Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
17 mar

2019 йил 14 мартдаги ПҚ №4239 Президент Қарорига биноан Ўзбекистонда ихтиёрийлик ва ўзаро иштирок тамойиллари асосида мустақил ва ўзаро боғлиқ қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларининг кооперацион бирлашиши институти жорий этилади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа давлат идоралари томонидан ишлаб чиқилган механизмга биноан бошланғич лойиҳалар сифатида Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ва Зомин, Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Ургут, Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қува, Тошкент вилоятининг Қибрай ва Паркент туманларида қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ташкил этилади. Ушбу қишлоқ хўжалиги бирлашмалари мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш ва сотишда фаолият олиб боради.

Тажриба-синов босқичи 2019-2020 йилларда амалга оширилади ва унинг якунларига кўра қишлоқ хўжалиги бирлашмаларининг кооперацион бирлашуви институти республиканинг бошқа ҳудудларида тадбиқ этиш режалаштирилган.

Кооперацион бирлашув институтининг анъанавий тизимдан асосий афзаликлари мева-сабзавот маҳсулотларининг бозорларини маркетинг-таҳлил қилиш, қишлоқ хўжалиги техникасидан биргаликда фойдаланиш, сотувларни марказлашган ҳолда йўлга қўйиш, маҳсулотларни ишлаб чиқариш юзасидан келишилган чора-тадбирларни амалга ошириш каби рақобатда устунликка эришишга кўмаклашувчи имкониятлар мавжудлигидан иборат.

Фермер хўжаликларини янги тизимга жалб қилиш мақсадида давлат томонидан бир қатор рағбатлантириш чоралари жорий этилади. Жумладан, 2019 йил 1 мартдан бошлаб ихтисослашган қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва уларни кейинчалик алмаштириш тўғрисидаги қарорни мустақил равишда қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бундан ташқари, Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан кўчатлар ва сертификатланган уруғларни ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналарини харид қилиш учун тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатлари қисман қопланади. Қўллаб-қувватлаш тижорат банки томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида, аммо 5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган, валютада бериладиган кредитлар бўйича 1,5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган миқдорда амалга оширилади. Қишлоқ хўжалиги бирлашмаларидан мева-сабзавотларни сотиб оладиган экспортчилар ҳам давлат томонидан Давлат бюджети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ва жалб этиладиган халқаро молиявий институтлар маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватланади. Субсидия қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзоларини мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқаришнинг янги технологияларига ўргатиш, агротехник тадбирлар мониторингини ўтказиш ва мева-сабзавот маҳсулотларининг ташқи бозорларида маркетинг тадқиқотларини ўтказиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизини ташкил этади.

Қарорга мувофиқ, қишлоқ хўжалиги бирлашмаларига аъзолик ихтиёрий ҳисобланади ҳамда таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда кириш аъзолик бадаллари (пайларни) киритиш йўли билан пай асосида амалга оширилади​.

Ушбу механизм мева-сабзавотчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини яратиш, сифатли мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва унинг экспорти барқарорлигини таъминлаш, маҳсулот ишлаб чиқарувчиларининг молиявий имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.

Маълумот учун: Қайд этилган кооператив механизми бир қатор давлатларда (Нидерландия, Норвегия, Дания, Швеция, Финляндия ва Япония) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг 100% бирлаштиради, Франция ва Германияда - 86%. Хитойда 2 миллионга яқин бирлашмалар рўйхатга олинган ва фермерларни 47% ушбу бирлашмаралга аъзо бўлган. Россияда 5.8 мингта, Қозоғистонда - 2,8 мингта ва Қирғизистонда - 442 қишлоқ хўжалиги бирлашмалар мавжуд.

Манба: Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech