Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
23 oct

Аҳолиси 70 миллиондан ортиқ бўлган Марказий Осиё минтақаси ҳудудининг ярмидан кўпини қушлар миграцияси, сайғоқлар ва бошқа ёввойи ҳайвонлар яшаши учун муҳим бўлган чўллар эгаллайди. Бугунги кунда ер деградацияси натижасида чанг бўронларининг ҳосил бўлиши ва қумларнинг тарқалиши чўлларнинг асосий муаммосига айланиб, ҳайвонот олами ва аҳолининг яшаш жойларини тарк этишига олиб келмоқда.

2016 йилда ишга туширилган Марказий Осиё давлатларининг чўллар бўйича ташаббуси лойиҳаси доирасида Тошкентда чўллардан самарали фойдаланиш масалаларига бағишланган минтақавий семинари ташкил этилди.

Икки кунлик тадбир давомида Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Германиянинг Майкл Зукков фонди ҳамда Грайсвальд университети вакилларидан иборат 50 дан ортиқ иштирокчилар чўлларни муҳофаза қилиш истиқболлари, стратегик мақсадлари, вазифалари, улардан фойдаланишдаги муаммолар, шунингдек, 2020-2024 йилларда Марказий Осиё давлатларида чўлларни сақлаш борасида ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифаларни муҳокама қилишди.

Мўътадил зонанинг чўл зонаси – бу жуда қуруқ, кескин континентал иқлимли, жигарранг чўл-дашт ва кулранг-жигарранг тупроқли камёб ўсимлик бутазорларидан иборат бўлган ерлардир. Улар аниқ белгиланган фасллар, шунингдек, узоқ муддатли совуқлар ва ёзнинг ғайритабиий исиши билан ажралиб туради. Йиллик ёғингарчилик 100 мм дан кам, ҳарорат -45 ° C дан +50 ° C гача бўлиши мумкин. Мўътадил чўлларнинг 95 фоизи Марказий Осиёда жойлашган. Қолган 5 фоизини Шимолий Америка ҳамда Жанубий Американинг Патагониясида учратиш мумкин.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудининг 70-80 фоизи мўътадил чўл зонасидан ташкил топган бўлиб, улар кенг экотизим хизматларини тақдим этади. Буларга, масалан, ҳудудида чўкинди қатламлари жойлашган, чўлланиш камайган ёки атмосферадан углерод сўрилган яйловлар киради. Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг тадқиқотига кўра, мўътадил чўллар атроф-муҳитда тутган аҳамиятига қарамай, дунёда энг кам тан олинган биомлардан (маълум зонага тааллуқли ўсимлик ва ҳайвонот дунёси йиғиндиси) биридир.

Шунингдек, баъзи мамлакатларда мўътадил чўллар алоҳида муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар тизимида етарлича тақдим этилмаган ва барқарор бошқарилмаяпти. Мўътадил чўллар дунёдаги ягона табиий ҳудуд бўлиб, бугунга қадар ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилмаган. Табиий ресурслардан кенг фойдаланиш, беқарор пасторализм ва кенг кўламли инфратузилмали лойиҳалар сабабли ҳозирги пайтда чўллар деградацияга учраши билан таҳдид қилмоқда.

1945 йилда ташкил этилган ФАО ташкилоти бугунги кунда 197 аъзо давлатни ўз ичига олади ва 130 дан ортиқ мамлакатларда фаолият юритади.

ФАОнинг мақсади озиқ-овқат хавфсизлигини ва аҳолининг юқори сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш имкониятларини таминлашдир.

2001 йилда Ўзбекистон ФАО ташкилотига аъзо бўлди ва 2014 йилда ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси иш бошлади. 2022 йилгача ҳамкорлик режасига биноан, ФАО бир неча устувор йўналишларда Ўзбекистон Ҳукуматига ёрдам кўрсатади: жумладан қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа давлат ташкилотларига институционал ва стратегик ёрдам, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, бозорга кириш занжирлари ва табиий ресурсларни барқарор бошқариш, иқлим ўзгариши ва био хилмахиллик. 

Манба: ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech