Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
16 apr
11.jpg
Бўстонлиқ тоғларида саҳро жониворлари подасини кўрсангиз ҳайратланманг, бу Илҳом туячининг сурувлари.

Мутахассислар туя сутини соғилган заҳотиёқ иссиқлигида ичилиши керак, шундагина унинг фойдали хусусиятлари ортади, дейишади. Табиблар туя сутини тартиб билан узоқ кун ичишни тавсия қилишади. Асосан, чўл жонивори саналадиган «саҳро кемалари» оқлигини истеъмол қилиш учун шунча кун жазирама ҳудудларга бориб даволаниш анча мушкул.

Мамлакатимизда тадбиркорларга яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиб, ишбилармонликнинг янги йўналишига қўл урган пойтахт вилояти Бўстонлиқ тумани Чимбойлиқ қишлоғидан Илҳом Рўзибоев шифоталаб одамларнинг оғирини енгил қилиш билан бирга, «саҳро кемалари» тоғда ҳам «сузиши» мумкинлигини амалда исботлади.

07.jpg

Илҳом ака Бўстонлиқ тоғларида туянинг севимли озуқаси ҳисобланган янтоқ кўп ўсишини ҳисобга олиб, дастлаб синов учун 2014 йилда Қорақалпоғистондан бир бош туя олиб келди. Жонивор тоғда ўзини яхши ҳис этганини кўрган тадбиркор яна ўн бир бош қўшди. Бугунга келиб туялари сони 60 бошга етиб қолди. Айни пайтда 16 бош соғин туядан кунига 70–80 литргача сут соғиб олиняпти. Бозорда уларнинг ҳар литрини 20 минг сўмдан сотмоқда. Бундан ташқари, туя жунидан уй шароитида тўқилаётган рўмол, белбоғ, пайпоқларнинг ҳам бозори чаққон. Энг муҳими, оила аъзоларининг бари фойдали меҳнат билан банд.

– Туячилик яхшигина даромад келтирса-да, тоғли ҳудудда уларни боқиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермас экан, – дейди И.Рўзибоев. – Чунки ўзига яраша ташвишлари бор, албатта. Дастлаб иш бошлаганимизда қўшнилардан «ҳайбати қўрқинчли», «бўкиравериб тинчлик бермайди», каби шикоятлар ҳам бўлди. Шуни ҳисобга олиб, тоғ этагида туяхона қурдик. У ерга 5-6 та махсус вагон жойлаштириб, шифоталаблар учун ётиб туя сутидан истеъмол қилишлари учун шароит яратганмиз. Тоғ гиёҳларини истеъмол қилган туя сутининг шифобахшлиги ортаркан. Одамлар шифо излаб ҳатто Хоразм, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларидан ҳам келишмоқда. Бир ой давомида уларни туя сути ёрдамида даволашга ҳаракат қиляпмиз.

09.jpg

Мутахассисларнинг таъкидлашича, тиббиётда туя сути ва пешоби жигар циррози, нафас қисиши каби оғир хасталикларга даво. Ушбу маҳсулотлар қирқ кун давомида тартиб билан истеъмол қилинса, қонни тозалайди, қон таркибидаги қанд миқдорини меъёрлаштиради, тери рангини тиниқлаштиради. Туянинг жуни, гўшти, ҳатто тезагигача шифобахш экани табобатда исботланган. Баъзи касалликларни даволаш учун туялар орасида ётиш ҳам тавсия этилади.

Ёш, семиз туя гўшти тўйимлилиги жиҳатидан қорамол гўштидан қолишмайди. Эркак туяларнинг вазни 700–750 килограмм, урғочилариники 600–650 килограмм атрофида бўлади. Бир ўркачли туялардан йилига ўртача 2000 килограммгача ёғлилиги 4,5 фоиз, икки ўркачли туядан эса ёғлилиги 5,4 фоиз бўлган 1000 килограммгача сут соғиб олинади.

Икки ўркачли туялардан йилига 5–10, бир ўркачлилардан 2–4 килограмм жун олиш мумкин. Сифатига кўра, икки ўркачли туялар жуни таркибида 85 фоиз тивит мавжуд. Шу боис улар қимматроқ баҳоланади. Маҳсулотдан жунли кийим-кечаклар, трикотаж, кўрпалар тайёрланади. Эркак туялар урғочиларига қараганда кўпроқ жун беради.

10.jpg

Туялар яхшигина транспорт вазифасини ҳам бажаради. Улар вазнига қараб 200–300 килограмм юк билан соатига 4,5 километр тезликда, кунига 35 километр йўл боса олади. Айрим ҳолларда уларни аравага қўшиб юк ташиш ҳам мумкин.

Одатда туялардан 20 ёшга киргунга қадар фойдаланилади. Сўнг уларнинг тишлари едирила бошлайди ва ем-хашакларни тўла ҳазм қила олмайди. Бундай туялар семиртирилиб, гўштга топширилади.

Ғазалкентлик тадбиркор бугун тоғ шароитида туячилик билан шуғулланиш истагида бўлганлардан ўз маслаҳатларини аямайди:

13.jpg

– Туялар тоғли ва зах ерларда яшай олмайди, деган гап нотўғри. Фақат улар тўғри парваришланса, бас. Чўл ва дашт шароитидагидек дағал ўт ва хашаклар, янтоқ каби ўсимликлар асосий озуқаси. Жониворларга фақат оғир шароитда ёки қочириш мавсумидагина жойида пичан ва ем берилади. Туялар одатда 2–3 ёшлигида жинсий балоғатга етади. Бу даврда нортуяларни урғочиларидан ажратиш лозим. Акс ҳолда улар тез-тез жуфтлашиб, ўсишдан тўхтайди. Туяларнинг бўғозлик даври ҳар хил бўлади. Масалан, бир ўркачли туяларда бу давр 13 ой, икки ўркачлиларда эса 14 ойга боради. Ҳар бир туя, асосан, битта бўталоқ туғади. Янги туғилган бўталоқ жуда нимжон бўлади. У онасидан ажратилган ҳолда, иссиқ хонада боқилади. Ҳар кеча-кундузда суткасига 6–8 мартагача эмизилиши лозим. Бўталоқлар ўсиб-ривожланиб борган сари ем-хашакка ўргатилади. Улар икки ёшга етганда 350–400 килограмм вазн олади. Бунда уларга ҳар кеча-кундузда 10–12 килограмм пичан ёки ем бериш тавсия этилади.

Нақд келса, тадбиркорлик кайфияти ҳам ўсиб борар экан. Ишбилармон “Илҳом ҳидоят” фермер хўжалигини ташкил қилди. Хўжаликда туялардан ташқари йигирмадан кўп йилқи, қўй-эчкилар боқилмоқда. Яқинда вилоят ҳокимининг қарори билан фермерга тоғдан 60 гектар ер яйлов сифатида ажратилди. Илҳом ака бугунги кунда мўжаз санаторий қуриш ҳаракатида юрибди. Туман мутасаддилари шижоатли тадбиркорнинг ташаббусини қўллаб-қувватлашсалар, ички туризм ривожига ҳам айни мудао бўлар эди.
Манба: ЎзА




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech