Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
25 oct

Шу йилнинг 22-23 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев бошчилигидаги делегация Хитой Халқ Республикасининг Янлин шаҳрида ўтказилган қишлоқ хўжалиги соҳасидаги юқори технологиялар кўргазмасида иштирок этиб қайтди.

Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги келишувга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев бошчилигидаги делегация ушбу нуфузли халқаро кўргазмага фахрий меҳмон сифатида таклиф этилди.

Вазир Жамшид Ходжаев ташриф доирасида Шэньси провинцияси губернатори Лю Гочжун билан учрашди. Мулоқотда икки томонлама хамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари хусусан, инвестиция, қишлоқ хўжалиги савдоси, илмий-амалий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилди.

Янлин кўргазмасининг очилиш маросимида Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев сўзга чиқди. Вазир ўз нутқида Янлин кўргазмасининг аҳамияти ҳақида гапириб, бу ерда яратилган инновацион ишланмалар дунё аҳолисининг ҳаётига ижобий таъсир қилиши мумкинлигини таъкидлади.

- БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг (ФАО) прогнозларига кўра, ўсиб бораётган глобал аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш учун, фермерлар 2050 йилга келиб, бугунгига нисбатан бир ярим баравар кўп ҳосил олишлари керак. Албатта, қишлоқ хўжалигини имкон қадар автоматлаштиришга ёрдам берадиган "ақлли" қишлоқ хўжалигини кенг жорий қилмасдан туриб, ушбу муаммони ҳал қилиб бўлмайди, – деди ўз нутқида вазир Ж.Ходжаев.

Мазкур кўргазмада мамлакатимизнинг аграр соҳадаги савдо-инвестициявий ҳамда илмий изланишлар соҳасидаги салоҳиятини акс эттирувчи Ўзбекистон миллий стенди ҳам намойиш қилинди.

Ўзбекистон делегацияси кўргазма доирасидаги халқаро агрофорум ҳамда аграр соҳадаги янгиланишларга бағишланган давра суҳбатида, шунингдек, Шэньси провинциясида қурилаётган ШҲТнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўргазмали ўқув ҳудудининг тамал тошини қўйиш маросимида ҳам қатнашди.

– Биз ушбу сафаримиз асносида Шэньси провинцияси губернатори Лю Гожун, Янлин иқтисодий зонаси маъмурияти котиби Ли Цзинь билан ҳам учрашдик, - дейди Қишлоқ хўжалиги вазири Ж.Ходжаев. – Губернатор билан 2020 йилдан бошлаб, интенсив боғдорчилик, уруғчилик, қишлоқ хўжалиги соҳасида янги технологиялардан фойдаланиш сингари соҳаларда, ўзбекистонлик мутахассислар иштирокида семинарлар ўтказиш борасида келишиб олдик. Ҳар йили ушбу машғулотларга юртимиздаги агрокластерлар, фермер хўжалиги вакилларини жўнатиб турамиз.

Шунингдек, Шэньси губернатори икки томонлама самарали лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ҳудудлараро форум ўтказишга ҳам розилик билдирди. Мазкур форум ўзаро келишувга биноан Самарқандда ёки Шэньсида ўтказилиши мумкин.

Шунингдек, ташриф доирасида Янлин иқтисодий зонаси раҳбарияти билан Ўзбекистонда Қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-техникавий инновациялар қўшма марказини очиш бўйича ҳам протокол имзоланди. Мазкур марказни очиш учун жой ажратиш, ташкилий, молиявий масалаларни ҳал этиш мақсадида хитойлик ҳамкорларимиз жорий йилнинг ноябрь ойида юртимизга ташриф буюриши кутилмоқда.

Хитойлик мутахассислар билан Ўзбекистонда интенсив анжир боғларини яратиш ва анжирни қайта ишлаш, чорвачиликка йўналтирилган кластерлар тармоғини яратиш, шунингдек, пахтачилик ва ғаллачиликда янги услуб ва технологияларни жорий этиш борасида ҳам келишувларга эришилди.

Маълумки, Хитой аграр таълим соҳасида ҳам жаҳондаги етакчи мамлакатлардан саналади. Бугунги кунда Хитойнинг турли олий таълим даргоҳларида дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келган талабалар қишлоқ хўжалиги йўналишида ҳам таълим олишмоқда. Ўзбекистон делегациясининг ташрифи давомида Тошкент Давлат Аграр университети ҳамда Хитойнинг шимоли-ғарбий қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик университети ўртасида мутахассислар тайёрлаш борасида ҳамкорлик қилиш юзасидан шартнома имзоланди. Шунингдек, Пекин Почта ва телекоммуникациялар университети билан агрологистика ва қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш борасида талабаларни айирбошлаш юзасидан келишувга эришилди.

Хитойдан қайтган делегация аъзоларининг маълумот беришича, хитойлик ҳамкорлар билан Сирдарё вилоятида суғоришнинг томчилатиш ва ёмғирлатиш тизимини жорий этиш, бу борада тегишли ишлаб чиқариш линияларини Ўзбекистонга жўнатиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилган. Ушбу тизим келгусининг март ойидан бошлаб юртимизда жорий қилиниши кутилмоқда.

Манба: Вазирлик Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech