Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
1 jun

Жорий йилнинг 31 май куни пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Тошкент Халқаро Вестминстер университети, Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий-тадқиқот институти (IFPRI) билан ҳамкорликда «Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги трансформацияси, озиқ-овқат хавфсизлиги ва озиқланиш» мавзусида халқаро конференция ҳамда «Глобал озиқ-овқат сиёсати 2019» ҳисоботининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, аҳолининг харид имкониятларини мустаҳкамлаш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 январдаги «Мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан юқори поғонага олиб чиқмоқда.

Конференция Халқаро қишлоқ хўжалиги тадқиқотлари бўйича маслаҳат гуруҳининг (CGIAR) Сиёсат, муассасалар ва бозорлар (PIM) ҳамда Тўлиқ озиқлантириш ва саломатлик учун қишлоқ хўжалиги (A4NH) тадқиқот дастури кўмагида ташкил этилди.

3.jpg

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Ж. Ходжаев, Тошкент Халқаро Вестминстер университети ректори К. Каримов, Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий-тадқиқот институти (IFPRI) бош директори Ш. Фан, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси Ҳамкорлик бўлими бошлиғи Ф. Бежо сўзга чиқиб, ушбу тадбир соҳада ўзаро билим ва тажриба алмашиш учун катта имконият эканлиги, қолаверса, минтақавий алоқалар ва қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини кучайтириш, Марказий Осиёда қишлоқ ҳудудларидаги шароитларни жонлантиришга қаратилган масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

4.jpg

Қишлоқ хўжилиги вазири Жамшид Ходжаев озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мамлакат тараққиёти, сиёсий, иқтисодий ва маънавий ривожланиш даражасини белгиловчи муҳим омиллардан эканини таъкидлар экан, жумладан, қуйидагиларни билдирди:

- «Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. 2017—2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилган. Қишлоқ хўжалиги ва агросаноат комплексининг тегишли тармоқлари мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида муҳим ўринга эга. Сир эмаски, аҳолининг иш билан бандлиги, турмуш тарзи қишлоқ хўжалиги сектори билан узвий боғлиқдир. Айни пайтда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги саъй-ҳаракатларни бирлаштирган ҳолда тегишли идора ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда 2019-2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг миллий стратегиясини ишлаб чиқмоқда. Бу борада ҳамкорларимизнинг миллий стратегияни тайёрлашдаги улкан ҳиссасини эътироф этишни истардим. Ҳужжат ҳозирча ишлаб чиқилмоқда ва яқин орада жамоатчиликка тақдим этилади.»

Халқаро озиқ-овқат сиёсати илмий- тадқиқот институти ҳар йили глобал аҳамиятга эга озиқ-овқат муаммоларини таҳлил қилиб, ҳисобот тайёрлайди. Жорий йилда дунёнинг 14 шаҳрида хусусан, Берлин, Москва, Пекин, Токио каби шаҳарлар қаторида иккинчи марта Тошкентда ҳам ушбу тақдимот конференцияси ташкил этилмоқда.

Конференцияда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари тизимининг таркибий ўзгаришлари, унинг озиқланишдаги аҳамияти, Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси, рақобатдошлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Манба: Вазирлик Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech