Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
19 mar

Хозир мамлакатимизда COVID-19 коронавирус инфекцияси туфайли эълон қилинган карантин пайтида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозори барқарорлигини таъминлаш, барча ҳудудлардаги деҳқон бозорлари ва супермаркетларда озиқ-овқат маҳсулотлари нарҳларининг ошиб кетишини олдини олиш борасида тизимли ишлар қилинмоқда.


Қишлоқ хўжалиги вазирилиги шуни маълум қиладики, юртимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тақчиллиги юзага келмайди.

Боиси, мамлакатимизда аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз, барқарор нархларда таъминлаш ва заҳирасини яратиш борасида ҳеч қандай муаммо мавжуд эмас. Жорий йилнинг баҳор ойларида аҳолини картошкага бўлган талаб ва бозорлардаги нарх-наво барқарорлигини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар қилинган.

Бир кунда омборлардан ўртача 1 минг 600-1 минг 800 тонна картошка бозорга чиқарилмоқда. Бу кунлик истеъмол талабига (4,5-5 минг тонна) нисбатан ўртача 35-40 фоизни ташкил этади. Ҳозир омборларда яна 90 минг тонна картошка заҳираси мавжуд. Ушбу миқдор ўртача талабга нисбатан 25-30 кунга етарли. Сурхондарё вилоятида экилган эртаки картошкадан апрель ойида (15-30 апрель) 65 минг тонна ҳосил йиғилиши режалаштирилмоқда.

Аслида картошка тақчиллиги (45-50 минг тонна) асосан март-апрель ойларига тўғри келади. Май ойидан бошлаб ички ишлаб чиқариш ҳисобига қондирилади. Бундан ташқари, бошқа сабзавот ва дуккакли маҳсулотлар ҳам назоратга олинган. Шунингдек, зарур ҳолатларда аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўладиган бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари қўшни давлатлардан импорт қилинади.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 2019-2020 йил қиш-баҳор мавсумга захира учун омборларга қўйилган асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ички бозорга чиқарилиши бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилган. Хусусан, 34 минг 907 тонна картошка, 4 минг 965 тонна пиёз, 9 минг 996 тонна сабзи ва 6 минг 313 тонна гуруч маҳсулотлари захира қилинган. Барча туманлардаги бозорларга режали асосида сотувга чиқарилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда “Коронавирус Ўзбекистонга тарқагани боис, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошмоқда”, деган хабарлар аҳолини саросимада тушишга асос йўқ. Аслида деҳқон бозорларида баҳор фаслининг энг кутилган Наврўз байрами муносабати билан халқимиз учун савдо ярмаркалари ташкил этилмоқда. Бозорларга киритилаётган барча турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини махсус лаборатория мутахассислари томонидан текширувдан ўтказилиб, сотувга рухсат берилмоқда. Мақсад аҳолини хавфсиз ва кафолатли, арзон маҳсулотлар билан таъминлашга эришишдир.

Ҳурматли юртдошлар!

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги сизлардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тақчиллиги бўйича тарқатилган асоссиз хабарларга ишонмаслигингизни сўрайди.

Бу борада вазирлик Ахборот хизмати томонидан ишончли маълумотлар етказиб турилади.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech