Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
27 jun

Ҳурматли журналистлар, блогерлар!

Сизларни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий табриклайман.
Сизнинг машаққатли, аммо шарафли ишингиз бизга, юртимиздаги барча кишиларга катта руҳ, қувват бераётганини ҳам таъкидламоқчиман. Ҳозирги вақтда холисона, кишини янгидан янги ютуқлар сари руҳлантира оладиган тарғиботнинг қудрати нақадар муҳимлиги яққол сезилмоқда.
Бугун янги давр, янги Ўзбекистон тараққиёти ҳар биримизнинг олдимизга жуда улкан вазифаларни қўймоқда, короновирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар жараёнида аграр соҳасининг аҳамияти, катта пайкаллар қатори кичик томорқалардан янада самарали фойдаланиш, бу соҳадаги ҳар бир ўзгаришларнинг нақадар муҳим эканлиги яққол кўзга ташланди ҳамда оммавий ахборот воситалари ана шу жараёнларни тезкорлик, билимдонлик билан бутун бўй-басти билан ёритиб бормоқда. Интернет саҳифаларида, сайтлар, телеграм каналларда, телерадиода, газета ва журналларда, умуман матбуот оламида шу қадар янгидан янги маълумотлар мавжудки, буларнинг бари сиз каби ижод аҳли тафаккури мевасидир.
Шу ўринда таъкидлашим керакки, она Ўзбекистонни меҳнаткаш, танти ва фидойи халқимизга таянган ҳолда дунёдаги энг ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга астойдил бел боғлаган Президентимиз ҳам доимо журналистлар меҳнатига юқори баҳо берадилар.
Дунё саҳнасида ўз салоҳияти, жозибадорлигига эга бўлган Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти бўйича имконияти кундан кунга ошиб бораётгани ҳам қувончли ҳолатдир. Илмий тамойиллар асосида илғор тажрибаларни қўллаш, инновацион янгиликларга таяниш янгидан янги мўъжизалар яратмоқда, шу тариқа дунё бозорида юртимизда етиштирилган ноз-неъматларга бўлган қизиқиш ортмоқда.
Дунё тамаддунига бешик саналган юртимиз алломалари эътироф этганидек бир мискиннинг кўнглигини обод этмоқ дунёни ёритмоқ билан тенгдир. Сиз азизлар эса қишлоқ хўжалиги бўйича тайёрланаётган кўрсатувлару эшиттиришлар, таҳлилий мақолаларингиз орқали нафақат бир киши ё бир гуруҳ кишиларга мададкор бўляпсиз, балки миллионлаб одамлар юрагига ҳавасмандлик олиб киряпсиз.
Томорқасидан бир йилда 20-30 миллион сўм даромад қилаётган, ё насиб, дея қирга писта, ёнғоқ ниҳолларини экиб, оқибат бойиб кетган, балиқчилик, қуёнчилик ва бошқа деҳқон чиликларга қўл уриб рўзғорини тиклаб олган кишиларни кўриш, улар ҳақида маълумот олиш кўпчиликда нега мен ҳам шундай қилолмайман, деган фикр ўйғотмоқда. Жўяли маслаҳат, илмий тавсиялар, инновацион таклифлар тарғиботи одамларга камбағалликдан қутилиш йўлини кўрсатиб қўймоқда.
Ана шу оддий ҳавасмандлик юз минглаб одамлар юрагида умид чироғини ёққанини айтмайсиз. Сиз тилга олган ва кечагина орзу саналиб бугун ҳаёт ҳақиқатига айланган, давлат бераётган кенг имкониятлару молиявий кўмаклар туфайли даромад манбаи бўлган ишхоналардан, унинг соҳибидан ҳар бир туман,ҳар бир қишлоқда кўп эмас, бор -йўғи беш-ўн киши ибрат олсин, шунинг ўзи беқиёс ютуқ. Мингники туманга, дейдилар. Бу жараён тўхтовсиз давом этар экан, ғайратли одамлар сафи кўпаяверса , шунинг ўзи тўкинлик, қишлоқлар ободлиги, давлат сиёсатининг том маънода амалиётда бўй кўрсатгани демакдир.
Азизлар, сизларнинг эзгулик йўлидаги саъй- харакатларингиз, ижод маҳсулингиз халқимиз учун умид булоғи, фаровонлик чироғи, бир сўз билан айтганда,машаққатлару муаммоларга барҳам берувчи руҳий қудрат демакдир. Ана шу нажотбахш йўлда сизларга, барчангизга яна бир карра куч- қувват тилайман.Соғ бўлинг, қаламингиз бундан-да ўткир бўлсин. Фарзандлару набираларга ибратли ҳаёт кечириш бахти барчамизга насиб этсин.
Ўйлайманки, она юртимиз тараққиёти ва элимиз фаровонлиги, дастурхонимиз тўкинлиги йўлидаги ўзаро хамкорлигимиз бундан буён янада мустаҳкамланиб бораверади. Омон бўлинг.

Қишлоқ хўжалиги вазири
Жамшид Ходжаев
Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech