Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
28 nov
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

Республикада бошоқли дон экинлари ҳосилдорлигини ошириш, юқори сифатли уруғлик материалларини тайёрлаш, агротехнологиянинг илғор усулларини қўллаш ҳамда фермер хўжаликларини рағбатлантириш механизмларини жорий этиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, республикада етиштирилаётган бошоқли дон ҳосилини кескин кўпайтиришда тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ва ўз ечимини кутаётган жиддий муаммолар сақланиб қолмоқда. Хусусан:

биринчидан, бошоқли дон экинларини экиш учун ерларнинг сифатсиз тайёрланиши, уруғликнинг белгиланган муддатдан кеч экилиши, агротехник тадбирларнинг қўпол равишда бузилиши, талаб қилинган моддий-техник ресурслар ва маблағлар зарур миқдорларда ҳамда ўз вақтида етказиб берилмаслиги оқибатида кутилган ҳосил олинмаяпти;

иккинчидан, жойлардаги масъуллар ва фермерлар томонидан бошоқли дон ҳосилини етиштиришда контрактация шартномаси мажбуриятларини бажариш биринчи даражали масала сифатида қаралиб, ҳосилдорликни ошириш ва қўшимча даромад олиш чоралари кўрилмаяпти;

учинчидан, республикада етиштирилаётган бошоқли дон ҳосилининг умумий ҳажми ва фермер хўжаликлари ихтиёрида қолаётган қисмини аниқ ҳисоб-китоб қилиш механизми ишлаб чиқилмагани оқибатида олинган ялпи ҳосил бўйича ҳисоботлар тўғри юритилмаяпти;

тўртинчидан, суғориладиган унумдор ер майдонларининг ҳар гектаридан 40 центнердан юқори ҳосил олган фермер хўжаликларини рағбатлантириш, аксинча, ундан паст ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларига нисбатан кескин чораларни кўриш тартиби ишлаб чиқилмагани сабабли суғориладиган майдонлардан самарали фойдаланиш таъминланмаяпти.

Бошоқли дон экинларини парваришлаш бўйича белгиланган агротехник тадбирларни ўз муддатида ўтказиш ҳисобига кафолатланган ҳосил олинишини таъминлаш, ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва юқори ҳосилдорликка эришишда фермер хўжаликлари масъулиятини янада ошириш ҳамда уларни рағбатлантириш тизимини жорий қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 2019 йил ҳосили учун суғориладиган ва лалми майдонларга экилган бошоқли дон экинлари ялпи ҳосилининг прогноз ҳажмлари тўғрисидаги таклифлари 1-14-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан 40 центнердан кам ҳосил олиш “ерга нисбатан хиёнат” деб баҳоланиб, ер ижара шартномаси бекор қилинишигача чоралар кўрилиши белгилаб қўйилсин.

2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бир ҳафта муддатда 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларига суғориладиган ерларда бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига ягона ер солиғини ҳисоблашда солиқ ставкаларига ҳосилдорлик ҳар гектарига 30 центнер ва ундан паст бўлганида 2 баробар, 31 центнердан 40 центнергача бўлганида 1,5 баробарга кўпайтирувчи коэффициентлар қўллаш тартибини киритсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давергеодезкадастр қўмитаси Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган бошоқли дон экинлари ялпи ҳосили ҳажмларининг ҳисобини юритиш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компаниясининг 2019 йил ҳосили учун етиштириладиган 3-синфли юмшоқ буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача нархини (кейинги ўринларда харид нархи деб аталади) 1 200 000 сўм миқдорида белгилаш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси билан биргаликда икки ҳафта муддатда бошоқли дон харид нархномасини тасдиқласин ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларига етказсин.

5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, 2019 йил ҳосилидан бошлаб:

а) қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан суғориладиган майдонларда етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб, давлат хариди учун етказиб берилган дон харид нархига 25 фоизгача устама ёки чегирма қўлланилади.

Бунда, бошоқли дон ҳосилдорлиги ҳар гектаридан:

41 центнердан 50 центнергача бўлганида – 10 фоиз;

51 центнердан 60 центнергача бўлганида – 20 фоиз;

61 центнер ва ундан юқори бўлганида – 25 фоиз харид нархига устама;

аксинча:

30 центнер ва ундан кам бўлганида – 25 фоиз;

31 центнердан 40 центнергача бўлганида – 15 фоиз харид нархига чегирма билан давлат хариди учун қабул қилинган доннинг умумий ҳажми ҳисоб-китоб қилинади.

б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бошоқли дон ҳосилини етиштириш харажатларини молиялаштиришга ажратиладиган имтиёзли кредит давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон қийматининг 100 фоизигача (тайёрлов корхонаси томонидан бўнак тариқасида етказиб берилган уруғлик қийматини инобатга олган ҳолда) йиллик 5 фоиз миқдорда (шундан, банк маржаси – 1,5 фоиз) берилади.

6. Белгилаб қўйилсинки, олдиндан билиш, оқилона чоралар билан олдини олиш мумкин бўлмаган фавқулодда хусусиятга эга ҳодисалар (қурғоқчилик, табиат ҳодисалари ва бошқа форс-мажор ҳолатлар) оқибатида бошоқли дон экинларидан кутилган ҳосил олинмаган тақдирда ҳамда ушбу ҳолатлар Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ҳудудий комиссия томонидан тасдиқланганда, давлат хариди учун етказиб берилган дон харид нархида ҳисоб-китоб қилинади.

7. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда суғориладиган майдонларда 2019 йил ҳосили учун экилган кузги бошоқли дон экинларини парваришлаш бўйича агротехник тадбирларни амалга ошириш юзасидан “йўл хариталари” 15-17-иловаларга мувофиқ.

8. Бошоқли дон етиштиришда агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли ўтказиш ва кафолатланган ҳосил олишни тизимли ташкил этиш бўйича Республика Ишчи гуруҳлари 18-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Республика Ишчи гуруҳларига мазкур қарорга 15-17-иловаларда тасдиқланган “йўл хариталари”да белгиланган тадбирлардан келиб чиқиб, ҳар бир фермер хўжалиги томонидан амалга ошириладиган агротехник тадбирларни алоҳида ёзма равишда тайёрлаб, фермерларга етказиш ва унинг ижросини таъминлаш юклатилсин.

9. Қуйидагилар:

Республика Ишчи гуруҳлари раҳбарлари (Б.Т.Юсупов, А.Ж.Вахабов, Р.Н.Рахматов, У.Я.Халилов), Сув хўжалиги вазирлиги (Ш.Р.Хамраев), “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти (О.Б.Исаев), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар 4 та сектор раҳбарлари –кафолатланган бошоқли дон ҳосилини етиштиришда фермер хўжаликлари томонидан агротехник тадбирлар, шу жумладан, минерал ўғитлар билан озиқлантириш, суғориш, бегона ўт, зараркунанда ва ҳашаротларга қарши курашиш, суспензия сепиш ҳамда бошқа тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли ўтказилишига;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.С.Султонов, “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик жамияти (М.Ю.Файзиев), “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти (А.А.Абдуллаев), “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти (О.Б.Исаев) – кафолатланган бошоқли дон ҳосилини етиштиришда агротехник тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва кимёвий воситалар захираси яратилишига ҳамда моддий-техник ресурсларни агротехник карталардан келиб чиқиб, тўлиқ ҳажмда ва ўз вақтида фермер хўжаликлари даласига етказиб берилишига;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Ж.А. Қўчқоров, Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (И.А.Уразкулов), “Агробанк” АТБ (Р.Ў.Маматқулов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимларининг саноатни ривожлантириш, иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари, АТБ “Агробанк”нинг ҳудудий ва туман бўлимлари раҳбарлари – бошоқли дон экинларини етиштириш харажатларининг ўз вақтида молиялаштирилишига, фермер хўжаликлари томонидан маблағлардан мустақил ва мақсадли фойдаланилишини таъминлашга ҳамда давлат эҳтиёжлари учун етказиб берилган бошоқли дон учун якуний ҳисоб-китоблар 2019 йил 1 сентябрга қадар тўлиқ амалга оширилишига;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Н.С.Отажонов, Ички ишлар вазирлиги (П.Р.Бобожонов), Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, ҳудудий бошқармалар ва туман бўлимлари бошлиқлари, “Ўзагротехсаноатхолдинг” АЖ (М.А.Каримов), “Ўзагромашсервис” акциядорлик жамияти (Р.М.Хаитов) – кафолатланган бошоқли дон ҳосилини етиштиришда агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш учун мавжуд қишлоқ хўжалиги техникалари тўлиқ жалб қилинишига, сифатли механизация хизматлари кўрсатилишига, ўрим-йиғим ишлари уюшқоқлик билан ташкил этилишига ҳамда янги қишлоқ хўжалиги техникалари муддатида етказиб берилишига;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Р.Н.Рахматов, Бош прокуратура ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси (У.Я.Халилов), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар прокурорлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Инспекциянинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари – ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва кимёвий воситаларнинг агротехник карталардан келиб чиқиб, тўлиқ ҳажмда ва ўз вақтида етказиб берилиши ҳамда хизматлар сифатли кўрсатилиши, бу борада тузилган шартномалар мажбуриятлари тўлиқ бажарилиши, моддий-техник ресурслар талон-тарож қилиниши ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан асоссиз равишда уларнинг нархи оширилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатилишига шахсан жавобгар эканликлари белгилаб қўйилсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси билан биргаликда ички бозорда буғдой, ун ва нон маҳсулотлари нархлари кескин ошиб кетишининг олдини олиш ва республика ҳудудларидаги нархларининг барқарорлигини таъминлаш ҳамда буғдойни қайта ишлаш соҳасида рақобатни кучайтириш;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти билан биргаликда давлат хариди учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга талаб қилинган минерал ўғитлар миқдори ва уларнинг нархини белгилаш;

суғурта компаниялари билан биргаликда хорижий давлатлар тажрибасини таҳлил қилган ҳолда, давлат хариди учун етиштириладиган қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини суғурталаш тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мақсад ва вазифаларини ҳамда бошоқли дон етиштириш ва давлат хариди учун сотиб олишда бозор механизмлари кенг жорий этилишини ёритиш юзасидан кўрсатувлар, мақолалар ва мавзули дастурларни ташкил этсинлар.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров, А.С.Султонов, Н.С.Отажонов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Р.Н.Рахматов зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклатилсин.





Ўзбекистон Республикасининг
Бош вазири                                                                                                        А.Н.АРИПОВ

Тошкент шаҳри,
2018 йил 27 ноябрь




* * *




Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
“Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига

ШАРҲ

Кейинги йилларда давлат хариди учун бошоқли дон маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Аммо қишлоқ хўжалигининг мазкур муҳим тармоғидаги реал ҳолат таҳлили яратилган имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганини, ўз ечимини кутаётган жиддий муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Жумладан, бошоқли дон экинлари экиш учун ерларнинг сифатсиз тайёрланиши, агротехника қоидаларига риоя қилинмаслик, айниқса, экин-тикин ишларининг кечиктириб юборилиши, талаб қилинган моддий-техника ресурслари ўз вақтида етказиб берилмаслиги оқибатида кутилган ҳосил олинмаяпти.

Жойлардаги масъуллар ва фермерлар томонидан контрактация шартномаси мажбуриятлари бажарилмаётгани, ҳосилдорликни ошириш ва қўшимча даромад олиш юзасидан етарлича чоралар кўрилмаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Қолаверса, юқори ҳосилдорликка эришган фермер хўжаликларини рағбатлантириш, ҳосилдорлик кўрсаткичи паст бўлган фермер хўжаликларига нисбатан эса кескин чоралар кўриш тартиби ишлаб чиқилмагани суғориладиган унумдор ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигининг пасайишига сабаб бўлмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳа равнақида тўғаноқ бўлаётган ушбу муаммоларни бартараф этиш ва уни сифат жиҳатидан янада ривожлантиришга қаратилган.

Қарорда давлат хариди учун бошоқли дон етиштириш бўйича амалдаги тартибдан мутлақо фарқ қиладиган янги тизим ва механизмлар жорий этилиши назарда тутилганлиги унинг тарихий аҳамият касб этишидан далолат беради.

Хусусан, унга кўра, 2019 йил ҳосили учун суғориладиган ва лалми майдонларга экилган бошоқли дон экинлари ялпи ҳосилининг прогноз ҳажмлари тасдиқланиб, суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан 40 центнердан кам ҳосил олиш “ерга нисбатан хиёнат” деб баҳоланиши ва ер ижара шартномаси бекор қилинишигача чоралар кўрилиши белгиланди.

Яна бир янгилик: 2019 йилдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларига суғориладиган ерларда бошоқли дон етиштирувчи фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналарига ягона ер солиғини ҳисоблашда солиқ ставкаларига ҳосилдорликка қараб коэффициентлар қўллаш тартиби киритилганидир.

Яъни, гектаридан ўртача 30 центнер ва ундан паст ҳосил олинганда 2 баробар, ҳосилдорлик 31 центнердан 40 центнергача бўлганида эса 1,5 баробар кўпайтирувчи коэффициентлар қўлланилади. Мазкур тартиб ғалла етиштирувчиларни олтинга тенг бўлган суғориладиган ерлардан самарали фойдаланиш, маҳсулот етиштириш ҳажмларини кўпайтириш борасидаги масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Маълумки, бугунги кунга қадар давлат харидидан ортиқча етиштирилган бошоқли дон маҳсулотининг аниқ ҳисоби юритилмас, бу эса республика ялпи дон ҳажми ва аҳолини ушбу турдаги маҳсулотлар билан таъминлаш даражасини реал баҳолаш имконини бермас эди. Шу маънода, қарорда қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан етиштирилган ялпи ғалла ҳосили ҳисобини юритиш тартибини тасдиқлаш масаласи эътибордан четда қолмагани диққатга сазовор.

Қарорга мувофиқ, соҳада яна кўплаб туб ўзгаришлар рўй беради. Хусусан:

етиштириладиган буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун кафолатланган давлат харидининг ўртача нархи 1 миллион 200 минг сўм ёки жорий йилдагига нисбатан 1,6 баробар юқори даражада белгиланди, бу эса табиийки, маҳсулот етиштирувчиларнинг молиявий барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади;

давлат хариди учун етиштирилган маҳсулотларни табақалаштирилган нархларда, яъни устама ва чегирмалар қўллаган ҳолда сотиб олиш тартиби жорий қилинади. Бошқача қилиб айтганда, етиштирилган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб, давлат хариди учун етказиб берилган ғалла харид нархига 25 фоизгача устама ёки чегирма қўлланилади.

Бунда, харид нархига бошоқли дон ҳосилдорлиги ҳар гектаридан 41 центнердан 50 центнергача бўлганида – 10 фоиз (120 минг сўм), 51 центнердан 60 центнергача бўлганида – 20 фоиз (240 минг сўм), 61 центнер ва ундан юқори бўлганида – 25 фоиз (300 минг сўм) устама қўлланилади.

Аксинча, давлат хариди нархлари ҳосилдорлик 30 центнер ва ундан кам бўлганида – 25 фоиз (300 минг сўм), 31 центнердан 40 центнергача бўлганида – 15 фоиз (180 минг сўм) чегирма билан ҳисоб-китоб қилинади.

Мазкур тартибнинг қўлланилиши деҳқон ва фермерларнинг ҳосилдорликни ошириб боришга бўлган интилишини кучайтириш, моддий жиҳатдан рағбатлантиришда асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш тизимини ҳам такомиллаштириш назарда тутилган. Агар амалдаги тартибга кўра, имтиёзли кредит давлат хариди учун етказиб бериладиган бошоқли дон қийматининг 60 фоизигача ажратилиб келинган бўлса, янги тартибда 100 фоизигача (тайёрлов корхонаси томонидан бўнак тариқасида етказиб берилган уруғлик қийматини инобатга олган ҳолда) берилади.

Молиялаштириш тизимидаги ушбу ўзгариш фермер хўжаликларининг айланма маблағ тақчиллигига барҳам бериш билан бирга, улар томонидан ресурс ва хизматлар учун тўловларни олдиндан амалга ошириш, агротехника тадбирларини ўз вақтида ва сифатли ўтказиш, ғалла етиштириш ҳажмини кўпайтириш, пировардида юқори даромад олиш имконини беради.

Яна бир муҳим жиҳат, мазкур қарорда олдиндан билиш, оқилона чоралар билан олдини олиш мумкин бўлмаган фавқулодда хусусиятга эга ҳодисалар (қурғоқчилик, табиат ҳодисалари ва бошқа форс-мажор ҳолатлар) оқибатида бошоқли дон экинларидан кутилган ҳосил олинмаган тақдирда ҳамда ушбу ҳолатлар Қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича ҳудудий комиссия томонидан тасдиқланганда, давлат хариди учун етказиб берилган дон харид нархида ҳисоб-китоб қилиниши белгиланди. Ваҳоланки, шу пайтга қадар маҳсулот етиштирувчилар турли табиий офатлардан етарли даражада ҳимояланмаган эди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда, суғориладиган майдонларда 2019 йил ҳосили учун экилган кузги бошоқли дон экинларини парваришлаш бўйича агротехника тадбирларини амалга ошириш юзасидан “йўл хариталари” қабул қилинди.

Бошоқли дон етиштиришда агротехника тадбирларини ўз вақтида сифатли ўтказиш ва кафолатланган ҳосил олишни тизимли ташкил этиш бўйича эса Республика Ишчи гуруҳларининг таркиби тасдиқланди. Улар зиммасига “йўл хариталари”дан келиб чиқиб, ҳар бир фермер хўжалиги томонидан амалга ошириладиган агротехника тадбирлари режасини алоҳида ёзма равишда тайёрлаб етказиш ва унинг ижросини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Бошоқли дон етиштириш ва ўриб-йиғиб олиш билан боғлиқ агротехника юмушларининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши, молиявий ва моддий-техника ресурсларини тўлиқ ҳажмда ва ўз вақтида етказиб берилиши, якуний ҳисоб-китоблар 2019 йил 1 сентябрга қадар тўлиқ амалга оширилиши, мазкур йўналишдаги ишлар бўйича тизимли назорат ўрнатилиши юзасидан тегишли мутасаддиларнинг шахсий жавобгарлиги белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, ички бозорда буғдой, ун ва нон маҳсулотлари нархлари кескин ошиб кетишининг олдини олиш, нарх барқарорлигини таъминлаш ҳамда буғдойни қайта ишлаш соҳасида рақобатни кучайтириш, давлат хариди учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда зарур бўлган минерал ўғитлар ҳажми ва уларнинг нархини белгилаш, хорижий давлатлар тажрибасини таҳлил қилган ҳолда, давлат хариди учун етиштириладиган қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилини суғурталаш тизимини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилиши назарда тутилди.

Ушбу қарорнинг изчил ижроси, шак-шубҳасиз, ғаллачиликда ер майдонларидан самарали фойдаланиш ва юқори ҳосилдорликка эришиш, фермер хўжаликлари масъулиятини янада ошириш ҳамда уларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш тизимини жорий қилиш имконини беради. 




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech