Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
10 mar

Мамлакатимизда ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аграр тармоқда илғор технологияларни қўллаш, тупроқ емирилиши ва чўлланишнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда чўлга айланиш хавфи мавжуд ҳудудлардаги экологик вазиятни барқарорлаштириш йўлида кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётир. Ўзбекистон ҳукумати, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Глобал экологик жамғарма ҳамкорлигидаги экологик лойиҳа шулар жумласидандир.

2014–2018 йилларга мўлжалланган ушбу лойиҳа Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани ва Жиззах вилоятининг Зомин туманида амалга оширилмоқда. Қоракўл туманининг кўп қисми чўлдан иборат бўлиб, иқлим шароити оғир. Ёзда Қизилқум чўлларидан тез-тез иссиқ гармсел эсиб, ўсимликлар ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Тупроғи ҳам қумли, ювилиб кетишга мойил бўлиб, озуқа элементлари кам. Бундай шароитда мутахассислар қурғоқчиликка ва шўрланишга чидамли дарахтлар, жумладан, кўк терак, қайрағоч, тут, айлант, яшил шумтол, гўзал катальпа, оқ акация, япон софораси кабиларни экишни тавсия этмоқда.

– Мақсадимиз – чўл ва ярим чўлларда иқтисодий фойда келтирадиган ўсимлик турларини аниқлаш, ер ресурсларини бошқаришнинг барқарор усулларини синовдан ўтказиш, аҳолининг яйловлардан оқилона фойдаланишини янада ошириш орқали экотизим барқарорлигини таъминлашдир, – дейди Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси бўлим бошлиғи, биология фанлари номзоди Ҳожимурод Толипов. – Шу боис лойиҳа доирасида аҳоли яшаш ҳудудлари атрофига экиш учун 25 минг дона кўчат ва тез ўсувчи турк тераги қаламчалари фермерларга ва аҳолига бепул тарқатилмоқда. Экиладиган кўчат турларини тўғри танлаш ва экиш агротехникаси бўйича ҳам амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Мисол учун, игна баргли дарахтлардан виргин арчаси, туя ва компактли туя дарахтлари қурғоқчиликка ва шўрланишга чидамли ҳисобланади. Бу дарахт кўчатлари якка-якка ёки бир қатор қилиб, ҳар 3–4 метр масофада экилса, яхши самара беради. Улар ёруғсевар бўлиб, сояда ривожланмасдан нобуд бўлади.

Мевали кўчатлардан балх тути, шотут, чилонжийда, ўрик, беҳи, нон жийда, ток бу ҳудудда яхши ўсади. Буталардан бирючина, аморфа ва наъматакдан яшил тўсиқ сифатида фойдаланилади.

Ҳ.Толиповнинг таъкидлашича, илдизи очиқ кўчатларни гўнг ва тупроқ аралашмаси билан тайёрланган шарбатга ботириб, игна барглиларни илдиз заминини зарарлантирмасдан экиш муҳим. Агар илдиз атрофидаги тупроқ ёрилса, экилган кўчат қурийди. Экилган кўчатлар атрофини биринчи йил уч марта юмшатиш ва камида 7–10 марта суғориш, иккинчи йил икки марта юмшатиш ва 7–8 марта суғориш керак. Ёши катталашган сари тагини юмшатиш ва суғориш миқдори камайиб боради.

Қоракўл туманидан фарқли равишда Зомин тоғ ва тоғ олди ҳудудида жойлашган. Лойиҳа доирасида бу ҳудуднинг намлик етарли бўлган майдонларида 5 минг туп ёнғоқ, ярим чўл лалми ерларда 5 минг туп бодом, 5 минг туп чилонжийда ва 20 минг туп писта кўчатларини экиш ишлари амалга оширилмоқда.

Зомин туманидаги сув чиқмайдиган ярим чўл ҳудудларнинг йўл бўйларига синов тариқасида 15 минг туп саксовулнинг бир ёшли ниҳоллари экилмоқда. Мазкур ҳудудларда агротехника қоидаларига амал қилган ҳолда саксовулни экиш яхши натижа бериши кутилмоқда. Суғориш имкони мавжуд ерларда 40 минг дона турк тераги қаламчалари экилади.

Мутахассислар экишда қаламчалардан фойдаланиш ҳам муҳим эканлигини қайд этишмоқда. Бунда қаламча олиш учун тайёрланган навдалар баҳорги экиш мавсумигача 40-60 сантиметр чуқурга кўмиб қўйилади. Имкон қадар навдалар кўмиладиган жой қуёш нуридан сақланган бўлиши лозим.

Амалга оширилаётган бундай юмушлар чўл экотизимлари барқарорлигига эришиш ва аҳоли фаровонлигининг янада ошишига хизмат қилади.

Манба: УзА




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech