Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
12 feb

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлайдиган энг муҳим соҳалардан бири бўлган қишлоқ хўжалигини стратегик ёндашувлар асосида тараққий эттиришга алоҳида эътибор қаратди. Хўш, жорий йилда қишлоқ хўжалиги ва унинг тармоқларида қандай ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда?

Тизим фаолиятини ривожлантириш, фермер-деҳқонлар даромадларини ошириш ва аҳоли дастурхонини сифатли мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш борасида келгусида амалга оширириладиган саъй-ҳаракатлар борасида Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев интервью берди.

photo_2020-02-11_19-48-51.jpg

- Президентимиз фермер ва деҳқонлар манфаатдорлигини оширмасдан туриб, иқтисодиётни барқарорлаштириб бўлмаслигини таъкидлагани бежизга эмас. Хусусан, мазкур жараёнда пахта ва ғалла етиштириш бўйича давлат буюртмасининг бекор қилиниши ҳамда жойлаштирув механизмини босқичма-босқич девирсификация қилиш белгилаб қўйилди. Бу жараён қандай амалга оширилади?

- 2020 йилдан пахта ва ғалла учун давлат буюртмасининг бекор қилиниши, дарҳақиқат, ҳудудларда яшайдиган мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизи ҳаётида туб бурилиш ясайди. Албатта, бу соҳада стратегик аҳамиятга эга, инқилобий янгилик бўлди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси сўнгги икки йил ичида пахтачилик соҳаси кластер тизимига ўтказилиб, эндиликда улар бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда эркин тарзда етиштиришлари белгиланди.

Хусусан, Президентимиз раҳбарлигида жорий йил 4 февраль куни қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолиятини янада ривожлантириш масалалари бўйича ўтказган йиғилишида кластерларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, уларни танлаш, фермерлар билан муносабатларини тўғри йўлга қўйишнинг очиқ-ошкора механизмларини жорий этиш бўйича вазифалар белгиланди. Эндиликда жойларда тажрибали фермерларимиз фаолият юритмоқда, янги-янги ихтисослаштирилган қишлоқ хўжалиги кластерлари ташкил этилмоқда. Улар ўз манфаатидан келиб чиқиб, пахта етиштиради, уни қайта ишлайда ва экспорт қилади.

Шу мақсадда жорий йилда 81 минг гектар майдонга тажриба-синов тариқасида фермерлар иштирокида кооперация тузаяпмиз. Бу орқали соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантиришни мақсад қилдик.

Шунингдек, қисқа муддат ичида Президент қарори, фармони лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйча топшириқ берилди. Унга кўра, янги механизмларни жорий этиш вазифалари белгиланади. Биринчидан, пахта дунёдаги нархдан келиб чиққан ҳолда сотиб олинади. Иккинчидан, пахтага режа белгиланмайди, фермерлар ва кластерларимиз режа учун эмас, ўзи учун мехнат қилишни бошлайди.

Қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштиришда ҳам рақобат бўлади. Қайси маҳсулот манфаатли, бозорбоп ва эҳтиёжга қараб харидори бўлса, кўпроқ экилади. Ушбу талабларга жавоб берадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш туманлар иқлим шароитидан келиб чиқиб ихтисослаштирилади.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида бу каби туб ислоҳотларни бажаришда бевосита Вазирликнинг зиммасида қандай вазифаалар белгиланади? Умуман олганда, мазкур саъй-ҳаракатларни амалга оширишда келгусида қандай режалар белгиланган?

– Биз 2023 йилгача экинларни тўғри жойлаштириш ва ўз вақтида экилишини таъминлаш тизимини босқичма-босқич диверсификация қилиш бўйича олдимизга марра қўйдик. Давлат буюртмасидан кечиш жараёни осон бўлмайди. Бунинг учун биз рақобатбардош қишлоқ хўжалигини яратишимиз керак. Уч йил давомида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги фермерларга ёрдам берадиган, уларга яқиндан кўмаклашувчи ташкилотга айлантирилиши керак.

Бу борада кўплаб соҳа экпертлари билан ишлаяпмиз. Масалан, машҳур консталтинг компаниялардан бири “Boston Consulting Group” (BCG) билан дастлабки келишувлар бўйича республиканинг табиий-иқлим ва тупроқ шароитига мос ҳолда интенсив боғ ва токзорлар, сабзавот, полиз экинларини оптимал жойлаштириш бўйича ҳар бир туманнинг географик харитасини ишлаб чиқяпмиз. Бундан ташқари хориж давлатларида бизнинг ўрнимиз қишлоқ хўжалиги махсулотлари билан қаерда ва нима сота оламиз, деган саволларга жавоб бўлувчи катта концепцияни якунлаяпмиз. Умуман олганда, ушбу концепцияни жойлардаги фермерларимиз ва янги кластерларда жорий қилишимиз керак.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигидаги мазкур ўзгаришлар, амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар халқимизга, хусусан, деҳқонларга қандай фойда келтиради?

– Авваламбор, ердан оладиган даромади ошади. Етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти харидоргир, бозор нархида сотишга қулай шароит яратилади. Энди буёғига рақобат муҳити шаклланади. Қайси маҳсулот сифатли ва ундан манфаат кўп бўлса, етиштириш имконияти кенгаяди.

Айниқса, ички бозорда аҳоли эҳтиёжлари қондирилиб, мева-сабзавотларимиз мўл-кўл, тури ва миқдори кўпаяди. Бу орқали инфеляция даражаси ва маҳсулотларимизнинг тан нархи пасайишига эришилади.

Давлат раҳбаримиз томонидан жорий йилнинг 4 февраль куни ўтказилган йиғилишда кластерларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, уларни танлаш, фермерлар билан муносабатларини тўғри йўлга қўйишнинг очиқ-ошкора механизмларини жорий этиш бўйича вазифалар белгиланган эди. Бу борада амалга оширилиши зарур бўлган устувор вазифалар хусусида маълумот берсангиз?

– Йиғилишда Президентимиз томонидан соҳага оид кўплаб топшириқлар берилди. Мақсад – биз рақобатбардош бўлишимиз, диверсификация қилишимиз учун янги тизим яратмоғимиз керак. Мева-сабзавот йўналишида хам пахтачиликдаги каби кластерларни яратишимиз керак.

Бир неча ой илгари давлатимиз раҳбари томонидан жойларда соҳани ўрганиш бўйича катта ишчи гуруҳи тузилди. Улар билан биргаликда вилоятларда юқори салоҳиятли мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи, музлатгичлари бор, қайта ишловчи корхоналар вакиллари билан мулоқот қилдик. Қандай қилиб биз бу тизимни яратамиз? Диверсификация қилишни фақатгина давлатнинг ўзи қилолмайди. Биз бозор иқтисодиётига ўтганимиздан кейин унинг ўз эгалари бўлиши керак.

Мева-сабзавот етиштирувчи ва қайта ишловчилари орасидан янги тизим асосида ишлаш учун 150 нафардан ортиғини танлаб олдик. Биз улар билан бирга 2020 йил тажриба синов тариқасида маҳсулот етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича ҳамкорликда фаолият олиб борамиз. Бунинг учун бир нечта вазирлик ва идоралар айланма маблағи ажратиш, чет эл бозорларини ўрганиш ва маҳсулотларни олиб чиқишда уларга яқиндан ёрдам беради. Ўйлайманки, 2020 йил якунида эришган натижаларимиз хулосаси асосида ушбу тизимни бутун республикада жорий эта оламиз.

Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан мева-сабзавотчиликка жуда катта эътибор қаратилди. Хусусан, қишлоқ жойларда интенсив боғдорчилик ва суғориш тизимлари, замонавий иссиқхоналар, мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, калибровка, саралаш ва қадоқлаш, музлаткичли омборхоналар, умуман шундай логистик марказлар ишга туширилди. Бироқ, улар фаолиятини ўрганганимизда, атига 30-40 фоизи амалда ишлаяпти холос. Сабаб қайта ишловчилар ва деҳқон-фермерлар орасида ҳамкорлик йўқлигидир. Давлатимиз раҳбари бунга алоҳида эътибор бериб, кластерлар ва фермерлар ўртасидаги шартномавий боғлиқлик яратиладиган бўлди. Энди кластерлар ўзларига бириктирилган фермер хўжаликларига сифатли ва экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун талаб этиладиган уруғлик, кўчат, ёқилғи, минерал ўғитларни (азотли, фосфорли, калийли) етказиб бериши, шунингдек, агротехник тадбирларни замонавий билимлар асосида, мутахассисларни жалб қилган ҳолда ташкил этиши зарур. Шундагина етиштирилган маҳсулотнинг харидори бўлади.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга ошириладиган бундай ислоҳотлар аҳоли турмуш фаровонлигини янада яхшилайди, соҳага бозор механизмларини кенг жорий қилишни таъминлайди. 

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech