Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
30 jul

Аман Абубакр Туркистоний: “Ўзбекистон Саудия Арабистонини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан тўла таъминлай олади”

Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Саудия Арабистонининг “Aman Group Marketing” компанияси раҳбари Аман Абубакр Туркистоний билан учрашув бўлиб ўтди. Унда қишлоқ хўжалиги соҳасида ўзаро самарали ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

20180730_171450.jpg

“Бизнинг компаниямиз мева-сабзовот маҳсулотлари ва қайта ишланган маҳсулотларни Саудия Арабистони ва Форс кўрфазининг бошқа мамлакатларига импорт қилишда катта тажрибага эга. Ҳозирга қадар биз Саудия Арабистонининг қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини Туркия, Миср, Сингапур, Судан, Эфиопия, Кения каби давлатлар билан алоқалар эвазига қондириб турибмиз. Сўнгги пайтларда юртингизда хорижий инвесторларга яратилаётган шароитлар, эркин савдо-сотиқ учун кенг имкониятлар яратилаётгани ҳақида хабаримиз бор. Айнан шу сабаб биз Ўзбекистон билан ишлашни мақсад қилганмиз.

“Aman Group Marketing” компанияси Ўзбекистонга бир эмас бир неча йирик Саудия компанияларининг вакили сифатида ташриф буюрган. Яқин кунларда биз юртингизда ўз ваколатхонамизни очамиз. Бу ваколатхона Ўзбекистон бозорини ўрганиб, Саудия Арабистони компаниялари учун ҳисоботлар тақдим этиб боради. Пировард натижада ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади. Биз ишонамизки, Ўзбекистон Саудия Арабистонининг қишлоқ хўжалик маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини тўла қоплай олади. Шунингдек биз қишлоқ хўжалигининг алоҳида йўналиши – седана етиштириш бўйича ҳам ҳамкорлик истиқболларини айнан Ўзбекистонда кўрмоқдамиз”, - дейди Аман Абубакр Туркистоний

Учрашув давомида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили Абдумалик Намозов меҳмонларни юртимиздаги инвестицион муҳит, уларга яратилган шароитлар, ҳамкорликни бошқа йўналишлари ҳақидаги маълумотлар билан батафсил таништирди.

“Айни пайтда Россия, Қозоғистон, Корея Республикаси, Хитой давлатларига қишлоқ хўжалик маҳсулотларини катта миқдорда экспорт қилинмоқда. Ўзбекистон қуритилган ва хўл ўрик экспорти бўйича дунёда 2-, 3-ўринларда туради. Хурмо экспорти борасида эса 3, майиз бўйича 4, гилос ва олхўри экспорти бўйича дунёда 5-ўринда туради. Қишлоқ хўжалигига инвестиция киритувчилар учун қатор қулайликлар мавжуд бўлиб, улар инвестиция хажмига кўра 3 йилдан 10 йилгача барча солиқлардан, шунингдек экспорт божларидан озод этилади. Уларнинг ишлашлари учун етарли шароит яратиб берилади, - деди Абдумалик Намозов.

Мева-сабзовот маҳсулотларини сақлаш ва экспорт қилишга ихтисослашган логистика марказини қуриш, қўйчиликка ихтисослашга йирик чорва комплексини бунёд этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Манба: Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech