Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
17.02.2017 17:34:00

Республикамизда жуда катта майдонда янги боғ ва токзорлар барпо этилмоқда ҳамда эски боғ-токзорлар қайта таъмирланмоқда. Ана шу янги боғ-токзорларни тўлиқ кўкартириб олиш асосий вазифаларимиздан биридир.

Янги боғлар ташкил этишда интенсив, тез ҳосилга кирувчи пакана ва ярим пакана пайвандтагларга уланган мевали дарахтлар кўчатлари экилишига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Республикамизда кейинги 6 йил ичида 32 минг гектардан ортиқ ерда интенсив усулидаги уруғли боғлар ташкил қилинди. Бу боғларнинг кўчатлари асосан дастлабки йилларда Сербия, Туркия ва Польша мамлакатларидан олиб келинди.

Интенсив боғларни афзаллиги бу дарахтларнинг танаси кичик бўлганлиги учун улар билан ишлаш қулай (ишлов бериш, суғориш, кесиш, шакл бериш, дори сепиш ва мевани териш). Бундай боғларда дарахт танасига ёруғлик тушиши, ҳаво айланиши яхши бўлганлиги учун мевасини сифати юқори бўлади. Мевасини теришда ҳам анча қулайликлар бор, айниқса симбағазга олинган боғларда нарвон ишлатмасдан ҳосил терилади, бунда иш унумли, юқори бўлиши билан бирга терилган маҳсулотнинг товар сифати ҳам юқори бўлиб, нобуд бўладиган мевалар сони камаяди.

Интенсив боғларнинг ҳосилдорлигининг юқорилигини таъминлашда, тупроқни доим озиқлантириб туриш зарур. Бунинг учун ҳар йили 30–40 т чиринди, 240–260 кг азот соф ҳолда, 120–150 кг фосфор соф ҳолда ва 60–70 кг калий соф ҳолда солиб турилади.

Ушбу агротехник жараёнлар ўз вақтида ўтказилса, ҳар гектар майдондан 4–5-йили 50–60 т ҳосил олишга эришилади.

Маълумки, юртимизнинг иқлим шароитида пакана пайвандтагларга уланган кўчатларнинг турлари ва навларига қараб, парвариш ишларини олиб боришлари талаб этилади.

Интенсив мевали боғларни ташкил этиш ҳамда уларни парвариш қилиш учун қуйидагилар тавсия этилади.

Кўчат экиш учун майдонни тайёрлаш. Кузда кўчат экиш учун танлаб олинган майдон плантаж плуги билан 50–60 см чуқурликда ҳайдалган бўлиши керак. Агарда майдон ҳайдалмаган бўлса, баҳорда 35–40 см чуқурликда ер ҳайдалиб, текисланиб, кўчат экиш учун режа тортилади. Режа тортишда экиладиган кўчат турларига қараб, пакана пайвандтакка уланган олма кўчатлари 3,5×2,5 м, ўрта ўсувчи 3,5×3 м, нок кўчатлари учун 3,5×2 м, ўрта ўсувчи 3,5×2,5 м, ММ-106 пайвандтакка уланган ўрта ўсувчи кўчатларда олма 6×4 м, 6×5 м, нок учун 5×3 м, 5×4 м схемалари тавсия этилади.

Олинадиган ҳосилдорликни миқдори фақат нав ва пайвандтагдан, агротехника савиясидан эмас, балки ўсимликларнинг қатор ораси ва дарахт оралиғига ҳам боғлиқ.

Майдонда қанча кўчат кўп бўлса, ҳосил шунча кўп бўлади, лекин дарахтларнинг жойлашиш зичлигининг ҳам чегараси бор. Бу дарахтларнинг ҳажмига ва қатор ораларининг техника билан ишлов бериш даражасига ҳам боғлиқ. Ҳосилни сифати ва миқдорига дарахт танасига тушадиган ёруғликни сифати ва миқдорига ҳам узвий боғлиқ.

Кўчат экиш. Кўчат экиладиган чуқурларни чуқурлиги ва кенглиги 60×60 см бўлиб, чуқур қазишда тупроқ устининг 20–25 см қисми чуқурнинг бир томонига олиб, чуқурнинг қолган қисми иккинчи томонга олиб қўйилади. Чуқурга кўчат экишдан олдин 350–400 г фосфорли, 30–40 г калий ўғити ҳамда 8–10 кг чириган гўнгни тупроқ билан аралаштириб солиб, кейин кўчат экилади.

Кўчатни экишдан олдин алоҳида тайёрланган шатмоққа (янги мол гўнги тупроқ билан 1:1 нисбатда қаймоқсимон қилиб тайёрланади), ботириб олиб экилади. Кўчат чуқурга қўйилиб, олдин олинган тупроқ чуқур тагига солиниб, илдиз пайванд қилинган жойи тупроқдан 4–5 см юқорида бўлиши керак. Кўчат экилгандан сўнг ҳар бир чуқурга тўлатиб сув қуйилади. Бунда тупроқ зичланиб, кўчат яхши кўкаради. Тупроқ чўккандан сўнг кўчат атрофига тупроқ солиб тўлдирилади.

Кўчатларни парваришлаш. Экилган кўчатлар вегетация даврида кўчатларнинг атрофлари қатқалоқ бўлиб қолмаслиги учун юмшатиб турилади. Тупроқ шароитига қараб, 10–12 дан 16–20 мартагача сув берилади. Ҳар суғоришдан сўнг тупроқ культивация қилинади. Зарурат бўлган вақтда ёш ниҳолларнинг касаллик ва зараркунандаларига қарши ишлов берилади.

Янги экилган кўчатларни дастлабки даврида сув билан таъминлашга катта эътибор бериш зарур. Кўчатлар тўлиқ кўкариб кетиши учун (агар томчилатиб суғориш системалари ишга тушмаган бўлса) кўчат атрофини айлана шаклида ариқ олиниб, ариқ тўлгунча сув қуйиш лозим ёки ариқ орқали суғорилса, кўчат атрофидан сувни айлантириб ўтказиб суғориш зарур. Об-ҳаво ва тупроқ шароитига қараб ёш боғларга йил давомида 12–20 маротабагача сув берилади. Кўчатлар атрофини қатқалоқ бўлиб қолмаслиги учун ҳар суғоришдан сўнг 10–12 см чуқурликда юмшатиб турилади.

Ёш боғларни касаллик ва зараркунандаларга чидамлилик даражаси анча паст бўлади. Шунинг учун буларни олдини олиб ёки зарурат туғилган ҳолда кураш чораларини қўллаш зарур.

Шакл бериш. Ўзбекистон шароитида пакана пайвандтагда экилган интенсив боғларда, кўчатларга 60 см юқоридан кесилиб, шакл берилади. Хориждан келаётган кўчатларни веретино шаклида, яъни асосий лидер новда қолдирилиб, ёнига кўпроқ новда беришга қаратилади. Шакл беришда кўчатнинг асосий лидер шохида дарахт танаси учун 50 см қолдирилиб, ундан юқорисига 8–10 та кўз қолдирилган ҳолда, яна шип 3 та кўз қолдирилиб, ортиқчаси кесилади.

Келажакда етарли шохлаши учун 50 см танасидан юқорида жойлашган 3 кўз ойсимон шаклида (кўчат кўчатхонасида шохламаган бўлса) кўзни ўсиши қисмидан кербовка (кесиш) қилинади, шунингдек, яна учта кўз ташлаб, яна учта кўз тўғри чизиқ шаклида кербовка қилинади. Бу жараённи кўчат яхши ўса бошлаган даврида амалга оширилса яхши натижа беради. Шохланган шохлар июль-август ойларида 90° эгилади ва боғланади. Ёш ўсган новдаларда мева куртакларини ҳосил қилиш мақсадида улар маълум вақтида чилпиб (чеканка) турилади. Бу усул мева куртакларини кўпроқ ҳосил бўлишини таъминлайди.

Темир бетон устунлар ўрнатиш ва сим тортиш. Экилган кўчатларни биринчи йилни ўзида симбағазларга боғлаб, парвариш қилиш учун темир бетон устунлар ўрнатилади. Экилган кўчатларни схемасига қараб, бир гектар майдонга қатор ораси 3 м бўлса, 429 дона, 3,5 м – 370 дона, 4 м бўлганда – 325 дона темир бетон устун сарф бўлади. Рухланган 2,5 мм қалинликдаги симдан 450–600 кг сарфланади.

Кўчатларни симбағазларга боғлаб парвариш қилиш. Янги экилган олма, нок боғларига темир бетон устунлар ўрнатилиб, сим тортилгач, кўчатларнинг новдалари симларга боғлаб чиқилади ҳамда келажакда новдалар ўсиб, ривожланиши учун парвариш ишлари олиб борилади.

Ўғитлаш. Ёш экилган кўчатлар яхши ривожланиб, ўсиши учун апрель ойининг иккинчи ярмида ҳар бир кўчат атрофига соф ҳолда 100–120 г. дан азотли ўғит солинади. Иккинчи марта июнь ойида шунча миқдорда яна азотли ўғит солинади.

Томчилатиб суғориш тизми мавжуд бўлган боғларда барча минерал озуқаларни сув орқали томчилатиб бериш мақсадга мувофиқдир. Бунда ўғитни ўзлаштириш самарадорлиги анча юқори бўлади.

Ёш пакана пайвандтагли боғлар орасига биринчи йили сабзавот, полиз, картошка экинлари экиш мумкин. Иккинчи йилдан ушбу экинлар экиш тавсия этилмайди. Чунки боғ қатор орасига ишлов берилиши сабабли экинлар экилмайди.

Биринчи йили ёш кўчатлар қишга яхши тайёрланиши боис сентябрь ойининг иккинчи ярмидан суғориш тавсия этилмайди.

Октябрь-ноябрь ойларида ёш ниҳоллар ораси ҳамда кўчатларнинг қатор ораси чопилиб, юмшатилади, бегона ўтлардан тозаланади. Тупроқда намлик яхши сақланади.

Кузда ноябрь ойида фосфорли ҳамда калий ўғит, яъни гектарига 90 кг, фосфор 45 кг калий ва 20 т органик ўғит солиниб чопилади.

Янги экилган интенсив боғлар иккинчи йилдан бошлаб ҳосилга киради, 4–5-йили тўлиқ ҳосил бера бошлайди.

Токзор майдонини тайёрлаш ва тупроққа ишлов бериш

Токзор барпо этишдан олдин майдонни танлаш, тошлардан тозалаш керак. Механизмларни ишлаши ва токзорларни суғоришда яхши шароит яратиш учун нотекис майдонлар текисланади. Ерни тайёрлаш бўйича ишлар бульдозер, скрепер, грейдер ва бошқа мелиоратив механизмлар ёрдамида ўтказилади.

Сизот сувлар юза жойлашган шўрхок ерларда улар сатҳини пасайтириш учун вертикал ёки горизонтал зовурлар қурилади. Кучли шўрланган ерлар дастлаб яхшилаб ювилади. Ён бағирнинг тиклиги 10° дан ортиқ бўлган тоғли ҳудудларлар террасер, бульдозер, грейдерлар билан террасаланади. Террасаларнинг кенглиги камида 4 м. Агар ён бағирнинг тиклиги 10° дан кам бўлса, у ҳолда токлар контур усулда ўтқазилади.

Барча тайёргарлик ишлари тугалланганидан кейин тупроққа ишлов берилади. Токзорлар маҳсулдор бўлиши учун биринчи навбатда ток илдизларининг ривожланиши учун оптимал шароит-яхши сув-ҳаво ва озуқа режимини яратиш зарур. Бунинг учун кўчат ўтқазишдан олдин токзор барпо этиладиган майдон 50–60 см чуқурликда тупроқ қатламини тўлиқ ағдариб ҳайдалади. Бу ишлар Т-4 ёки Т-100 трактори билан агрегатланадиган ППН-50 плантаж плуги воситасида бажарилади. Тупроқ яхши юмшаши ва устки унумдор қатлам кўмилиши учун ток илдиз ривожланиш ҳудудида ерни чимқирқар ёрдамида 50–60 см чуқурликда ҳайдаш зарур. Чуқур ҳайдашдан олдин унумсиз тупроқларга гектарига 20–30 тоннадан органик ўғитлар ёки ҳосилга кирган токзорларга солинадиган асосий ўғитлар миқдоридан икки маротаба кўпроқ фосфорли ва калийли ўғитлар солиш мақсадга мувофиқдир.

Қўриқ ва бўз ерларга ток ўтқазишдан олдин ўғит солмаса ҳам бўлади.

Ток кўчатлари ўтқазиш. Майдонга ток кўчати ўтқазишдан олдин уни квартал, карталарга бўлиш ва улар орасидаги йўллар чегараларни белгилаш учун қозиқлар қоқилади, яратиладиган қаторлар йўналиши танланади.

Суғориладиган токзорлар қаторлар йўналиши майдон нишаблигига мос бўлиши керак. Рельеф шароити бўйича бир неча томондан суғориш мумкин бўлган жойларда қаторлар йўналишини танлашда уларнинг умумий узунлиги, нишаби, доимо эсадиган шамоллар йўналишини ҳисобга олиш зарур.

Ён бағирларда токзорлар барпо этишда қор-ёмғир сувларини сақлаб қолиш, шунингдек, нурашнинг олдини олиш учун қаторлар асосан ён бағирга нисбатан кўндалангига ёки жой юзасига параллел равишда контур бўйлаб, террасаланган ён бағирларда терраса йўналиши бўйлаб жойлаштирилади.

Ўсимликларни ўтказиш қалинлиги тупроқларнинг яхши ўсиши ва мева қилиши учун қулай шароит яратиш ва тупроққа ишлов бериш, тупларни кўмиш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш билан боғлиқ, барча жараёнларни комплекс механизациялаштиришга имкон бериш керак.

Кўчатларни баҳорда куртаклар ёзилмасдан олдин ўтқазиш мақсадга мувофиқдир, кузги ва қишки даврда илиқ кунларда ҳам ўтқазиш мумкин, лекин бунда кўчатлар 20 см баландликда тупроқ билан кўмилади.

Кўчатни сув билан мунтазам таъминланмаган, қондириб суғориш имконияти бўлмаган лалмикор ва шартли суғориладиган ерларда куз, қишда ўтқазиш мақсадга мувофиқдир.

Ўтқазишдан олдин кўчатларнинг уч қисмида ўсган илдизлар қирқилади, паст томондаги илдизлар бир оз қисқартирилади. Кучли ўсган ва тўғри жойлашган новдада бир иккита, икки-учта кўзча қолдириб, ортиқчаси кесиб ташланади.

Илдизларнинг ўтқазиш вақтида ва ўтқазилгандан кейин суғоришгача қуриб қолмаслиги учун улар янги гўнг ва лой аралашмасидан тайёрланган суюқликка ботириб олинади.

Ҳар бир кўчатнинг ўсиш қуввати унинг тутиш ва кейинги ривожланишига катта таъсир этишини ҳисобга олиб ўтқазишдан олдин кўчатларни гуруҳларга ажратиш лозим.

Аввалги йилларда барпо этилган токзорларнинг тутмаган кўчатлари ўрнига ривожланган кўчатларни, янги барпо этиладиган токзорга яхши ривожланган кўчатларни ўтқазиш керак.

Кучсиз ривожланган кўчатлардан сўнги навбатда фойдаланиш зарур, улар асосан бир майдонга ўтқазилади ёки тутмаган кўчатлар ўрнига ўтқазиш учун кўчатзорда қолдирилади. Бир хил ривожланган кўчатларни ўтқазиш, уларни парвариши ва бир вақтда тўлиқ ҳосилга киришини таъминлайди.

Кўчатлар махсус НЮ-19, МПС машиналарида, шунингдек, гидробурғилар ёрдамида 50 см чуқурликда ўтказилади. Кўчатлар қўлда шундай ўтказиладики, бунда уларнинг пастки илдизлари чуқурча тубига тўкилган тупроқ уюмида бир текис тақсимланади, сўнгра ер устида битта-иккита кўзча қолдириб, тупроқ билан кўмилади. Кўчатлар ўтказилиши билан тупроқ билан кўмилади. Кўчатлар ўтказилиши билан суғорилади. Лалмикор ерларда ўтказилгандан кейин ҳар бир туп тагига камида 10 л сув қуйилади.

Кузда ва қишда ўтказилган кўчатларни совуқ уришдан сақлаш учун улар камида 20 см қалинликда тупроқ билан кўмилади.

Ёш токзорларни парваришлаш. Кўчатларнинг тутиши ва ривожланиши, уларнинг мевага кириши, бўлажак ҳосил ва унинг сифати ёш токзорни парваришлашга боғлиқ.

Қатқалоқ пайдо бўлишига, бегона ўтларнинг ривожланишига йўл қўймаслик зарур. Ток кўчатлари ўтказилгач дастлабки йилда уларнинг илдиз тизими унча яхши ривожланмаган бўлади. Шу сабабли токзорни тез-тез суғориб туриш лозим. Бунда тупроқ камида бир метр чуқурликда намланиши керак. Кўчатлар ўтказилгандан сўнг биринчи суғориш, кейингилари апрель, май, июн ва августда бир мартадан ўтказилади. Бундан ташқари, ноябрдан мартгача бир-икки марта захира суви берилади.

Сизот сувлар юза жойлашган ерларда кўпи билан 3–4, шағалли ерларда 1,5–2 марта кўпроқ, вегетация суғоришлари ўтказилади. Ҳар бир суғоришдан 2–3 кун ўтгач қатор ораларидаги тупроқ культиваторлар ёрдамида юмшатилади.

Ердан ва сувдан унумли фойдаланиш учун токзор қатор ораларига дастлабки икки йилда сабзавот, полиз экинлари, эртаги картошка ва бошка (баланд бўйли ўсимликлардан ташқари) экинлар экилади. Бу экинларни токзор қаторидан камида 50 см масофада жойлаштириш зарур.

Кўчатлар ўтказилган йили ток баргларини ранги ўзгаришидан (август-сентябрь) ва тўкилишидан олдин навлар аралашганлигини аниқлаш учун улар белгиланади ва ўрнига шу асосий нав кўчатлари октябрда ёки эрта баҳорда экилади. Тутмаган кўчатлар ўрни ҳам тўлдирилади. Токлар ўтказилган йили кесмасдан кулда кўмилади.

Баҳорда куртаклар бўртмасдан олдин туплар очилади. Дастлабки йиллар ёки токлар баҳорда кесилади. Токзорлар иккинчи йили биринчи йилдагидек, учинчи йили ҳосилга кирган токзорлар каби парвариш қилинади. Агар дастлабки икки йилда токзорда айрим туплар қуриган бўлса, уларнинг ўрнига ўша навли кучли кўчатлар ўтқазилади.

Учинчи йилдан бошлаб (кучли тупларда иккинчи йилдан) нобуд бўлган туплар асосан пархиш қилиш йўли билан тикланади. Бунда оналик тупдаги соғлом, пишган бир йиллик новда олиниб, қатор бўйлаб 50–60 см чуқурликда ковланган чуқурга ётқизилади. Чуқурга ётқизилган новданинг учи керакли жойда тупроқ юзасига чиқарилади, қолган қисми эса кўчат ўтказилгандаги каби тупроқ билан кўмилади. Тупроқ юзасига чиққан новда икки-учта кўзча қолдириб кесилади ва қозиққа боғланади. Икки-уч йилдан кейин пархиш оналик тупдан ажратилади. Яхши ривожланган ўсимликдан пархиш ётқизиш учун июль-сентябрь ойлари қулай. Жойлашган, зарур узунликка эга кўк новдалардан қолдирилади. Барглари узиб ташланган кўк новдалар ерга пишган новдалар каби ётқизилади.

Ток ўтқазиш схемаси. Ток ўтқазиш қалинлиги тупроқ-иқлим шароитига, маълум навдаги тупларнинг ўсиш кучига, шунингдек ўстириш усулига боғлиқ. Тупроқ қанчалик унумдор ва туплар қанчалик кучли бўлса, озиқланиш майдони шунчалик катта бўлади. Унумсиз тупроқларда (шағалли, қумли ва бошқалар) ток кучсиз ўсади, озиқланиш майдони ҳам кичик бўлади (1-жадвал).

Тавсия этилаётган ток кўчатларини ўтказиш схемаси мавжуд машина ва механизмлардан самарали фойдаланишга имкон беради.

1-жадвал

Ток тупларини жойлаштириш схемаси

Ўстириш тизими

Қаторлар орасидаги масофа, м

Қатордаги туплар орасидаги масофа, м

Кучли ўсувчи

навлар

Ўртача ўсувчи навлар

Сизот сувлар чуқур жойлашган типик бўз тупроқли ерлардаги суғориладиган токзорлар

Тик симбагаз

3

3

2,5

Қайирма симбағаз

3,5

2,5

2,0

Чучук сизот сувлар юза жойлашган ерлардаги суғориладиган токзорлар

Тик симбағаз

3

3

2,5

Қайирма симбағаз

3,5–4

3,5

2,5

Шағалли ерлардаги суғориладиган токзорлар

Тик симбағаз

3

2

1,5

Тоғ ва тоғолди туманларидаги шартли суғориладиган токзорлар

Тик симбағаз

3

2,5

2,5

Қайирма симбагаз

3,5

2,5

2

Лалмикор ерлардаги токзорлар

Тик симбағаз

3

2,5

2,5

Қайирма симбағаз

3,5–4

3

2,5

Террасалардаги тик симбағаз

3

2,5






Ҳосилли токзорларни парваришлаш. Табиий шароитдан тўлиқ фойдаланиш ва ҳар бир майдондан юқори ҳосил олиш учун токларни парваришлашни максимал механизациялашда токларни ўстиришнинг турли тизимлари қўлланилади. Бунда ўсиш шароити, хусусияти ва олинадиган маҳсулотдан қайси мақсадда фойдаланиши ҳисобга олинади.

Ўсиш кучи турлича бўлган техник навларни, ўртача ўсадиган кишмиш ва хураки навлар, шунингдек лалмикор ерларда ўстириладиган токларни тик симбагазда, кучли ўсувчи, хўраки ва кишмиш навларни қайирма симбағазда ўстириш керак.

Ўстириш тизимига кўра ток тупларини шакллантириш учун кўчат ўтказилгандан сўнг иккинчи йили устун ўрнатилиши зарур. Темир-бетон устунлар узоқ ҳизмат қилади ва иқтисодий жиҳатдан фойдалидир. Ёғоч устунларни акациядан ясаш мақсадга мувофиқ бўлиб, уларни темир-бетон асосга ўрнатиш зарур, бу уларнинг мустаҳкамлигини оширади.

Тик симбағаз. Симбағазни ясаш учун даставвал қатор четларига устунлар ўрнатилади; уларнинг кесими оралиқ устунлар кесимидан каттароқ бўлиши керак. 3 м узунликдаги оралиқ устунлар токзор қатори бўйлаб бир-биридан 8 м масофада ўрнатилади. Четки устунлар охирги тупдан туплар орасидаги масофанинг ярмига тенг масофада ўрнатилади ва улар қатор ичидан темир-бетон тиргак билан ёки ташқи томондан лангар қўйиб маҳкамланади. Тортиладиган симларнинг миқдори тупнинг ўсиш кучига боғлик ва суғориладиган токзорларда тўрт-беш, лалмикор ерлардаги токзорларда уч-тўрт қатор бўлиши мумкин.

Симбағазни ўрнатиш учун 2,5–3 мм. ли рухланган симдан фойдаланилади. Симбағазга материаллар сарфи токзорларга сарфланадиган материаллар миқдорида берилган.

Пастки қатордаги биринчи сим ер юзасида 50–60 см баландликда, иккинчи ва кейингилари бир-биридан 40–50 см масофада тортилади.

Бир гектарли тик симбағазли токзорга сарфланадиган материаллар миқдори:

Тик симбағаз қатор орасидаги масофа – 3 м.

Қаторлар сони – 33.

Устунлар – 297 дона.

Лангар – 66 дона.

Оралиқ – 297 дона.

Жами – 363 дона.

Хода ёки темир – бетон.

Симбағазга тортиладиган 2,5 мм ли сим – 520 кг.

Улаш учун 3–4 мм ли сим, кг – 225 кг.

Ток тупига шакл бериш ва кесиш. Ток кесиш муҳим агротехник усул бўлиб, токнинг ўсиши ва мева қилишини тартибга солади. Бу усул ёрдамида токни парваришлаш учун қулай шакл берилиб, у токзорлардан фойдаланиш давомида сақлаб турилади. Токка тўғри шакл берилиши ва оқилона ўстириш тизими тупдан узоқ вақт ва юқори ҳосил олинишини таъминлайди, қуёш нуридан, иссиқлик, сув ва озуқа моддаларидан тўлиқроқ фойдаланишга, шунингдек, механизацияни кенг кўлланишига имкон беради.

Ток қишга кўмиладиган минтақада кўп енгли елпиғичсимон шакл бериш усули кенг қўлланилади, бу ток тупларни кўмишини осонлаштиради, мўл ҳосил берадиган кўзчаларни қолдиришга имкон беради.

Тупни бир томонга елпиғичсимон шакллантиришда қатордаги туплар орасидаги масофа навларнинг ўсиш кучига боғлик: кучли ўсадиган навлар учун – 2,5 м, ўртача ўсадиганлар учун – 2 м. Бир томонлама елпиғичсимон шакл бериш учун тупда фақат керакли томонга ўсган новда ва енглар қолдирилади. Тупларни шакллантиришда ва улардан фойдаланишда ўз вақтида ва тўғри ҳомток қилиш муҳим аҳамиятга эга.

Шакллантирилган тупларни ҳар йили кесишдан асосий мақсад яхши, сифатли юқори ҳосил олишни таъминлаш, туп шаклини сақлаш, нав хусусиятлари ва қўлланиладиган агротехника ва муайян ўсиш шароитига кўра кўзчалар миқдорини тартибга солишдан иборатдир.

Тупда етарли миқдорда куртаклар бўлмаса, ривожланадиган новдалар сони камайиб кетади, куртаклар нормадан ортиқча бўлса, ҳосилдорлик пасаяди, узум боши ва мевасининг ўртача оғирлиги камаяди, кейинги йили мева олиш учун фойдаланиш мумкин бўлган новдалар узунлиги ва сони қисқаради.

Токзорларда ток кесишни эрта ва ўртапишар навлардан бошлаш зарур, чунки уларнинг новдалари тезроқ пишади.

Шуни қайд қилиш керакки, ҳомтокни (кўк новдаларни боғлаш, тупларда новдалар кам ёки ортиқча бўлганида эрта ёзда чеканкалаш) тўғри ва ўз вақтида ўтказиш кесишни осонлаштиради ва ҳажмини қискартиради. Ҳомток қилиш вақтида новдаларнинг кесилган жойи кузги кесишдагига нисбатан тезроқ битади.

Токни умум қабул қилинган технология бўйича кесиш зарур. Бунда ўткир ток қайчи ва аррадан фойдаланилади. Енглар фақат ички томондан кесилади, бунда кесилган жойлар яқинидаги зарарланган майдонларнинг туташиб кетишига йўл қўймаслик керак, бу тупнинг ўсишини сусайтиради ва ҳосилдорлигини камайтиради. Зангларни кунда қолдирмай кесиш, бурчак куртакдан новда ҳосил бўлишини истисно этиш лозим. Ўринбосар новда ҳар доим мевали новдадан пастда ва енгнинг ташқи томонида қолдирилади. Енгда бир неча мевали новда қолдирилганда кесиш узунлигини уларнинг жойлашганлигига кўра табақалаштириш керак: мевали новда енг асосидан қанча узоқда жойлашган бўлса, у шунчалик узоқда қолдирилади. Новдадаги кесик силлиқ бўлиши ва тез битиши учун ток қайчининг бўртиқ кесувчи жағи тупда қоладиган новда ёки енг қисмига қаратилади.

Кузда ток кесишда шакллантириш учун кераксиз новдалар ва ўсиб кетган енглар олиб ташланади, бир йиллик новдалар ишлатилиш мақсадига (новда ёки мевали новда) кўра калталаштирилади.

Мева қиладиган туплар туп бошидан кесилади, бунда скелет новда баргдан тозаланади. Тик ўсувчи новдалар асосга тақаб кесилади. Ўсиб кетган ва эгилмайдиган бўлиб қолган енглар олиб ташланади ёки яхши ривожланган тупнинг ташқи томонига ўсган новдачага қурий бошлаган енглар олиб ташланади. Улар ўрнига бачки новдалар қолдирилади. Тупда пишган новдада тўрттадан кам бўлса, у ҳолда қатор жойлашган кучли новдалар янги енг шакллантириш учун қолдирилади. Енгларда асосга яқин жойлашган икки-учта кучли новда танланади, тупнинг ички томонига қараб ўсган энг пастки 2–3 та кўзча, ундан юқорисида 6–7 та, энг юқорисида 10–15 та кўзча қолдириб кесилади. Енг тез ўсиб кетмаслиги учун ўринбосар новдалар қолдирилади. Иккита ҳосилли новда кучли ҳосилли бўғинни ташкил этади.

Ток кўмиладиган районларда кузда дастлабки кесиш вақтида тупларда қўшимча куртаклар (қабул қилинган нормадан 20–25% миқдорида) қолдирилади. Баҳорда туплар очилгандан кейин куртаклар қишда шикастланган ва синган новдаларни ҳисобга олган ҳолда қолдирилади.

Токдан ҳар йили мўл ва юқори сифатли ҳосил олиш учун туплардаги куртаклар сони токнинг ўсиш кучи ва мева қилиш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда навлар бўйича табақалаштирилади.

Мева қилиш коэффициенти паст (ривожланган новдалардаги узум бошлари сони) бўлган кучли ўсадиган навлар (Пушти Тойфи, Нимранг, Оқ Ҳусайни, Сурхок Китабский), шунингдек, Қора кишмиш ва Оқ кишмишда кўзчалар кўпроқ қолдирилади. Енгларда кучайтирилган ҳосилли бўғинлар қолдирилади, ҳосилли новдалар 10–15 та кўзча қолдириб кесилади. Бир тупда 200–300 та кўзча қолдирилади.

Баян-ширей, Кульжинский, Сояки навлари учун озиқланиш майдони 3×2,5 м бўлган тупдаги кўзчалар 160–200 тани ташкил этади.

Ўртача ўсувчи Ркацители, Саперави, пушти Мускат, Алеатико навларида кўзчалар сони 150–180 тага етказилади.

Ҳосил новдалари кўп бўлган кучсиз ўсадиган Рислинг, Пино черный навларида 80–100 та кўзча қолдирилади.

Ўзбекистон шароитида навнинг ўсиш кучи ва муайян новдага кўра (кучлироқ новдалар узунроқ кесилади) новдаларда 6–8, 9–12, 12–15 та куртак қолдириб, ҳар хил узунликда кесилади.

Республиканинг кўпгина туманларида тупларни кўмишдан олдин ва уларни очгандан кейин бўладиган совуқлар кўзчаларнинг зарарланишига, енгнинг кўп йиллик қисмларидаги тўқималарнинг қисман қуришига олиб келади.

Йилдан-йилга шикастланишлар кўпайиши натижасида ҳосилли новдалардаги кўп новдалар қуриши мумкин.

Кучли зарарланган токзорларда қисқа вақт ичида тупнинг ер усти қисмини қайта тиклаш ва бачкилардан ҳосил олиш учун токни яхши парваришлаш зарур. Шуни ҳисобга олиш керакки, туп бошида ва калта кесилган новдаларда ёки кунданинг пастки қисмида ривожланмаган ва уйғонмаган куртакларнинг катта захираси бор, улардан мевасиз новдалар ривожланиши ва тупларнинг ер усти қисмини қайта тиклаш ва ҳосил олиш учун фойдаланиш мумкин.

Яхши сув озиқа режими қўшимча куртакларнинг ривожланишини кучайтиради. Зарарланган токзорларни биринчи навбатда суғориш зарур. Суғоришдан олдин минерал ўғитлар солиш керак.

Суғоргандан кейин туп бошидан кўплаб бачкилар ўсиб чиқади, улардан қулай жойлашган, тупнинг пастки қисмида ва қатор бўйлаб ўсувчи 8–10 та новда қолдирилади, қолганлари олиб ташланади. Бу ишни иложи борича эртароқ, новдалар синувчанлигида бажариш лозим.

Эгилувчан енгли қилиб тўғри шакллантирилган ва кесилган туп осон ва ихчам жойлашади, бу токни сифатли кўмишга имкон беради.

Кўп йиллик маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида кўпинча ноябрнинг биринчи ўн кунлигида ҳарорат -10–12°С гача пасаяди, новдалари пишмаган тупларга зарар етказади, бунда кўмилмайдиган токзорларга анча зиён етиши мумкинлигини ҳисобга олиб, токларни кесиш, жойлаш ва кўмиш ишларини октябрнинг иккинчи ярмида тугаллаш керак. Ярим елпиғичсимон шаклда ўстиришда кўп йиллик занглар фақат бир томонга пастки ва иккинчи симга, ҳосил берувчи новдалар биринчи ва иккинчи, истисно тариқасида учинчи симга боғланади.

Муҳим агротехник тадбирлардан бири токни ҳомток қилиш, новдаларни чилпиш, бачки новдаларни олиб ташлаш ва чеканка қилишдир. Новдаларнинг ўсиши ва етилиши, ҳосил сифати, ўсимликларни қишга тайёрлаш мана шу агротадбирларнинг ўз вақтида ва тўғри ўтказилишига боғлиқ.

Ҳомток қилиш. Токда шўралар пайдо бўлиши билан ҳомток қилинади. Новдада шўра ўрнида жингалакларнинг борлиги унинг ҳосил қилмаслигидан далолат беради. Ҳосил қилмаслиги аниқ бўлган новдаларни эрта ҳомток қилиш қўшимча миқдорда новдалар, шу жумладан ҳосил қиладиган новдаларнинг ривожланишига ёрдам беради. Ҳомтокни эрта гуллайдиган навлар ўтказилган майдонлардан бошлаш зарур. Токнинг кўп йиллик зангларидан ўсиб чиққан бачки новдалар биринчи навбатда олиб ташланади. Бунда токни шакллантириш ва зангнинг ўрнини босиш учун керак бўладиган бачки новдалар қолдирилади. Агар токда зарарланиш натижасида ёки бошқа сабабларга кўра кам новда ривожланган бўлса, ҳам бачки новдаларнинг бир қисми озиқланиш юзасини ошириш учун қолдирилади.

Ҳар бир нав учун тупдаги ҳосил қилмайдиган новдалар нисбати олинадиган ҳосил ва новданинг ўсиш кучини, шунингдек экологик ва агротехник шароитини ҳисобга олган ҳолда белгиланади. Масалан, суғориладиган ерларда етиштириладиган кишмишбоп навларда ҳар иккита ҳосилдор новдага бир-иккита ҳосилсиз новда қолдириш керак. Лалми токзорларда қиш ва баҳор давридаги ёғингарчиликни ҳисобга олган ҳолда ҳомток қилинади. Бир вақтнинг ўзида олинадиган ҳосил миқдори нормаллаштирилади ва ҳар бир ҳосилдор новдага битта ҳосил қилмайдиган новда қолдирилади. Ёғингарчилик кам бўлган йилларда токнинг жуда кучсизланиб кетишининг олдини олиш мақсадида шўрали новдаларнинг учдан бир қисмини олиб ташлаш керак.

Техник навларнинг кўпчилигида ҳосилсиз новдалар оз қолдирилади, чунки уларда кўп миқдорда шўралар яшил новдалар ривожланади.

Тупроққа ишлов бериш. Токнинг бир меёрда ўсиши ва ҳосил бериши учун тупроқда баҳор-ёз ва кузда ишлов бериш зарур (сув-ҳаво режимини яхшилаш, бегона ўтларни йуқотиш ва токларни қишки совуқлардан ҳимоялаш учун). Тупроққа кузда 25–30 см чуқурликда ишлов бериш баҳорга келиб тупроқда кўп миқдорда нам тўпланишига, бегона ўтларнинг йўқолишига ёрдам беради.

Агар токзорга кузда ишлов берилмаган бўлса, баҳорда токларни механизация усулида чала очиш билан бир вақтда ер ҳайдалади. Токлар очилгандан кейин қатор ораларидаги тупроқни текислаш учун культивация қилинади ёки бороналанади.

Ўсиш даври давомида тупроқда бегона ўтларни йуқотишда ва тупроқда намни сақлаб туриш учун қатор оралари 10–12 см чуқурликда 3–4 маротаба культивация қилинади. Ҳар бир суғоришдан кейин ҳамда лалми токзорларда эса мўл ёққан ҳар бир ёмғирдан сўнг культивация қилиш керак.

Баҳор-ёз давомида юмшоқ қатлам ҳосил қилиш ва бегона ўтларни йуқотиш учун НЮ-18 плуги ўрнатилган мослама билан ток тупи атрофидаги тупроққа ишлов берилади.

Ҳозирги вақтгача токларнинг бир қисми ер бағирлатиб ўстирилади, бундай токзорларда баҳорда тупроқ чопилади, ёзги суғоришлардан кейин юмшатилади.

Механизмларнинг кўп карра ўтиши ва суғориш натижасида ток қатор оралари тупроғи кучли зичланади, бу ток тупларининг ўсиши ва ҳосилдорлигига салбий таъсир этади.

МПВ машиналарида ўғит солиш билан бир вақтда ҳар бир қатор орасида тупроқни уч из бўйлаб ҳар йили юмшатиш керак, чунки бу ҳолда ён юмшатгичлар тупроққа 35–40 см чуқурликда ботади ва илдиз системасини унча шикастламайди, марказий юмшатгич эса 55–60 см чуқурликга ботади. Агар иш 55 см чуқурликда уч из бўйлаб юмшатадиган МПВ машинаси билан бажариладиган бўлса, бу ҳолда қатор оралатиб юмшатиш керак.

Шундай юмшатишда тупроқнинг сув ҳаво режими яхшиланиб, илдиз тизими яхши ўсади. Натижада ҳосилдорлик 35–40% ошади.

Лалми токзорларда тупроқ баҳорда чуқур юмшатилади, кейин ўсиш даври давомида 18–20 см чуқурликда юмшатиб турилади. Токни парвариш қилиш ишлари давомида 18–20 см чуқурликда юмшатиб турилади. Токни парвариш қилиш ишлари МПВ, НЮ-18, УОМ-50, пневматик ток очкичлар билан бажарилади.

МПВ, НЮ-18 машиналари билан суғориш эгатлари очилади, қатор оралари культивация қилинади ва ёппасига юмшатилади.

МПВ машинасига ўрнатиладиган НЮ-18 мосламаси ёрдамида токлар чала очилади ва қаторлардаги ток туплари атрофидаги тупроқга ишлов берилади.

Т-54В, МТЗ-80 ёки МТЗ-82 тракторларига ўрнатиладиган пневматик ток очгичлар билан ток тўла очилади.

Суғориш. Республикамизда токзорларни эгатлаб суғориш кенг тарқалган. Ўқ ариқлардан сув ток қатор ораларида очилган эгатларга оқади. Эгатларнинг чуқурлиги 18–20 см, узунлиги 100 м. дан 300 м. гача, механик таркиби бўйича енгил тупроқларда эгатлар узунлиги оғир тупроқлардагига нисбатан қисқароқ бўлиши керак.

Суғориш эгатлари орасидаги масофа токзор тупроғи ва ток қатор оралари кенглигига боғлиқ. Сув ўтказувчанлиги ўртача ва механик таркиби бўйича оғир тупроқларда ток қаторидан 0,5–0,6 м масофада очилган иккита суғориш эгати кифоя.

Суғоришда навнинг ўзига хос хусусиятлари ва тупроқ-иқлим шароитини ҳисобга олиш зарур. Токнинг яхши ўсиши ва ҳосил қилиши учун тупроқнинг намлиги дала сув сиғимидан 70 фоиздан кам бўлмаслиги энг қулайдир.

Токнинг сувга эхтиёжи ривожланишининг турли фазаларида бир хил эмас. Шунинг учун вегетациянинг биринчи даврида тупроқ намлигини дала сув сиғимидан 70–80%, иккинчи даврида эса 60–65% даражадасида сақлаб туриш керак.

Ўсиш давомида ҳосилдор токзорларни оғир тупроқларда 2–4 маротаба, сувни тутиб қолиш қобилияти паст тупроқларда (қумли, тошлоқ) 7–9 маротаба суғориш керак. Сизот сувлари юза жойлашган тупроқларда суғоришларни тупроқ намлигига кўра ўтқазиш керак. Суғоришни бошлаш ва уларнинг миқдори ҳам тупроқ намлигига кўра белгиланади. Биринчи ўсиш даврида суғориш муддати тупроқ, об-ҳаво, шунингдек, қишки сув беришга боғлиқ бўлиб, май-июнь ойида ўтказилиши мумкин.

Оғир соз тупроқларда ўсиш даврида битта суғориш гектарига 700–800 м³, енгил қумоқ, шунингдек, тошлоқ тупроқларда 400–500 м³ ташкил этади.

Куз-қиш даврида гектарига 1200–1500 м³ ҳисобидан захира сув берилади, бунда тупроқ 1,5–2 м чуқурликкача намланиши керак. Бундай миқдорда 2–3 маротаба суғоришдан кейин тупроқда кўп миқдорда сув захираси тўпланади. Бу суғоришлар ўсимликни ўсиш даврининг биринчи ярмида нам билан таъминлайди. Бу ҳолда ўсиш даврида суғоришлар сонини биттага қискартириш мумкин.

Баҳорги ёмғирлардан, шунингдек, ҳар бир ўсиш даврида суғоришдан кейин тупроқнинг етилишига қараб намни сақлаб қолиш мақсадида ток қатор ораларини ўз вақтида ва юқори агротехника даражада юмшатиш зарур.

Ток новдаларининг ўз вақтида етилиши, ўсимликларнинг қишга тайёрланиши ва ҳосилнинг пишиши учун суғоришни шимолий туманларда сентябр бошида, жанубий туманларда сентябр ўрталарида тўхтатиш керак.

Ёғингарчилик 600 мм. дан кам бўлмайдиган тоғ-тоғолди минтақасида ток суғормасдан ўстирилади.

Лалми ва шартли суғориладиган токзорларда ёмғир сувларини тўплаш учун ёмғирдан кейин кузда ер чуқур ҳайдалади ва юмшатилади. Тупроқни ўз вақтида ва сифатли юмшатиш намнинг сақланиб қолишига, суғорилмайдиган токнинг яхши ўсиши ва ҳосил қилишига ёрдам беради.

Баъзи тоғолди-тоғли туманларда, имконият бўлса, токни ҳеч бўлмаганда бир маротаба суғориш зарур. Бу унинг ўсиши ва ҳосил қилишини анча яхшилайди.

Тупроқ ичидан ва томчилаб суғориш усули истиқболлидир. Бундай суғоришда сув тежалади, ёзги ишлов беришлар истисно этилади, ҳосилдорлик 40 фоизга ошади. Нишаб ерларда томчилатиб суғориш самаралидир, бу бошқа экинлар етиштириш учун яроқсиз ерларни қишлоқ хўжалик оборотига киритиш имконини беради, тупроқ эрозиясини пасайтиради, шунингдек эгатлаб суғоришга нисбатан сувни 40–50 фоизга тежайди.

Ўғитлаш. Токчиликда ўғитларни қўллаш самарадорлиги кўпгина омиллар билан белгиланади, улар ичида тупроқнинг табиий унумдорлиги, унинг намланганлиги, умумий ток ўстириш маданияти ва токларнинг тупроқдан озуқа моддаларини истеъмол қилиш қобилияти кабилар муҳим ўрин эгаллайди.

Ҳосил ва токнинг вегетатив массаси билан тупроқдан анча озуқа моддаларининг олиб чиқилиши тупроқнинг табиий унумдорлигини яхшилаш ва уни керакли даражада сақлаб туришни талаб қилади.

Қўриқ ва қайта тикланган ерларда (айниқса ерларни капитал текислашда тупроқ қатлами анча чуқурликда олиб ташланган ҳолларда) янги токзорлар барпо этишдан олдин тупроқ унумдорлигини кўп миқдорда органик ўғитлар (40 тоннагача) солиш қўшимча равишда тегишли миқдорда минерал ўғитлар солиб, 1–2 йил давомида оралиқ экинлар етиштириш йўли билан яхшилаш талаб этилади.

Яхши текисланган, органик моддалар билан бойитилган, кўп йиллик бегона ўтлардан тозаланган майдонларда ток ўтқазишдан 2–3 ой олдин ер чуқур ҳайдалади.

Ток ўстириш учун суғориладиган алмашлаб экилган ерларни ўзлаштиришда чуқур ҳайдашдан олдин минерал ўғитларнинг асосий миқдорини гектарига (120 кг азот, 90 кг фосфор ва 30 кг калий) органик ўғитлар гектарига 5 дан 20 тоннагача қўшиб солиш мумкин.

Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида органик ўғитларнинг (айниқса гўнг) катта самарадорлигини ҳисобга олиб, токчиликда бу ўғитлардан тежаб ва мақсадга мувофиқ фойдаланиш зурар. Бунинг учун гўнг ўрнида таркибида чириган органик моддалар бор чиқиндилардан (узум тўпони, ўсимлик қолдиқлари) кенг фойдаланиш керак. Уларга фосфор, калий, микроэлементлардан (кул, суяк, саноат чиқиндилари) иборат минерал моддалар қўшилади.

Бундай органик моддаларни солиш нормаси гўнг солиш нормасига нисбатан 2–3 маротаба юқори бўлиши керак.

Узумдан мўл ҳосил олинадиган токзорларда хар 3–4 йилда гектарига 20–40 т миқдорида органик ўғитлар солиб туриш зарур. Бунда ўғит ток туплари қишга кўмилгандан кейин ерни 25–35 см чуқурликда ҳайдаб, гўнг сочгич билан солинади. Органик ва минерал ўғитларни чуқур ковлагич билан қазиладиган 60×60 см. ли чуқурларга солиш жуда самаралидир. Бунда ҳар бир чуқурга 20–30 кг. дан ўғит солинади.

Ток ўтказилган дастлабки икки йилида илдиз системаси кучсиз ривожланган бўлиб, тупроқда унча чуқур жойлашмайди ва экишдан олдин тупроқнинг унумдорлигини яхшилаш сув ҳаво режими қулайлигида ўсимликларнинг минерал ўғитлар билан етарлича озиқланишини таъминлайди.

Шу билан бирга ток қатор ораларида полиз ва сабзавот экинларини улар учун қабул қилинган ўғитлаш ва суғориш технологияси бўйича етиштиришда ҳам токзорларда қулай сув озуқа режими яратилади.

Суғориладиган бўз тупроқларда ўстириладиган ҳосилдорлиги гектаридан 200–250 ц. ли токзорларда минерал ўғитларнинг асосий меъёри 120 кг азот, 90 кг фосфор ва 30 кг калий (таъсир этувчи модда)ни ташкил этади.

Ҳосилдорлиги янада юқори бўлган, шунингдек, унумсиз тупроқларда (қумлоқ, тошлоқ) ўстириладиган токзорларда фосфор ва калий меъёрини гектарига 90–120 кг. гача ошириш мумкин.

Ток новдалари яхши ўсмаганда ёки тупда кўп ҳосилли новда ва шўралар ривожланиб, ҳосил мўл бўлган йилларда, ёки физиологик актив моддалар (гиббереллин, ТУР) қўлланилганда, токларни биринчи маротаба май ойида, иккинчи маротаба 10–15 кундан кейин гектарига 60 кг азот, 45 кг фосфор ва 15 кг калий билан қўшимча минерал озиқлантириш талаб этилади.

Суғорилмайдиган ерлардаги токзорларда тупроқда етарлича нам тўпланганда (кеч куз ва баҳорда) органик ўғитлар аралашмасини солиш керак, бу ўғитларнинг ўсимлик илдизларига яхши етиб боришини таъминлайди. Бундай шароитда ўғитларни чуқурчаларга солиш айниқса самаралидир. Ўртача қумоқ тупроқларда гектарига 3 т гўнгни минерал ўғитлар гектарига 60 кг. дан азот ва фосфор ва 15 кг калий билан 30–40 см чуқурликка солиш зарур. Оғир қумоқ тупроқларда 1 т гўнг билан 30–40 см чуқурликка солиш лозим. Оғир қумоқ тупроқларда 1 т гўнг гектарига 120 кг азот, 90 кг фосфор ва 30 кг калий билан қушиб 40–50 см чуқурликка солинади.

Комплекс минерал ўғитлар (аммофос, нитрофос ва бошқалар) оддий ўғитларга нисбатан бир қатор агрокимёвий иқтисодий афзалликларга эга.

Озиқа элементлари бўйича уларнинг солиш миқдори оддий ўғитлар учун тавсия этилган солиш миқдори билан бир хил. Шунинг учун озиқа элементлари таркибини кўпайтириш учун комплекс ва оддий ўғитлардан биргаликда фойдаланиш керак. Масалан, суғориладиган ҳосилдор токзорларда ҳар йили баҳорда токлар очилгандан кейин гектарига 225 кг аммософ билан бирга 225 кг аммиакли селитра ва 250 кг калий тузлари ёки 455 кг нитрофос ҳисобидан минерал ўғитлар солинади.

Токларга гуллашдан икки ҳафта олдин вентиляторли пуркагичлар билан ишлов берилади. ТУР таъсирида ҳосилдорлик 40% га ошади.

Узум бошининг ўртача оғирлиги яхши мева тугиши ҳисобига 1,5–2 маротаба ортади. Уруғсиз навларга ТУР препаратининг 1 фоизли эритмаси билан гуллашидан 2 ҳафта олдин ишлов бериш мақсадга мувофиқдир, кейин тўпгулларга гибереллин эритмаси пуркалади.

Токзорларни қайта тиклаш. Токзорларни қайта тиклаш саноат токзорларини кенгайтириш мақсадида ҳосилдор токни кўчириб ўтказиш, комплекс механизация ва илғор технологияни қўлланиш имкониятини яратиш, тупларга шакл бериш ва қатор оралари кенглигини ўзгартириш, кам ҳосилли навларни истиқболли навлар билан алмаштириш, сув таъминотини яхшилаш учун қаторлар йўналишини ўзгартиришни кўзда тутади.

Токзорларни қайта тиклашдан олдин ерларни ўлчаб, съёмка қилиш, асосий текислаш, агромелиоратив ишларни ўтказиш, тупроқни чуқур ҳайдаш ва унумдорлигини тиклаш, майдонни ташкил этиш режаларини тузиш керак. Кўчириб ўтқазиш учун зарур бўладиган районлаштирилган нав кўчатларига бўлган эҳтиёж аниқланади.

Токзорларни қайта тиклаш ва нав таркибини тартибга солишда республикада узумчилик структурасини тубдан қайта қуриш ва навлари нисбатини хўраки ҳамда майизбоп навлар фойдасига ўзгартиришни кўзда тутиш керак.

Шу билан бирга республикада ялпи узум ҳосилини камайтирмаслик учун бу ишларни режа асосида йилма-йил амалга ошириш ва яхши агротехник парваришлаш ҳисобига эски токзорлардан юқори ҳосил олиш лозим.

Ҳосилни йиғиштириш ва ташиш. Узум ҳосилини ўз вақтида ва тўғри йиғиштириб олиш учун ҳосилни йиғиштириш режасини тузиш керак. Режа ўз ичига олинадиган ҳосил миқдорини олдиндан аниқлаш, мева сақлагич идишлари, зарур бўладиган транспорт воситалари, қуритиш майдончалари. Маҳсулотни қишда сақлаш учун омборлар тайёрлаш ва шу каби бир қатор ишлаб чиқариш технологик ишларни олади.

Ҳосилни йиғиштириб олиш вақти унинг пишганлиги ёки маълум бир маҳсулот ишлаб чиқариш узумнинг қандлилиги ва кислоталилиги бу мақсад учун яроқлилиги билан белгиланади. Кишмиш навлар қандлилиги 24–25 фоизлигида, майизбоп навлар 22–23 фоизлигида узиб олинади. Оқ мусаллас ишлаб чиқариш учун узум қандлилиги 17–18%, қизил мусаллас учун 18–20 фоизлигида, хўраки навлар таркибида қанд миқдори 16–17% ва ундан юқорилигида йиғиштириб олинади.

Узум қуритиш ёки жойларга юбориш учун мўлжалланган токзорларни суғориш ҳосил йиғиштириб олишдан 2–3 ҳафта олдин тўхтатилиши керак.

Узумни ҳаво қуруқ вақтда узиш керак. Хўраки навлар танлаб, фақат пишган узум бошларигина узилади. Узум бошлари ўткир боғ қайчи ёки махсус қайчилар билан кесилади, бунда узум бошини бандидан ушлаб туриш керак. Зарарланган ёки шикастланган мевалар алоҳида жойланади. Узилган узум бошлари яшикларга ёки сиқими 10–12 кг. ли саватларга жойланади. Навларни аралаштириб юборишга йўл қўйилмайди.

Узумни қаторнинг ўртасидан бошлаб узиш ва қаторнинг икки томонидаги йўлга олиб чиқиш керак.

Узум махсус шийпон ёки жойида яшикларга жойланади. Узумни яшикларга жойлаштиришда бандлари пастга қаратиб қўйилади, яшикда бўш жойлар бўлмаслиги керак, бундай жойларга массаси 150 г. дан кам бўлган узум бошлари жойланади.

Узумни поездларда ёки самолётда жўнатишда яшик қопқоғининг иккита четки тахтачалари қоқилган бўлиши керак. Яшикларни тахлашда бу тахтачалар рейка қистирмалар учун таянч бўлиб хизмат қилади.

Узум қуритиш учун сиғими кўпи билан 20 кг. ли яшикларга йиғилади ва қуритиш пунктига ташилади, у ерда сараланади ва бракка чиқарилади. Эзилган ва яхши пишмаган йирик узум бошлари ғужумларига бўлинади ва кейинги жараёнга узатилади.

Токзорларни зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилиш. Юртимиз шароитида ток ўсимлигига асосан зараркунандалардан узумхўр қурт, ун ғуборли ток қурти тоғолди минтақаларда кравчик қўнғизи, касалликлардан оидиум, антракноз, бактериал рак ва қисман хлороз касаллиги жиддий зарар келтиради.

Узумхўр қурти (узум куяси, шингил қурти). Зараркунанда узум тўпгули, тугунча, ғўра ва етииб келаётган ғужум билан озиқланади. Бунда ток ҳосилининг ярмидан кўпроғи чириб кетади сақлашга ва бозорга олиб боришга ярамайди. Бизнинг шароитда шингил қурти мавсумда тўрт авлодда ривожланади. Кўкламда капалаклар ток шўрасида тўпгуллар шаклланганда учади ва ғунчаларга тухум қўяди.

Иккинчи авлод капалаклари учиши ток гуллагандан 17–20 кун ўтгач бошланади. Учинчи авлодни берувчи капалаклар июлнинг иккинчи ўн кунлигида учиб чиқиб тухум қўя бошлайди. Муддатларни аниқлашда феромонли тузоқлардан ҳам фойдаланса бўлади.

Кураш чоралари. Узумхўр қуртининг зарарини камайтириш учун шўра ҳомток, ғўра ҳомтоклар ўз вақтида ва сифатли ўтқазилиши новдалар чеканка қилиниб барглар сийраклаштирилиши керак.

Бунга қўшимча 2–3 маротаба пуркаш ўтказилиши, биринчи пуркаш, Қора кишмиш, Пушти Тойфи навлари 4–5 та чинбарг чиқарганда, иккинчиси ток гуллагандан 17–20 кун кейин, зарурат бўлса учинчиси иккинчисидан 7–10 кун ўтгач бажарилиши лозим. Токларни Бензофосфат, Золон ёки Карбофос билан (100 л сувга 300 г) ёки олма қуртига қарши тавсия этилган препаратлардан бирини қўллаб пуркаш самаралидир. Бир йўла кул касаллигини даволаш мақсадида иш суюқлигига коллоидли ёки ҳўлланувчи олтингугурт қўшиб пуркалади (100 л сувга 0,8–1 кг). Вектра, Топаз препаратларини қўшса ҳам бўлади. Томорқа шароитида тамаки қайнатмасидан фойдаланса ҳам бўлади.

Ун ғуборли ток қурти ток ширасини суриб, унинг барча аъзоларини зарарлайди. Шикастланган ток барглари сарғайиб, тўкилиб кетади, узум бошлари эса қуриб қолади. Оқибатда ҳосил сезиларли даражада камайиб кетади. ғужумлари бемаза бўлиб етилади, устилари қуртнинг ширали чиқиндиси билан булғанади.

Кураш чоралари. Агар узумхўр қуртига қарши кураш ўтқазилган бўлса, ун ғуборли ток қуртига қарши баҳор, ёз ойларида махсус пуркаш ўтқазмаса, ҳам бўлади. Кураш чораларини амалга ошириш зарурати туғилса, кузда ёки эрта баҳорда куртаклар бўртиш олдидан ток туплари 0,2 фоизли Данитол (10 л сувга 20 г) билан жиққа ҳўллаб пуркалади. Золон ёки Карбофос (10 л сувга 30 г) ёки тамаки қайнатмасидан ҳам фойдаланса бўлади.

Кравчик (Хумбош). Бу қўнғиз серсув ўсимликлар, шу жумладан токнинг кўкламги барра новдалари билан озиқланади. Битта қўнғиз 4 тадан 12 тагача кўк новдани қирқиб ташлайди. Тоғли ва тоғолди токчилик минтакаларида зараркунанда анча тарқалган Кравчикнинг зарарлик даври 15–20 кун бўлган баҳорги тури ток тупи учун энг хавфли ҳисобланади. У кенг тарқалган жойларда ҳосилдорлик 60–70 фоизгача пасайиб кетиши мумкин.

Кураш чоралари. Эрта баҳорда ток новдалари ўз вақтида кўтариб боғланади. Қўнғиз инларини бузиб ташлаш мақсадида МПВ-1 (токзорлар тупроғига ишлов берувчи бир қаторли машина) ёки бошқа механизмлар ёрдамида туплар оралиғи тупроғига ишлов берилади. Ер бағирлатиб ўстирилган токзорлар ва сўрига кўтарилмаган ёш токзорлар атрофидаги майдон дориланади. Бу иш дастлабки қўнгизлар қишлов жойларидан чиққандан 3–4 кун ўтгач (10 м² майдонда 2–3 та топилганда) бажарилади.

Препаратлардан ток мевахўри ва олма қуртига қарши тавсия этилганлари қўлланилади. Бензофосфат кукуни 1 гектарга 3–4 кг ҳисобидан олтингугуртга қўшиб чанглатилса ҳам бўлади.

Токнинг оидиум (ун шудринг, кул, шўра) касаллиги республикамиз шароитида кенг тарқалган. Токлар бу касалликдан ҳимоя қилинмаса, ҳосили 60–80 фоизгача ёки бутунлай нобуд бўлиши мумкин. Замбуруғли бу касаллик токнинг ҳамма яшил қисмларини тўпгул, гултож ва узум ғужуми, узум бандлари, новда, баргларни ҳам зарарлайди. У билан касалланган узум доналари майдалигича қолади, шаклини йўқотиб ёрилиб кетади.

Новдалари ривожланмайди ва яхши етилмайди. Натижада келгуси йил ҳосили щам кескин камаяди. Шунинг учун фермерлик хўжалиги ва томорқа шароитида ҳомтоклар ўз вақтида ва сифатли ўтказилмаса ишком ва сўриларда токлар қалинлашиб кетса, узумлар ёрилади ва чириб кетади.

Касалликга айниқса қимматбаҳо навлар – Хусайни, Каттақўрғон, Қора кишмиш, Пушти тойфи, Гўзал қора навлари кўпроқ чалинади. Винобоп навлардан Хиндогни, Ркацители, Гулжа узуми кўпроқ зарарланади.

Касалликнинг олдини олиш ва ҳимоя чоралари. Мавсумда шўра ҳомток, ғўра ҳомток ва узумзорларга сув югурган даврда, чилла чиққандан сўнг новдаларни қискартириш ортиқча баргларни олиб ташлаш зарур. Ҳомтоклардан кейин новдаларни яхши шамоллайдиган ва ёруғлик бемалол тушадиган қилиб тараш керак.

Агротехник тадбирлар ўтказиш билан бир қаторда токларга тўйилган олтингугурт билан ишлов бериш яхши самара беради.

Токларда биринчи маротаба эрта баҳорда новдалар боғланиб, 3–4 тадан чинбарг ҳосил бўлганда, 8–10 кундан кейин – иккинчи маротаба, ток гуллаб бўлгандан кейин 2 ҳафта ўтгач, учинчи маротаба олтингугурт чанглатилади. Узумзорларни ёшига ва қалинлигига қараб гектарига 20 кг дан 35–40 кг гача олтингугурт сарфланади. Олтингугурт кукуни бўлмаса 1 фоизли ҳўлланувчи олтингугурт пуркалади (100 л сувга 1 кг). Топаз (100 л сувга 50 г) ёки Вектра (100 л сувга 30 г) препаратларини ҳам қўлласа бўлади.

Томорқа шароитида олтингугурт токнинг қалинлигига қараб 10 м² 60–100 г сарфланади. Сувда эрийдигани 10 л сувга 100 г солинади, новда ва барглар ўта ҳўл бўлгунича пуркалади. Томорқада калий перманганатини (марганцовка) ҳам қўлласа бўлади. (10 л сувда 5–6 г эритилади) 6–7 кун оралатиб 2–3 маротаба пуркалади.

Доғли антракноз (қорасон, чечак). Бу замбуруғли касаллик токнинг барча яшил аъзоларини зарарлайди. Баргларда қўнғир доғлар пайдо бўлади, новданинг пўсти ва ўзи ёрилади, қийшаяди, мўртлашади, бутунлай қуриб қолиши ҳам мумкин. Узум шакли бузилади ва ёрилиб кетади. Бу касаллик кўклам ойлари серёғин келганда жуда ҳам ривожланади.

Кураш чоралари. Касалликка қарши курашда агротехник чоралар профилактик характерга эга. Калий ўғитини кўпроқ бериш керак, шунда ўсимликнинг касалликка чидамлилиги ошади. Кузда ток кесишда зарарланган новдалар ёкиб юборилади. Қатор оралари тупроқ қатламини ағдариб чуқур ҳайдаш, зарур бегона ўтлар босишига мутлақо йўл қўймаслик керак.

Антракноз билан зарарланган токзорлар, кузда кўмишдан олдин 3 фоизли Бордо суюқлиги (100 л сувга 3 кг мис купороси + 3 кг оҳак) билан барча занг ва новдалари ювиш даражасида пуркалади. 5° ли оҳак-олтингугурт қайнатмаси ҳам самаралидир. Баҳорда, ўтган мавсумда зарарланган токзорлар куртак чиқариши биланоқ 1 фоизли Бордо суюқлиги (100 л сувга 1 кг мис купороси ва 1 кг оҳак) билан пуркалади. Бу даврда оҳак олтингугурт қайнатмасини (ИСО) 1 градуслигини қўлласа ҳам бўлади. Топсин (100 л сувга 100 г) ёки Вектра (100 л сувга 30 г) препаратлари ҳам самаралидир. 10–12 кун ўтгач токзорлар қайта пуркалади. Томорқада ҳам куртак ёзила бошлаганда 1 фоизли Бордо суюқлиги сепилади (10 л сувга 100 г мис купороси + 100 г оҳак) 7–10 кун ўтгач такрорланади.

Бактериал рак (буқоқ). Касалликни келтириб чиқарувчи бактериялар токнинг зангларида ва илдизга яқин қисмида йуғонлиги 10–15 см. гача бўлган рак шишларини келтириб чиқаради. Токнинг ривожланиши сусаяди, айрим занг ва новдаларни баъзан ток тупининг ўзини ҳам қуритади. Кузда яхши ёпилмаган ва совуқлардан шикастланган токзорлар рак касалига кўпроқ чалинади.

Кураш чоралари. Бу касаллик одатда зарарланган токлардан тайёрланган кўчатлар орқали тарқалади. Шунинг учун қаламчалар ниҳоятда соғлом туплардан олиниши керак.

Зарарланган новда ва занглар токзордан олиб чиқиб ташланади ва ёқиб юборилади. Бордо суюқлиги ва оҳак-олтингугурт қайнатмаси антракноз касаллигига қарши қандай қўлланса, рак касаллигига қарши ҳам шундай пуркаш сифати юқори бўлиши керак.

Хлороз (ток баргларини сарғайиши). Бу касалликга чалинган токзорларда новдалар ўсишдан тўхтайди, тўпгуллар сарғайиб тўкилиб кетади, барглар рангини йўқотади ва қуриб қолади.

Хлорозга қарши ток ёшини ҳисобга олган ҳолда бир тупга 0,3–1 кг ҳисобида темир купороси ишлатилади. Препарат кузда 25–30 см чуқурликда қазилган туп атрофидаги ариқларга солиниб, устига тупроқ ташланади ва суғорилади. Сернам ерлар тупроғи юмшатилади ва нами қочирилади.

   Р.Абдуллаев





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech