Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
6 sep

Жорий йилнинг 6 сентябрь куни пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар залида II халқаро мева-сабзавот ярмаркаси очилди. Ярмаркада АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Италия, Франция, Малайзия Россия каби қирқдан ортиқ мамлакатдан қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган вазирлик ва идоралар, савдо-саноат палаталари, логистика компаниялари, мева-сабзавотчилик соҳасида фаолият юритувчи корхоналар вакиллари қатнашмоқда.

Халқаро мева-сабзавот ярмаркасини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – хорижликларни Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида эришилаётган ана шундай юксак ютуқлар билан яқиндан таништириш, мамлакатимизда етиштирилаётган экологик тоза мева-сабзавотлар, полиз экинлари ҳамда уларни қайта ишлаш орқали тайёрланаётган турли хилдаги маҳсулотларни намойиш этиш, соҳада мавжуд маҳаллий ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, янги шериклар топиш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада оширишдан иборатдир.

Ярмарка озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. Унда 150 дан зиёд тармоқ корхоналари томонидан ҳўл ва қуруқ мевалар, цитруслар, сабзавотлар, кўкатлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқ, зираворлар, ичимликлар, қадоқлаш технологиялари, транспорт ва логистикага оид хизматлар намойиш этилмоқда.

Кўргазмада Ўзбекистон мева-сабзавотчилик соҳаси вакилларининг маҳсулотлари мамлакатимизнинг барча вилоятларидан келган компаниялар экспозицияларида кенг ўрин эгаллаган. Улар кенг турдаги мева-сабзавот маҳсулотларини намойиш қилиб, ўз хизматларини таклиф этмоқда.

Ярмарка доирасида экспортчилар ва Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотлари харидорлари ўртасида ўзаро учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилиши, тадбир иштирокчиларининг мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхоналар, интенсив боғлар, музлаткичли омборлар билан танишуви режалаштирилган.

Халқаро мева-сабзавот ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев сўзга чиқди.

Манба: Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech