Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
11 jun

Ижтимоий тармоқларда мамлакатимизнинг жанубий вилоятларига улкан чигирткалар галаси учиб келаётгани, у коронавирус пандемияси, Бухоро ва Сардобадаги фалокатлардан кейинги офат бўлиши мумкинлиги кенг муҳокама қилинмоқда. Бу борадаги қатор масалалар юзасидан вазирликка ҳам саволлар келмоқда, мурожаатлар юборилмоқда.

2020 йилда республика бўйича зарарли чигирткаларни 597,9 минг гектарда тарқалиши ва кимёвий ишлов ўтказилиши башорат қилинган. Бу борадаги кураш тадбирлари бўйича дастурлар ишлаб чиқилиб, жойларга етказилган.

Қайд этиш керакки, юртимизнинг ҳар бир вилоятида зарарли чигирткаларга қарши кураш хизматлари мавжуд. Кураш тадбирларини муваффақиятли ўтказиш бўйича техника, ёқилғи мойлаш материаллари ва кимёвий воситалар заҳираси тўлиқ яратилган. Бунинг учун 152 та трактор ОВХ пуркагичлари, 301 та моторли қўл пуркагичлари, 35 та автомашинага ўрнатилган УМО пуркагичлари, 7 та мотодельтаплан, 1 та газ-66-01 ўрнатилган FM-40 пуркагичи, 2 та трициклга ўрнатилган шлангли пуркагич, 55 та водовоз ва 653 нафар ишчилар жалб этилган.

Айни вақтда зарарли чигирткаларни 403,3 минг гектар майдонда тарқалганлиги аниқланиб, 382 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилди, жумладан, Қашқадарё вилоятида 94 минг гектарда, Сурхондарёда 84 минг гектар, Жиззахда 88 минг гектар, Қорақалпоғистон Республикасида 30 минг гектарда, Самарқандда 21 минг гектар, Тошкентда 19 минг гектар, Навоийда 22 минг гектар, Бухорода 11 минг гектар, Фарғонада 3 минг гектар, Сирдарёда 5.4 гектар, Андижонда 2.4 гектар, Наманган вилоятида 2.8 гектар ва хоразм вилоятида 2 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилди.

Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, ҳозирда Африка ва Марказий Осиё давлатларида саҳро чигирткаси ёппасига кўпайиб, 15 миллион гектар майдонда кўчиб юрибди. Афғонистон, Эрон, Судан, Эфиопия, Миср давлатларига саҳро чигирткалари келтирган зарар 500 миллион доллардан ошиб кетди.

Чигирткалар барча қишлоқ хўжалик ўсимликларини зарарлайди: арпа, буғдой, оқ жўхори, тариқ, маккажўхори, тамаки, беда, ғўза ва полиз экинларига айниқса катта зарар етказади. Ёппасига кўпайган йилларда ток ва мевали дарахтларнинг барглари билан ҳам озиқланади. Ушбу зарарли ҳашаротлар Ўзбекистон ҳудудида қадим замонлардан буён мавжуд. Тарихий маълумотларга кўра, ўтган асрнинг биринчи ярмида кўплаб очарчиликларга сабаб бўлган.

Демак, улар келтирадиган иқтисодий зарар жуда йирик бўлиши мумкин. Мисол учун, 1982 йилда юртимизда Марокаш чигирткаси ёппасига кўпайиш оқибатида 40 минг гектар пахта, 30 минг гектар ғалла ва 10 минг гектар майдонидаги томорқа экинлари нобуд бўлган. 2009 йилда эса қўшни давлатлардан марокаш чигирткасининг ёппасига учиб ўтиши оқибатида биргина Музробот туманида 2000 гектар майдондаги пахта ҳосили барбод бўлган.

Айни вақтда юртимизда 150 дан ортиқ чигиртка тури тарқалган бўлиб, тўда ҳосил қилиб яшовчи Марокаш, Осиё ва воҳа чигирткалари шулар сирасидандир. Шу кунларда юртимизда марокаш чигирткаси кенг тарқалгани ҳисобга олиниб, кимёвий кураш олиб борилаётган майдонларда асосий эътибор марокаш чигирткасига қаратилмоқда. Бу турдаги чигирткалар кенг тарқалган тарихий майдонларнинг аксарият қисми давлатлараро трансчегаравий ҳудудларга тўғри келади. Кўпайиш майдонлари тоғ ва тоғ олди яйловларига тўғри келадиган марокаш чигирткаси шу кунларда қанот чиқариб, уричий бошлади. Табиий нобуд бўлиш даврини эса 20-25 кундан сўнг кузатиш мумкин.

Бу оилага мансуб қизил саҳро чигирткалари ҳам хавфли бўлиб, улар жуда йириклиги билан ажралиб туради. Хусусан, катталиги 7 сантиметр бўлган бу ҳашаротлар шамол ёрдамида 2-6 минг километр масофагача бемалол учиб ўта олади. Булар учиб узоқ ҳудудларга, мамлакатдан мамлакатга кўчиб ўтиши учун қанот чиқариб, вояга етиши керак. Бунга эса чигирткаларга қарши кураш хизмати асло йўл бермайди.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech