Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Ш.Тешаевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси ҳамда Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси ҳамкорлигида 2013–2017 йилларда суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш Давлат дастурининг ижроси юзасидан ўтказилган парламент эшитувидаги маърузаси

26 апрел 2016 й.

Ассалому алайкум ҳурматли сенаторлар, ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Республикамиз шароитида суғориладиган майдонлардан самарали фойдаланиш, суғориладиган ерларнинг унумдорлигини яхшилаш ва қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосили ва сифатини ошириш – ерларнинг мелиоратив ҳолатига бевосита боғлиқдир.
Ҳозирги даврда республикамиздаги мавжуд 4,3 миллион гектар суғориладиган майдонларнинг қарийб 2,0 миллион гектари (46,7%) турли даражада шўрланган. Жумладан, 1 миллион 324 минг гектар (30,9 %) кам, 570 минг гектари (13,3%) ўрта ва 105,5 минг гектари (2,5%) кучли шўрланган ерлардир.
Ушбу суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаб бориш ва ер ости сизот сувлари сатҳини меъёр даражасида ушлаб туриш учун 140 минг километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари, 3475 дона вертикал дренаж қудуқлари, 301 дона мелиоратив насос станциялар ҳамда 24839 дона мелиоратив кузатув қудуқлари хизмат кўрсатиб келмоқда.
Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари ва бевосита раҳбарликларида мамлакатимизнинг сув хўжалиги соҳасини янада ривожлантириш, уни замонавийлаштириш, сувдан самарали ва тежамли фойдаланишни йўлга қўйиш, ерларнинг мелиортив ҳолатини яхшилаш каби долзарб масалаларни ўз ичига қамраб олган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йилнинг 29 октябрдаги “Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Мазкур фармон ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси, “Ўзмелиомашлизинг” давлат лизинг компанияси, “Мелиорация ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослаштирилган 48 дона давлат унитар корхоналарининг ташкил этилиши бу борадаги ишлар кўламини янада ошириш имкониятини яратди.
Ижозатингиз билан, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича 2008–2012 йиллар давомида олиб борилган ишлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсам.
Ўтган йиллар давомида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ишларига мелиорация Жамғармаси томонидан жами 748,7 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Республика бўйича ушбу даврда 3 минг 561 километр узунликдаги (3144 км очиқ, 417 км ёпиқ-ётиқ) коллектор-дренаж тармоқлари, 143 дона мелиоратив насос агрегатлари, 797 дона вертикал дренаж ҳамда 1417 дона кузатув қудуқларини реконструкция қилиш ва қуриш ишлари бажарилди.
Шунингдек, жами узунлиги 67 минг 205 километр бўлган (62785 км очиқ, 4420 км ёпиқ-ётиқ) коллектор-дренаж тармоқлари, 5407 дона вертикал дренаж қудуқлари, 194 дона мелиоратив насос агрегатлари таъмирланди ва тикланди.
Ўз навбатида, Жамғарма маблағлари ҳисобига “Ўзмелиомашлизинг” компанияси томонидан хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан дастур доирасида 1450 дона мелиоратив техника, машина ва бошқа механизациялаш воситалари, шу жумладан 600 дона юқори унумли экскаваторлар, 180 дона бульдозерлар, 88 дона автотрейлерлар ва бошқалар харид қилинди.
Юқоридаги тадбирларнинг бажарилиши натижасида лойиҳалар амалга оширилган ҳудудларда 1 миллион 200 минг гектардан ортиқ суғориладиган майдонларда ер ости сизот сувлари сатҳи меъёр даражада ушлаб турилиб, ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига ва барқарорлиги таъминланишига эришилди ҳамда ушбу ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашувининг олди олинди.
Республика миқёсида кучли ва ўртача шўрланган майдонлар 105,0 минг гектарга, ер ости сизот сувлари сатҳи 2,0 метргача бўлган майдонлар 117,6 минг гектарга камайишига эришилди.
Олиб борилган кузатишлар, тадбирлар амалга оширилган ҳудудларда ўртача ҳосилдорлик гектаридан пахта майдонларида 2,0–2,5, ғаллада 2,5–3,0 центнерга ошганлигини кўрсатди.
2008–2012 йилларда амалга оширилган тадбирларнинг самарадорлигини тўғри баҳолаган ҳолда келгусида ушбу ишларни давом эттириш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, суғориш ва мелиоратив тармоқларни такомиллаштириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва суғориладиган ерларнинг маҳсулдорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 19 апрелдаги “2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Ҳурматли Парламент эшитуви қатнашчилари!
Давлат дастури доирасида 2013–2017 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган қувватларнинг энг асосийлари тўғрисида тўхталиб ўтсам:
1. 5109 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларини, 907 дона вертикал дренаж қудуқларини, 35 дона мелиоратив насос станцияларни ва бошқа кўплаб иншоотларни реконструкция қилиш ва қуриш, шу билан бирга 83 589 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларини, 3639 дона вертикал дренаж қудуқларини, 126 дона мелиоратив насос станцияларни ва 7 мингдан ортиқ коллекторлардаги гидроиншоотларни таъмирлаш ва тиклаш ишлари;
2. 2103 километр узунликдаги каналлар, 96 дона гидротехник иншоотлар, умумий қуввати 97 м3/сек. бўлган насос станциялар, 75 километр узунликдаги босимли сув қувурлари, 36 километр узунликда қирғоқларни ҳимоя қилиш ишлари, умумий ҳажми 40 миллион м3 бўлган сел сув омборлари ва бошқа кўплаб иншоотларни реконструкция қилиш ва қуриш ишлари;
3. Сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликларининг маблағлари ҳисобидан 492,6 минг километр узунликда суғориш ва 65,9 минг километр лоток тармоқларини, 174,1 минг дона гидроиншоотлар, 11,5 минг дона насос агрегатларини таъмирлаш ҳамда фермер хўжаликларининг 252,6 минг дона сув олиш қулоқларини жиҳозлаш;
4. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг кредит маблағлари ва ўз маблағлари ҳисобидан сувни тежайдиган технологияларни ривожлантириш бўйича жами 25 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими, 45,6 минг гектар майдонда эгатга плёнка тўшаб суғориш усули ҳамда 34 минг гектар майдонда эса ўқариқлар ўрнига кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш усуллари жорий этилиши;
5. Давлат дастури доирасида, сув хўжалиги эксплуатация ва қурилиш ташкилотлари ҳамда сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликларининг моддий-техника паркини мустаҳкамлаш бўйича 836 дона мелиоратив техника, машина ва механизмларни (303 дона гидравлик экскаваторлар, 109 дона бульдозерлар, 99 дона автосамосваллар, 58 дона автокранлар, 27 дона ёнилғи ташиш машиналари, 18 дона дренаж ювиш агрегатлари, 6 дона лазерли ер текислагичлар, 13 дона бетон қоргич машиналари, 14 дона бетон тайёрлаш қурилмаси ва бошқаларни) харид қилиш режалаштирилган.
Мазкур дастур билан белгиланган ишларни бажаришни таъминлаш мақсадида 2013–2017 йиллар мобайнида республика бюджетидан қарийиб 2,0 триллион сўмдан ортиқ маблағлар ажратилиши режалаштирилган.
2013–2017 йилларда амалга ошириладиган мелиоратив тадбирлар натижасида лойиҳалар амалга оширилган ҳудудларда 1 миллион 130 минг гектардан ортиқ суғориладиган майдонларда ер ости сизот сувлари сатҳи меъёр даражада сақланиб, ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига ва барқарорлиги таъминланишига эришилиши ҳамда ушбу ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашувининг олди олиниши кутилмоқда.
Шунингдек, ирригация тадбирларининг бажарилишидан каналларнинг фойдали иш коэффициенти 2–20 фоизга ошади, 770 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланиб, суғоришга бериладиган сувнинг ҳар йили ўртача 2900 миллион м3 тежалиши ва 240 минг гектар майдонга сув кафолатли етказиб берилиши таъминланади.
Мазкур қарор ижроси юзасидан 2013–2015 йилларда бир қатор тадбирларлар амалга оширилди, жумладан:
Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг жами 787,8 миллиард сўм маблағлари ҳисобига:
473 та лойиҳа бўйича 3143,0 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларини, 458 дона мелиоратив тик қудуқларни, 27 дона мелиоратив насос станцияларни қуриш ва реконструкция қилиш;
676 та тизимли лойиҳалар доирасида жами 38863 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари, 52 дона мелиоратив насос станциялар, 1344 дона мелиоратив тик қудуқлар ва бошқа кўплаб мелиоратив иншоотлар таъмирланди ва тикланди;
“Ўзмелиомашлизинг” давлат лизинг компанияси орқали 500 дан зиёд замонавий мелиоратив техника ва механизмлар, жумладан, 181 дона экскаватор, 60 дона бульдозер, 37 дона автокран, 65 дона автосамосвал ва 200 дан ортиқ бошқа ёрдамчи техника ва механизмлар харид қилинди.
Президентимизнинг Ўзбекистон Республикасида Инвестиция дастури тўғрисидаги қарорлари ва Ҳукуматнинг тегишли баёнларига асосан, 2013–2015 йилларда 1 479,3 миллиардсўмлик марказлаштирилган манбалар ҳисобидан ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди. Жумладан, 907,1 километр умумий узунликдаги каналлар, 176,4 километр узунликдаги лоток тармоқлари, 83 дона гидротехник иншоотлар, 32,9 километр қирғоқ ҳимоя ишлари, умумий қуввати 23,9 м3/сек. (16 дона) насос станциялар, 49,8 километр узунликдаги босимли қувурлар, 32,8 миллион м3 сиғимли сув омборларида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари тугатилиб эксплуатация ташкилотларига фойдаланишга топширилди. Натижада республикамиздаги 740,6 минг гектар ер майдонларининг сув таъминоти яхшиланишига замин яратилди.
2013 йилда жами 214,5 километр умумий узунликдаги каналлар, 44,8 километр узунликда ирригация тармоқлари (лоток), 186 дона гидротехник иншоотлар, 6,1 километр қирғоқ ҳимоя ишлари, умумий қуввати 9,6 м3/сек. насос станциялари, 12,2 километр узунликдаги босимли қувурлар, 8,2 миллион м3 сиғимли сув омбори эксплуатация ташкилотларига фойдаланишга топширилди. Натижада ушбу бажарилган ишлар 163,7 минг гектар ер майдонинг сув таъминоти оширилишини таъминлади.
Бундан ташқари 2013–2015 йиллар даврида эксплуатация маблағлари ҳисобидан жами 16256,3 километр узунликдаги хўжаликлараро суғориш тармоқлари тозаланди, 15725 донадан ортиқ гидротехник иншоот ҳамда 14857 донадан кўпроқ гидропостлар таъмирланди.
Шунингдек, сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликлари ҳисобидаги 262 минг 964 километр масофадаги хўжалик ички суғориш тармоқлари механизмлар ва қўл кучи ёрдамида тозаланди. Ушбу тармоқлардаги 49551 дона гидротехник иншоот ҳамда 64528 дона гидропост таъмирланди ва 90 минг 208 дона сув олиш қулоқлари жиҳозланди.
Ўтган 2013 йилда магистрал ва хўжаликлараро суғориш тармоқларини тозалаш ишларига 219 дона экскаваторлар жалб қилиниб, 5176 километр режа амалда 101 фоизга, улардаги гидротехник иншоотларни таъмирлаш режаси (4955 дона) 103 %, гидропостларни таъмирлаш режаси (5255 дона) 101 %, СИУ ва фермер хўжаликларининг суғориш тармоқларини механизм ёрдамида тозалашга 257 дона экскаваторлар жалб этилиб, белгиланган режа (15806,0 км) амалда 104 %, қўл кучи ёрдамида тозалаш режаси (106945,0 км) амалда 100 фоизга бажарилган.
Шу билан бирга СИУ ва фермер хўжаликларининг суғориш тармоқларидаги гидротехник иншоотларни таъмирлаш режаси (15640 дона) амалда 101 %, гидропостларни таъмирлаш (21206 дона) 100 фоизга амалга оширилди.
Бундан ташқари, 28942 дона (107%) фермер хўжаликларининг сув олиш қулоқлари жиҳозланди.
Бугунги кунда вазирлик сув хўжалиги мажмуаси бўйича зарур бўлган қурилиш ва таъмирлаш ишлари учун лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш жараёнида замонавий технологиялардан фойдаланиш билан бирга қурилаётган ва таъмирланаётган иншоотларнинг хизмат муддатини узайтириш, мустаҳкамлигини ошириш ва таннархини камайтириш бўйича техник мониторинглар ўтказиб борилмоқда.
Сув ресурсларидан фойдаланишнинг самарадорлигини оширишда суғоришда сувни тежайдиган илғор технологияларни қўллаш муҳим аҳамиятга эгалигини ҳисобга олиб Ҳукуматимиз томонидан ушбу йўналишни ривожлантириш қўллаб-қувватланмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 19 апрелдаги “2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда сувни тежайдиган замонавий суғориш усулларни жорий этган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 21 июнда “Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш ва молиялаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорда томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига тежалган сув ресурсларидан бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларда қишлоқ хўжалиги экинлари ўстириш учун фойдаланиш ҳуқуқи берилиши белгилаб қўйилган.
Маҳсулотнинг таннархини пасайтириш мақсадида Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган томчилатиб суғориш тизими ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологиялари учун бутловчи буюмлар ишлаб чиқарувчи ихтисослаштирилган ташкилотларга декларация қилинган нархлар бўйича полиэтилен гранула харид қилиш учун ҳар йиллик квоталар ажратилади.
Бундан ташқари, сувни тежайдиган технологияларни жорий этадиган ер эгаларига Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратиладиган кредит линиялари орқали имтиёзли фоизларда кредит олиш мумкинлиги белгиланган.
Жамғарманинг кредит линияси маблағлари ҳисобига томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш учун қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига кредит бериш, қоидага кўра, энг кам ойлик иш ҳақининг 1000 бараваригача миқдорда, 6 ойлик имтиёзли давр билан, камида 3 йил муддатга, хизмат кўрсатувчи тижорат банкининг маржаси ҳисобга олинган ҳолда, имтиёзли фоиз ставкаси бўйича амалга оширилади.
Жамғарманинг кредит линияси маблағлари ҳисобига кредитлардан фойдаланганлик учун имтиёзли фоиз ставкаси йиллик 6%, шу жумладан банк маржаси 3% миқдорида белгиланганлиги қишлоқ хўжалиги ер эгаларига берилган энг катта имтиёздир.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони асосида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган юридик шахсларни, ушбу технология жорий қилинган ер майдони бўйича 5 йил муддатга ягона ер солиғи тўлашдан озод этиш юзасидан Солиқ кодексига ўзгартиришлар киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 24 февралдаги “2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Давлат дастурининг сўзсиз бажарилишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан 2013–2015 йилларда Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш Жамғармасининг имтиёзли кредит маблағлари ва фермер хўжаликларининг ўз маблағлари ҳисобига:
13,2 минг гектар майдонда томчилатиб суғориш тизими;
18,0 минг гектар майдонда эгатга плёнка тўшаб суғориш;
16,8 минг гектар майдонда ўқариқлар ўрнига кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш усулларини жорий этилди.
Ушбу, сувни тежовчи технологияларни жорий йилиниши билан ҳозирги сув ресурслари тақчиллашиб бораётган бир даврда ҳар бир томчи сувдан мақсадли ва самарали фойдаланиш имкониятини яратмоқда.
Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, суғориш ва зах қочириш тизимларини таъмирлаш-тиклаш, сув хўжалиги иншоотлари ҳамда насос станцияларни модернизация қилиш борасида соҳага халқаро молия институтлари, жумладан, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки, Хитой Халқ Республикаси Эксимбанки, Япония, Швейцария, Германия ва бошқа давлатларнинг халқаро ҳамкорлик ташкилотлари ва агентликлари каби донорларнинг инвестициялари кенг жалб этилмоқда.
Жумладан, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан охирги 10 йилда қишлоқ хўжалигида сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, суғориш ва зах қочириш тизимларини таъмирлаш-тиклаш, сув хўжалиги иншоотлари ҳамда насос станцияларни модернизация қилишга қаратилган умумий қиймати 1,2 миллиард АҚШ долларидан ортиқ бўлган 20 дан ортиқ йирик инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ушбу лойиҳалар республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олиб, сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, сув хўжалиги иншоотларини хавфсизлигини ошириш ва уларни модернизация қилишга қаратилган.
Юқорида келтирилган барча тарбирларни амалга оширилиши ҳозирда ўзининг самарасини яққол кўрсатмоқда. Жумладан, бугунги кунга келиб Ўзбекистонда сув ресурсларидан тежамли фойдаланиш йўналишидаги давлат сиёсатининг натижаси ўлароқ фойдаланилаётган сувларнинг умумий миқдори 80-йилларга нисбатан йилига 64 миллиард м3 дан ўртача 51 миллиард м3 гача камайтирилди.
Сув манбаларидан 1 гектар суғориладиган майдонга 90-йилларда 18 минг м3/га ишлатилган бўлса, бугунги кунда бу кўрсатгич 10,5 минг м3/га. ни ташкил этмоқда.
Суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти ошиб, сувни йўқолинишини олди олинмоқда, сув хўжалиги объектларининг беталофат ишлаши таъминланмоқда.
Сув ресурсларидан фойдаланиш мониторинги тизимини такомиллаштириш бўйича вазирлик ва тизимдаги илмий-тадқиқот институтлари ҳамда халқаро молиявий институтлар томонидан бир қатор ишлар амалга ошрилмоқда. Жумладан, ирригация тизимлари ҳавза, ирригация тизимлари, магистрал каналлар бошқармалари ва бошқа ташкилотларда сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича ягона маълумотлар базасига эга бўлган компьютерлашган замонавий мониторинг юритиш тизими йўлга қўйилган.
Бу борада халқаро молия ташкилотларининг кўмагида вазирлик ва тизим ташкилотларининг мутахассис ходимлари ривожланган давлатларда ўз тажрибаларини орттириб келмоқда. Қолаверса, мазкур ташкилотлар билан амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида тренингларда ҳамда олий таълим муассасаларида ташкил этилаётган малака ошириш курсларида алоҳида йўналиш бўйича ўқишлар ташкил қилинмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 24 февралдаги “2013–2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича давлат дастурининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан жорий йилнинг 21–24 апрель кунлари Тошкент ирригация ва мелиорация институтида сув хўжалиги объектларини лойиҳалаш ташкилотларининг ходимларини томчилатиб суғориш тизимини лойиҳалаш бўйича ўқитиш курслари ташкил этилди.
Мухтасар қилиб айтганда, тизимда амалга оширилаётган барча ишлар экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш, қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожланишига мустаҳкам пойдеворки, бу пировардида аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш, ҳаёт даражасини юксалтиришга хизмат қилади.
Эътиборингиз учун раҳмат!



Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech