Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
19 oct

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат билан бевосита танишиш, саноат корхоналарини кўздан кечириш, янги лойиҳаларни белгилаб бериш мақсадида Сурхондарё вилоятига ташрифи доирасида вилоят ва туманлар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари, республикадан келган мутасаддилар, фаоллар иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда вилоят иқтисодиётининг бугунги ҳолатини таҳлил қилиб, уни ривожлантириш бўйича муҳим йўналишларни белгилаб берди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари вилоятнинг Олтинсой туманида мева-узумчиликни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш бўйича икки ой ичида комплекс чора-тадбирлар белгилаб берилган қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирига топшириқ берди.

Президент топшириғини бажариш юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев раҳбарлигида Сув хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, “Давергеодезкадастр” давлат қўмитаси, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси, Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги каби мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, масъул шахсларидан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилди.

Бугун ишчи гуруҳ аъзолари Олтинсой туманида бўлиб, тумандаги боғзорлар, узумзорлар, фермерлар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Шундан сўнг туман ҳокимлигида ишчи гуруҳ аъзолари ва соҳа мутахассислари, фермер ва деҳқон хўжаликлари раҳбарлари иштирокида мазкур масалага бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Қишлоқ хўжалиги вазири, ишчи гуруҳ раҳбари Ж.Ходжаев давлат раҳбари томонидан берилган топшириқ ижроси билан боғлиқ масалалар ҳақида тўхталиб ўтди. Сўзга чиққанлар Олтинсой туманида мева-узумчиликни ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш чора-тадбирлари борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Манба: Вазирлик Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech