Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
17 jun

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигида манфаатдор вазирлик ва ташкилотларнинг масъуллари ва мутахассислари иштирирокида доривор ўсимликлар етиштириш, қайта ишлаш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини кучайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Президентнинг 2020 йил 10 апрелдаги “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда ҳамкор вазирлик ва идоралар вакиллари, илмий-тадқиқот институтлари олимлари, доривор ўсимликлар етиштирувчи кластерлар раҳбарлари иштирок этди. Асосий эьтибор аҳолини табиий дори воситаларига бўлган эҳтиёжини қондириш, соҳа самарадорлигини ошириш ва экспорт потенциалини кучайтиришга қаратилди.

Йиғилишда Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Алишер Шукуров доривор ўсимликларни етиштиришда соҳа мутахассисларининг ҳамкорлигининг кенгайтириш, бу борада истиқболли ташаббусларни амалга ошириш ва “Ўзбекистон Республикасида 2020-2030 йилларда доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлаш, табиий дори воситалар ассортиментини кўпайтириш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини кучайтириш стратегияси” лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади. 



Республикада сўнгги йилларда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил этиш ва уларни қайта ишлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бироқ таҳлиллар доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, уларнинг плантацияларини ташкил этиш, қайта ишлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, бугунги кунга қадар соҳа мутахассислари томонидан шўрланган ерларда 111 турдаги доривор ўсимликлар ўрганилган. Республика бўйича сўнгги йилларда 13 минг 114 гектар майдонда кўп йиллик шифобахш гиёҳлар экилган. Доривор ўсимликларни уруғ ва кўчатлари етиштириб бериш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида 7 та ташаббускор томонидан турли доривор ўсимликлар етиштирилмоқда.  



- Асосий масала доривор ва зиравор ўсимликларни Қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига киритиш,оналик майдонларини барпо этиш, кўчатчилик ва уруғчилик тизимини яратиш, доривор ўсимликлар етиштириш агротехнолияларини ишлаб чиқиш соҳа ривожига замин яратади,- дейди Доривор ва зиравор ўсимликларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Адиба Ахмеджанова. - Мутахассислар қайд этишича, мазкур йўналишдаги ишлар тизимли йўлга қўйилса, тизим фаолияти янада такомиллашади. Натижада фармацевтика корхоналари ва доривор ўсимликларни етиштирувчи кластерларнинг маҳсулотларга талаб ва таклиф муносабатлари тартибга солинади. Республикдаги соҳа ривожига масъул бўлган вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги натижасида фармацевтика саноатини хом ашё билан таъминланиши билан бирга, экспорт салоҳиятини кучайтиради.

Шунингдек, жамоат жойларида махсус фитобарлар ташкил этишга доир ягона тартибни ишлаб чиқиш ва ўрнатилган тартибда тасдиқлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди. Бунда доривор ўсимликлар хусусиятларини инобатга олиб, тавсия этиладиган тоифалари ва истеъмол меъёрларини белгилаш лозимлиги айтилди. 


Тадбирда иштирокчилар томонидан мавзу бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Билдирилган таклифлар асосида маълумотлар алмашинуви йўлга куйиш борасида келишиб олинди. 


Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech