Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
10 jun

Бугунги кунда аграр соҳа ривожланган етакчи хорижий давлатларда фан, таълим ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш мақсадида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар тизими (AKIS) йўлга қўйилган. Натижада улар томонидан янги инновацион билим ва технологиялар кенг жорий этилиши билан бир қаторда агрохизматлар ҳам кўрсатилади.

Бундай жаҳон тажрибаларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси доирасида замонавий инновацион “Агрохизматлар маркази” фаолияти илк бор Фарғона вилоятида йўлга қўйиладиган бўлди.

Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятига ташрифлари чоғида ҳар бир ҳудуднинг ери, ресурслари, имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида агрохизматлар кўрсатиш тизимини янги босқичга олиб чиқиш бўйича муҳим кўрсатмалар берган эди.

Мазкур ҳудудий марказ томонидан “ягона дарча тамойили” асосида давлат-хусусий шерикчилик шартларида 500 дан ортиқ агросаноат мажмуига оид хизматлар кўрсатилади. Шундан 40 дан ортиқ янги турдаги инновацион технологиялар асосидаги қатор хизматлар, жумладан, геоахборот тизимлари, дрон хизматлари, халқаро стандартлар, “Organic”, “Global G.A.P” ва “Halol” сертификатлари жорий этилади.

Шунингдек, марказда 15 та аграр соҳага ихтисослашган илмий-тадқиқот институтларининг олимлари, 30 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий агробизнес вакиллари доимий фаолият олиб боради.

Халқаро аккредитациядан ўтган 5 турдаги замонавий лаборатория , яъни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хавфсизлиги, In-vitro кўчатчилиги, тупроқ, сув ва фитосанитария таҳлил лабораториси вилоятдаги 9 минг фермер хўжаликлари ҳамда 500 дан ортиқ агробизнес вакилларига хизмат кўрсатади.

Марказда замонавий билим ва тажрибаларга эга бўлган 133 нафар ходим учун янги иш жойлари яратилган. Шундан 40 нафар мутахассис бугунги кунга қадар дунёнинг етакчи давлатларида (АҚШ, Туркия, Исроил, Голландия, Германия, Хитой, Латвия давлатлари) малака ошириб қайтди. Қолган мутахассислар ҳам йил якунига қадар халқаро қишлоқ хўжалиги марказларида тажриба ўтайди.

Ушбу марказ фаолиятини йўлга қўйишга Жаҳон банкининг кредит лойиҳаси, Европа Иттифоқининг грант кўмаклари ва хусусий инвесторларнинг маблағлари йўналтирилади. Кейинги босқичларда мазкур марказлар фаолияти республикамизнинг бошқа барча ҳудудлари ва туманларида йўлга қўйилиши белгиланган.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech