Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
8 dec 2019

photo_2019-12-08_12-52-42.jpg

Азиз ватандошлар, муҳтарам қишлоқ хўжалиги ходимлари!

Авваламбор Ватанимиз ҳаётидаги қутлуғ сана Конституциямиз қабул қилинган кунни нишонлаш арафасида барчангизга ўзимнинг ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этиб, бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 27 йиллик байрами ҳамда Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан муборакбод этаман!

Қишлоқ хўжалиги соҳасининг меҳнати машаққатли ва шарафли, нони эса тотли ва ширин. Буни соҳада фидойилик кўрсатиб келаётган миришкор деҳқон ва фермерлар, чорвадор ва пиллакорлар, жонкуяр олим ва мутахассислар фаолиятида яққол кўриш мумкин.

Бугунги кунда эришган муваффақияларга соҳанинг катта-кичик ходимлари – деҳқон ва фермерлар, олим ва мутахассислар, тадбиркорлар ва ишлаб чиқариш соҳаси фидойиларининг ўз ўрни бор. Юртимизда етиштирилаётган сара, сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларга бўлган талаб халқаро миқёсда тобора ортиб бормоқда.

Соҳада амалга ошираётган ислоҳотлар халқимизнинг иқтисодий аҳволини оширишга, дастурхонларимизни сифатли, арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга, шунинг билан бирга соҳанинг экспорт салоҳиятини ҳам оширишга хизмат қилишга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.

Шу ўринда айтиб ўтиш керак, юртимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинаётган давлатлар сони тобора кўпайиб бормоқда. Шунинг баробарида, пахта, мева-сабзавотларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида чет эл мамлакатлари бозорларига чиқаришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу ишларни амалга оширишда аввало деҳқон, фермерларимизнинг ҳиссаси катта эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишни истайман.

Барчамизга маълум, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳаси давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, барча зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Бу эса ҳар биримиздан бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни янада кучайтиришни, меҳнат унумдорлигини ошириш учун тинимсиз ҳаракат қилишни талаб этади.

Мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисми қишлоқ жойларда истиқомат қилишини инобатга оладиган бўлсак, соҳада ўтказилаётган ислоҳотлар халқимиз ҳаётида қанчалик ўз аксини топишини тасаввур этиш қийин эмас. Соҳани тубдан модернизация қилишдан асосий мақсад, халқимизга муносиб турмуш шароитини яратиб бериш, одамлар онгида бебаҳо заминимизга бўлган муносабатни буткул ўзгартириш, ҳар бир қарич еримизни катта даромад келтирадиган манбаига айлантиришдир. Ишонч билан айтиш мумкинки, соҳада амалга ошираётган ислоҳотлар халқимизга иқтисодий барқарорликни ошириш, дастурхонларимизни сифатли, арзон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади.

Ҳали бизнинг тўла ишга солинмаган имкониятларимиз, салоҳиятимиз, табиий ресурсларимиз етарли даражада. Улардан муносиб фойдаланиш орқали халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиётини янада юксалтиришга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим.

Алоҳида қайд этиш керак, ҳозирги пайтда олдимизда ҳал қилишимиз лозим бўлган ғоят муҳим вазифалар турибди. Уларни адо этиш йўлида ҳар биримиз, қолаверса, ҳаёт синовларида тобланган, мард ва матонатли фермерларимиз бор билим ва тажрибаларини, куч-ғайрат ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Бу жараёнда ҳар бир соҳа ходимининг саъй-ҳаракати ва фидойилиги билан эриша оламиз.

Бугун аграр соҳага ҳам дунёнинг энг ривожланган давлатлар тажрибаларини жорий қилишни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Биз хорижий мамлакатларга бориб, етук мутахассислар билан гаплашиб, етакчи компаниялар, йирик сармоядорларни Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига жалб қилишга ҳаракат қиляпмиз.

Азиз дўстлар!

Мен шу қутлуғ кунда ўз номимдан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги жамоаси номидан барчангизни яна бир карра муборакбод этаман. Мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида олиб бораётган ишларингизга каттадан-катта муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламан.

Меҳнатингиз унумли, ҳосилингиз баракали бўлсин, қадрли юртдошлар!

Манба: Вазирлик Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech