Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 jul

“Кўҳна водий баҳори” фермер хўжалиги

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 21–22 май кунлари Андижон вилоятига ташриф буюриб, у ерда бир қатор истиқболли режаларни белгилаб берган эди. Хусусан, вилоятнинг Олтинкўл туманидаги “Кўҳна водий баҳори” фермер хўжалиги фермерлари ва ғаллакорлари билан бўлиб ўтган учрашувда давлатимиз раҳбари пахта экилган майдонларда соя етиштириш тажрибасини кўриб чиқиб, ғўза қатор ораларига соя экини экилса, битта майдондан икки баробардан зиёд даромад олиш, қолаверса, аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш, мазкур ўсимликдан олинадиган иккиламчи маҳсулотлар ҳисобига озиқ-овқат ҳавфсизлигини таъминлаш мумкинлигини таъкидлаб ўтган эди.

Андижонда аҳоли зич бўлиши билан қаторда, ер майдонлари ҳам кам. Турган гап, юқоридаги экин экишнинг янги усули, айниқса, Андижон вилояти экин майдонлари тажрибасида юқори ҳосил бериши, омилкорликнинг яна бир далили сифатида кўзга яққол ташланади.

Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида қисқа фурсатда вилоят туманларида ғўза экилган майдонларга кўчат орасига соя экиш, ушбу майдонларга соя уруғи талаби, агротехнологияси, ҳосилини йиғиштириб олиш, талаб этиладиган маблағлар ҳисоб-китоблар қилинди ҳамда соя экиладиган майдонларни пахта-тўқимачилик кластерлари, фермер хўжаликлари ва контурлар кесимида реестри тузилди. Шундан сўнг бугун ердан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини ва фермерлар манфаатдорлигини ошириш мақсадида 10 минг гектар майдонга ғўза қатор оралатиб соя экиш ишлари тугалланди.

Вилоятнинг Жалақудуқ, Олтинкўл, Хўжаобод, Бўстон, Избоскан туманларида ушбу дуккакли экин 3 хил тажрибада экилди. Эндиликда эса соя ҳосилини йиғиб олиш август ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлигига мўлжалланмоқда. Негаки соя ўсимлиги ўзининг биологик хусусиятига кўра, қисқа кунли ўсимликлар гуруҳига киради, қисқа кунли ўсимликлар эса қанча кеч экилса, улар ўз ўсиш даврини қисқартирадилар. Соя ўсимлиги кеч экилгач, у барча тирик организмлар сингари ўзидан авлод қолдиришга ҳаракат қилади. Шунинг учун кеч экилган эртапишар соя навлари тез пишиб етилиши фермерчиликдаги яна бир мувафаққиятнинг инъикосидир.


“Албатта, бу ишларни ўрганиш борасида ҳали кўп тажрибалар олиб борилади, бу ишлар янада мукамаллашади, аммо соя билан ғўза қўшиб экилиши натижасида, биринчидан, тупроқ унумдорлиги ошади, иккинчидан, фермернинг оладиган даромади кўпаяди, ҳам пахта, ҳам соя дони йиғиб олинади, учинчидан, кейинги йилларда пахта ҳосилдорлиги гектарига саккиз-ўн центнерга ошади”, – дейди бундай янги усулни амалга ошириш мақсадида таклиф этилган қишлоқ хўжалик фанлари доктори, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори Дилором Ёрматова.

Бинобарин, мутахассис ва уста фермер-деҳқонлар билан биргаликда назария ҳамда амалиёт тажрибаси асосида ғўза ва соя экини бирданига экилди. Бунда тупроқ унумдорлигини ошириш, қўшимча дон билан бирга тоза ўсимлик мойи олишга эришиш, шунингдек, ғўзанинг маъданли ўғитларга бўлган талабини камайтириб, тупроқда экологик тоза муҳит яратиш ҳам мақсад қилиб олинди. Нега деганда, ҳаттоки бир қарич ерни назардан четда қолдирмай, экологик соф маҳсулотни етиштириш бугунги кунга келиб жаҳондаги асосий масала бўлиб, қишлоқ хўжалиги ривожида биринчи навбатда қўйилаётган талаблардан биридир.

Мазкур икки турдаги экинни бир майдонда қўшша экиш учун мамлакатимиздаги илмий муассасалар ва уруғчилик хўжаликларида 28,4 тонна маҳаллий соя уруғи, шунингдек, соя етиштириш бўйича илғор мамлакатлар ҳисобланмиш Россия Федерациси, Сербия, Украина, Туркия давлатлари билан музокалар олиб борилиб, 7 хил навдаги жами 512 тонна соя уруғлиги махсус рейслар орқали юртимизга олиб келиниб, Андижон вилояти фермерларига етказиб берилди.

Ҳозирги пайтда соя экилган майдонларнинг 14 минг 613 гектарида экин униб чиқиб, шундан 3 минг 340 гектари униб чиқиш, 5 минг 443 гектари биринчи учталик чинбарг, 4 минг 421 гектари иккинчи учталик чинбарг, 1 минг 409 гектари гуллаш фазасида ривожланмоқда.

Хўш, соя ўсимлигининг қандай афзалликлари мавжуд? Соя дони ўз таркибида 50 фоиз оқсил ва 28 фоизгача мой сақлагани учун ўта қимматбаҳо ўсимликлар гуруҳига киради. Соя донидан бугунги кунда халқ хўжалиги учун зарур бўлган 400 дан ортиқ турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқилади. Соя дони озиқ-овқат саноатининг турли соҳаларида ишлатиладиган экологик тоза сифатли хом ашёдир. Бутун дунё ўсимликшунослигида соя майдонлари мойли экинлар жиҳатидан катталиги туфайли биринчи ўринни эгаллайди. Ҳозирги кунда инсонлар истеъмол қиладиган ва ўз таркибида зарарли моддалар сақламайдиган ўсимлик мойининг 35 фоизи соя донидан олинади. Энг асосийси эса, соя ўсимлигини етиштириш агротехникасида уни экиш ва парваришлаш учун янги техника воситалари керак эмас.

Мухтасар айтадиган бўлсак, бу ишларнинг барчаси меҳнаткаш деҳқон-фермерлар ҳамда соҳа мутахассисларининг бой тажрибаси ҳамда ўз ишига, ерга бўлган меҳр ва садоқат билангина амалга ошади. Зеро, деҳқон одам дон сочар,
эл-юртига нон сочар. 






Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech