупроқнинг хоссаларига ижобий таъсир этадиган органик моддалар бўлади.

Бу органик ўғитлардан қорамол гўнги алоҳида ўрин тутади. Таркибида ўсимликлар учун зарур бўлган барча озиқ моддалар мавжуд. Қорамол гўнги таркибида умумий азот миқдори 0,589%, умумий фосфор миқдори 0,25% ва умумий калий 0,50 фоизни ташкил қилди. Ерга гўнг солинганда тупроқ унумдорлигининг муҳим шарти бўлган биологик фаолияти кучаяди, берилган минерал ўғитларнинг таъсири ортади. Одатдаги миқдор бўйича ҳар гектар ерга ўртача 20–30 т гўнг солинади. Қуруқ қўй қийини таркибида умумий азот миқдори 1,60% умумий фосфор 0,50% умумий калий 1,40 фоиздан иборат.

От гўнгида умумий азот 0,60%, умумий фосфор 0,30%, умумий калий 0,55%, чўчқа гўнгида умумий азот 0,40%, умумий фосфор 0,20%, умумий калий 0,60% ва парранда қуруқ қийида умумий азот 3,40%, умумий фосфор 1,60%, умумий калий 0,80 фоизни ташкил қилади.

Биогумус – парранда ахлати ва бошқа ҳар хил органик чиқиндиларни иссиқлик билан ишлов бериш орқали олинади ва ўз таркибида 15% сув, 22–27% гумус, 3–4% органик моддалар, 1,74% умумий азот, 1,47% умумий фосфор, 1,4% умумий калий бор.

Вермигум – ҳар хил органик (йирик ва майда қорамоллар гўнглари, маиший чиқиндилар) қолдиқларини қизил калифорния чувалчанглари билан қайта ишлаш натижасида олинади. Вермигум ўртача қуйидаги таркибга эга: 40–60% қуруқ модда, 10–12% гумус, 6,5–7,2 рН, 0,8–3,0% азот, 1,3–2,5% фосфор, 1,2–3,0% калий, 0,6–2,5% темир, 3,5–5,1 мг/кг мис, 60–80 мг/кг марганец, 28–35 мг/кг рух, 0,6–2,3% магний, 4,5–8,0% кальций бор.

ОМУ – органа минерал ўғит таркибида умумий азот 7,75%, 7,721%, фосфорни ўзлаштиради, органик модда 23,62 фоизни ташкил қилади.

Кўкат ўғитлар (сидератлар) республикамизда гўнг ва бошқа маҳаллий ўғитлар қишлоқ хўжалик маҳсулотларни етиштиришда органик ўғитларга бўлган талабини таъминлай олмайди. Шунинг учун сидерат ўсимликларни экишни тақозо қилади. Ҳар бир жойнинг тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда нўхат, оқ жўхори ўсимликлар экилади. Кўкат экинлар массаси ерга қўшиб ҳайдаб юборилади, бундай ўғитлар тупроқ унумдорлиги ва сабзавот, полиз, картошка ҳосилини оширади.

Микробиологик ўғитларнинг тавсифи ва қўллаш муддатлари, меъёрлари

Биоазот – микробиологик азотли ўғит ҳисобланиб, Azotobacter chroococum бактериялари биомассасидан иборат. Абсолют қуруқ модда бўйича биомассани зичлиги 5,0– 5,5 г/л. ни ташкил этади (ЎзРФА Микробиология институти).

Биоазот суғориш суви билан бир текис қилиб, икки муддатда яъни ўсимликларни ялпи униб чиққандан сўнг ҳамда қийғос гуллаш давридаги озиқлантиришда кунни кечки вақтларда гектарига 4 л ҳисобида берилиши лозим.

Органик микробиологик ўғит-гумат асосида фойдали микроорганизмлар мажмуасидан иборат (ЎзРФАнинг Микробиология институти).

Бу ўғит ўсимликларни ялпи униб чиққандан сўнг ҳамда қийғос гуллаш даврида минерал ўғитлар билан биргаликда қатор ораларига гектарига 50 кг ҳисобида берилади.

Fosstim – картошка илдиз атрофидан ажратилган фосфор тўпловчи фаол бактериялар. Уруғлик картошка туганаклари экишдан олдин (50 мл - 500 л/га сув) ивитиб экилади.

Serhosil – бир хужайрали сув ўтлари, ўсимликларни ялпи униб чиққандан сўнг ҳамда қийғос гуллаш даврида ўсимликка 300 л/га ҳисобида пуркалади.

САБЗАВОТ, ПОЛИЗ ВА КАРТОШКА ЭКИНЛАРИНИ ЎҒИТЛАШ

Помидор

Ўтлоқ ва ўтлоқи-ботқоқ тупроқлар. Бу тупроқларга гектарига 20 т/гўнг +N160P120K80 кг соф ҳолда солиниши тавсия этилади. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади.

Минерал ўғитлар тук ҳолатида қуйидагича солинади: Карбамид – 350 кг/га, аммофос – 195 кг/га, калий хлор – 160 кг/га.

Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда бу ўғитнинг миқдори гектарига 760 кг бўлади. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилади.

Ҳайдовдан олдин: 20 т гўнгнинг ҳаммаси, аммофос – 196 кг/га, калий хлор – 120 кг/га.

Биринчи озиқлантиришда – кўчатлар тутиб олгандан сўнг уларни тез ўса бошлаган даврда: аммофос – 66 кг/га, калий хлор – 40 кг/га, карбамид 175 кг ёки сульфат аммоний – 380 кг/га меъёрда бериш тавсия этилади.

Иккинчи озиқлантиришда – ўсимликнинг биринчи ва иккинчи гулбандини ялпи гуллаши даврида карбамид 175 кг/га ёки сульфат аммоний 380 кг/га меъёрда бериш тавсия этилади.

Экологик тоза маҳсулот олиш ва азот ўғитларини 50 фоизга камайтириш учун кўк масса берадиган экинларни (сидерат) қўллаш мумкин. Шунингдек, органик ўғит турларидан биогумус – гектарига 8 т, вермигум – 8 т, органик микробиологик ўғит – 20 кг, биоазот – 2 л меъёрда қўллаш самарали ҳисобланади.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни суғориш суви билан бериш мумкин.

Шўрхок тупроқлар. Турли даражада шўрланган шўрхок тупроқларда шўр ювиш ишлари олиб борилгандан сўнг гектарига 25–30 тонна гўнг солиниб ишлангандан сўнг гектарига N200P180K120 меъёрда бериш тавсия этилади.

Шўрланганлик типи ва шўрланганлик даражасига қараб тупроқларга солинадиган минерал ўғитларнинг тукдаги миқдорига аниқликлар киритилади.

Чунончи, сульфатли шўрланган тупроқларга азотли ўғитни – аммиак селитра, фосфор ўғити – аммофос, калий ўғити – калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади.

Хлорли шўрланган тупроқларда – азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки аммиак селитра, фосфорли ўғитнинг аммофос ёки мураккаб фосфор ўғити (P2O5-9,5%, N-4,6%), калий ўғити – калий нитрат тузларини бериш тавсия этилади.

Хлор сульфатли шўрланган тупроқларга азотли ўғитлар – аммиак селитра, фосфорли ўғитлар – аммофос ёки мураккаб фосфор ўғити, калийли ўғитлар калий нитрат кўринишида бериш тавсия этилади.

Ўғитларни қуйидаги муддатда солиш тавсия этилади.

Ҳайдовдан олдин гектарига 25–30 т гўнг, фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади.

Биринчи озиқлантиришда кўчатлар тутиб олгандан сўнг ва тез ўса бошлаган даврда азотнинг 50, фосфор ва калийнинг 25 фоизи берилади.

Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг биринчи ва иккинчи гулбандини ялпи гуллаш даврида азотнинг қолган қисми берилади.

Азотли ўғитлар қўлланишини 50 фоизга камайтириш мақсадида шўрланган тупроқларда яхши ўсадиган кўк масса берадиган экинлар (сидерат) экиш, ёки гектарига 12 тонна биогумус ёки гектарига 12 тонна вермигум, гектарига 30 кг органик микробиологик ўғит, гектарига 2,5 л биоазот ишлатиш мумкин.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин.

Бўз тупроқ. Помидор етиштиришда суғориладиган бўз тупроқларга гектарига 20 тонна гўнг берилганда тупроққа соф ҳолда N200P150K100 кг/га меъёрда солиниши тавсия этилади. Бунда азотни карбамид ёки сульфат аммоний кўринишида, фосфорни аммофос ёки мураккаб фосфор ўғити кўринишида, калийни калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади. Ушбу минерал ўғитлар тукда қуйидагичабўлади: Карбамид – 435 кг/га, аммофос – 326 кг/га, калий хлор – 200 кг/га меъёрда берилади.

Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда мазкур ўғит миқдори гектарига 950 кг бўлиши лозим. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилиши лозим.

Ҳайдовдан олдин гектарига 20 тонна гўнг, 245 кг аммофос ва 150 кг калий хлор солинади.

Биринчи озиқлантиришда ўсимлик кўчатлари тутиб олгандан сўнг ва тез ўса бошлаган даврда: аммофос – 81 кг/га, калий хлор – 50 кг/га, карбамид – 218 кг/га меъёрда солинади.

Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг биринчи ва иккинчи гулбандининг ялпи гуллаш даврида карбамид – 218 кг/га, сульфат аммоний 475 кг/га меъёрда берилади.

Азотли ўғитлар қўллашнинг 50 фоизга камайтириш мақсадида кўк масса берадиган экинларни қўллаш мумкин. Шунингдек, органик ўғит турларидан: биогумус ёки вермигум – 10 т/га, органик микробиологик ўғит – 25 кг/га ва биоазотни 4 л/га меъёрда бериш самарали ҳисобланади. Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин.

Тақирсимон тупроқлар. Тақирсимон тупроқларда гумус миқдори паст бўлганлиги боис шўр ювиш ишлари ўтказилганидан сўнг уларни маданийлаштириш лозим. Бундай тупроқлар органик ўғитларга муҳтож. Шу муносабат билан шўр ювилганидан сўнг помидор ўстириш учун мазкур тупроқлар гектарига – 25–30 тонна гўнг ва соф ҳолда N220P165K110 кг/га меъёрда солиш тавсия этилади.

Шўрланганлик ҳолатига, типи ва даражасига қараб тупроқларга солинадиган минерал ўғитларнинг тукдаги миқдорларига аниқликлар киритилади.

Чунончи, сульфатли шўрланган тупроқларга азотли ўғитни – аммиак селитра, фосфор ўғити – аммофос, калий ўғитини – калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади.

Хлорли-шўрланган тупроқларда – азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки аммиак селитраси, фосфорли ўғитнинг аммофос ёки мураккаб фосфор ўғити кўринишидаги, калий ўғити – калий нитрат тузларини бериш керак.

Хлор сульфатли шўрланган тупроқларга азотли ўғитлар аммиак селитраси кўринишида, фосфорли ўғитлар аммофос ёки мураккаб фосфор ўғити кўринишида, калийли ўғитлар калий нитрат кўринишида бериш тавсия этилади. Ўғитларни қуйидаги муддатларда солиш тавсия этилади.

Ҳайдовдан олдин гектарига 25–30 тонна гўнг, фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади.

Биринчи озиқлантиришда кўчатлар тутиб олгандан сўнг ва тез ўса бошлаган даврда азотнинг 50, фосфор ва калийнинг 25 фоизи берилади.

Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг биринчи ва иккинчи гулбандининг ялпи гуллаш даврида азотнинг қолган қисми берилади.

Азотли ўғитлар қўлланишини 50 фоизга камайтириш мақсадида шўрланган тупроқларда яхши ўсадиган кўк масса берадиган экинлар (сидерат) экиш, гектарига 12 тонна биогумус ёки вермигум, 30 кг органик микробиологик ўғит, 2,5 л биоазот ишлатиш мумкин.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш керак.

Ширин қалампир

Ўтлоқи ва ўтлоқи ботқоқ тупроқларда гектарига 15 т гўнг+N160P120K80 солиниши тавсия этилади. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор кўринишида бериш керак.

Минерал ўғитлар тук ҳолатида қуйидагича солинади: карбамид – 350 кг/га, аммофос – 261 кг/га, калий хлор – 160 кг/га. Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда бу ўғитнинг миқдори гектарига 760 кг бўлади. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилади:

Ҳайдовдан олдин: гектарига 15 тонна гўнг, 196 кг – аммофос, 120 кг – калий хлор.

Биринчи озиқлантиришда – кўчатлар тутиб олгандан сўнг улар тез ўса бошлаган даврда: аммофос – 65 кг/га, калий хлор – 40 кг/га, карбамид – 175 кг ёки сульфат аммоний 380 кг/га меъёрда берилади.

Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг ялпи гуллаш ва мева тугишининг бошланиш даврида: карбамид – 175 кг/га ёки сульфат аммоний – 380 кг/га меъёрда бериш керак.

Экологик тоза маҳсулот олиш ва азот ўғитларни 50 фоизга камайтириш учун кўк масса берадиган экинлар (сидерат) қўллаш мумкин. Шунингдек, органик ўғит турларидан биогумус ёки вермигум – 8 т/га, органик микробиологик ўғит – 20 кг/га, биоазот – 2 л/га меъёрда қўллаш самарали ҳисобланади.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин.

Шўрхок тупроқлар. Турли даражада шўрланган шўрхок тупроқларда тупроқни ювиш ишлари олиб борилгандан сўнг гектарига 25-30 тонна гўнг + P180K120 кг ўғитларининг 75 фоизи солиниб ҳайдалади.

Шўрланганлик ҳолатига, типи ва даражасига қараб тупроқларга солинадиган минерал ўғитларнинг тукдаги миқдорларига аниқликлар киритилади.

Чунончи, сульфатли шўрланган тупроқларга азотли ўғитни карбамид, фосфор ўғити – аммофос, калий ўғити калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади.

Хлорли – шўрланган тупроқларда азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки карбамид фосфорли ўғит – аммофос ёки мураккаб фосфор ўғити кўринишида, калий ўғити – калий нитрат тузларини бериш тавсия этилади.

Ўғитларни қуйидаги муддатда солиш тавсия этилади.

Ҳайдовдан олдин гектарига 25–30 тонна гўнг, фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади.

Биринчи озиқлантиришда кўчатлар тутиб олгандан сўнг ва тез ўса бошлаган даврда азотнинг 50, фосфор ва калийнинг 25 фоизи берилади.

Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг ялпи гуллаш ва мева тугишининг бошланиш даврида қолган азотнинг фисми берилади.

Азотли ўғитлар қўлланишини 50 фоизга камайтириш мақсадида шўрланган тупроқларда яхши ўсадиган кўк масса берадиган экинлар (сидерат) экиш, гектарига 12 т биогумус ёки вермигум, 30 кг органик микробиологик ўғит, 2,5 л биоазот ишлатиш мумкин.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин.

Бўз тупроқлар. Ширин қалампир етиштиришда суғориладиган бўз тупроқларга гектарига 15–20 тонна гўнг берилганда тупроққа N150P100K75 тавсия этилади. Бунда азотни аммиак селитраси ёки сульфат аммоний кўринишида, фосфорни аммофос ёки мураккаб фосфор ўғити кўринишида, калийни калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади. Ушбу минерал ўғитлар тукда қуйидагича солинади: аммиак селитраси – 588 кг/га, аммофос – 326 кг/га, калий хлор – 200 кг/га.

Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда мазкур ўғит миқдори гектарига 714 кг бўлиши керак. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилиши лозим.

Ҳайдовдан олдин гектарига 15–20 тонна гўнг, 280 кг аммофос ва 100 кг калий хлор солинади.

Биринчи озиқлантиришда ўсимлик кўчатлари тутиб олгандан сўнг ва тез ўса бошлаган даврда гектарига: аммофос – 120 кг, калий хлор – 50 кг, аммиак селитраси – 294 кг ёки сульфат аммоний 357 кг меъёрда солинади.

Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг ялпи гуллаш ва мева тугишининг бошланиш даврида гектарига: аммиак селитраси – 294 кг ёки сульфат аммоний – 357 кг меъёрда берилади.

Азотли ўғитлар қўллашнинг 50 фоизга камайтириш мақсадида кўк масса берадиган экинларни (сидерат) қўллаш мумкин. Шунингдек, органик ўғит турларидан гектарига: биогумус ёки вермигум – 10 т, органик микробиологик ўғит – 25 кг ва биоазот – 2 л меъёрда бериш самарали ҳисобланади.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин.

Тақирсимон тупроқлар. Тақирсимон тупроқларда гумус миқдори паст бўлганлиги боис шўр ювиш ишлари ўтказилганидан сўнг уларни маданийлаштириш лозим. Бундай тупроқлар органик ўғитларга мухтож. Шу муносабат билан шўр ювилганидан сўнг помидор ўстириш учун мазкур тупроқлар гектарига – 40 тонна гўнг ва N220P165K110 солиш тавсия этилади.

Ўғитларни қуйидаги муддатларда солиш тавсия этилади.

Ҳайдовдан олдин гектарига 40 тонна гўнг, фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади.

Биринчи озиқлантиришда кўчатлар тутиб олгандан сўнг ва тез ўса бошлаган даврда азотнинг 50, фосфор ва калийнинг 25 фоизи берилади.

Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг ялпи гуллаш ва мева тугишининг бошланиш даврида азотнинг қолган қисми берилади.

Азотли ўғитлар қўлланишини 50 фоизга камайтириш мақсадида шўрланган тупроқларда яхши ўсадиган кўк масса берадиган экинлар (сидерат) экиш, гектарига: 12 тонна биогумус ёки вермигум, 30 кг органик микробиологик ўғит ёки 2,5 л биоазот ишлатиш мумкин.

Оқ бош карам

Ўтлоқи ва ўтлоқи ботқоқ тупроқларда гектарига 15–20т гўнг+ N200P160K120 кг солиниши тавсия этилади. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор кўринишида бериш керак.

Минерал ўғитлар тук ҳолатида қуйидагича солинади: карбамид – 434 кг/га, аммофос – 348 кг/га, калий хлор – 240 кг/га. Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда бу ўғитнинг миқдори гектарига 952 кг бўлади. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилади:

Ҳайдовдан олдин: гектарига 15–20 тонна гўнг, йиллик фосфор ва калий ўғитларининг 70–75 фоизи берилади.

Биринчи озиқлантиришда қолган 50% азот калийнинг 25–30 фоизи биргаликда карам кўчати тўлиқ тутиб олгандан сўнг, биринчи комплекс ишлов олдидан қатор ораларига ўсимликларга яқинроқ солиб берилади, аммофос 103 кг/га, карбамид 217 кг/га ёки сульфат аммоний 476 кг/га меъёрда берилади.

Иккинчи озиқлантиришда қолган азотнинг қолган қисми, калийнинг 30 фоизи биргаликда карам бош ўрай бошлаганда ўсимликка яқинроқ қилиб берилади, калий хлор – 72 кг/га, карбамид – 217 кг ёки сульфат аммоний – 476 кг/га меъёрда бериш керак.

Ўғитларни 50 фоизга камайтириш учун кўк масса берадиган экинлар (сидерат) қўллаш мумкин. Шунингдек, органик ўғит турларидан биогумус ёки вермигум – 10 т/га, органик микробиологик ўғит – 20 кг/га, биоазот – 2 л/га меъёрда қўллаш самарали ҳисобланади.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин.

Бўз тупроқ. Оқ бош карам етиштиришда суғориладиган бўз тупроқларга гектарига 15–20 тонна гўнг ва соф ҳолда N200P150K100 солиниши тавсия этилади. Бунда азотни карбамид ёки сульфат аммоний кўринишида, фосфорни аммофос ёки мураккаб фосфор ўғити кўринишида, калийни калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади. Ушбу минерал ўғитлар тукда қуйидагича солинади: карбамид – 435 кг/га, аммофос – 326 кг/га, калий хлор – 200 кг/га меъёрда берилади.

Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда мазкур ўғит миқдори гектарига 950 кг бўлиши лозим. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилади.

Ҳайдовдан олдин гектарига 15–20 тонна гўнг, 245 кг аммофос ва 150 кг калий хлор солинади.

Биринчи озиқлантиришда карам кўчати тўлиқ тутиб олгандан сўнг, биринчи комплекс ишлов олдидан қатор ораларига ўсимликларга яқинроқ берилади: аммофос – 81 кг/га, карбамид – 218 кг/га ёки сульфат аммоний кўринишда берилса, 475 кг солинади.

Иккинчи озиқлантиришда карам бош ўрай бошлаганда ўсимликка яқинроқ қилиб берилади: карбамид – 218 кг/га, сульфат аммоний - 475 кг/га.

Азотли ўғитлар қўллашнинг 50 фоизга камайтириш мақсадида кўк масса берадиган экинларни қўллаш мумкин. Шунингдек, органик ўғит турларидан: биогумус ёки вермигум – 10 т/га, органик микробиологик ўғит – 25 кг/га ва биоазот – 2 л/га меъёрда бериш самарали ҳисобланади. Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин.

Шўрхок ва тақирсимон тупроқлар. Турли даражада шўрланган шўрхок ва тақирсимон тупроқларда шўр ювиш ишлари олиб борилгандан сўнг энг мақбул бўлган минерал ўғитлар қуйдагилардир: азот ўғитлардан карбамид, фосфор ўғитлардан аммофос суперфосфат, калий ўғитларидан эса нитрат калий. Ўсимликнинг калийга бўлган талабини қондириш учун органик ўғитлардан шарбат усулида фойдаланиш мумкин. Сульфат калий, калий хлорид тузларини бериш ернинг шўрланиш даражасини ортишига олиб келади. Бу эса ҳосилга салбий таъсир этади, маҳсулот сифати ёмонлашишига сабаб бўлади. Гектарига 25–30 т гўнг солиниб ишлангандан сўнг гектарига N200P180K120 ўғит бериш тавсия этилади. Ўғитларни қуйидаги муддатда солиш тавсия этилади.

Ҳайдовдан олдин гектарига 25-30 тонна гўнг, фосфор ва калийнинг 70–75 фоизи берилади.

Биринчи озиқлантиришда карам кўчати тўлиқ тутиб олгандан сўнг, биринчи комплекс ишлов олдидан қатор ораларига ўсимликларга яқинроқ берилади: аммофос 25%, карбамид 50% солинади.

Иккинчи озиқлантиришда карам бош ўрай бошлаганда ўсимликкка яқинроқ қилиб берилади, карбамид – 50% ва калий хлор 50% берилади.

Азотли ўғитлар қўлланишини 50 фоизга камайтириш мақсадида шўрланган тупроқларда яхши ўсадиган кўк масса берадиган экинлар (сидерат) экиш ёки гектарига 12 тонна биогумус ёки вермигум, 30 кг органик микробиологик ўғит, 2,5 л биоазот ишлатилдаи.

Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан берилади. Оқ бош карамни юқорида кўрсатилгандак ўғитлаш, ўғитлардан самарали фойдаланишга, ҳосилни кўпайишига, уни сифатини яхшиланишига олиб келади.

Пиёз

Пиёз патак илдизли сабзавот бўлиб, илдиз тизими асосан тупроқнинг устки қисмига яқин жойлашган. Шунинг учун у ернинг устки қисмида асосий озиқа элементларни кўп бўлишини талаб қилади. Пиёз ўсимлигига органик ўғитлардан янги гўнгни бериш тавсия этилмайди.

Бўз тупроқларда пиёздан юқори тонна ҳосил олиш учун ҳар гектар ерга ўртача 30 тонна гўнг + минерал ўғитларни соф ҳолда N300P220K120 кг меъёрда бериш керак.

Ҳайдовдан олдин гектарига гўнгнинг ҳаммаси амофос, яъни тук ҳолда 358 кг, калий хлор 120 кг ернинг асосий ишловида берилади.

Биринчи озиқлантириш пиёз яганаланиб, пиёз боши ўтоқ қилингандан сўнг, гектарига 326 кг карбамид, 80 кг калий хлор, 104 кг амофос бериш тавсия қилинади.

Иккинчи озиқлантириш илдизмевалар шакллана бошлаганда азотнинг қолган қисми берилади

Ўтлоқи ва ўтлоқи ботқоқ тупроқларда минерал ўғитларни соф ҳолда N250P200K80 +25 тонна гўнг солиш тавсия этилади.

Ҳайдовдан олдин гектарига гўнгнинг ҳаммаси, аммофос ўғитидан 330 кг, калий хлор100 кг ернинг асосий ишловида берилади.

Биринчи озиқлантириш пиёз яганаланиб, пиёз боши ўтоқ қилингандан сўнг, азотли ўғитдан 272 кг карбамид, аммофос 104 кг ва калийни 60 кг бериш тавсия қилинади. Иккинчи озиқлантириш илдиз мевалар шакллана бошлаганда карбамид 272 кг берилади.

Шўрхок ва тақирсимон тупроқларда пиёз етиштирилганда соф ҳолда N320P220K100 кг/га меъёрда бериш керак.

Пиёз эрта, ўрта, кечки ва такроран етиштирилганда бериладиган минерал ўғитлар орасида деярли тафовут бўлмайди. Пиёз учун муқобил бўлган азот ўғити аммиак селитрасидир, фосфор ўғитларидан эса суперфосфат, аммофос, янги ўзимизда ишлаб чиқилаётган Муборак фосфоритидан тайёрланган фосфор ўғитидир. Ҳар хил даражада шўрланган ерларда пиёз етиштирилганда азот ўғити сифатида аммоний сульфат, калий ўғитларидан калий хлорид, калий сульфат каби ўғитларни бермаслик керак. Бу хилдаги ўғитлар тупроқда оз миқдорда бўлса ҳам шўрланиш даражасини оширади. Бу пиёз ўсимлигини униб чиқаётганда, ўсиб-ривожланишига, ниҳоят олинадиган ҳосилга, маҳсулот сифатига салбий таъсир этади.

Ҳайдовдан олдин фосфор ва калий ўғитларининг 70–75 фоизиберилади.

Биринчи озиқлантиришда азотнинг 50, аммофос ва калийнинг 25–30 фоизини бериш керак. Иккинчи озиқлантиришда азот ўғитининг қолган қисми берилади.

Сабзи

Республикамизни барча минтақаларида сабзи эртаги ва кечки муддатларда экилади. Сабзи ўсимлиги бошқа сабзавотлар каби тупроқ унумдорлигига, асосий озиқа элементларига талабчандир. Озиқа элементлари етарли миқдорда тавсия этилган миқдорда берилганда юқори ҳосил олиш имкони бўлади.

Бўз тупроқларда сабзи етиштирилганда юқори ҳосил олиш учун гектарига соф ҳолда 220 кг азот,160 кг фосфор 100 кг калий бериш керак.

Ҳайдовдан олдин гектарига тук ҳолатда аммофос 261 кг, 200 кг калийнинг ҳаммасини ерга ишлов бериш даврида берилади.

Биринчи озиқлантириш сабзини ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийрак лаштирилгандан сўнг қолган аммофосни 87 кг, 240 кг карбамидни солиш керак. Иккинчи озиқлантириш 2–3 тадан чинг барг пайдо бўлганда 240 кг карбамид берилади.

Ўтлоқи, ўтлоқи-ботқоқ тупрокларда сабзи етиштирилганда минерал ўғитларни соф ҳолда гектарига 175 кг азот, 130 кг фосфор, 80 кг калий берилади.

Ҳайдовдан олдин гектарига тук ҳолатда аммофос 211 кг, 160 кг калий ерга ишлов бериш даврида берилади.

Биринчи озиқлантириш сабзини ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийрак лаштирилгандан сўнг қолган аммофос 71 кг, 190 кг азотли ўғит карбамидни солиш керак. Иккинчи озиқлантириш 2–3 тадан чинг барг пайдо бўлганда 50% карбамид берилади.

Шўрланган тақир ерларда сабзи етиштиришда соф ҳолда 250 кг азот, 200 кг фосфор, 120 кг калий бериш керак;

Шўрланган, тақир тупроқларда сабзи етиштиришда сульфат аммоний, калий хлорид ўғитларини бериш тавсия этилмайди, сульфат аммоний ўрнига аммиак селитраси, калий ўғитлари сифатида нитрат калий ўғитларини бериш тавсия этилади. Янги гўнгни бериш тавсия этилмайди. Гўнгни бериш тупроқда бегона ўтларнинг кўпайишига олиб келади, сабзи ўсимлигининг ўсиб-ривожланиши орқада қолади, ҳосилдорлик камаяди.

Ҳайдовдан олдин гектарига тук ҳолатда аммофос 75%, калийни ерга ассосий ишлов бериш даврида берилади. Биринчи озиқлантириш сабзини ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийраклаштирилгандан кейин азотли ўғитларнинг 50, аммофоснинг 25 фоизини бериш керак. Иккинчи озиқлантириш 2–3 тадан чингбарг пайдо бўлганда 50% азотли ўғит берилади.

Шолғом ва турп

Бўз тупроқ ерларда шолғом ва туруп соф ҳолда гектарига N125P94K62 кг бериш керак. Ушбу минерал ўғитлар тукда қуйидагича бўлади: азотли ўғитдан сульфат аммоний 596 кг, фосфорли ўғит аммофосдан 204 кг, калий хлор 124 кг берилади.

Ҳайдовдан олдин 75% аммофос – 153 кг, калий хлорнинг ҳаммаси ерларга асосий ишлов даврида берилади.

Биринчи озиқлантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийраклаштирилгандан сўнг қолган 25% аммофос – 51 кг ва азотли ўғит сульфат аммоний 50% - 298 кг берилади. Иккинчи озиқлантириш 2–3 тадан чинг барг пайдо бўлганда қолган азотли ўғит – сульфат аммонийнинг 50 фоизи, яъни 298 кг шолғом ва турпга ўғитлар бериш тавсия этилади.

Бодринг

Бўз тупроқларда бодрингдан гектарига 20 тонна гўнг билан N150P100K75 бериш тавсия этилади.

Азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки карбамид кўринишида берилади.

Фосфорли ўғитлар аммофос, калий ўғити калий хлор кўринишида берилади. Гектарига соф ҳолда N150P100K75 берилганда тукда қуйидагича: сульфат аммоний - 714 кг ёки карбамид – 326 кг, аммофос – 218 кг, калий хлор – 150 кг.

Ерга асосий ишлов берилаётганда органик ўғитнинг ҳаммаси, фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади. Бу кўрсаткич гўнгнинг гектарига 20 т, аммофоснинг 163 кг, калий хлорнинг 112 кг тўғри келади.

Биринчи озиқлантириш ўсимликнинг 2–3 чинбарг чиқарган даврида берилади. Бу озиқлантиришда азотнинг 10%, фосфор ва калийнинг қолган қисми берилади. Бу сульфат аммоний гектарига 71,4 кг ёки карбамид 32,6 кг, аммофос 55 кг, калий хлор 38 кг меъёрда берилади.

Иккинчи озиқлантириш экин ялпи гуллаган даврида берилади. Бунда азотнинг 45 фоизи берилади, бу сульфат аммонийнинг гектарига 320 кг ёки карбамид 147кг миқдорда берилади.

Учинчи озиқлантириш иккинчи ёки учинчи теримдан кейин берилади. Бу озиқлантиришда азотли ўғитнинг қолган 45 фоизи берилади, сульфат аммоний гектарига 321 кг ёки карбамид гектарига 147 кг миқдорида бериш керак.

Азотли ўғитларни 50 фоизга камайтириш мақсадида, органик микробиологик 25 кг/га, биоазотни гектарига 4л/га суғориш суви билан, биогумусни гектарига 10 тонна вермигумни гектарига 10 тонна бериш мумкин, шунингдек кўк масса берадиган экинлар (сидератлар) қўллаш мумкин бўлади.

Ўтлоқи ёки ўтлоқи ботқоқ тупроқлар. Бу тупроқларда бодринг етиштириш учун соф ҳолда гектарига N120P80K60 кг бериш тавсия этилади. Азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки аммиак селитраси кўринишида берилади. Фосфорли ўғитлар – аммофос ўғити кўринишида берилади.

Калий ўғити - калий хлор кўринишида берилади. Гектарига азотли ўғитлар тукда қуйидагича берилади: сульфат аммоний – 571 кг ёки карбамид – 261 кг, аммофос – 174 кг, калий хлор – 120 кг.

Ерга асосий ишлов берилаётганда фосфор ва калийнинг 75 фоизи берилади. Бу кўрсаткич аммофос гектарига 130,5 кг, калий хлор 90 кг. дан берилганда тўғри келади.

Биринчи озиқлантириш ўсимликнинг 2–3 чин барг чиқарган даврида олиб борилади. Бу озиқлантиришда азотнинг 10%, фосфор ва калийнинг қолган қисми берилади. Бу сульфат аммонийнинг гектарига 57 кг, гектарига 26 кг, аммофоснинг гектарига 44 кг тўғри келади.

Иккинчи озиқлантириш оналик гулларининг ялпи гуллаган даврида берилади. Бу озиқлантиришда азотли ўғитнинг 45 фоизи берилади. Бу кўрсаткич сульфат аммонийнинг гектарига 257 кг, карбамид 118 кг. га тўғри келади.

Учинчи озиқлантириш иккинчи ёки учинчи теримдан сўнг азотли ўғитнинг қолган 45 фоизи берилади, бу сульфат аммонийнинг гектарига 257 кг ёки карбамид 118 кг бериш тавсия қилинади.

Полиз экинлари (қовун, тарвуз, қовоқ)

Полиз экинларидан юқори ҳосил олиш учун гектарига соф ҳолда 150 кг азот, 150 кг фосфор ва 100 кг калий, органик ўғитлардан гектарига 30-40 тонна гўнг бериш тавсия этилади. Азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки карбамид кўринишда берилади.Фосфорли ўғитлар аммофос, калий хлор кўринишда берилади, ўғитлар тук ҳолатда қуйдагича берилади: сульфат аммоний – 714 кг, карбамид 326 кг, аммофос 326 кг ва калий хлор 200 к.

Ҳайдовдан олдин полиз экинларига гўнг ва калий ўғитларининг ҳаммаси, фосфорнинг 75 фоизи, яъни 244 кг шудгор даврида солинади.

Биринчи озиқлантириш фосфорли ўғитнинг қолган 25 фоизи, яъни 82 кг ва азотли ўғитни 50 фоизи, яъни сульфат аммоний 357 кг экиш олдидан берилади.

Иккинчи озиқлантириш азотли ўғитнинг 50 фоизи, яъни сульфат аммоний 357 кг экинлар уч-тўрт барг чиқарганидан кейин бериш тавсия қилинади.

Эртаки муддатда экилган картошка

Картошка ўсимлиги асосий озиқа элеметларга ўта талабчан. Республикамизда асосан картошка икки муддатда, яъни эртаги ва кечки муддатда экилади.

Бўз тупроқда картошка етиштирилганда гектарига соф ҳолда 220 кг азот, 170 кг фосфор, 115 кг калий бериш керак, тук ҳолатда қуйидагича бўлади: сульфат аммоний – 1047 кг ёки карбамид – 478 кг, аммофос – 370 кг, калий хлор – 230 кг.

Ерга асосий ишлов берилаётганда фосфорли ўғитнинг 75 фоизи, калийнинг жамини бериш керак. Қолган 25% фосфор, 20-25% азотни экиш билан бериш тавсия этилади.

Биринчи озиқлантиришда азотнинг 30–35 фоизи, туганаклар тўлиқ униб чиққан даврида берилади. Иккинчи озиқлантиришда азотнинг қолган қисми эса қийғос шоналашда берган маъқул.

Ўтлоқи, ўтлоки ботқоқ тупрокларда картошка етиштирилганда эса 180 кг азот, 150 кг фосфор, 100 кг калий бериш тавсия этилади. Тук ҳолатда қуйидагича бўлади: сульфат аммоний – 858кг ёки карбамид – 392 кг, аммофос – 326 кг, калий хлор 200 кг.

Ерга асосий ишлов берилаётганда аммофос ўғитининг 75 фоизи – 244 кг, калийни жамини бериш керак. Қолган 25% фосфор, 20–25% азотни экиш билан бериш тавсия этилади.

Биринчи озиқлантириш азотни 30–35%, туганаклар тўлиқ униб чиққан даврида берилади. Иккинчи озиқлантириш азотнинг 50 фоизи эса қийғос шоналашда берган маъқул.

Кучсиз шўрланган, ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ тупроқларда етиштирилганда эса 200 кг азот, 150 кг фосфор, 100 кг калий бериш керак. Тук ҳолатда ўғитлар қуйидагича бўлади: азотли ўғитлардан сульфат аммоний – 952 кг ёки карбамид – 434 кг, фосфорли ўғитдан аммофос – 326 кг, калий хлор – 200 кг.

Ерга асосий ишлов берилаётганда аммофос ўғитининг 75 фоизи, яъни 244 кг, калий хлорнинг жамини бериш керак. Қолган 25% фосфор, 20–25% азотни экиш билан бериш тавсия этилади.

Биринчи озиқлантириш азотни 30–35 %, туганаклар тўлиқ униб чиққан даврида берилади. Иккинчи озиқлантириш азотнинг қолган қисми эса қийғос шоналашда берган маъқул.

Шўрланмаган ерларда азот ўғитларидан сульфат аммоний, калий ўғитларидан эса сульфат калий ўғитларини бериш тавсия этилади. Агар ер шўрланган бўлса, азот ўғитини аммиак селитраси ҳолида берган маъқул. Калий ўрнига суғоришда шарбат усулидан фойдаланиш яхши натижа беради.

Кечки муддатда экилган картошка

Ўғитларни бериш муддати – кечки картошка асосан такрорий экин сифатида эртаги экинлардан ёки буғдойдан сўнг экилади.

Бўз тупроқларда етиштирилганда гектарига соф ҳолда 250 кг азот, 180 кг фосфор, 125 кг калий бериш керак. Тук ҳолатда қуйидагича бўлади; сульфат аммоний – 1190 кг ёки карбамид – 544 кг, аммофос – 392 кг, калий хлор – 250 кг.

Ерга асосий ишлов олдидан калийнинг жами, фосфорнинг 75 фоизини бериш тавсия қилинади.

Биринчи озиқлантиришда қолган 25% фосфор, 50% азот билан туганаклар тўлиқ униб чиққанда биринчи комплекс ишловда бериш тавсия этилади. Иккинчи озиқлантириш қолган азот, калий картошкани қийғос шоналаш даврида ўсимликка яқинроқ қилиб берилади.

Ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ ерларда етиштирилганда эса 200 кг азот, 160 кг фосфор, 100 кг калий бериш тавсия этилади.

Тук ҳолатда ўғитлар қуйидагича бўлади: азотли ўғитдан сульфат аммоний – 952 кг ёки карбамид – 434 кг, фосфорли ўғитдан аммофос – 348 кг, калий хлор 200 кг.

Ерга асосий ишлов олдидан калийнинг жами, фосфорнинг 75 фоизини бериш тавсия қилинади.

Биринчи озиқлантириш қолган 25% фосфор, 50% азот билан туганаклар тўлиқ униб чиққанда биринчи комплекс ишловда бериш тавсия этилади. Иккинчи озиқлантириш қолган 50 % азот картошкани қийғос шоналаш даврида ўсимликка яқинроқ қилиб берилади.

Кучсиз шўрланган, тақир, ўтлоқи тақир тупроқларда етиштирилганда эса гектарига 220 кг азот, 160 кг фосфор, 100 кг калий бериш керак.

Тук ҳолатда ўғитлар қуйидагича бўлади: азотли ўғит сульфат аммоний - 1048 кг ёки карбамид – 478 кг,фосфорли ўғит аммофос – 348 кг, калий хлор – 200 кг.

Ерга асосий ишлов олдидан калийнинг жами, фосфорнинг 75 фоизини бериш тавсия қилинади.

Биринчи озиқлантириш қолган 25% фосфор, 50% азот билан туганаклар тўлиқ униб чиққанда биринчи комплекс ишловда бериш тавсия этилади. Иккинчи озиқлантириш қолган 50 % азот картошка қийғос шоналаш даврида ўсимликка яқинроқ қилиб берилади.

Микробиолигик ўғитлар (Fosstim, Serhocil-300 л/га, биоазот 4 л/га)

Қадимдан суғориб келинаётган бўз тупроқларда картошка етиштирилганда 50% минерал ўғитлар қисқартириб гектарига соф ҳолда 100 кг азот, 75кг фосфор, 50 кг калий ва микробиологик ўғитлардан (Fosstim, Serhosil ва биоазот 4л/га) бериш тавсия этилади. Тук ҳолатда минерал ўғитлар қуйдагича бўлади: азотли ўғит – сульфат аммоний 476 кг ёки карбамид 218 кг, фосфорли ўғит – аммофос 163 кг ва калий хлор 100 кг.

Картошка етиштиришда ўғитларни қўллаш муддати, яъни фосфор ва калийнинг 75 фоизи экинни экишдан олдин берилади. Уруғлик картошка туганаклари экишдан олдин Fosstimда ивитилади.

Биринчи озиқлантириш: ўсимликларни ялпи униб чиққандан сўнг фосфор, калийнинг қолган 25 фоизи, азотнинг 50 фоизи, Serhosil препарати пуркалади, биоазот 2 л/га ҳисобида суғориш суви орқали берилади.

Иккинчи озиқлантириш: ўсимлик қийғос шоналаш даврида азотни қолган қисми, Serhosil препарати пуркалади ва биоазот 2 л/га ҳисобида суғориш суви орқали берилади.

Сабзавот, полиз ва картошка экинларини етиштиришда юқоридаги тавсияларга амал қилиш ҳосилдорликнинг кўпайиши, ҳосил сифати яхшиланишига олиб келади.

   Р.Ҳакимов, Ф.Расулов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech