Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
29 mar

Жорий йилнинг 29 декабрь куни «Ўзэкспомарказ»да озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасига ихтисослашган «WorldFood Uzbekistan – 2017» ва «AgroWorld Uzbekistan – 2017» халқаро кўргазмалари очилди.

Кўргазмалар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирликлари, «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси, «Ўзбекозиқовқатзахира» уюшмаси, Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши, «ITE Uzbekistan» халқаро кўргазма компанияcи ҳамкорлигида ташкил этилди.

Кўргазмаларда Австрия, АҚШ, Бельгия, Беларусь, Болгария, Германия, Дания, Жанубий Корея, Индонезия, Испания, Италия, Нидерландия, Норвегия, Польша, Россия, Туркия, Франция, Хитой, Қозоғистон, Ҳиндистон каби 30 дан ортиқ мамлакатнинг 232 компанияси, шунингдек, қатор давлатларнинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати соҳасига масъул вазирлик ва идоралари раҳбар ва вакиллари иштирок этмоқда.

«WorldFood Uzbekistan» ва «AgroWorld Uzbekistan» кўргазмалари озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг барча замонавий йўналишларини ўзида мужассам этган. Унда озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимликлар, ингредиентлар, қишлоқ хўжалиги техникаси, ускуналар ва технологиялар, паррандачилик, чорвачилик, ветеринарияга оид кўплаб бўлимлар фаолият кўрсатмоқда.

Кўргазма доирасида Ўзбекистон Республикаси Фермерлари кенгаши кўмагида Фермерлар куни ўтказилади. Унда иштирокчилар фермерлар билан очиқ мулоқот қилиш, тажриба алмашиш, фермерликни ривожлантиришга оид лойиҳалар, соҳага доир янги техника ва технологиялар билан танишиш имконига эга бўлади.

Манба: Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech