Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
7 dec 2018

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 декабрдаги 03/1-3184-сонли йиғилиш баёни ижросини таъминлаш мақсадида Республика ҳудудларида 2018 йилнинг 8-10 декабрь кунлари Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ва Ҳосил байрамини нишонлаш режалаштирилган.

Сурхондарё вилоятида байрамнинг асосий тадбирлари 8 декабрь куни ўтказилади. Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм, Фарғона, Тошкент вилоятларида байрам тадбирлар ва оммавий сайллар 9 декабрь кунига белгиланган. Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги ходимлари эса 10 декабрь куни байрам тадбирларида иштирок этадилар.

Байрамнинг кўтаринки руҳда, уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида барча зарурий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1 тоннага яқин ош дамланиб элга тарқатилади. Нукус шаҳридаги марказий ипподромда ўтказиладиган улоқ ва от чоптириш мусобақалари ғолибларига 1 донадан "Кобальт" ва "Спарк", 5 дона мотоцикл ва бошқа қимматбаҳо совғалар ажратилган.

Барча ҳудудлардаги байрам тадбирларида миллий ўйинлар - улоқ-кўпкари, кураш мусобақалари ташкил этилади.

Самарқанд вилоятида байрам куни эрталаб туман ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарларига тантанали равишда "Нива Шевролет" русумли хизмат автомашиналари топширилади.

Қашқадарё вилоятида ташкил этиладиган байрам тадбирлари оммавий тус олиб, барча туманларда қарийб 27 минг нафардан ортиқ қишлоқ хўжалиги соҳаси меҳнаткашлари иштирокида байрам дастурхонлари ташкил этилади. Фарғона вилоятида ўтказиладиган байрам тадбирларида эса 15 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари вакиллари, икки минг нафар қишлоқ хўжалиги ходимлари, олти минг нафардан ортиқ меҳнат фахрийлари иштирок этишлари таъминланади.

Байрам тадбирларида таниқли санъаткорлар ва сўз усталари иштирокида маданий дастурлар ишлаб чиқилган бўлиб, ҳар бир ҳудудда бу тадбирлар ўз анъаналаридан келиб чиққан ҳолда ўтказилади. Сирдарё ва Жиззах вилоятларида маданий тадбирлар очиқ майдонларда ташкил этилади. Тошкент ва Андижон вилоятларида эса тантаналар мажмуаларида театрлаштирилган чиқишлар намойиш этилади.

Шунингдек, байрам арафасида ва уни нишонлаш кунлари соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган 10 мингдан ортиқ ходимлар, меҳнат фахрийлари, олим ва мутахассислар, илғор фермер хўжаликлари раҳбарлари ва ишчи ходимларига вазирлик ва идораларнинг кўкрак нишонлари, маҳаллий давлат ҳокимият органларининг "Фахрий ёрлиқ" ва "Ташаккурнома"лари, қимматли совғалар топширилади.

Бундан ташқари, байрам тадбирларини юқори савияда ўтказиш мақсадида шаҳар ва туманларда улгуржи савдо базалари ҳамда деҳқон бозорлари томонидан аҳоли учун арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилади. 

Манба: Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech