Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
7 may


Республикамизда бугунги кунда ғалла, беда, сабзавот, боғ ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг зараркунандалар, касаллик ва бегона ўтларга қарши кимёвий ишловлар ўтказилиши жараёнларида сепилган заҳарли химикатлар дала атрофидаги тут дарахтлари баргларига ҳам таъсир этиши оқибатида, шу тут баргларидан парваришланаётган тут ипак қуртларини заҳарланиш ҳолатлари учрамоқда.

Тут ипак қуртларининг тут баргидан заҳарланиш белгилари.

Тут ипак қуртлари кичик ёшларида яъни 1 ва 2 ёшдаги қуртлар тут баргидан заҳарланган пайтда еган тут баргини қусмайди, фақат калла чайқайди ва тез ҳаракатланиб, сўкчак атрофига чиқишга ҳаракат қилади. Ипак қуртлари 3, 4 ва 5 ёшларда эса тут баргидан заҳарланганда еган тут баргини албатта қусади, доимий равишда калла чайқаб туради ҳамда сўкчак четларига қочади. Тут ипак қуртларини ушбу ҳаракатларига қараб, уларнинг тут баргидан заҳарланганлигини билиш мумкин.

Бундай ҳолларда тут ипак қуртлари заҳарланган пайтдан бошлаб 2-3 соат ичида мутахассис иштирокида қуйидаги тадбирни тезликда амалга оширишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Тут ипак қуртларининг заҳарланиш ҳолатлари сезилган вақтдан бошлаб, заҳарланган тут баргларни қуртлар қайта емаслиги учун уларни зудлик билан олиб ташлаш зарур ёки ғўзапоя кулини дока (марли)га солиниб, у тут ипак қуртларнинг устига бир текс қилиб сепиб чиқилади ва шунда тут ипак қуртлари тут баргини емасдан сепилган кулнинг устига чиқиб олади.

Ўзимизда етиштирилган маҳаллий тозаланган мошнинг 1 (бир) кг-ни 8-10 литр тоза ичимлик сувига солиб, 1,5-2 соат ичида сувнинг ранги ўзгаргунча (сарғиш-яшил тусга киргунча) қайнатилади, кейин у совутилиб, докадан ўтказилади ва плёнка устига тут барглари ёйиб қўйилиб, тайёрланган мош суви сепиб чиқилади (мош суви ҳамма тут баргига бир текисда сепилиши шарт) ва мош суви сепилган тут барглари плёнка остида 15-20 дақиқа яъни тут барги мош сувини ўзига шимиб олиши учун ушлаб турилади ҳамда ушбу тут барглари тут ипак қуртларига бир текис қилиб солиб чиқилади. Тут ипак қуртлари тут баргини егандан сўнг 2 ва 3 маротоба тоза сўлимаган тут барги билан боқиб борилади.

Заҳарланишнинг иккинчи кунидан бошлаб, тут ипак қуртларини батамом заҳарланишдан ҳоли бўлиши учун 10 литр тоза ичимлик сувига 250 гр тоза спирт солиб яхшилаб аралаштирилади, плёнка устига тут баргларини ёйиб, тайёрланган спиртли сув бир текис қилиб сепиб чиқилади ва 15-20 дақиқа плёнка остида сақланади ва кейин тут ипак қуртларига берилади. Бу тадбир бир маротаба амалга оширилса кифоя бўлади.

Ушбу тадбирларни ўтказиш даврида тут ипак қуртларининг кичик ёшларида хонадаги иссиқлик ҳарорати 26-27 даражада, катта ёшларида эса 24-25 даражада, намлик эса 70-75 фоиз бўлиши ва хоналарни тез-тез 15-20 дақиқа шамоллатиб туриш талаб этилади.

Ушбу тадбирлар ўз вақтида ва аниқ бажарилса заҳарланган тут ипак қуртларнинг зарарланиш даражаси ва ишлов берилган кимёвий воситаларга қараб 50-90 фоизини сақлаб қолиш имконияти яратилади.

Энг кучли кимёвий воситаларга Децис, Каратэ, БИ 58, Нурелл-Д, Топаз, Топсин-М, Омайт ва Бордо суюқлиги киради. Улар заҳарли хасва, шира, типс, олма қурти ва мевахўр каби зараркунандаларга қарши ишлатилади.

Шунинг учун профилактика чораси сифатида ҳар бир ипак қурти парваришловчи хонадонларда назорат қутиларни ташкил этиш лозим бўлади, шунда олиб келинган тут барглари назорат қутидаги ипак қуртларига берилганда уларга салбий таъсир кўрсатмаса, кейин асосий қуртларга тут баргини бериш тавсия этилади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, ҳар бир ҳудудга бириктирилган масъул вакиллар, пиллачилик агрономлари ва пиллачилик биригадирлари ҳар куни тут ипак қурти боқувчиларнинг хонадонига кириб, ҳолатни ўрганиб, тут ипак қурти боқиш агротехникасига қатъий риоя этилишини назоратга олишлари ва заҳарланган тут ипак қуртларини ўша куннинг ўзида даволаш ва заҳарланишини олдини олиш бўйича мутасадди раҳбарлар билан аниқ чора-тадбирларни амалга оширишлари зарур. Бу тадбирлар ўзининг ижобий натижасини кўрсатади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги пиллачилик

ва тутчиликни ривожлантириш

бошқармаси бошлиғи Қ.Явқоштиев 

Манба: Вазирлик ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech