Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
9 oct

Жорий йил боғбону соҳибкорларимиз учун баракали келди. Боғ ва токзорларимизда ҳосил мўл ва сифатли бўлди. Халқимизнинг мева-узум маҳсулотларига бўлган талаби тўлиқ қондирилиб, бир қисми экспорт қилинмоқда.

Ушбу ойда мевали ўсимликлардан олма ва нокнинг кеч қишки навлари, беҳи, шарқ хурмоси ва анор навларининг мевалари, узумнинг қишки Пушти тоифи, Нимранг навлари ҳам териб олиниб, боғларни қишга тайёрлаш керак бўлади.

Боғларда меваларнинг барча турлари териб олингач, боғ-токзорларни келаси йили юқори ва сифатли маҳсулот олиш мақсадида мевали дарахтларни ҳамда токзорларда ток тупларини ҳозирдан қишнинг аёзли совуқларига чидамлилигини ошириш чораларини кўришни тақозо этади.

Бунинг учун октябрь ойида боғ-токзорларда суғоришни батамом тўхтатиш зарур.

Жорий йилда мевали дарахтларда ва ток тупларида ҳосил кўп бўлганлиги боис, дарахтларда келаси йили ҳосили учун ҳосил куртаклари етарли даражада шаклланмади. Келаси йили боғлардан имкон даражасида кўпроқ ҳосил олиш учун боғларда боғ қатор ораларини ҳайдашдан олдин, уларни кузги озиқлантириш, яъни ҳар бир гектар боғга 15–20 тонна чириган гўнг, минерал ўғитлардан соф ҳолда 180 кг фосфор, 90 кг калий ўғитини солиб, бўз тупроқли суғориладиган боғларда дарахтларнинг қатор оралари 25–30 см, шағалли ерларда 10–15 см чуқурликда шудгор қилиш керак. Бунда юза жойлашган илдизлар шикастланмайди. Тупроқ унумдорлигини ошириш мақсадида боғлар қатор ораларига сидерат ўтларни экиш ҳамда баҳорда уларни ҳайдаб ташлаш ҳам яхши натижа беради.

Боғларда кўплаб касаллик ва зараркунандаларнинг замбуруғлари дарахтларнинг ёриқликларда қишлайди. Уларни қириб ташлаш мақсадида дарахтларнинг танаси оқланади.

Дарахтларнинг танаси оқланганда улар қишки совуқлардан ҳам ҳимоя қилинади. Бунда 2 кг тупроққа 1,5–2 кг оҳак аралаштириб, ҳар 10 л эритмага озроқ мол шатмоғидан қўшиб, уни суюқ қаймоқсимон масса ҳолига келтириб, дарахт танасини ҳамда она шохларни тўлиқ оқлаш зарур. Ушбу суюқлик данакли мева дарахтлар (ўрик, шафтоли, гилос, олча ва ҳ.к.)га айниқса яхши самара беради. Бунда ҳар 10 л эритмага 80–100 г мис купоросини сувда эритиб, қўшиб юборилса самараси янада ортади.

Уруғли боғлар (олма, нок, беҳи)да тўкилган баргларда касаллик ва зараркунанда юқумлари сақланади, шунинг учун боғлар қатор ораларидаги тупроқ ағдариб ҳайдалади. Ҳайдалмай қолган ҳар бир дарахт атрофи 25 см чуқурликда ағдариб чопилади. Касалланган, синган шохлар, қуриб қолган дарахтлар қирқилади ва боғ ташқарисига чиқариб ташланади. Об-ҳаво шароитига қараб, октябрь ойи охирида дарахтларнинг барги ёппасига тўкилса, замбуруғ касалликларига қарши Бордо суюқлигининг 3 фоизли ёки 6 фоизли карбамид эритмаси билан яхшилаб ювиш керак.

Резавор мевали ўсимликлар (қулупнай, қорағат, малина)га алоҳида эътибор қаратилади. Қулупнайзорлар бегона ўтлардан тозаланиб, қатор оралари культивация қилиниб, ўсимликнинг икки томонига қишки совуқдан ҳимоя қилиш мақсадида органик ўғит – гўнг солинади. Ой давомида ёғингарчилик бўлмаса, қулупнайзор бир марта суғорилади.

Қорағатнинг синган, қуриган шохлари кесиб ташланиб, қорағат тупларига шакл бериш, қирқиш ва сийраклаштириш ишлари олиб борилади. Қорағат тупларидаги эски беш йиллик шохлари кесиб ташланади, бунда туп ичи очилади. Янги ўсиб чиққан бир йиллик новдалардан 5–6 таси қолдирилиб, қолган новдалар кесиб ташланади. Туп атрофи чопилиб, қатор ораси 20–25 см чуқурликда ҳайдалади. Ҳайдовдан олдин қорағат қатор орасига 15–20 т гўнг ёки минерал ўғитлардан соф ҳолда фосфор 120 кг, калий

60 кг ҳисобида солиб озиқлантирилади. Тупроқда намлик етарли даражада бўлмаса, 1 марта суғорилади.

Малиназорда ҳосил бериб бўлган шохлар қурий бошлайди. Бундай шохлар ер билан бир текисликда кесиб ташланиб, янги новдалардан ҳар бир тупда 12–15 та шохлари қолдирилади. Нимжон, касалланган, синган новдалар кесиб ташланади. Бир йиллик ўсган новдалар жуда узун бўлиб ўсган бўлса, бундай новдаларнинг 1,5–1,6 метрдан юқори қисми кесиб ташланади.

Цитрус ўсимликлари асосан иссиқхоналарда ҳамда ҳандакларда ўстирилиши боис ушбу ойда иссиқхоналар ва ҳандакларнинг тепа қисми ёпилади. Цитрус ўсимликларнинг мевалари пиша бошлайди. Иссиқхона ва ҳандаклар ёпилгач, улар ичидаги ҳарорат, ташқаридаги ҳароратга нисбатан 1,5–2 баробар кўтарилади. Бу вақтда ўсимлик тиним давридан қулай шароит яратилиши билан вегетация давом этади. Бунинг олдини олиш мақсадида иссиқхона, ҳандаклар дарчалари ва туйнуклари очилиб шамоллатиш яхши натижа беради. Цитрус ўсимликларининг дарахтларини иссиқхоналарда кўпинча юмшоқ сохта қалқондор, ўсимлик битлари, каналар зарарлайди. Ушбу зараркунандаларнинг олдини олиш мақсадида уларга қарши Омайт (10 л сувга 3–4 г), Данадин (10 л сувга 10 г), Нигуол, Алтикор (10 л сувга 1,5 г), Вертемэкс препаратини 0,5–0,8 фоизли қилиб сепса ҳам бўлади. Препаратлар ўсимликнинг ҳамма қисмига, айниқса, баргларининг пастки тарафидан пуркалади.

Цирус ўсимликларининг оқ каналарига қарши Нигуол, Алтикор (10 л сувга 1,5 г) эрталаб ва кечқурунлари, яъни каналар ёппасига учиб чиққанда пуркалади. Бу иш 8–10 кунда такрорланади. Цирус ўсимликларининг баргларидаги қоракуясимон замбуруғлар ва оқ чириш касалликларини сув билан ювганда улар кетмайди. Бунинг учун барглар 1 фоизли Бордо суюқлиги ёки 0,5 фоизли мис хлор оксиди эритмаси билан қўшимча пуркалганда улар йўқ қилинади. Цитрус ўсимликларини октябрь ойида бир марта қорамол гўнги билан парранда гўнгини тенг миқдорда олиб сувда яхшилаб аралаштириб суғорилса, ўсимликларнинг совуққа чидамлилиги ортади. Ҳаво ҳарорати иссиқ бўлса, суғоришни яна 1–2 марта қайтариш мумкин.

Республикамизда айрим йиллари қишда ҳаво ҳарорати -25–30оС гача пасаяди, бу ток тупларини қишда ерга кўмишни талаб этади. Шунинг учун ушбу ойда ток тупларига шакл бериб қирқиш, қўндоқлаш ва кўмиш ишлари бажарилади. Ток кўмилмайдиган жанубий минтақаларда кузда ток туплари кесилмайди, чунки кесилган токнинг совуққа чалиниши кучаяди. Кесиладиган ток тупларининг нави ёки симбағазнинг турига қараб шакл берилади. Ток тупларини кесишда биринчи галда оидиум (кул), антракноз, милдью, бактериал рак билан зарарланган новдалар ва занглар қирқиб олиниб, токзордан чиқариб ёқиб юборилади. Кўпинча фермер хўжаликларида деҳқонлар ток тупларини ёпиш учун қирқилган новдалардан фойдаланишади. Бунга асло йўл қўймаслик зарур. Чунки турли касаллик юқумлари бўлган барг ва новдалар келаси йили уларнинг янада кўпроқ тарқалишига замин яратади.

Ток туплари кесилгач, улар қўндоқланиб, ерга ётқизилади. Уларни кўмишдан олдин оидиум (кул), антракноз, милдью ва бактериал рак касаллик юқумларига қарши 3 фоизли Бордо суюқлиги ёки 5 градусли оҳак-олтингугурт (ИСО) қайнатмаси ёки мис куппросининг 3 фоизли эритмаси билан пуркаш зарур. Ток туплари шимолий минтақаларда 25–30 см қалинликда тупроқ билан кўмилади. Бошқа минтақаларда эса тупроқ қалинлиги 20–25 см бўлиши керак. Тупроққа ток кўчатини яхши кўмилиши учун тупроқдаги намлик 70–80 фоизни ташкил қилиши керак. Бунинг учун ток туплари қўндоқлангандан сўнг ёки олдин токзор енгил суғорилиши зарур.

Токзорлардан келаси йили мўл ҳосил олиш учун токзорларни озиқлантириш талаб этилади. Бунда токзорларда гектарига 15–20 т миқдорда органик ўғит, 90 кг фосфорли ва 60 кг калийли ўғит солиш керак.

Ушбу тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилса, келаси йили мева-узумдан мўл ҳосил олишга замин яратилади.

Р.Абдуллаев, Х.Абдуллаева




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech