Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
21 apr 2017

Жорий йилнинг 21 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан “Наслчилик: амалиёт ва самара” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Унда соҳа мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анжуманда сўзга чиққанлар мамлакатимиз иқтисодиётини барқарор ривожлантириш ва халқимиз турмуш фаровонлигини оширишда қишлоқ хўжалиги, хусусан, чорвачилик тармоғи муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Соҳада маҳсулдорликни таъминлаш кўп жиҳатдан чорвачиликда селекция-наслчилик ишларини тўғри ташкил этиш, бунда жаҳоннинг илғор ютуқ ва тажрибаларидан кенг фойдаланиш, чорва молларининг маҳаллий зотлари генофондини асраб-авайлаш ва кўпайтириш баробарида уларнинг сермаҳсул зотларини яратиш ва шу орқали хўжаликларда наслли моллар салмоғини оширишга боғлиқ.

Кейинги йилларда соҳада изчи амалга оширилган тадбирлар самараси ўлароқ селекционерларимиз томонидан яратилган 10 та селекция ютуқларига давлат патентлари берилди. Нурота туманидаги “Нурота” қоракўлчилик наслчилик заводида қоракўл қўйларининг “Зармалларанг” завод типи, товуқларнинг “Ўзбекистон–1”, “Ўзбекистон–2” ва “Ўзбекистон–12” кросслари, ипак қуртининг “Ипакчи–1 х Ипакчи–2”, “Ипакчи–2 х Ипакчи–1”, “Турон–1”, “Ўзбекистон–5”, “Ўзбекистон–6” зот ва дурагайлари, Нурота туманидаги “Нурота” қоракўлчилик наслчилик заводида сур олмос рангли қоракўл қўйларининг “Сангузар” завод типи, Тўрткўл туманидаги “Қизилқум” ширкат хўжалигида Қорақалпоқ сур қўйларининг “Тўрткўл” завод типи, Конимех туманидаги Абай номли наслчилик ширкат хўжалигида жакет барра типидаги кумушсимон тусли сур қоракўл қўйларининг “Ўзбекистон” завод типи, “Сарибел” қоракўлчилик наслчилик хўжалигида яссигулли сур рангли қоракўл қўйларининг “Сарибел” завод типи шулар жумласидандир.

Ҳозирда яна 2 та селекция ютуқларига патент олиш учун давлат патентлаштириш идорасига ҳужжатлар тақдим этилган. Бундан ташқари, бугунги кунда соҳа олимлари билан биргаликда чорвачилик тармоқларида селекция-наслчилик ишларини ривожлантириш ва янги селекция ютуқларини яратиш мақсадида қорамолларнинг Бушуев, қора-ола ва швиц зотларида 4 та завод тизимини, йилқиларнинг 3 та тизимини, ҳисор зотли қўйларнинг 2 та тизимини, гўштдор-жундор қўйларнинг зот гуруҳини, сутдор ва жундор эчкиларнинг завод типини яратиш бўйича илмий ишлар якунига етказилмоқда.

Матбуот анжумани қатнашчилари Қибрай туманидаги “Ўзнаслэлита” МЧЖ ҳамда“Ҳалол Барака Нур” МЧЖга қарашли наслчилик фермалари фаолияти мисолида чорвачиликда наслчилик ишларини илмий асосда ривожлантириш, маҳаллий ҳамда хориждан келтирилган наслли чорва молларини кўпайтириш орқали маҳсулдорликни ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.

Манба: Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech