Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
28 jan

Наманганда “Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш, логистика ва экспортни ташкил қилиш” мавзусида ўқув-семинар бўлиб ўтди.

Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги томонидан Осиё Тараққиёт банки иштирокидаги “Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшилган қиймат яратиш занжирини ривожлантириш” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари, фермерлар, мева-сабзавотни қайта ишловчи ва экспорт қилувчи корхоналар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Дастлаб семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Н.Халилованинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари мавзусидаги маърузаси тингланди.

Шунингдек, вилоятда мева-сабзавот етиштириш ва қайта ишлашнинг янги имкониятлари, сабзавот ва полиз маҳсулотларини сақлашнинг замонавий ресурс тежамкор технологиялари, мева етиштиришга инновацион технологияларни жорий қилишнинг самарали усуллари, Наманган вилояти шароитида уруғли ва данакли пакана ва ярим пакана мевали дарахтларни парваришлаш агротехникаси, мева ва узумни қайта ишлаш ва сақлаш технологияси, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ва логистикасини ташкил қилиш каби долзарб мавзулардаги маърузалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

2018 йилда вилоятда агросаноат ва озиқ-овқат саноати йўналишида умумий қиймати 28,9 миллион долларлик 40 та лойиҳа амалга оширилди. Уларни рўёбга чиқаришга ташаббускорларнинг ўз маблағи ҳисобидан 12,9 миллион доллар ва Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги томонидан 15,9 миллион доллар имтиёзли кредит йўналтирилди. Бу вилоятда умумий сиғими 30 минг тонна бўлган музлатгич омборхоналар, 600 гектар майдонда интенсив боғ, 7 гектар майдонда замонавий иссиқхоналар барпо этиш, ишлаб чиқариш қуввати 13 тонналик қайта ишлаш технологияларини жорий этиш, наслли қорамол ва паррандачилик хўжаликларини ташкил этиш имконини берди.

Семинарда бу борадаги ишларни янада ривожлантириш бўйича муҳим омиллар ва долзарб вазифалар ҳақида фикр алмашилди.
Манба: ЎзА




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech