Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 jan

photo_2020-01-07_22-18-10.jpg

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда юқори иқтисодий самарадорликка эришиш ва деҳқончилик маданиятини ошириш учун қатор агротехник тадбирларни, жумладан ўсимликларни зараркунанда ҳамда касалликлардан ҳимоя қилишни илмий асосланган тадбирлар асосида ўтказиш талаб этилади.

Қишлоқ хўжалиги экинларини зараркунанда ва касалликлардан ҳимоя қилишда биологик усулнинг аҳамияти беқиёсдир. Бу усул табиатдаги кушандалардан унумли фойдаланиш (қириб юбормаслик, экинлар орасига энтомофагларни жалб қилувчи ўсимликлар экиш), энтомофагларни (трихограмма, бракон ва олтинкўз) биолабораторияларда кўпайтириб, далага мавсумий чиқариш ҳамда микроорганизмлар асосида яратилган биопрепаратлар қўллашга асосланган.

Мамлакатимиз олимлари томонидан ғўзани биологик усулда ҳимоя қилишнинг иқтисодий, биологик ва экологик афзалликлари билан ажралиб турувчи тизими яратилган. Хусусан, 2019 йил мавсумида ғўза зараркунандаларига қарши биологик усулда (такрорий ишловлар билан) шира-трипсларга қарши 1108 минг гектарда, кузги тунламга қарши 401,1 минг гектарда, ўргимчакканага қарши 1666,3 минг гектарда ва кўсак қуртига қарши 3706,5 минг гектарда ҳимоя тадбирлари ўтказилди.

Аммо, айрим биолабораторияларда биомаҳсулотларни кўпайтиришда йўл қўйилаётган камчиликлар, уларнинг сифатига эътибор берилмаслиги, далага тарқатишдаги хатоликлар натижасида бу усулдан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари учраб турибди. Хусусан, далага тарқатилган биомаҳсулотларнинг натижаси кўринмаётганининг асосий сабабларидан бири, жойларда фойдали ҳашаротларнинг авлодини янгилаш ишларига эътибор берилмаётганидир. Биолабораторияларда кўпайтирилаётган биомаҳсулотларнинг маҳсулдорлигини ошириш, сифатини яхшилаш ва зараркунандаларга қарши самарали таъсир кўрсатишини таъминлаш учун ноябрь, декабрь ойларида оналик материалларининг авлодини янгилаш муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатимизда 2020 йил ҳосили учун экилган қишлоқ хўжалиги экинларида биологик усулни кенг қўллаш мақсадида бугунги кунда 613 та биолаборатория фаолият кўрсатмоқда. Қиш мавсумида биолаборатория хоналарини иситиш, биомаҳсулотлар кўпайтириш учун оптимал ҳароратни ушлаб туриш, кўпайтирилаётган ва диапаузага қўйилган биомаҳсулотларни қишдан беталофат олиб чиқиш, озуқа ҳамда иситиш маҳсулотлари заҳирасини яратиш, молия маблағлари таъминоти муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур талабларга қай даражада риоя этилаётганини ўрганиш мақсадида олим ва мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ томонидан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги мавжуд биолабораториялар фаолияти ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, бугунги кунда биолабораторияларнинг 177 таси ёки 29 фоизида ҳанузгача иш бошланмаган. Хусусан, уларда бино ва хоналарни таъмирлаш, келгуси йилга тайёргарлик ҳамда биомаҳсулотларнинг авлодини янгилаш ишлари бошланмаган. Биомаҳсулотлар кўпайтириш учун энг асосий озуқа маҳсулоти бўлган арпа дони захирасини яратиш ишлари талабга жавоб бермайди.

Юқоридагилар инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан 2020 йилда қишлоқ хўжалиги экинларининг зараркунандаларига қарши биологик усулда курашишга пухта тайёргарлик кўришни таъминлаш учун тегишли ташкилот ва биолабораторияларга кўрсатмалар берилди. 

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech