Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
30 jan

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида лотин алифбосида нашр этилган мазкур энциклопедия академик Ш.А.Акмалхоновнинг ёшларга йўллаган эзгу тилаклари билан бошланади ва китобхонни зироатчиликнинг сир-асрорлари оламига олиб киради.

Энциклопедияда Ўзбекистонда экиладиган жами экинлар турлари, иқтисодиёт, агрономия, агрометеорология, генетика, селекция, ўсимликшунослик, ўсимликларни ҳимоя қилиш, ҳосилни сақлаш, чорвачилик, қишлоқ хўжалиги техникаси каби 30 дан ортиқ тармоқлар қамраб олинган.

Китобда алифбо тартибида мамлакатимизда етиштириладиган мевали дарахтлар, сабзавот ва полиз экинлари, дон, дуккакли экинларнинг ботаник тавсифи, биологик хусусиятлари, етиштириш технологиялари ҳақида мухтасар маълумотлар келтирилган.

“Ер”, “Тупроқ”, “Фотосинтез”, “Ўсимликларнинг озиқланиши”, “Ўсимликларнинг ривожланиши”, “Ўсимликлар физиологияси” каби ўнлаб мақолалар бизни ўсимликларнинг яшаш қонуниятлари билан таништирса, “Борона”, “Дон йиғиш комбайни”, “Культиватор”, “Плуг”, “Трактор”, “Пахта териш машинаси”, “Қишлоқ хўжалигини электрлаштириш”, “Қишлоқ хўжалигини кимёлаштириш” мақолаларида замонавий машина-механизмлар ҳақида батафсил маълумотлар берилади.

“Мелиорация”, “Сув хўжалиги”, “Суғориш” каби мақолаларда бу мавзуларнинг тарихи ва ҳозирги ҳолати билан танишамиз, Ўзбекистондаги йирик каналлар, сув омборларининг иқтисодий-техник кўрсаткичларидан, суғориш усулларидан хабардор бўламиз.

“Асалари”, “Итлар”, “Отлар”, “Уй паррандалари”, “Қорамоллар”, “Қўйлар”, “Эчкилар”, “Қуёнлар”, “Сут”, “Чорвачилик” каби мақолаларда эса чорва ҳайвонларининг турлари, зотларига батафсил тавсиф берилган.

Китобда амалий аҳамиятга эга турли маслаҳатлар ҳам кўп. Масалан, “Балиқлар” мақоласида балиқ боқиш, “Уй паррандалари” мақоласида жўжаларни ўстириш, “Қуёнлар” мақоласида ёш қуёнларни парваришлаш, “Лимон” мақоласида лимон кўчатини етиштириш тартиб-қоидалари баён этилган.

Китобхонга экинлар, чорва турлари ҳақидаги маълумот билан бирга улар билан боғлиқ хўжалик тармоғи ҳақида ҳам батафсил маълумотлар тақдим этилади.

Экинга турли зараркунандалар, касалликлар, бегона ўтлар, иссиқ-совуқлар “ҳужум” қилади. Деҳқон ҳимоя чораларини кўрмаса, ҳосилни бой беради, меҳнатлари зое кетади. Энциклопедияда берилган “Ўсимликлар зараркунандалари”, “Ўсимликлар касалликлари”, “Ўсимликларни ҳимоя қилиш”, “Биологик ҳимоя усули”, “Кимёвий ҳимоя усули”, “Инсектицидлар”, “Фунгицидлар” ва бошқа мақолаларда экинни ана шу “бало-қазолар”дан ҳимоя қилиш йўллари, усуллари батафсил келтирилган.

“Йил фасллари”, “Об-ҳаво”, “Иқлим”, “Самарали ҳарорат”, “Қорасовуқлар”, “Бурж” сарлавҳали мақолаларда фасллар алмашуви, иқлим қонуниятлари ҳақида маълумотлар берилган. Айниқса, “Бурж” мақоласида 12 буржнинг фасллар бўйича ҳолати жадвали ва уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида мақолалар берилгани китобхон учун ноёб маълумот дейиш мумкин.

Энциклопедиядаги “Банкротлик”, “Бизнес”, “Бизнес режа”, “Кичик ва ўрта бизнес”, “Рентабеллик”, “Таннарх”, “Фойда” каби мақолалар эса китобхоннинг иқтисодий саводхонлигини оширишга хизмат қилади.

Яна бир муҳим жиҳати, шу вақтга қадар ўз кашфиётлари ва амалий ишлари билан мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги фанлари ҳамда амалиётига катта ҳисса қўшган олимлар, халқ селекционерларининг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида жамланма йўқ эди. Энциклопедиядан ўнлаб шундай фидойи олимларга бағишланган мақолалар ва уларнинг суратлари бўшлиқни тўлдирди, деб айтиш мумкин.

Китобнинг яна бир ютуғи – ундаги рангли суратлардир. Қадимги Мисрдан топилган расмлар ва Ўзбекистон тасвирий санъати намояндаларининг асарлари китобнинг ахборот базасини янада бойитишга хизмат қилади.

Манба: Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech