Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
19 dec 2018

     Халқалаш ток танасида айланасига ингичка чизиқ кўринишидаги пўстлоқни кесиб олишдир. Бу амалиёт ҳар йили токнинг ўқ танасида (ствол) ёки кўп йиллик тана, яъни “қўл” қисмларининг илгари халқаланмаган қисмида амалга оширилади. Халқалаш углевод ва гормонлар токнинг флоэма (ички пўстлоқ) қатлами бўйлаб пастга қараб оқишини тўхтатиб қўяди ва тўғри вақтда амалга оширилганда аксарият уруғсиз хўраки навларда узум доналари ҳажмини оширади. Тўғри халқалаш узум доналари ҳажмини 10-30 фоизга ошира олади. Бу усулдан энг яхши натижалар тўлиқ гуллаш давридан 10 кун ўтгач қўлланилганда олинади - одатда май ўрталаридан охиригача бўлган даврга тўғри келади. Халқалаш усули фақат вояга етган токларга нисбатан қўлланилади, токлар камида 4-5 йиллик ривожланишга эга бўлиши лозим. Агар ток танаси жуда йўғон ва эшилган бўлса, асосий катта новдаларни халқалаш тавсия этилади. Халқаланган ва халқаланмаган новдаларда етилган узум доналари ўртасидаги фарқни кўриш учун баъзи новдаларни халқалаб, усулнинг самарали эканлигига ишонч хосил қилиш мумкин.

Фото-1.jpg

     Бевосита кесишга киришишдан аввал халқаланган қисм осилиб турган бўш пўстлоқ қатламидан тозаланади. Чизиқ кенглиги 5-6 мм.ни ташкил этади. Флоэма қатлами тўлиқ олиб ташланиши муҳим аҳамиятга эга, шунинг учун пичоқни яхшигина куч билан босиш талаб этилади. Халқалангандан сўнг 20 дақиқа ўтгач унинг тўғри амалга оширилганлигини текшириш мумкин - тўғри халқаланганда тўлиқ оқ рангдаги ксилема (ёғоч) кўриниб туради. Халқалангандан сўнг қолиб кетган жигарранг тусдаги ҳар қандай қисм йўқотилиши лозим; флоэма тўқималарининг хатто 3 мм қолиб кетиши ҳам халқалаш орқали эришиш мумкин бўлган натижаларни йўққа чиқаради. Чандиқни жуда чуқур тушириш салбий оқибатларга эга: сув ҳаракатланадиган ксилема қатламига зарар етказиш токни кучсиз қилиб қўйиши мумкин. Кесиш тўғри амалга оширилганда, кесилган пўстлоқ осон ажралиб чиқиши керак.

Фото-2.jpg

Манба: Инновацион технологияларни жорий этиш ва таълим бошқармаси




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech