Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 jun

Инсон ақлу заковати, унинг билимдонлиги меҳнатлари эвазига далага, боғларга, ниҳолларга кўчса бетакрор мўъжизалар пайдо бўлади. Буни Қува анорчилигида яққол кузатса бўлади. Чунки Қува анорлари нафақат республикамизда, балки дунёда машҳур. Бу неъматни бир татиб кўрган киши яна истаб қолади, анорни сўраб дунёнинг у четидан бўлса-да, Ўзбекистонга, Қувага келмас, бу мўъжизавий неъматни ўз қўлларим билан дарахтидан узиб олсам, дейди. Шу зайл бу дарахт мевалари анорми, асалми,меҳру муҳаббатми, деб ўйлаб қоласиз. Боғда ишлаётган аёллару дилбар қизлар эътиборингизни тортади, уларга тажрибали ва анор каби меҳрга тўла,ширинсўзли опамиз, “Дўстлик” ордени соҳибаси Мастура Сайфуллаева бош- қош. У неча йилдирки, вилоятдаги анорчилик агрофирмасига раҳбар, энг сара анор дарахтлари жойлашган 700 гектарлик Қувадаги боғ ва Фарғонадаги 300 гектарлик анорзорлар мана шу хўжаликка қарашли. Шу боис Президентимиз Фарғонага келсалар, анорчилик ҳақида сўз очилса Мастура опани, у бошлиқ жамоадаги бир -биридан билимдон аёлларни сўрайдилар. Бу аҳил жамоанинг ютуқлари айни чоғда яна тилга тушмоқда. Чунки Ўзбекистон анор экпорт қилиш борасида қуваликларга суянади, улар етиштирган маҳсулот шу пайтгача уялтириб қўймаган. Мастура опа эса катта ниятларни кўзлаб меҳнат қилмоқда.

-Хўжалигимизда энг сара, юқори навли анорлар парвариш қилинмоқда. Олимлар билан узвий алоқа ўрнатганмиз. Селекция ишлари ҳам намунали йўлга қўйилган. Қувончли жиҳати шундаки, бундан икки йил илгари Президентимизнинг Фарғона келишлари бизга катта қанот бағишлади. Фарғона Давлат университетида анорчилик йўналиши очилди ва айни пайтда бу бўлимда 64 нафар талабалар ўқияпти,- дейди Мастура Сайфуллаева. – Албатта малакали мутахассис тайёрлаш осон эмас. Бунинг учун назария ва амалиёт уйғунлиги таъминланган бўлиши лозим. Университет раҳбарлари бу масалага катта эътибор қаратишган ва биз ҳам баҳоли қудрат ёшларни анорчилик сирларини мукаммал эгаллашларига харакат қиляпмиз. Бундан ташқари Қувада томорқаларда ҳам анор етиштириш кенгайиб бораяпти.

Қаҳрамонимиз Қуванинг Толмозор қишлоғидан, анорчиликка жуда эрта меҳр қўйган. Унинг қиёқасига қараб бу аёл оила ташвишларидан ортиб катта бир хўжаликни қандай эплаяпти экан-а, дейсиз. У бир боғлар айланинг, ишини кузатинг, ана шунда биласизки, Мастура опа анорчилик учун туғилган, шу боғлар маликаси. Меҳрию муҳаббати билан қуваликлар юрагидан жой олгани ҳам бор гап. Ахир ғайрату шижоат ҳар қандай жойда қадр топади-да. Опамиз доимо хуш кайфиятда, айниқса анорлар ҳақида гап очилиб кетса,соатлаб гапириши мумкин у. 1979 йил Шароф Рашидов Қувага келганларида биринчи анор кўчатини экканини, ундан сўнг бу анъанага айланганини айтади. Бу дунёда ниҳол ўтқазган, боғ яратган одам жаннати бўлишини, эзгулик орқали ўзига ҳайкал қўйиширни ҳам таъкидлайди.

-Ниҳол экмоқ, уни улғайтириб мевага, рисқ –насибага айлантирмоқ том маънода бахту омад,- дейди Мастура опа.- Аслида эзгуликка хизмат қилиш дегани шу эмасми? Шунинг учун ҳар гал янги кўчатзорлар барча этишни бошлаганда Аллоҳни тилга оламиз. Умримизга умр, қўшсин, ўзимиз экан дарахтлар мевасидан барча баҳраманд бўлсин, дея холис ниятлар қиламиз. Яна бир гапни айтиб ўтай. Президентимизнинг ҳар гал Фарғонага келишлари одамларни беҳад руҳлантириб юборади. Бу гал шундай бўлди. Тадбиркорлару қишлқо хўжалиги ходимлари фаоллигига юқори баҳо бердилар. Айниқса ҳар бир туман, ҳар бир худуд бўйича ҳукумат қарорлари қабул қилиши жуда муҳим эканлигини айтганлари барчамизга маъқул келди. Ахир Қуванинг шарт- шароити билан Ёзёвон ерларини ўртасида катта фарқ бор. Бу икки худудда ишчи кучи, ер шароити турлича. Иккови учун ҳам бир хил хулоса бериш ўзини оқламаслиги тайин. Ана шу маънода юртбошимизнинг айтганлари бизга жуда маъсул келди. Давлатимиз раҳбарининг эъ иборларидан бир соҳа четда қолмади. Юртимизда ҳалол меҳнат билан қадр топаётган кишилар давлат назарида эканлиги ҳам қувончарли. Шундай бўлгач, юртимизнинг шон-шуҳрати келгусида янада бардавом бўлади. Бунга асло шубҳа йўқ.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech