Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
4 jun

Ясмиқ экинини етиштириш агротехникаси

Ясмиқ ўсимлиги озиқ-овқат мақсадида ўстирилади, у уруғ таркибидаги оқсилнинг тез эрувчанлиги, юқори мазали сифати, енгил хазм бўлиши билан ҳамма дуккакли дон экинларидан юқори туради. Унинг донларидан турли хил ошхона таомлари тайёрлашда фойдаланилади. Ясмиқдан озуқа экин сифатида ҳам фойдаланилиб, озуқа учун унинг дони, сомони, чиқиндилари - тўпони ишлатилади. Ясмиқ бошқа дуккакли дон экинлари сингари тупроқни азот билан бойитади ва яхши ўтмишдош экин ҳисобланади. Ясмиқ донида 21,3-36,0 фоиз оқсил, 0,7-1,4 фоиз ёғ, 2,5-3,6 фоиз кул, 43,8-53,9 фоиз крахмал, 2,7-4,5 фоиз клетчатка мавжуд.

Академик Н.И.Вавилов маълумотларига кўра ясмиқ экинининг бирламчи келиб чиқиши маркази - Жанубий-Ғарбий Осиё ҳисобланади. Унинг йирик уруғли шакллари дурагайлаш, танлаш натижасида ҳамда ўрта ер денгизининг қулай шароитлари натижасида кейинроқ пайдо бўлган. Ўрта ер денгизи йирик уруғли ясмиқларнинг бирламчи келиб чиқиш ватани ҳисобланади. Ясмиқ Шарқнинг қадимий маданий ўсимлиги хисобланиб, Хиндистонда, Грецияда, Мисрда жуда қадим замонлардан уни экин сифатида экиб келинган. 

Ясмиқнинг биологик хусусиятлари

Оддий ясмиқ - Lens esculenta Moench (синоними: Lens cultenars Mdc,vm lens L) 25-50 см баландликдаги бир йиллик ўсимлик. Унинг пояси ингичка 4 қиррали асосан тик, баъзида эса ётиб ўсувчи, майда тукли, қизғиш рангли ва илдизи кам шохланувчи ўқ илдиздан иборат. Барглари мураккаб, қўш қанотли, пасткиси 2-3, юқорисидаги 4-8 жуфтли. Баргчалари овал шаклда.Ясмиқ ўз-ўзидан чангланувчи ўсимлик, лекин табиий шароитда дурагайлари ҳам учраб туради. Бу ҳолатни асосан қурғоқчилик даврларида кузатиш мумкин. Гул косачаси капалаксимон шаклдаги 5 та тожбаргдан иборат: елканча, 2 та баргчадан пайдо бўлган 2 та қанот ва қайиқча. Чангчилари 10 дона, биттаси эркин, оналиги бошидан охиригача япалоқ шаклда, эгилган ва тукли. Тумшуқчаси кичкина.
Ясмиқ экинининг ўсув даврини 4 қисмга бўлиш мумкин: уруғларни бўртиши ва униб чиқиши, майсаларнинг пайдо бўлиши, гуллаш ва пишиш. Ясмиқнинг ривожланиш даври кўпгина дукакли экинлар каби 3 босқичга бўлинади: 
1-экишда майсаларнинг униб чиқишигача, 2-да майсаларнинг пайдо бўлишидан гуллашгача, 3-да гуллашдан пишишгача бўлган давр. Ушбу ривожланиш босқичларнинг давомийлиги асосан ташқи муҳит шароитига боғлиқ ҳолда ўзгаради. Уларнинг тезлиги асосан фойдали иссиқлик коэффициентига боғлиқ бўлиб, у экиш муддатига қараб ўзгариб туради.


Экишдан майсаларнинг униб чиқишигача 110-1270 С фойдали иссиқлик коэффициенти талаб этилади. Майсаларнинг пайдо бўлишидан гуллашгача бўлган фаза ташқи муҳитнинг ҳарорати, намлиги, ўсимликка берилган озуқа манбаи ва энг асосийси кун узунлигига боғлиқ бўлиб, ушбу шароитда ташқи ҳароратнинг ошиб бориши майсаларнинг пайдо бўлишидан гуллашгача бўлган фазани қисқаришига, пасайиши эса уни узайишига сабаб бўлади.
Экишдан майсаларнинг униб чиқишигача бўлган давр ҳам кун узунлигига боғлиқ бўлиб, жанубдан шимолга қараб қисқариб боради.
Гуллаш фазаси ўсув даврининг 3/1-3/2 қисмини ташкил этиб, узоқ давом этади. Гуллаш пастки шохлардан бошланиб, юқорига қараб ҳаракатланади. Гуллашнинг асосий қисми эрталабки соат 5 дан 8 гача кузатилади. Иссиқ ва қуруқ ҳаво ва ҳарорати юқори шароитда гулларнинг кўпи тўкилиб кетади. 
Гул чанглангандан кейин 1 суткадан сўнг тўкилади. Чангдонлар гул очилмасидан олдин ёрилганлиги сабабли чангланиш гул очилгунича содир бўлади. Гул очилгандан кейин 6-7 кунда дуккаклар тўлиқ шаклланади. Гуллашдан пишиб етилишгача бўлган давр эса ҳавонинг ҳароратига боғлиқ бўлиб, ҳароратнинг пасайиши унинг узайишига олиб келади. 

Ривожланиш босқичлари

Ясмиқ ривожланишининг 2 босқичи мавжуд бўлиб, вернализация (яровизация) ва ёруғлик босқичларига бўлинади. Вернализация босқичи қисқа бўлиб, у 5-8°С хароратда уруғнинг униб чиқишидан бошлаб 10-12 кун давом этади. Ҳаво ҳароратининг пасайиши ҳам унинг узайишига олиб келади. Ясмиқ ўсимлиги биринчи шоналар пайдо бўлгунича секин ўсади, кейин гуллаш даврининг охиригача тез ўсади ва пишиш даврига қадар яна секинлашади. Ясмиқ ўсимлиги вегетациясининг бошланғич даврида бегона ўтлардан доимо тоза сақлаш қуёш нуридан унумли фойдаланиш учун имкон яратади. Ясмиқнинг турли шакл ва навларида ўсув даври 60 кундан 110 кунгача ўзгаради.

Эртапишарлик хусусияти бўйича уларни 5 гуруҳга бўлиш мумкин: 
1-эртапишар – 60-69 кун, бунга Олд Осиё, Хиндистон ва шарқий Афғонистон давлатларига мансуб;

2-ўрта эртапишар – 70-75 кун Марказий Осиё, Кавказорти, Эрон ва БАА давлатларига мансуб;

3-ўртапишар – 76-80 кун бўлиб, Марказий Осиё, Европа, Америка;

4-ўртакечпишар – 81-85 кун;

5-кечпишар – 86-90 ва ундан кўпроқ кунли Испания, Тунис ва Алжир нав ҳамда шакллари киради. Асосан йирик уруғли нав ва шакллар кечпишар ҳисобланади. 

Ясмиқ турларининг фарқланувчи белгилари

Барча турдаги нав ва намуналар намли шароитга нисбатан қуруқ ва иссиқ ҳаво шароитида 2-3 ҳафта эртароқ пишиб етилади. 1000 дона уруғининг оғирлиги 10-99 гр.

Ясмиқнинг ҳароратга бўлган талаби

Ясмиқ иссиқсевар ўсимлик бўлиб, унинг уруғи 3-4°С ҳароратда ўса бошлайди, лекин тезда ва қийғос майса олиш учун тупроқнинг 10 см ли қатламидаги ҳарорат 7-10°С даражада бўлиши керак. Ясмиқнинг уруғи ҳаво ҳарорати 12-15°С бўлганда 6-7 кунда, 9-11°С бўлганда 8-9 кунда, 7-8°С бўлганда 10-12 кунда, 5-6 °С бўлганда 13-15 кунда униб чиқади. Ясмиқнинг майсалари қисқа муддатли -5-6°С совуққа бардошли, лекин ўсув даврининг кейинги босқичларида бу хусусият камайиб боради. Унинг яхши ривожланиши учун фойдали харорат йиғиндиси 1350 дан 1900°С бўлиши талаб этилади. Ясмиқ иссиқ ҳаво ҳароратига асосан уруғларнинг сут пишиш давридан пишиб етилгунича бўлган даврда ўта талабчан бўлади. Қурғоқчиликка чидамлилиги бўйича бурчоқ ва нўхотдан кейинги ўринда туради.

Ясмиқнинг намликка бўлган талаби

Ясмиқнинг намликка бўлган талаби ўсув даврининг турли босқичларида турлича бўлиб, ўсимлик униб чиққандан гуллаш давригача намликка талабчан бўлиши кузатилади. Ўсимлик гуллашидан уруғларнинг пишиб етилишигача бўлган даврда эса қурғоқчиликка бардошли бўлиб, намликка бўлган талаби камаяди. Ушбу босқичда тупроқ таркибида намликнинг меъёрдан ортиқ бўлиши ўсув даврининг узайишига, яшил массанинг кучли ўсишига оқибатда эса, касалликларнинг кучайишига ва ҳосилдорликни ҳамда уруғ сифатини пасайишига олиб келади.

Ясмиқнинг ёруғликка бўлган талаби

Бугунги кунда фанга маълум бўлган ясмиқ нав ва шакллари узун кун ўсимликлари бўлиши билан бирга барча шаклларнинг ёруғликка бўлган талаби бир-биридан фарқ қилади. Ўсув даврида кунлик ёруғликнинг 9-10 соатдан кам бўлганда ўсимликнинг бутунлай гулламаслиги ёки жуда кеч гуллаши кузатилади. Кўп ҳолларда ёруғлик етишмаганда ўсимлик барглари аста секин сарғаяди ёки қизаради ва ниҳоят касалланиб, нобуд бўлади. Одатда, Ўзбекистон, Таджикистон, Ҳиндистон, Афғонистон ва Эроннинг маҳаллий майда уруғли шакллари ёруғлик узунлигига нисбатан кўпроқ талабчан бўлади.

Ясмиқнинг тупроқ шароитига бўлган талаби

Ясмиқ қора, бўз ва ўтлоқи тупроқларнинг қумоқ ва қумлоқ енгил механик таркибли тупроқларида юқори ҳосил беради. Ер ости сувлари яқин, механик таркиби оғир, шу билан бирга шўрланган тупроқларда ясмиқ ёмон ўсади ва кам ҳосил беради. Кучсиз шўрланган тупроқларда (хлорнинг миқдори 0,02-0,03%) ясмиқ секин ўсади ва жуда кам ҳосил беради. Иссиқ қуруқ ҳаво шароитида гуллари кўп тўкилади ва асосан ўрта ва пастки ярусдаги гулларидан дуккаклар ҳосил қилади

Ясмиқда учрайдиган касаллик ва зарарли ҳашоратлар

Ясмиқ ҳосилига асосан занг, илдиз бактериози, фузариоз сўлиш касаллиги, аскохитоз, антракноз, ёлғон ун шудринг, чириш касалликлари, ясмиқ донхўри, ловия донхўри, узун тумшуқ қўнғизлар, шира, 5 нуқтали узун тумшуқ қўнғиз ва бошқа хашоротлар кўпроқ зарар етказади. Алмашлаб экишдаги ўрни. Кузги ясмиқни кузги бошоқли дон экинларидан, картошка, маккажўхори, қанд лавлагидан кейин экиш яхши самара беради. Дуккакли ўсимликлар экилган майдонларга экиш тавсия қилинмайди. Кунгабоқардан кейин ва чўл худудларига экиш ҳам яхши натижа бермайди.

Лалми ҳудудларда ясмиқ етиштириш

Лалми ҳудудларда ясмиқ етиштириш учун тайёргарлик ишлари куз ойлари ўтмишдош ва ёввойи ўсимликлар қолдиқларини тозалашдан бошланади. Маҳсулот етиштириладиган майдон ва дала уватлари ўтмишдош ҳамда ёввойи ўсимлик қолдиқларидан тозаланади ва бир ерга йиғиб ёқиб юборилади. Ушбу профилактика ишлари ўз вақтида амалга оширилганда, ҳашоратларнинг қишлаётган ғумбаклари 10-11%, бегона ўтларнинг уруғлари эса 20-22% камаяди. Адирли худудларда суғориш имкониятлари чекланганлиги туфайли намлик заҳирасини жамғариш учун кузги шудгор ўтказилади. Кузги шудгордан олдин минерал ўғитларнинг йиллик (80-100 кг/га азот, 90 кг фосфор ва 60 кг калий таъсир этувчи модда миқдорида) меъёридан фосфорли ва калийли ўғитларни 100 фоизини НРУ-05 механизми ёрдамида сепилиб, 
25-30 см чуқурликда шудгор қилинади. Экишдан аввал далани сифатли қилиб текислаш талаб этилади. Ясмиқ экилган майдонда ёмғир сувлари тўпланиб қоладиган чуқурликлар ҳосил бўлиши ўсимликларни касалликларга чалиниши ва қуриб қолишига олиб келади. Кузги ясмиқни ноябрь ойининг иккинчи декадасига қадар экиш тавсия этилади. Уруғларни бир неча хил усулларда экиш мумкин бўлиб, текисланган далага ёки ариқлар очилган майдонларга пневматик сеялкалар ёрдамида экилади. Пневматик сеялкаларда уруғлар 60 см кенгликда олинган пушталарга бир қатор қилиб экилади. Экиш схемаси 
60х2-3 см бўлганда тегишли тартибда ҳар бир гектар майдонда 833,3 минг кўчат қолдирилади. Экиш меъёри майда уруғли ва йирик уруғли навларга мос равишда 55-90 кг/га. Қўл кучи ёрдамида сочма усулда экилса 70-120 кг/га миқдордаги уруғлик сарфланади. Кузги ясмиқ уруғларини экишда навдорлиги юқори бўлган ҳамда сифатли уруғликлардан фойдаланиш ҳамда экишдан олдин уруғларни замбуруғ касалликлари ва хашаротларга қарши дорилаб экиш юқори ҳосил олишнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади.
Кузги ясмиқнинг униб чиққан нихоллари даслабки фазаларда ўсиш ва ривожланиши суст кечади. Майсалаш давридан шоналашга ўтиши билан унинг ривожланиши тезлашади. Эрта баҳорда тупроқни юмшатиш, қиздириш, нам сақлаш ва бегона ўтлардан тозалаш мақсадида экинлар қатор орасига культиватор КРХ-4 билан ишлов бериб бориш талаб этилади. Бунда культиватор КРХ-4 ишчи органларини чуқурлиги камида 10-12 см., ўсимликдан эса 8-10 см қочириб жойлаштирилиши керак бўлади. Қатор орасига ишлов берилиши натижасида тупроқ юзаси юмшатилиб, қатқалоқ бузилади, тупроқнинг ҳаво алмашиниши яхшиланади, бегона ўтлар майсалари қирилиб кетади. Кузги ясмиқнинг ўсув даври давомида 2-3 марта қатор оралари юмшатилади, ўсимликлар ён атрофидаги бегона ўтларни йўқотиш учун қўлда 2-3 марта кетмон чопиқ қилиниши керак. Фақатгина ўсимлик қатор орасига техникани киритишнинг имкони бўлмаган даврдагина қатор орасига ишлов беришни тўхтатиш мумкин бўлади. Эрта баҳорда кузги ясмиқни азотли ўғитлар билан биринчи марта озиқлантириш ўсимликларнинг майсалаш босқичида амалга оширилади. Бунда йиллик азотли ўғит меъёрининг 30-40 фоизини берилиши талаб этилади. Ўсимликларни иккинчи марта азотли ўғит билан озиқлантиришда йиллик меъёрнинг қолган қисмини шоналаш-гуллаш босқичида ўғитлагич культиватор билан камида 14-18 см чуқурликка солинади.

Кузги ясмиқ касаллик ва зараркунанда хашаротларга чидамли ҳисобланади. Ўсимликнинг ривожланишига боғлиқ ҳолда ўсув даври давомида икки марта суспензия берилади. Суспензия ўсимликни қўшимча озиқлантириш билан бирга сувга бўлган эҳтиёжини 10-15 кун давомида қондиради. Ясмиқ экилган далаларда ҳар икки кунда бир марта касаллик ва ҳашоратларнинг тарқалиши бўйича феромон тутқичлар ёрдамида назорат олиб борилади. Феромон тутқичларда 3 ёки ундан ортиқ капалак тушган бўлса ҳар бир гектар майдонга белгиланган тартибдаги ва миқдордаги бракон, трихограмма ҳамда олтинкўз қўйилади. Кузги ясмиқ ўсимлигини 75-85% пишиб етилган ўсимликлар қўлда ўрилиб, бир қаторга тўплаб 1-2 кун ўтказиб кейин комбайнда донлари ажратиб олинади. Комбайндан ўтказилган ҳосил ўсимлик қолдиқлари ва пуч уруғлардан тозаланиб, донни 14,0-15,0 фоиз намликгача қуритилиб, 25 ёки 50 кг қопларга қадоқланади ва сақлаш омборларига жойлаштирилади.



Суғориладиган ерларда ясмиқ етиштириш

Республикамиз тупроқ ва иқлим шароитига мос майда ва йирик уруғли ясмиқ навларини танлаш ва уларни давлат реестрига киритиш бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда. Суғориладиган ерларда ясмиқ етиштиришда ер майдонлари ўтмишдош ва ёввойи ўсимликлар қолдиқларини тозаланади ва бир ерга йиғилиб, ёқиб юборилади. Кузги шудгордан олдин минерал ўғитларнинг йиллик (80-100 кг азот, 90 кг фосфор ва 60 кг калий таъсир этувчи модда миқдорида) меъёридан фосфорли ва калийли ўғитларни 100 фоизини НРУ-05 механизми ёрдамида сепилиб, 25-30 см чуқурликда шудгор қилинади. Кузда чиримаган маҳаллий ўғит солинган майдонларга ясмиқ экиш тавсия этилмайди. Эрта баҳорда шудгорланган майдон текисланади, чизел-борона қилиниб, суғориш эгатлари олиб қўйилади. Кузги шудгордан олдин минерал ўғитлар берилмаган бўлса баҳорда экишдан олдин бериш тавсия этилади.Эрта бахорда (феврал ойининг охири ва март ойининг биринчи ўн кунлигида) ернинг етилишига қараб, ясмиқ уруғлари пневматик сеялкалар ёрдамида экилади. Пневматик сеялкаларда уруғлар 60 см кенгликда олинган пушталарга бир қатор қилиб экилади. Экиш схемаси 60х2-3 см бўлганда тегишли тартибда ҳар бир гектар майдонда 833,3 минг кўчат қолдирилади. Экиш меъёри майда уруғли ва йирик уруғли навларга мос равишда 55-90 кг/га. Қўл кучи ёрдамида сочма усулда экилса 70-120 кг/га миқдордаги уруғлик сарфланади. Экишдан олдин ясмиқ уруғлари замбуруғ ва бактерия касалликларига қарши дориланади. Дориланган уруғлар ёйиб қуритилади ва олти соат ичида экилиб, нам тупроқ билан ёпилиши керак. Дорилаш жараёнида сув сарфига эътибор бериш керак. Меъёрдан ортиқча сув препаратнинг таъсир кучини камайтириш билан бирга экиш муддатлари объектив сабаблар (кутилмаганда ёмғир ёғиши, сеялкаларнинг вақтинчалик ишдан чиқиши ва ҳоказо) билан кечиктирилганда уруғларнинг униб қолиши туфайли дала унувчанлиги пасайиб кетиши ва кўчатларни сийрак бўлиб қолиши кузатилади. Ўсув даври давомида бегона ўтларнинг миқдорига қараб бир, икки марта қўл меҳнати ёрдамида бегона ўтлардан тозаланади ва культивация қилинади. Ўсимликлар ердан тўлиқ униб чиққанда азотли ўғитнинг йиллик меъёрининг 50 фоизи культивацияда суғоришдан олдин берилади.

Ясмиқни сувга бўлган талабини эътибордан қочирмаган ҳолда ўз вақтида тупроқ шароитидан келиб чиқиб суғориш ишларини амалга ошириш зарур. Ўсимликларнинг тўла дуккаклаш, яъни дон тўлишиш босқичига келиб тупроқдаги намликни 70-75% бўлишини таъминлаш мақсадида мавсумда 2-3 марта суғориш талаб этилади.Ўсув даври давомида бир ёки икки марта суспензия бериш ҳосилдорликни оширишга ижобий таъсир кўрсатади. Биринчи марта майсалар 4-5 та чин барг чиқарганда, иккинчи марта эса орадан 10-15 кун ўтгандан кейин бериш мумкин. Ўсимликнинг умумий ҳолатига боғлиқ ҳолда шоналаш даврини бошланишида азотли ўғитнинг қолган 50 фоизи суғоришдан олдин берилади. Ясмиқ экилган далалар ҳар икки кунда бир марта касаллик ва ҳашоратларнинг тарқалиши бўйича феромон тутқичлар ёрдамида назорат олиб борилади. Феромон тутқичларда 3 ёки ундан ортиқ капалак тушган бўлса ҳар бир гектар майдонга белгиланган тартибдаги ва миқдордаги бракон, трихограмма ҳамда олтинкўз қўйилади.
Даладаги умумий ўсимликларнинг 80-85 фоизи пишиб етилганда ўсимликлар қўл кучи ёрдамида йиғиб олинади ва брезент ёки махсус тайёрланган майдонларда 3-5 кун қуритилади. Қуритилган ўсимликлар комбайндан ўтказилади. Комбайндан ўтказилган ҳосил ўсимлик қолдиқлари ва пуч уруғлардан тозаланиб, 25 ёки 50 кг қопларга қадоқланади. Республикамизда майда уруғли ясмиқ навлари йирик уруғли навларга нисбатан тўкилишга чидамлироқ ва ҳосилдорлиги юқорилиги билан ажралиб туради. Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институтида ясмиқнинг “Дармон”
ва “Сарбон” навлари яратилган бўлиб уларнинг қисқача тавсифномаси қуйидагича:

Кузги ясмиқнинг “Дармон” нави Нав Дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институтида Халқаро ИКАРДА илмий ташкилотининг Flip 97-4 L коллекция намунасидан уч карра якка танлаш йўли билан яратилган. 2008 йилдан Давлат Реестрига киритилган нав муаллифлари: М.Маннопова, И.Эгамов, З.Яқубов, Ш.Саттарова, А.Саркер. Умумий таснифи: Ўсимлик бўйи 45-50 см, пояси тик ўсувчи, сершох, туксиз барглари майда, чўзиқ, тухумсимон шаклда. Мураккаб баргли бўлиб барг бандида 8-12 та баргчалар бўлади. Барг учи чингалакли. Гули тўпгулли 2-3 та гул шингилдан иборат. Гуллари ўртача йирикликда, тожибаргларининг ранги оқ ҳаворангли. Эртапишар.Тур хили: (Lens esculenta Moench)Дуккак шакли: Дуккаклари ромб шаклда, туксиз дуккак, хар бир дуккакда 2-3 дона уруғ жойлашган.
Дон шакли: Дони ясси линза шаклли, ранги қизғиш қўнғир рангли, дон сирти силлиқ. доннинг катталиги 5-7 мм ни ташкил этади. Ҳосилдорлик: Нав юқори агрофонда ва кичик ер майдонида ҳосил бериш имконияти 25 ц/га ташкил этади. Нав уч йил (2004-2007 й) экологик нав синовида ўрганилганда ўртача 18,1 ц/га ҳосил олинган. Энг юқори хосил 2006 йилда гектаридан 21,7 центнер дон ҳосили олинган. 1000 дона уруғ вазни ўртача 75-80 грамм.
Касалликка чидамлилиги: Чидамли.Об-хаво иқлим шароитга чидамлилиги: эрта баҳорги аёзларга чидамли.Экиш: Мақбул муддатларда гектарига 800-850 минг туп кўчат қалинлигида экилади.
Кузги ясмиқнинг “Сарбон” нави. Нав Суғориладиган ерларда ғалла ва дуккакли ўсимликлар илмий тадқиқот институтида Халқаро ИКАРДА илмий ташкилотининг Flip Р-1005 L коллекция намунасидан кўп марта якка танлаш йўли билан яратилган. 2017 йилдан Давлат Реестрига киритилган.
Нав муаллифлари: М.Маннопова, З.Яқубов, С.Ашитош. Умумий таснифи: Ўсимлик бўйи 48-53 см, пояси тик ўсувчи, сершох, туксиз, ётиб қолишга мойил, барглари майда, чўзиқ, тухумсимон шаклда. Мураккаб баргли бўлиб барг бандида 5-7 та баргчалар бўлади. Барг учи жингалакли. Гули тўпгулли 2-3 та гул шингилдан иборат. Гуллари ўртача йирикликда, тожибаргларининг ранги оқ ҳаворангли. Эртапишар.Тур хили: (Lens esculenta Moench)Дуккак шакли: Дуккаклари ромб шаклда, туксиз дуккак, чатнашга мойил, хар бир дуккакда 2-3 дона уруғ жойлашган.
Дон шакли: Дони ясси шаклли, линзасимон, ранги қаймоқ рангли, дон сирти силлиқ. доннинг катталиги 8-9 мм ни ташкил этади.
Хосилдорлик: Нав кичик майдонларда, юқори агрофон қўлланганда ҳосил бериш имконияти 27 ц/га ташкил этади. Нав уч йил (2004-2007 й) экологик нав синовида ўрганилганда ўртача 19,3 ц/га хосил олинган. Энг юқори хосил 2006 йилда гектаридан 23,6 центнер дон хосили олинган. 1000 дона уруғ вазни ўртача 80-85 грамм. Касалликка чидамлилиги: Чидамли.Об-хаво иқлим шароитга чидамлилиги: баҳорги аёзларга чидамли.Экиш: Мақбул муддатларда гектарига 800-850 минг туп кўчат қалинлигида экилади.

Ҳозирги кунда тобора ўсиб бораѐтган аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш устида олимлар доимо изланишдалар. Ҳар бир ҳудуд тупроқ – иқлим шароитини ҳисобга олиб бир мавсумда ўсимликшунослик маҳсулотларини кўпайтириш имкониятлари аниқланмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотига талаб янада ортмоқда. Бу муаммони ҳал қилишда муҳим эътибор ўсимлик оқсили билан таъминланишига аҳамият берилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 30 декабрдаги 01-03/1-769- сонли йиғилиш баѐни қарорига асосан 2012 йилда cоя ўсимлигини экиш учун 10 минг гектар асосий экин майдони ажратилди. Ушбу қарор дуккакли ўсимликлардан олинаѐтган маҳсулотлар республикада ҳалқ ҳўжалигининг барча соҳаларида фойдаланиѐтганини кўрсатмоқда. Биргина шу қарорнинг ўзи бизда дуккакли дон экинларига эътибор ошаѐтганлигидан дарак бермоқда. Ясмиқ дуккакли ўсимликларга хос равишда ўз илдизлари орқали ҳаводан соф азотни ўзлаштириб олади ва тупроқни экологик тоза биологик азот билан бойитади. Ўсимлик ўсув даврида ўзи учун ҳам, ўзидан кейинги ўсимлик учун ҳам маълум миқдорда азот қолдириб кетади. Демак, ясмиқ – биологик тоза экин бўлиб, тупроқ структурасини яхшилаши, биологик жараёнларнинг боришини янгилайдиган экин ҳисобланади. Дон-дуккакли ўсимликлар дон, оқсил муаммосини ҳал қилишдан ташқари тупроқ унумдорлигини ҳам оширади. Чунки анғиз ва илдиз қолдиқлари органик модда миқдорини ва тупроқдаги азот миқдорини оширади. Бу дуккакли-дон ўсимликларини биологик ҳусусияти билан боғлиқдир. Дуккакли ўсимликларни илдизида ризобиум авлодига кирадиган туганак бактериялар яшайди.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech