Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
27 aug
photo_2019-08-27_10-57-12.jpg
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда асосий эътибор Президентимизнинг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижаларга қаратилди.
IMG_5216.JPG

Мамлакатимиз ҳудудларида саноатбоп узумзорларни кўпайтириш, техник узум майдонларини кенгайтириш, жаҳон бозорида катта талабга эга бўлган, машҳур ва истиқболли узум навларини етиштириш бўйича самарали ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг қарори бўйича бажарилаётган ишлар хусусида маълумот берилди.

– Қарор билан 2019-2021 йилларда жами 32,4 минг гектар майдонда янги токзор барпо этиш режаси тасдиқланиб, шундан жорий йилда 8,3 минг гектар ер майдонида ток экиш режалаштирилган, – дейди Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Низомиддин Вапаев. – Бугунга келиб ҳудудларда 141 ташаббускор томонидан 9 минг 991 гектар ер майдони токзорга айлантирилди. Уларни сув билан таъминлаш мақсадида 229 дона артезан қудуғи ўрнатилди. Бунинг учун Узум етиштирувчилар ва вино тайёрловчиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан 27,7 миллиард сўм ва 8 минг 345 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш мақсадида 66,7 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратиладиган бўлди.
photo_2019-08-27_10-37-26.jpg

Матбуот анжуманида тегишли корхона ва ташкилот ходимлари, мутахассислар, фермерлар тизимдаги ўзгаришлар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

– Хўжалигимиз кўптармоқли бўлгани учун 2016 йилда 200 гектардан зиёд ер майдонида узумзор барпо қилганмиз, – дейди Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги “Сафарбой Тиркашев” фермер хўжалиги раҳбари Ўктам Хонназаров, – Ҳудудимиз даштликда жойлашгани учун асосий муаммо сув танқислиги ҳисобланади. Шу туфайли кўплаб майдонлардан унумли фойдалана олмаётган эдик. Қарор қабул қилингани мен каби кўплаб фермерларга қулайлик яратди. Агентлик томонидан 140 гектар узумзорни томчилатиб суғорувчи технологияни жорий қилиш учун 1 миллиард 600 миллион сўм субсидия ажратилди. Натижада юқори ҳосил олиш ва сув тежамкорлигига эришдик. Ҳозир парваришланаётган 3 хил навдаги узум кўчатларимизни кўрган кишининг ҳаваси келади. Етиштираётган маҳсулотимиз хўжалигимизга қарашли қайта ишловчи цехга топширилади.
photo_2019-08-27_10-57-06.jpg

Берилган маълумотларга кўра, бугунги кунда виночилик соҳасида 40 та қайта ишловчи саноат корхонаси мавжуд бўлиб, мавсумда 202,8 минг тонна узум хом ашёсини қабул қилиш қувватига эга. Сўнгги йилларда мазкур корхоналарга қарашли 19 та вино пунктда Италия, Болгария, Молдова ва бошқа давлатларнинг замонавий узумни бирламчи қайта ишлаш технологик ускуналари ўрнатилгани соҳада муҳим аҳамият касб этди. 2018 йилда 153,3 минг тонна узум қайта ишланди. Жорий йил мавсумида 160 минг тонна узум хом ашёси қайта ишланиши кутилмоқда.
photo_2019-08-27_10-57-19.jpg

Тадбирда соҳага оид янгиликлар, амалга оширилаётган ишлар бўйича журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар жавоб берди.

Манба: Вазирлик матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech