Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
24 oct

Жорий йилнинг 24 октябрь куни пойтахтимиздаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институтида “Сифатли ва рақобатбардош пилла хомашёси етиштиришнинг долзарб муаммолари” мавзуида анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманнинг очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази бош директори ўринбосари Б.Ҳолиқов,“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси Б.Шарипов, Ипакчилик илмий-тадқиқот институти директори Ш.Умаров ва бошқалар мамлакатимизда ипакчилик соҳасида иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, чет эл инвестицияларини кенг жалб қилиш, жаҳон бозорига рақобатбардош тайёр маҳсулотлар етказиб бериш ҳажмларини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар.

Кейинги йилларда институтда 20 дан ортиқ истиқболли тут навлари ва яна шунча ипак қурти зот ва дурагайлари яратилди. Давлат реестрига киритилган ипак қурти ва тут навларининг юқори кўрсаткичга эга бўлганлари танлаб олинди. Ипак қуртининг “Ўзбекистон-5”, “Ўзбекистон-6”, “Ипакчи-1”, “Баҳор-1” “Олтин водий”, “Наврўз” ҳамда тутнинг “Сурх-тут”, “Жарариқ-8”, “Топкросс-3” каби дурагайлари шулар жумласидандир. Ҳозир юртимизда боқилаётган ипак қуртининг 55-60 фоизи институт олимлари томонидан яратилган. Шунингдек, ипак қурти уруғини тайёрлаш, боқиш, пиллага дастлабки ишлов бериш, тут ниҳолларини етиштириш бўйича технологик карталар ишлаб чиқилди. Марказлаштирилган ипак қуртини боқиш интенсив технологияси яратилди.

Айни вақтда Хитой, Япония, Жанубий Корея, Вьетнам, Болгария, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон каби мамлакатлар билан ипакчиликнинг турли йўналишларида ҳамкорлик қилинмоқда.

Анжуманда ипакчиликни механизациялаштириш, тут дарахти селекцияси ва агротехникаси, ипак қурти биотехнологияси ва озиқлантириш каби кўплаб мавзуларда маърузалар тингланди.

Манба: Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech