Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
29 dec 2018

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 декабрдаги Олий мажлисга мурожаатномасида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида бир қатор таклифлар берилди.

“Кейинги йилда кластер усулида пахта етиштиришни камида 52 фоизга етказиш учун 48 та пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шу билан бирга, ғалла ва мева-сабзавот кластерлари фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш керак. Бу соҳа биз учун нисбатан янги эканини инобатга олиб, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, жумладан, кредит тизимини соддалаштириш, харажатларни субсидиялаш, ер ажратиш билан боғлиқ тартибларни қайта кўриб чиқиш талаб этилади.

Уруғчиликда асл навларни яратиш мақсадида, тажриба-селекция ишларини тубдан жонлантириш лозим. 

Бунинг учун уруғчилик ва селекция билан шуғулланадиган институтларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, давлат-хусусий шериклик асосида уруғчилик кластерларини ташкил қилиш талаб этилади.

Қишлоқ хўжалиги экинлари ва чорвачилик бўйича янги тармоқларни ривожлантиришимиз зарур.

Бугунги кунда фермер хўжаликларининг йиллик чорва озуқасига бўлган эҳтиёжининг фақат 35 фоизи маҳаллий имкониятлар ҳисобидан қопланмоқда. 

Шу сабабли янги ерларни ўзлаштириш орқали экин майдонларини кенгайтириш эвазига чорванинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, балиқчилик, паррандачиликни ривожлантириш ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кескин кўпайтиришимиз керак.

Яна бир муҳим вазифа – сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенг қўллашдан иборат.

Вазирлар Маҳкамасига икки ой муддатда бу масала бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш топширилади.

Қишлоқ хўжалиги мақсадларида ер бериш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш керак.

Ердан самарали фойдаланиб, мўл ҳосил олаётган кўп тармоқли фермер хўжаликларига ўз фаолиятини кенгайтириши учун қўшимча ер майдонларини ажратиш лозим.

Аграр соҳада энг катта муаммо – фермерларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасида етарли билимга эга эмаслигидир.

Тўғри, уларда куч-ғайрат, ташаббус, ерга меҳр бор, кўпчилигининг кўзи ёниб турибди. 

Лекин, афсуски, биргина хоҳиш билан биз юқори ҳосилдорликка ва пировард натижага эриша олмаймиз. 

Бизга қишлоқ хўжалиги технологияларини мукаммал эгаллаган, замонавий ишлаб чиқариш ва инновация усулларидан хабардор фермерлар сув билан ҳаводек зарур. 

Фермерлар кенгаши Қишлоқ хўжалиги ва Сув хўжалиги, Инновацион ривожланиш вазирликлари билан ҳамкорликни кучайтириши, фермерларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш дастурларини ишлаб чиқиши лозим. 

Қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлардан мақсад – иқтисодий фойда кўриш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдан иборатдир. Буни ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз зарур.

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда “2019-2024 йилларда мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш миллий дастури”ни қабул қилиши керак.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мамлакатимизда мева-сабзавот етиштириш бўйича кластер тизими қандай ҳолатда эканини чуқур таҳлил қилиб, 2019 йил 1 мартга қадар бу борадаги мавжуд тўсиқларни бартараф этишга доир таклифларни киритсин.”

 

Манба: Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech