Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
23 oct 2018

Ўзбекистонда пиёзнинг маҳаллий шароитда яратилган эртапишар "Сумбула", "Оқ дур", ўртапишар "Истиқбол", "Зафар" навларини экиш тавсия этилади. Пиёз уч муддатда: эрта баҳорги, ёзги-кузги ва тўқсонбости қилиб экилади. Иккинчи йилги боғлар қатор ораларига тўқсонбости марказий вилоятларда 15 ноябрдан 15 декабргача ва шимолий вилоятларда 1 ноябрдан 1 декабргача экилади.

Пиёз уруғи гектарига кузги ва тўқсонбости муддатда 20 килограммгача сарфланади. Уруғ махсус агрегатлар ёрдамида ернинг нишабига қараб, қатор ораларини 70х90 сантиметрдан олиб, тўрт қаторли усулда экилади. Уруғлар ерга 1,5- 2 сантиметр чуқурликка кўмилади.

Пиёз дастлаб бўйи 6-8 сантиметрга етганда, иккинчи марта 15-20 сантиметрда ўтоқ ва ягана қилинади. Ўсимлик патак илдизли сабзавот бўлиб, илдиз тизими асосан тупроқнинг устки қисмига яқин жойлашган. Шунинг учун у ернинг устки қисмида асосий озуқа элементлари кўп бўлишини талаб қилади. Бўз тупроқларда гектаридан 30 тонна ҳосил олиш учун ерга ўртача 300 килограммдан азот, 220 килограмм фосфор ва 90 килограммдан калий бериш керак. Ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ тупроқларда эса 250 килограмм азот, 200 килограмм фосфор, 80 килограмм калий беришни тақозо этади. Шўрланган, тупроқ бонитети паст бўлган ўтлоқи тақир, тақир тупроқларда пиёз етиштирилганда минерал ўғитлар меъёридан бироз кўпроқ солинади.

Минерал ўғитлар режалаштирилган ҳосилга белгиланган фосфорнинг йиллик миқдоридан 70-75 фоизини ерни асосий ишловида, қолган қисми эса ерни бороналашдан олдин берилади. Азот ўғити эса вегетация даврида озиқлантириш пайтида тенг иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш пиёз яганалаб, ўтоқ қилингандан сўнг, иккинчиси эса шакллана бошлаганда берилади. Ўсимликка органик ўғитлардан янги гўнгни бериш тавсия этилмайди. Гўнг берилганда ундаги бегона ўтлар уруғлари униб чиқиб, олинадиган ҳосилга салбий таъсир этади.

Пиёз ҳаво намлиги паст жойларда яхши ўсади, аммо тупроқнинг сернам бўлишини хоҳлайди. Экиннинг тупроқ намлигига талабчанлиги ниҳоятда кучли. Уруғ униб чиқаётган ва пиёзбоши шаклланаётган даврда экиннинг сувга талаби янада ошади. Фақат ўсув даврининг охирида ва пиёзбошлари етилган пайтдагина ўсимликнинг сувга бўлган талаби бир оз камаяди. Бу даврда тупроқ ҳаддан ташқари сернам бўлса, пиёз кечроқ етилади ва уни узоқ сақлаб бўлмайди. Тупроқ нами етишмаса, пиёзбошининг катталашиши сустлашади, ҳосилдорлик кескин камаяди. Сизот суви чуқур жойлашган бўзтупроқли ерларда кўкламнинг охири, ёзнинг бошларида ҳар 7-10 кунда суғорилади. Пиёзни тезтез суғориш то пиёзбоши шаклланишининг охиригача давом эттирилиб, янги барг ўсиб чиққандан сўнг тўхтатилади. Июннинг иккинчи ярмидан бошлаб, яъни пиёзбошининг ўсиши тўхтагандан кейин 12-14 кун оралатиб икки марта суғорилади ва йиғиб-териб олишга бир ой қолганда суғориш тўхтатилади. Экин шу тарзда суғорилганда пиёзбоши қаттиқ, тиғиз ва узоқ сақланадиган бўлиб етилади. Мана шу даврда ўсимлик суғориб турилса, у қайтадан кўклаб кетади ва бундай пиёз яхши сақланмайди.

Картошка ҳосилдорлигини оширишнинг асосий омилларидан бири, экин навини тўғри танлаш ва сифатли уруғлик экиш ҳисобланади. Бунинг афзаллиги, биринчидан, қисқа муддатда кам меҳнат ва маблағ сарфлаб, юқори ва сифатли ҳосил олиш ҳамда такрорий экин ўстириш, иккинчидан, суғориладиган ердан, сувдан, техника ва ўғитдан самарали фойдаланиш, учинчидан, картошкачиликни рентабелли тармоққа айлантириш хўжалик иқтисодини кўтаришга шароит яратади.

Ҳозирги кунда картошканинг Ўзбекистон Республикаси Давлат реестрига киритилган 102 та нави бўлиб, кўпроқ экилиб келинаётган "Латона", "Фреско", "Ред Скарлет" эртапишар навларидир.

Картошка учун энг яхши ерлар бу, намлик ва органик моддалар билан тўлиқ таъминланган агрофизик хусусиятлари яхши бўлган тоғ ҳудудлар, тоғолди ва қуйи дарё бўйидаги гидроморф тупроқлар ҳисобланади. Картошка оч енгил ўрта қумлоқли соз тупроқларда ҳам яхши ҳосил беради.

Картошка учун яхши ўтмишдош экинлар бу - карам, бодринг, полиз экинлари, пиёз, илдизмевалар, бошоқли дон ҳисобланади.

Иккинчи йил боғ қатор ораларида эрта баҳорда картошка экиш учун ерларни тайёрлаш октябрь ойининг иккинчи ярми ёки ноябрь ойининг дастлабки 15 куни мобайнида амалга оширилади. Бунда аввал майдонлардаги ўсимлик қолдиқлари махсус агрегатлар ёрдамида тўпланиб, чиқариб ташланади ёки майдалаб чиқилади. Кейин майдонлар махсус мосламалар билан текисланади.

Текисланган майдонларга фосфорли ва калий ўғитлари йиллик меъёрининг 70 фоизи ва ҳар гектар ҳисобига камида 25-30 тоннадан маҳаллий ўғитлар бир текис сочиб чиқилади. Ўғитлар сепиб бўлингач, майдонлар плугда 30- 35 сантиметр чуқурликда ҳайдалиб, чизель билан 18- 20 сантиметр чуқурликда кетма-кет юмшатилади, кейин эса культиватор ёрдамида 70 ёки 90 сантиметр оралиқда суғориш эгатлари олиниб, экишга тайёрлаб қўйилади.

Картошка ҳосилини ошириш, сифатини яхшилаш ва эрта етилишини таъминлаш учун уни ундирилган туганакларидан экиш керак. Ундирилган туганакларни баҳорги муддатларда экиш ундирилмаган туганакларни экишга қараганда ҳосилни 12-15 фоизга ошириб, 10-15 кун эрта пишишига имкон беради.

Уруғлик картошкани ундиришга қўйиш олдидан сараланиб, чириган, эзилган ҳамда касалга чалинганларидан сараланиб, соғлом, тоза туганаклар ундириш хоналарига қўйилади.

Маҳаллий шароитда тайёрланган уруғлар ундириш хоналарига экишдан 30-35 кун олдин, четдан келтирилган уруғликлар 20-25 кун илгари қўйилади.

Ундириш хонасида ёруғлик ва ҳарорат 18-22 даражада бўлиши лозим. Уруғликлар майда, йириклигига қараб, саралаб ундириш хонанинг полларига, сўкчакларга 2-3 қатламдан оширмай ёки 12-20- 25 килограмм ҳажмдаги яшикларга терилиши керак. Уларни яшил нишлари экиш давригача 0,5-1 сантиметрдан ошиқ ўсиб кетишига йўл қўймаслик лозим. Акс холда экиш даврида синиб кетади. Агар қўлда қўйиб кетмон билан ёпиб экиладиган бўлса, нишларини 3-4 сантиметргача ўстириб экилса ҳам яхши бўлади. Уруғликларни катта- кичикларига қараб, алоҳида экилади. Бунда ўсимликларни ердан униб чиқиши, ўсиб ривожланиши ҳамда ҳосил етилиши бир хил бўлишини таъминлайди.

Оғирлиги 100 граммдан катта туганакларни баҳорда экиш учун икки-уч бўлакка бўлинади. Туганаклар кесилганда уларни униб чиқиши бироз кечикади.

Республикамизнинг марказий минтақаларида эртанги картошкани экиш об-ҳаво шароитларига кўра, 20 февралдан бошлаб март ойининг биринчи ярмигача давом этади.

Эртанги картошкадан юқори ҳосил олиш учун ўсимликлар ўсув даври давомида ўтлоқи тупроқли майдонларда 4-6 маротаба, бўз тупроқли майдонларда эса 5-7 маротаба суғориш тавсия этилади. Ҳар икки суғориш ора­лиғида қатор оралари 10- 12 сантиметр чуқурликда юмшатилади. Бу тадбир ўсимликлар шоналагунча амалга оширилади.

Картошка намсевар, сувга талабчан ўсимлик, бинобарин, ундан мўл ҳосил етиштириш учун тупроқ нами доимо етарли бўлиши шарт. Бу экин ўсув даврида сувни бир хилда талаб қилавермайди, палаги ўсган сари унинг сувга талаби ортаверади. Айниқса, гуллаш даврида тупроқ доимо сернам бўлиши лозим. Акс ҳолда буғланиш (транспирация) ва фотосинтез жараёни қисқаради, ўсимлик ўсишдан тўхтайди, туганаклар озиқ моддалардан фойдалана олмай, ривожланишдан орқада қолади. Орадан маълум вақт ўтгандан кейин суғорилганида эса туганаклар қайтадан ўса бошлайди, лекин у болалаб кетади ва туплари кўклайди.

Ўзбекистонда картошкадан юқори ҳосил етиштириш учун тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги камида 75-80 фоиз бўлиши керак, ана шунда ўсимлик яхши ривожланади.

Картошка баҳорда экилганида ўсув даври ҳавонинг салқин ва тупроқнинг сернам пайтига, ҳосил тўплаш даври эса ёзнинг айни қизий бошлаган вақтига тўғри келади. Шунинг учун ҳам эртанги картошка ҳосил тўплаш (туганаклаш) пайтида ҳар 5-6 кунда суғоришни талаб қилади. Шу тартибда суғорилганда фақат ўсимликнинг чанқови қондирилмасдан, балки қизиб ётган тупроқ ҳарорати ҳам анча пасайтирилади.

Режалаштирилган ҳосилга белгиланган маъдан ўғитларни 70-75 фоиз фосфорли, калийни жами кузда ерни экишга тайёрлаганда берилади. Қолган 25 фоиз фосфор, 20-25 фоиз азот билан эгат олишда экиш билан беришни тавсия этамиз. Қолган 30-35 фоиз азотни туганаклар тўлиқ униб чиққанда, 50 фоизи эса қийғос шоналашда берилгани яхши самара беради.

И. БАҲРОНОВ тайёрлади.





Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech