Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
13 jun

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш юзасидан бевосита давлат раҳбаримиз бошчилигида ҳукуматимиз томонидан қарор ва фармонлар тасдиқланиб, соҳани ривожлантириш бўйича замон талабларига мос бўлган бошқарув усуллари ва техник-технологик ютуқлар амалиётга жорий қилинмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 14 декабрдаги ПФ-5285-сон Фармони, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 мартдаги 230-сонли «Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори билан пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш кластерларини фаолиятини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг юқорида таъкидланган қарори ижросини ўз вақтида таъминлаш, яъни пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий қилиш, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариши ҳудудида жойлашган пахта тозалаш корхоналари ва пахта тайёрлаш пунктларининг ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш мақсадида Навоий вилоятининг 5 та туманларида жами 822 та фермер хўжаликларнинг шартнома асосида 32588 гектар ер майдонлари бириктирилиб берилди. Жумладан Кармана, Қизилтепа ҳамда Хатирчи туманларида "Baht textile" МЧЖ, Навбаҳор ва Конимех туманларида "Navbahor textil" МЧЖ корхоналари томонидан кластер усулида пахта етиштириш йўлга қўйилди.

2020 йил ҳосили учун 32588 гектар майдонга чигит экилган бўлиб, 99100 тонна пахта ҳомашёси етиштириш режалаштирилган.

Янги қувватларни ташкил этиш ва кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш натижасида 2020 йилда ишлаб чиқарилаётган пахта толасининг вилоятимизда қайта ишланиши 2019 йилга нисбатан сезиларли даражада ошиши назарда тутилган.

Шунинг учун кластерлар фаолиятига ҳар томонлама ёрдам беришимиз зарур. Пахтачиликда қишлоқ хўжалигининг келажаги, унинг иқтисодий самарадорлиги кластерлар билан боғлиқ. Жорий йилда пахта-тўқимачилик кластерларига берилган барча имтиёзларни кейинги йилларда ташкил этиладиган кластерларга ҳам тадбиқ этиш, кластерлар фаолиятини янада кенгайтириш зарурлиги англатади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ иқтисодиёт соҳалари, хусусан, қишлоқ хўжалигининг пахтачилик тармоғи тубдан ислоҳ қилинмоқда. Юртимизда кейинги уч йилда барча соҳалар қатори қишлоқ хўжалиги бўйича ҳам муҳим дастурлар, «Йўл харита»лари ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг кластер модели кенг жорий этилмоқда. Истиқлолнинг дастлабки йилларида заминимизда етиштирилаётган пахта толасининг атиги 6-7 фоизи ўзимизда қайта ишланган бўлса, бугунги кунда камида 80-90 фоизини қайта ишлаш имконияти пайдо бўлмоқда.

Жумладан, жами пахта тўқимачилик кластерларида 4 та 125 минг тонна пахта тозалаш заводи, 33.2 минг тонна 4 та ип йигирув цехлари, 1 та 4.8 минг тонна буяш цехи, 1 та 2.8 минг тонна мато тўқиш ва 1 та 9.2 минг тонна ("KONTEX" МЧЖ) кийим-кечак ишлаб чиқариш фабрикалари мавжуд. Мавжуд завод ва фабрикаларнинг ташкил қилиниши натижасида жами 3912 нфар ходимлар иш билан таъминланган.

Албатта, бу шунчаки рақамлар эмас. Унинг ортида юрт фаровонлигини юксалтириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш каби эзгу мақсадлар мужассам. Пахтамиз ранги, толасининг узунлиги, пишиқлиги ва микронейер кўрсаткичлари билан халқаро стандартларга тўла жавоб беради. Бу унинг жаҳон тола бозорида харидорлигини таъминлайдиган энг муҳим жиҳатларидир. Аммо ушбу толани ўзимизда қайта ишлаб, тайёр маҳсулот шаклида жаҳон бозорига олиб чиқсак-чи? Даромад бир неча баробарга ошиши табиий. Қолаверса, пахта ўсимлигидан олинадиган яна юзлаб маҳсулотлар ҳам борки, буларнинг барчаси иқтисодий самарани бир неча баробарга оширади. Энг муҳими, кўплаб янги иш ўринлари яратилади.

Пахта тўқимачилик кластерлар томонидан, фермерлар манфаатдорлигини ошириш мақсадида жами 390 дона турли хил қишлоқ хўжалиги техникалари билан фермер хўжаликлар таъминланган. Бу эса ўз навбатида пахта хомашёси ҳосилдорлигини оширишга, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказилишига ҳамда ҳосилдорлик ўсиши ҳисобига 1 гектар ердан фермерларда ўртача 8 млн.сўм қўшимча даромад олиш имкони бўлади.

Дарҳақиқат, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "Пахтачиликда қишлоқ хўжалигининг келажаги, унинг иқтисодий самарадорлиги кластерлар билан боғлиқ. Кластерлар аграр соҳани жадал ривожлантиришнинг «локомотиви» бўлиши керак". Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида амалга оширилаётган бу каби улкан ислоҳотлар одамларни ҳаётдан рози қилиш, юрт фаровонлиги ва равнақи учун хизмат қилиши билан тарих зарварақларидан жой олади.


Янги кувватларни жорий этиш боскичлари

Пахта тўқимачилик кластерлари томонидан 2020-2023 йилларда амалга ошириладиган саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш лойиҳалари режалаштирилган бўлиб, йиллик қуввати 57.5 минг тонна, умумий қиймати 134.3 млрд.сўмлик 3075 иш ўринлари ташкил этилиши белгилаб олинган.  

Манба: Навоий вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech