Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
8 oct

Жорий йил ҳосили учун кузги бошоқли дон етиштириш жараёни таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, ғалла парваришида агротехника тадбирларини бажаришда йўл қўйилаётган камчиликлар асосан айрим фермерларнинг ерларни экишга сифатли тайёрлаш, навни тўғри танлаш, экиш техникаларини таъмирлашга етарли аҳамият бермаганлиги, экиш муддатларига қатъий риоя қилмаслиги каби омиллар ташкил этмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда фермерларимиз, мутасадди раҳбар ва мутахассислар келгуси йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари уруғини экишни ташкил этишда қуйидагиларга жиддий эътибор беришлари мақсадга мувофиқ.

Ер тайёрлаш. Биринчи навбатда очиқ майдонларда ғалла ўрнига кетма-кет 3–4 йил ғалла экилишининг олдини олиш зарур. Ёзда шудгор қилинган майдонларда ер текислаш ишлари сифатли ва ўз вақтида бажарилиши лозим. Бунда ер текислаш мосламалари (длинобазный планировщик)нинг техник созлиги муҳим аҳамиятга эга. Ўтли майдонлардаги ажриқ, ғумой илдизлари тозалаб териб олиниши керак.

Ер текислаш ишлари суғориш жараёнида сув кўллаш эҳтимоли батамом йўқ бўлгандан кейингина тугатилади. Агар далада сув кўллайдиган нотекис жойлар қоладиган бўлса, ниҳоллар униб чиққандан кейин, сув кўллаши оқибатида касалланиб нобуд бўлади ва келгусида айнан шу майдонларда занг касаллигининг ўчоқлари пайдо бўлади.

Экишдан аввал албатта фосфорли ва калийли ўғитларнинг 100 фоизи ерга солинишини ва тупроққа аралашишини таъминлаш зарур. Фосфорли ва калийли ўғитсиз ғалла экмаслик керак.

Ғўза қатор орасига ғалла экиш учун ер тайёрлашда энг муҳим агротехник тадбир бу – эгатларнинг тўлиқ бузилиши ва 15–18 см. ли юмшоқ тупроқ қатламини ҳосил қилишга эришишдир. Бунинг учун культиваторнинг барча органларини тўлиқ ўрнатган ҳолда охирги сувдан кейин сифатли культивация ўтказилади.

Ғўза қатор орасига экиш олдидан ер тайёрлашда культиваторларни отряд усулида, яъни пахта териб олинган майдонларда ташкил этилса ер қисқа муддатда тайёрланади ва кесак кўчишининг олди олинади.

Экиш. Ғалладан юқори ҳосил олишнинг асосий гарови экиш муддатларига қатъиян риоя қилишдир. Кўп йиллик тажрибаларга кўра, мамлакатимизнинг шимолий минтақалари – Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида экишни 1 октябргача якунлаш лозим. Бу муддат Фарғона водийси – Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида 15 сентябрдан 20 октябргача, марказий минтақалар – Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самар­қанд, Бухоро, Навоий вилоятларида 15 сентябрдан 15 октябргача, жанубий минтақалар – Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида 20 сентябрдан 20 октябргача тўғри келади. Ғалла экишни мақбул муддатдан 1 кунга кечиктириш гектаридан 1 центнердан ҳосил йўқотилиши демакдир. Агар экиш 20 кунга кечикса, 20 центнер кам ҳосил олинади.

Экиш меъёри экилаётган нав­нинг биологик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда 1000 дона уруғлик вазнига қараб, 4,5–5,0 млн. дона уруғлик ҳисобида белгиланади.

Агар бирор сабаб билан экиш муддати кечикса ёки қўшимча майдонларга кечроқ ғалла экиш зарурати туғилса, экиш меъёри 20–30 кг оширилади.

Уруғ экишда экиладиган нав­нинг хусусиятларига қараб мақбул экиш муддати белгиланади. Бунда биринчи навбатда ўрта кечпишар, ўртапишар ва охирида эртапишар навлар экилади.

Республикамиз минтақаларининг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда эритроспермум (erithrospermum) тур хилига мансуб, яъни қилтиқли, эртапишар “Чиллаки”, “Андижон-4”, “Бобур”, “Ёғду”, “Звезда”, “Матонат”, “Ғозғон”, “Дўстлик”, “Яксарт”, “Есаул”, “Старшина”, лютесценс (lutescens) тур хилига мансуб, яъни қилтиқсиз, ўрта ва ўрта кечпишар “Аср”, “Андижон-2”, “Дурдона”, “Давр”, “Ўзбекистон-25”, “Дружба”, “Таня”, “Гром”, “Грация”, “Первица”, “Краснодарская-99”, “Зимница”, “Крошка”, “Юка”, “Васса”, “Лебедь”, “Бригада”, “Табор” каби навлардан бири танланади.

Кўп йиллик тажриба натижаларига кўра, республикамиз ҳудудларида кузги бошоқли дон экинлари уруғини экиш ишларини 20 ок­тябр­га қадар тўлиқ якунлаш мақсадга мувофиқ. Шунда униб чиққан майсалар қишловга туплаган ҳолда кириши таъминланиб, совуққа чидамлилиги ортади. Пировардида эрта баҳорда кўчат сийраклашмаган ҳолда ўсимлик ривожланиш фазалари жадал давом этади.

Очиқ майдонларда ғалла экишда биринчи навбатда экиш ишларини махсус ғалла экиш сеялкаларида амалга оширишга эътибор қаратиш керак. Бунда уруғ бир хил чуқурликка тушади ва текис униб чиқади. Махсус СЗТ-3,6, СЗУ-3,6 ёки замонавий “Лемкен” сеялкалари ёрдамида бир вақтнинг ўзида ҳам уруғ, ҳам минерал ўғитни тупроққа аралаштириб экиб кетишига замин яратилади.

Ғўза қатор ораларига экишда экиш ишлари махсус мосламалар ёрдамида амалга оширилиши ва бу мосламаларнинг ишга яроқлилиги ҳамда уруғнинг бир текисда ташлашига эътибор қаратилади.

Экиш пайтида кесакли тайёрланган майдонларда уруғ сепиш тавсия эътилмайди. Эгатлар тўлиқ бузилмаган, 15–18 см чуқурликда юмшатилмаган майдонларда ғалла экиш ўта салбий ҳолатларни келтириб чиқаради.

Биринчидан, уруғ белгиланган чуқурликка тушмайди, иккинчидан, 20–30% уруғ ғўзапоя тагидаги юмшатилмай қолган жойлар устида қолиб кетади, учинчидан кесакли экилган майдонларда 30–40% уруғ тупроқ билан аралашмай кесак устида қолиб кетади. Бундай салбий ҳолатларнинг олди олинмаса, ниҳол белгиланган меъёрдагидан 30–40% кам бўлади. Қишлов даврида бу майдонларни совуқ уриши оқибатида эрта баҳорда кўчат сийраклашади, белгиланган кўчат сони бўлмайди.

Кузги бошоқли дон экинларини экишда бу йил эрта баҳордан ёғингарчилик кам бўлганлиги, қурғоқчилик кузатилганлиги боис тупроқда нам­нинг етарли бўлмаганлигини ҳисобга олган ҳолда ғалла ниҳолларининг бақувват тўла униб чиқишини таъминлаш ҳамда қишки тиним даврига киргунча озуқага бўлган талабини қондириш учун экиш билан бирга физик ҳолда 100 кг/га. дан азотли ўғитлар билан экишни ташкил этиш мақсадга мувофиқ. Шунда майсалар қишловдан талофатсиз чиқади.

Пешма-пеш суғориш. Суғориш ишлари экиб бўлингандан кейин зудлик билан амалга оширилиши шарт. Шунда юзага тушган уруғларни қушлар еб кетишининг эҳтимоли пасаяди. Ғалла энг мақбул муддатларда экилган бўлсада суғорилмаса унинг униб чиқиш самарадорлиги кундан-кунга пасая бориб, ернинг табиий намида 20–30% уруғлар бўртиб қолади.

Ўтган йили бу борада жиддий хатоликларга йўл қўйилди. Аксарият фермерлар ғалла экилгандан кейин зудлик билан суғориш ишларига эътибор қаратмади. Суғориш ишлари кечиктирилган майдонларда ерга сепилган уруғларнинг 20–25 фоизи нобуд бўлди. Бу эса ўз нав­батида ҳосилдорликка таъсир этмай қолмайди.

Суғориш ишларини ташкил этишда бу йил сув танқислиги натижасида даланинг ҳар 50–60 метр­дан кўндаланг ўқариқлар олиб ҳамда шарбат билан суғориш энг самарали усул ҳисобланади. Бунда дала қанчалиқ катта ва узун бўлмасин, даланинг барча қисмида бир текисда нам сақланиб тўлиқ ниҳол олиш имконини беради. Аксинча, ўқариқлар олинмаса, дала бошларидаги ер кучли захлаб кетиб, дала охирида сув кўллайди, асосий ҳосил берадиган ўрта қисм яхши суғорилмаслиги оқибатида ҳосилдорлик пасая­ди.

Биринчи сувдан кейин 7–8 кунда майсалар тўлиқ униб чиқмаса, зудлик билан такрорий суғоришни ташкил этиш керак. Бунда даланинг чала суғорилган қисми алоҳида сувчилар назоратида 1 гектар майдонда 2 нафардан кам бўлмаган сувчилар ёрдамида бажарилиши керак.

Экилган кузги буғдой кўп йиллик тажриба кузатув натижаларига кўра уруғ униб чиқиши учун кунлик ҳарорат 12–20оС бўлиб, фойдали ҳарорат йиғиндиси 120–140оС бўлади. Кузги тупланиш фазасида кунлик ҳарорат 8–12оС бўлса, фойдали ҳарорат йиғиндиси 250–320оС ни ташкил этади.

Майсалар униб чиққандан кейин 20–22 кун давр ичида туплаш фазаси бошланади. Агар туплаш фазаси шу муддатдан кечикса зудлик билан маҳаллий ўғитлар ёрдамида шарбат усулида суғоришни ташкил этиш энг самарали усул ҳисобланади. Ғўза қатор орасига экилган майдонларда далани ғўзапоядан тозалаш ишлари декабрь ойининг ўрталарига тугатилиши лозим.

Бундан ташқари ернинг унумдорлиги паст майдонларда ғалла ниҳоллари тупламасдан сар­ғайиб қолса 1 га майдонга соф ҳолда 30–35 кг азотли ўғитлар билан қўшимча озиқлантириб суғориш яхши самара беради.

Ғалла ниҳолларини қишловга туплаган ҳолда кириши ниҳолларнинг совуққа чидамлилигини ошириши билан бир қаторда юқори ҳосилдорликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Р.Сиддиқов, А.Мансуров, Н.Юсупов





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech