Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
19 sep

Аввал хабар берилганидек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Мирзаев бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 12–15 сентябрь кунлари Хитой Халқ Республикасида бўлиб қайтди.

Ташриф давомида Хитой Давлат Кенгашининг Давлат Маслаҳатчиси Ван Юн, Хитой Қишлоқ хўжалиги вазири Хан Чанфу, Хитой Сифат назорати, инспекция ва карантин бўйича бош маъмурияти вазири Чжи Шупин, Хенань провинцияси губернатори Чэнь Жунье ва бошқа идоралар расмий доиралари билан музокаралар ўтказилиб, мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш, шунингдек, йирик иқтисодий ва сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш, ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришга доир масалалар муҳокама этилди.

Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси делегацияси иштирокида Хитойнинг 150 нафардан зиёд тадбиркорлари билан брифинг ташкил қилинди. Унда Ўзбекистоннинг “Brand Investment Group” МЧЖ ва Хитойнинг “Тиньян Иньхай” компанияси ўртасида икки томонлама қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт-импорт қилиш бўйича Англашув Меморандуми имзоланди.

Делегация аъзолари ташрифнинг иккинчи куни “XX Хитой қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш саноатининг инвестицион ва савдо кўргазмаси” очилиши маросимида иштирок этди. 30 минг кв. метр жойни эгаллаган мазкур кўргазмада 15 та дипломатик ваколатхона вакиллари, 6 та хорижий давлатлар вазирлари, 30 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари ва 5 мингдан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари иштирок этди. Ўзбекистондан “Агромир” корхонаси қайта ишланган 30 хилга яқин маҳсулотларини намойиш этди.

Ташриф давомида зиравор ишлаб чиқариш бўйича Хитойда биринчи ўринда турган ва ўз маҳсулотлари билан ички бозорнинг 80 фоизини эгаллаган Хэнань провинциясида жойлашган “Ванг Шоуи” корхонаси ҳамда ун, ичимлик сувлари ва ярим тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Суи Пинг” корхонаси фаолияти билан танишилди. Шунингдек, бошқа бир қатор йирик корхона вакиллари билан учрашув ташкил қилиниб, унаби ва маккажўхорини қайта ишлаш, мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш технологияларини Ўзбекистонда жорий қилишга келишиб олинди.

Делегация аъзолари “Сифат бўйича иккинчи Хитой анжумани” очилиш маросимида иштирок этди. 280 дан ортиқ халқаро экспертлар ва давлат ташкилотларининг раҳбарлари иштирок этган мазкур тадбирда глобаллашув ва иқтисодий тикланиш шароитида сифат ва самарадорликни ошириш, иқтисодий интеграция ва савдони ривожлантириш учун техник инфратузилмаларни яхшилаш, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари муҳокама этилди.

Ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикасининг Сифатни назорат қилиш, инспекция ва карантин бўйича бош давлат маъмурияти ўртасида Ўзбекистондан Хитойга мошни экспорт қилиш учун фитосанитар талаблар бўйича Баённома имзоланди.

Ўзбекистон делегациясининг Хитой Халқ Республикасига сафари ҳар томонлама самарали кечиб, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик ва дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.

Манба: Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech