Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
23 dec 2019

photo_2019-12-24_17-55-05.jpg

Республика ишчи гуруҳи Бухоро ва Навоий вилоятларида бўлиб, мева-сабзавотчилик йўналишида ташкил этиладиган кластерлар, кооперациялар бўйича таклифларни ўрганди.

Хусусан Бухоро вилояти Бухоро туманида ўтказилган учрашувда ташаббускорларнинг мева-сабзавотни экспорт қилишдаги тажрибаси ҳамда зарур инфратузилма объектларининг мавжудлигини ҳисобга олиб, тажриба тариқасида мазкур туманда 3 та, Қоровулбозор ва Ғиждувон туманларида 1 тадан жами 5 та мева-сабзавотчилик йўналишида кластер корхоналарини ташкил этишга қарор қилинди.

Ушбу кластерларга 1305 гектар майдонда фаолият юритаётган 141 та фермер хўжалиги бириктирилиб, 309 гектар майдондаги эски, самарасиз боғлар ўрнида гилос, олма, ўрик ва шафтоли етиштиришга ихтисослаштирилган янги боғлар ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.

Учрашувда ташаббускорлар фаолиятларида дуч келаётган бир қатор муаммолар ҳақида гапирдилар. Хусусан, боғ ва токзорларда агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш, зараркунанда, касалликларга қарши курашишда амалий тавсиялар берадиган агрономларнинг етишмаслиги, фермерлар учун ўқув курсларини ташкил қилиш ҳамда кластер корхоналарини айланма маблағлар билан таъминлаш механизмини жорий қилиш зарурлиги таъкидланди.

photo_2019-12-24_17-55-00.jpg

Бухоро туманида йилига 20 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш имконига ва 3100 тонна сиғимли музлаткичли омборхонага эга бўлган “Проперти Индастри” МЧЖ иштирокида сабзавотчилик, 67 гектар майдонда токзор барпо этган ва фермер хўжаликларининг 340 гектар ер майдони бириктирилган “Галаривер” МЧЖ иштирокида узумчилик, 40 гектар майдонда интенсив боғ яратган, фермер хўжаликларининг 314 гектар ер майдони бириктирилган, сиғими 750 тоннага тенг музлаткичли омборхонаси мавжуд “Эмир парранда” МЧЖ иштирокида мева-сабзавотчилик, Ғиждувон туманидаги “Усмон Шер Шамшод” МЧЖ логистика маркази иштирокида мева-сабзавотчилик кластерларини ташкил қилишга келишиб олинди.

Ишчи гуруҳи кластерлар фаолияти самарадорлигини ошириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Жумладан, “Проперти Индастри” МЧЖ олдида турган молиялаштириш билан боғлиқ муаммони ечиш, бу борада таклифлар тайёрлаб ишчи гуруҳга ахборот бериш хусусида ТИФ Миллий банкига, “Усмон Шер Шамшод” МЧЖга кредит ажратиш бўйича “Ўзсаноатқурилишбанк”ига тегишли топшириқлар берилди. Мазкур корхонага 500 гектар майдонда ҳосилдор навлардан узумзор ташкил этиш ва томчилатиб суғориш тизимини жорий қилиш вазифаси белгилаб берилди.

“Галаривер” МЧЖ олдига эса келажакда вино маҳсулотларини ишлаб чиқариш вазифаси қўйилди. Шунингдек, корхонага 40 гектар майдонда наъматак етиштириш, маҳсулотни экспортга йўналтиришни ташкил этиш учун туман ҳокимлигига ер майдони ажратиш хусусида топшириқ берилди.

Юқорида номлари қайд этилган кластерлар томонидан 2020 йилда қиймати 13.5 млн АҚШ долларига тенг бўлган маҳсулотларни экспорт қилиш мақсад қилиб қўйилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 2,6 баробар кўп демакдир.

Ишчи гуруҳ Навоий вилоятида ҳам бўлиб, юқоридаги каби масалаларни ўрганди. Хусусан, вилоятнинг Нурота, Қизилтепа, Кармана ва Хатирчи туманларидаги сабзавотчилик-полизчилик, боғдорчилик, узумчилик ва иссиқхона хўжаликлари эгалари, қайта ишловчи ва экспорт қилувчи ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.

Хусусан, Нурота туманида кластер ташкил этиш ташаббуси билан чиққан “Козимбек нурли келажак сари” фермер хўжалигининг 150 гектар майдондаги ярим пакана шафтоли боғи ва 300 тонна сиғимга эга совуткичли омборхона фаолияти билан билан танишилди. Фермер хўжалигига боғда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш ва агротехнологик тадбирларни сифатли, ўз вақтида олиб бориш бўйича тегишли тавсиялар берилди.

“Нурота томорқа хизмат” МЧЖ томонидан туманда кластер ташкил этиш бўйича ўтказилган тақдимотда мева-сабзавотчилик кластерларини ташкил қиладиган 2 та ташаббускорда жорий қилинаётган тизим бўйича тушунчанинг етарли эмаслигини, мавжуд ер майдонлари тўлиқ бириктирилмаганлиги маълум бўлди. Шу боисдан, маҳаллий ҳокимлик раҳбарларига масалани чуқурроқ ўрганиш ва янги экспортчи-тадбиркорларни аниқлаб, бир ҳафта муддатда ишчи гуруҳига таклиф киритиш вазифаси юклатилди.

Туманда боғдорчилик билан шуғулланиш истагини билдирган фермер хўжаликлари билан ўтказилган суҳбатда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган очиқ ер майдонларида янги боғларни ташкил қилиш ҳисобига туманни шафтоли, олхўри ва гилос етиштиришга ихтисослаштириш бўйича кўрсатма берилди.

Хусусан, “Согдиана нон” МЧЖнинг 500 гектар майдонда интенсив усулда шафтоли боғи барпо этгани ҳисобга олинган ҳолда, ушбу корхона билан биргаликда қўшимча равишда 1000 гектар майдонда интенсив боғ барпо этиш, уларни тижорат банклари ва лизинг компаниялари орқали фермер хўжаликларига бўлиб бериш, кейинчалик улар негизида қишлоқ хўжалиги бирлашмаси тузиш таклифи берилди.

Хатирчи туманидаги ташаббускор “Хатирчи томорқа экспорт” МЧЖ, “Хатирчи экспорт кластер” МЧЖ, “Хатирчи инвест экспорт” МЧЖ ҳамда “Гулшан Диёрим менинг” фермер хўжалиги раҳбарларининг кластер ташкил этиш ва туманда 8630 гектар майдонда янги боғ ва токзорлар барпо этиш бўйича тақдимотлари муҳокама қилинди.

Республика ишчи гуруҳига Навоий вилоят ҳокимлиги билан биргаликда тумандаги эски боғ ва токзорлар ўрнида янги интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш, ҳар бир ташаббускорнинг мавжуд инфраструктура объектларини батафсил ўрганиш, уларнинг экспорт салоҳиятини таҳлил қилиш ва жорий йил якунига қадар экинларни жойлаштириш ҳамда “чемпион” кластерларни танлаб олиш бўйича таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилди.

Вилоятнинг Қизилтепа туманидаги “Янги аср” фермер хўжалигига қарашли йиллик қуввати 17000 тонна сутни қайта ишловчи комплекс, Кармана туманидаги “Zarafshon golden ground” МЧЖнинг 3,5 гектар майдонда ташкил этган иссиқхонаси, Хатирчи туманидаги “Тасмачи иқболи” фермер хўжалигига қарашли майизни қайта ишлаш ва қадоқлаш комплекси фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди.

Республика ишчи гуруҳи томонидан мева-сабзавот кластерларини ташкил этиш борасидаги масалаларни жойларга чиққан ҳолда ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech