Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
27 mar 2017

Жорий йилнинг 27 март куни Тошкент давлат аграр университетида Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва вилоятлар Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари, туманлар Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимларининг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ривожлантиришнинг иқтисодий таҳлили ва прогнозлаш, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш, шартнома муносабатлари мониторинги ҳамда қишлоқда бозор инфратузилмасини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш масалалари билан шуғулланувчи мутахассисларининг ҳафталик ўқув-семинари бошланди.

Тадбирнинг очилишида таъкидландики, мамлакатимиз иқтисодиётининг барча жабҳалари сингари қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ экин майдонлари тажрибали, ҳақиқий деҳқону фермерларга берилганлиги боис пахта, ғалла, пилла, мева-сабзавот, полиз, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш салмоғи ва сифати йил сайин ортиб бораётир. Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг ўсиши ўртача 6–7 фоиздан кам бўлмаяпти.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар фаолиятининг барқарорлиги кўп жиҳатдан фаолиятига интенсив ва ресурстежовчи замоновий технологияларни кенг жорий этган ҳолда етиштираётган маҳсулоти таннархини пасайтиришга эришиши баробарида, республикамизда қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлардан доимо хабардор бўлиш, уларда белгиланган имтиёз ва имкониятлардан самарали фойдалана олишига боғлиқ.

Ўқув-семинар дастурига кўра, иштирокчилар соҳа олим ва мутахассисларининг қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг таннархини ҳисоблаш ва уни камайтириш ҳамда ишлаб чиқарувчилар моддий манфаатдорлигини ошириш, фермер хўжаликларида маҳсулот етиштириш харажатларини ва дебитор-кредитор қарздорликларни камайтириш, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш, фермер хўжаликлари билан таъминотчи ва хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасидаги ҳуқуқий, ташкилий-иқтисодий муносабатларни тўғри йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш тизимини молиялаштириш, кредитлаш ва суғурталаш механизмлари, фермер хўжаликларини самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш ва бошқа қатор муҳим мавзулардаги маърузаларини тинглаши баробарида, жойларда юзага келаётган муаммо ва камчиликлар ҳама уларни бартараф этиш юзасидан ўз фикр-мулобазаларини билдирадилар.

Ўқув-семинар 1 апрелга қадар давом этади.

Манба: Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech