Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
24 dec 2019

photo_2019-12-26_13-36-24.jpg

Бугун Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш марказида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 июндаги “Ўзбекистон Республикасида замонавий уруғчилик кластерларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2019 йил 5 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида белгиланган вазифалар ижросига бағишланган анжуман бўлиб ўтди.

Тадбирда марказ ва ҳудудий бошқармалар раҳбарлари, мутахассислари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Уруғчиликни ривожлантириш маркази директори Шодмон Намозов ташкилот фаолияти, ҳукуматнинг юқорида номлари қайд этилган қарорлари ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

– Давлатимиз раҳбари, ҳукуматимиз томонидан соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Ушбу мақсадда биргина жорий йилнинг ўзида бир қатор қарорлар қабул қилинди. Мазкур ҳужжатларда соҳа мутахассислари олдига кўплаб вазифалар юклатилди. Хусусан, соҳадаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечими, бозор иқтисодиёти талабларидан келиб чиққан ҳолда уруғчилик соҳасини ислоҳ этиш, маҳаллий навлар уруғларини тиклаш, шунинг билан бирга, маҳаллий навлар уруғлари билан ички имкониятларни қоплашдан ташқари, хорижга экспорт қилиш вазифалари белгилаб берилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда 300 гектардан унумдор, сув таъминоти яхши ерларда элита уруғчилиги хўжаликларини ташкил этиш вазифаси қўйилган. Мазкур опшириқ ижросини таъминлаш доирасида мамлакатимиз бўйича бугунги кунда 48 та элита уруғчилик хўжалиги ташкил этилди. Бундан мақсад деҳқон ва фермерларни, пахтачилик, ғаллачилик кластерларини юқори сифатли уруғлар билан таъминлашдир, – деди жумладан Ш.Намозов.

Таъкидланишича, ҳозирда ҳар бир элита уруғчилик хўжалигида кузги буғдой кўчатзорлари ташкил этилган. Келгуси йилнинг баҳоридан бошлаб пахта, сабзавот, полиз, озуқа ва мойли экинлар уруғчилиги йўлга қўйилади. Бугунги кунда институт оригинаторлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган. Улар хўжаликларга маҳаллий шароитларга мос келувчи қишлоқ хўжалиги экинларининг элита ва супер элита навларини етиштириш ва таъминлаш масалалари билан тизимли равишда шуғулланадилар.

Марказ директорининг айтишича, ҳукуматнинг тегишли қарорига биноан 6 та вилоятда уруғчилик кластерлари ташкил этиш чора-тадбирлари кўриляпти. Жумладан, бугунги кунда уруғчилик кластерларини ташкил этиш бўйича тендер танловларини ютказиш борасида лотлар шакллантирилган. Шу асосда ғалла, мойли ва озуқа экинлари бўйича уруғчилик кластерлари яратилади.

photo_2019-12-26_13-33-34.jpg

Қайд этиш керак, илгари марказнинг асосий фаолияти пахта ва ғалла уруғларини яратишга қаратилган бўлса, ҳозирда мева-сабзавот, озуқа ва мойли экинлар уруғчилигини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиляпти. Марказнинг вилоятлардаги ҳудудий бошқармалари тасарруфидаги собиқ элита уруғчилик хўжаликлари негизида элита уруғчилиги хўжаликлари масъулияти чекланган жамиятлари фаолияти йўлга қўйилди. Уларда экинларнинг жойлаштирилиши вазирлик томонидан мувофиқлаштириб борилади ва уруғчилик маркази орқали талаб-эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда ташкил этилади.

Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан юқоридаги каби амалга оширилаётган ишлар мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини тайёрлаш, фойдаланиш ва экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантиришга, уруғчилик соҳасида илмий ва тажриба-экспериментал тадқиқотларни олиб боришга, тармоқ корхоналарнинг илмий салоҳияти ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш каби муҳим вазифалар ижроси таъминланишига хизмат қилади.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech