Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
23 may

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 10 апрелдаги “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4670-сонли қарори республикамиз қишлоқ хўжалигини яна бир тармоғини ривожланишига асос солди.

Ушбу қарор билан ёввойи ҳолда ўсувчи ноёб доривор ўсимликларни сақлаш, маданий ҳолда кўпайтириш учун оналик майдонлари барпо этиш, кўчатчилиги ва уруғчилигини ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

Кластерларни ташкил этилиши фармацевтика саноатини доривор ўсимликларга бўлган талабини қондириш билан бирга қайта ишлаш ҳажмларини кўпайтириш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш, соҳанинг экспорт потенциалини ошириш имкониятларини кенгайтиради.

2019 йил якуни билан қишлоқ хўжалик ер майдонларида 11,5 минг гектарда доривор ўсимликлар етиштирилган бўлса, жорий йил баҳор мавсумининг ўзида 1,3 минг гектар майдонда ички ва ташқи бозорларда харидоргир бўлган 37 турдаги бир йиллик ва кўп йиллик доривор ўсимликлар экилиб, парваришланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан қарорда белгиланган топшириқлар ижроси доирасида доривор ўсимликлар етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишда 2020-2023 йиллар давомида ташкил этиладиган 14 та кластерларнинг манзилли рўйҳатлари тасдиқланди.

Республиканинг Сирдарё ва Сурхандарё вилоятларидан ташқари барча ҳудудларида ташкил этиладиган кластерларга доривор ўсимликлар етиштириш учун жами 1512 гектар, шу жумладан 125 гектар суғориладиган, 1062 лалми ва 526 гектар оборотдан чиққан ер майдонлари ажратиб берилиши белгиланиб, ҳозирда ер ажратиш ва белгиланган тартибда бириктириб бериш ишлари амалга оширилмоқда.

Ушбу ер майдонларининг асосий қисмига коврак, наъматак, қизилмия, мойчечак, лимонўт, қалампир ялпиз ва бошқа ўсимликлар етиштириш ҳамда уларни қайта ишлаш натижасида 2,0 минг тоннадан ортиқ хомашё олиниши ва 1,2 минг тоннасини экспорт қилиши режалаштирилмоқда.

Бугунги кунда Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги “Herbo-farm” МЧЖ кластери тасарруфидаги 8 гектар ер майдонида 5 турдаги доривор ўсимликлар экилиб, парваришланмоқда. Келгусида доривор ўсимликлар плантацияларини кенгайтириш ҳисобига доривор ўсимлик турларини 10 тага етказиш мўлжалланмоқда. Ушбу кластер томонидан 3 турдаги доривор ўсимликлар кўчатчилиги хам йўлга қўйилгани, ихтисослашган фермер хўжаликлари томонидан плантациялар яратиш учун замин яратмоқда.

Тошкент вилоятинингЎрта Чирчиқ туманида иш бошлаган кластер "Healing herbs and organics" МЧЖ тасрруфидаги 80 гектар ер майдонларининг 15 гектарида стевия, 45 гектарида итбурун наъматак, 5 гектар майдонда оддий шумрут каби доривор ўсимликлар экилиб парваришланмоқда.

Кластер раҳбари Давлатов Хабибжоннинг доривор ўсимликлар етиштириш ва унинг экспорти борасида етарлича тажрибаси бўлгани боис мавжуд ер майдонларини 500 гектарга етказишни режалаштирмоқда. Кластерда 50 та ишчи ўринлар яратилиб, уларнинг меҳнат ва хордиқ чиқаришлари учун шароитлар ҳозирланган. Энг муҳими, нафақат доривор ўсимликлар хом ашёси етиштириш, балки уни қайта ишлаш бўйича амалий ишлар бошланган. Экилган стевияни чуқур қайта ишлаб, шакар ўрнини босувчи стевиозид моддасини ажратиб олиш учун қайта ишлаш корхонасини қуриш ишлари бошланган. Келгусида корхона томонидан ишлаб чиқариладиган стевиозид субстанцияси қандли диабет беъморлари учун шакар ўрнини босиши билан бир қаторда озиқ-овқат саноатида импорт қилинадиган стевиозид субстанциясини маҳаллийлаштириш имконини беради.

Жиззах вилояти Бахмал туманидаги BMB TRADE GROUP компанияси хам иш фаолиятини кластер усулида ташкил этмоқда. Ушбу кластер Италиянинг OPERA SRL компанияси билан умумий қиймати 25 млн. Евро миқдоридаги заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестиция шартномаси имзоланган.

Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Жиззах вилояти Бахмал тумани ҳудудида заъфарон ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ҳамда ушбу ўсимликларнинг плантацияларини ташкил этиш, уларни саноат усулида қайта ишлашни самарали ташкил этишни таъминлаш, шунингдек, юқори қўшилган қийматга эга бўлган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ҳамда маҳсулотни Италия ва Европанинг бошқа мамлакатларига экспорт қилишдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4760 қарорига мувофиқ Бахмал тумани ҳокимлиги томонидан жорий йилнинг май ойида Тонготар ҚФЙ “Тонготар” массиви ҳудудидан 400 гектар ер майдони ажратилди. Кластер ўз фаолиятини янада кенгайтириш, доривор ўсимликлар майдонларини 700 гектарга етказишни мўлжалламоқда.

2020 йил июнь ойида ерлар экишга тайёрланиб, заъфарон туганак пиёзлари июль ойида Италия давлатидан келтирилади. Август ойида дастлаб 200 гектарда заъфарон экилиб, илк ҳосил октябрь-ноябрь ойларида териб олиниши режалаштирилган.

Ишни самарали ташкил этиш мақсадида Италиядан малакали агроном, технологлар жалб этилади. Ҳосилдорлик биринчи йилда гектарига 1-1,5 кг ни ташкил этса, йилдан-йилга туганак пиёзлари кўпайиши ҳисобига ошиб боради.

Шунингдек, Италиялик ҳамкор билан биргаликда занжабил, оддий тоғ жамбил, кекик ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаб экспорт қилиш режалаштирилган.

Лойиҳага кўра, Италия давлатидан заъфаронни қайта ишловчи ускуна ва технологиялар олиб келинади. Ундан тиббиёт, фармацевтика, парфюмерияда ишлатилувчи эфир мойи, саноатда ранг олинади. Шунингдек, маҳсулот сифатини жаҳон талабларига мос тарзда текшириш ва сертификатлаш учун илмий-инновацион лаборатория ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу лабораторияда нафақат заъфарон, балки бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ҳам сертификатлар берилади.

Шунингдек, Италия ва Европанинг замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарувчи компанияларининг техникаларидан иборат машина трактор парки ташкил этилади. Ушбу МТП нафақат заъфарон плантациялари, балки ён-атрофдаги фермерлар учун ҳам хизматлар кўрсатади.

Заъфарон етиштириш ва уни саноат усулида қайта ишлашда бевосита Италиянинг Пьяченца шаҳридаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган инстутит профессор ва агрономлари билан ҳамкорлик қилинади. Бугунги кунда дунё бўйлаб давом этаётган коронавирус пандемияси сабабли қўшма корхона ходимлари ва агрономлари заъфарон экиладиган майдонларни экишга тайёрлаш ва бошқа агротехник тадбирлар юзасидан онлайн тарзда мулоқотлар олиб бормоқда.

Халқаро авиақатновлар йўлга қўйилиши билан ушбу институт профессор ва агрономларидан иборат делегация Ўзбекистонга келиб ўз маслаҳат ва кўрсатмалари билан иштирок этади. Шунингдек, қўшма корхонанинг 10 нафардан ортиқ ходим ва агрономлари Италия давлатида заъфарон етиштириш ва уни қайта ишлаш бўйича ўқув амалиёт курсларида қатнашади.

Лойиҳанинг амалга оширилиши мамлакатимизда кенг миқёсда заъфарон етиштирилиши қишлоқ хўжалиги ривожланиши, фармацевтика корхоналари маҳаллий хомашё билан таъминланиши, шунингдек, экспорт ҳажмини оширишда муҳим омил бўлиши кутилмоқда.

Доривор ўсимликлар етиштирувчи кластерлар республиканинг бошқа ҳудудларида хам ўз фаолиятларини бошламоқдалар. Кластерлар доривор ўсимликлар етиштириш ва қайта ишлаш борасида ўз мактабларини яратишларига ишонамиз.

Доривор ва зиравор ўсимликларни

ривожлантириш бошқармаси 

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech