Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 nov

photo_2019-11-07_21-25-31.jpg

Техника – деҳқоннинг қаноти, деб бежизга айтилмайди. Ер ҳайдаш, экиш, экинларга ишлов бериш, ҳосилни йиғиб-териб олиш ишлари қанчалик техника билан қамраб олинган бўлса, машаққат ҳам шунчалик кам бўлади. Шу боисдан, кейинги йилларда қишлоқ хўжалигини, жумладан, боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчилик ва чоравачилик соҳаларини механизациялашга катта эътибор қаратилмоқда.

Афсуски, мазкур соҳаларга ихтисослашган фермер хўжаликларини техника билан таъминланиш даражаси талабга жавоб бермайди. Сабзавот, полиз, картошка экинларига, боғ ва ток қатор ораларига ишлов берадиган техникалар билан таъминланганлик даражаси меъёрдан паст. Маънавий ва жисмоний жиҳатдан эскирган мавжуд техника ва агрегатларнинг иш унумдорлиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Интенсив боғ ва токзорларда қатор орасига ишлов берадиган тежамкор, иш унумдорлиги юқори минитехника, сабзавот ва картошка экадиган, ҳосилни йиғиб оладиган техникалар деярли мавжуд эмас.

Юқоридаги сабабларга кўра сабзавот, полиз ва картошка экинларини ўз вақтида экиш, озиқлантириш, касалликларга қарши кураш ҳамда йиғиштириб олиш, боғ ва токзорларда сифатли агротехник тадбирларни мақбул муддатларда ва меъёрларда ўтказилиши таъминланмаяпти.

photo_2019-11-07_21-25-28.jpg

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 9 декабрда қишлоқ хўжалиги ходимлар кунига бағишлаб ўтказилган йиғилишда қишлоқ хўжалигини механизациялаш борасида бир қатор топшириқлар берган эди. 2018 йилда мазкур топшириқлар ижросини таъминлашга қаратилган иккита Президент қарори қабул қилиниб, ўтган йили жами бўлиб 12 мингдан ортиқ қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатлари жойларга етказиб берилди.

Алоҳида қайд этиш керак, давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигини механизациялаш даражасини тубдан яхшилаш, пировардида деҳқон, фермерларнинг оғирини енгил қилиш, ҳосилдорликни яхшилашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жорий йилнинг 4 апрелида ва 30 июлида қабул қилинган аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлаш ва қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантиришга доир Президент қарорлари ушбу эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Мазкур қарорлар ижросини таъминлаш доирасида жорий йилнинг 10 ойида қиймати 1,4 трлн сўмлик 9673 та қишлоқ хўжалиги техника ва агрегатлари жойларга етказиб берилди.

Эътиборлиси, техника паркини янгилаш даражаси сўнгги 5 йил давомида йилига ўртача 4-5 фоизни ташкил этган бўлса, охирги 2 йилда бу кўрсаткич биринчи марта йилига 10-12 етиб, 7-8 фоизга ошди, техника паркининг таъминланиш даражаси эса 85 фоиздан 92 фоизга етказилди.

Бу чора-тадбирлар ўз самарасини бераяпти, албатта. Жумладан, жорий йилда янги қишлоқ хўжалиги техникаларининг етказиб берилиши ҳисобига чигит экиш мавсуми 25 кундан 15 кунга, ғалла ўриш мавсуми 30 кундан 22 кунга қисқарди ҳамда шудгорлаш ишларини 25-30 кунда якунлашга имкон яратилди. Энг асосийси, агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли ўтказилиши туфайли ҳосилдорликни 10-15 фоизга оширишга эришилмоқда.

Қайд этиш лозим, давлат раҳбарининг юқоридаги қарорларига асосан республикада ишлаб чиқарилган барча турдаги тракторлар, ғалла ва пахта сеялкалари, шунингдек, уч ёки ундан ортиқ омоч корпусларини харид қилиш учун кредит, лизинг шартномалари бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари ҳамда лизинг компаниялари томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 10 фоизи Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади. Шунингдек, 2019 ― 2021 йилларда қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан маҳаллийлаштириш даражаси 20 фоиздан кам бўлмаган ҳолда республикада ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникалари харид қилинганида техника нархининг 15 фоизи миқдорида субсидия берилади.

Жорий йилда тажриба тариқасида Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан жалб қилинадиган пахта териш машиналари хизматидан фойдаланганлик учун харажатларнинг 30 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.

photo_2019-08-15_12-46-35.jpg

Албатта, соҳадаги вазиятни тубдан яхшилаш учун вақт, имкониятлар талаб этилади. Юқорида баён этилганларни эса бу борада амалга оширилаётган ишларнинг дебочаси дейиш мумкин ва қишлоқ хўжалиги техника паркини янгилаш изчил давом эттирилади.

Манба: Вазирлик Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech