Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
20 jul

Жорий йил 16 июль куни Қибрай тумани маъмурий судида судья Аҳрорбек Эралиев раислигида “Sulton Tex Group”нинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ўктам Барноев, Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев ва унинг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаевлар устидан шикояти бўйича эшитув бўлиб ўтди.

“Sulton Tex Group” гуруҳи Ижрочи директори Нурбек Эргашев суддан номи юқорида тилга олинган ва бошқа мансабдор шахсларнинг айрим ҳаракатларини ноқонуний деб тан олишни сўрамоқда. Бу ерда гап “Sulton Tex Group” компаниясига пахта хомашёси етиштириш учун банк томонидан ажратилган 5,6 млрд. сўм кредит маблағларини паррандаларни боқиш ва комбайнларни таъмирлаш учун йўналтиришга топшириқ бериш ва шунга мажбурлаш ҳақида бормоқда. ("Газета.уз" бу ҳақда батафсил ёзган эди). Бундан ташқари, тадбиркор Вазирлар Маҳкамасининг 8 апрел кунги йиғилишида компания фаолияти ҳақида “асосланмаган” маълумотлар берилгани, бунинг натижасида компания пахта ва тўқимачилик кластерлари рўйхатидан чиқарилиб, ўрнига кооперация яратилиб, “Sulton Tex Group”га қарашли пахта тозалаш заводи биноси ва бошқа тузилмалари олиб қўйилганини важ қилиб кўрсатди.

Компания аввал Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоевани судга бериб, шикоятининг қисман қаноатлантирилишига эришди. Бироқ унга ҳоким бошчилигидаги халқ депутатлари туман Кенгаши қарши чиқди. 10 июль куни Қашқадарё вилоят судида туман судининг чиқарган қарори устидан ҳокимликнинг аппеляция шикояти доирасида кооперация ҳамда Қарши тумани прокуратураси протести кўриб чиқила бошланди.

Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев кластерлар, кооперативлар ва умуман қишлоқ хўжалиги секторининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида ОАВ фаол ёритган “Sulton Tex Group” билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида, ҳозирча кам сонли хабардор бўлган жамоатчиликнинг кенг муҳокамаларини ҳисобга олган ҳолда бир неча тушунтиришлар берди. "Газета.уз" қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати томонидан тақдим етилган тушунтириш матнини чоп этади.

“Фермерларнинг манфаатлари йирик корхона манфаатлари каби муҳим”

Ҳозирда суд жараёни давом этаётганини инобатга олиб, воқеалар ва томонларнинг ҳаракатларига баҳо бермайман. Буларнинг барчасини фактларга асосланадиган судга қолдирамиз. Лекин мен бир неча фикрларни ойдинлаштирмоқчиман, чунки ҳозирги кунга қадар оммавий ахборот воситаларида асосан бир тарафнинг позицияси — ваколатли вазирлик, идора ва банкларнинг 16 вакилдан иборат ҳукумат комиссияси қарорини қийинлаштираётган Қашқадарё вилоятининг йирик тадбиркори позицияси акс этган.

Лекин, биринчи навбатда, таъкидламоқчиманки, қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари сифатида мен учун қишлоқ хўжалигига инвестиция киритадиган ҳар қандай йирик корхона – соҳа модернизациянинг асосидир. “Sulton Tex Group” тўқимачилик саноатида замонавий қўшилган қиймат занжирларини барпо этишда сезиларли салоҳиятга эга. Бироқ, бу тарихда “Sulton Tex Group” томонидан яратилган кластер таркибига кирган юзлаб фермер хўжаликларининг манфаатлари мавжуд. "Кластер" тушунчаси бугунги кунда кўпчилик одамлар учун янги бўлганлиги сабабли, бу манфаатлар айтиб ўтилиши ва тушунтирилиши керак.

Бироқ, афсуски, бизда ишлаб чиқаришнинг бу шакли учун унинг таркибидаги барча иштирокчиларга тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятларни аниқ белгилаб берадиган меъёрий-ҳуқуқий асослар ҳали мавжуд эмас. Биз қишлоқ хўжалигидаги бу ва бошқа бир қатор ислоҳотлар устида ишлаяпмиз ҳамда бу суд иши амалдаги кластерлар, корхоналар ва фермер хўжаликлари учун яна қандай реал муаммолар мавжудлигини кўрсатади.

Лекин мен асосий нарсани айтаман: кенг кўламли пахта ва тўқимачилик ишлаб чиқариш корхоналарининг манфаатлари биз учун кластерлар таркибида бўла туриб, унинг қарорларига боғлиқ бўлган алоҳида фермерларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари каби муҳимдир.

Кластер, бу – турли субъектлар ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг мураккаб шаклидир. Кўпгина хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, барча иштирокчилар ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни мукаммал даражада ривожлантириш кўп вақт талаб этади. Пировардида кластерлар деҳқонлар билан – фақатгина уларнинг меҳнати, ери ва маҳсулотларидан арзон меҳнат ва қулай ресурслар сифатида фойдаланибгина қолмасдан, ўзаро манфаатли шарт-шароитлар асосида алоқалар ўрнатиши лозим.

Нима учун тўқимачилик ишлаб чиқарувчиси учун кластер формати муҳим ва нега баъзи фермерлар уюшма-кооперациялар тузишни хоҳлашади?

Мен жамоатчилик муҳокамасига асосий сабаб бўлган энг муҳим нарсани тушунтираман: комиссиянинг “пахта тўқимачилик кластери сифатида ишлаб чиқаришни тўхтатиш” тўғрисидаги қарори нимани англатади?

Бу шуни англатадики, илгари “кластер” нинг эксклюзив имкониятларига эга бўлган корхона энди фермер хўжаликлари билан эркин бозор шароитида тенгҳуқуқлилик асосидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ўз фаолиятининг олдинги йўсинига қайтади. Бошқача айтганда, компания ўз фаолиятини бутунлай тўхтатиши шарт эмас, унинг ускуналари ва ишлаб чиқариш майдонлари, шунингдек, ижара ҳуқуқи асосида компанияга тегишли ерлар бутунисича ҳеч ким томонидан мусодара қилинмайди, “Sulton Tex Group” гуруҳида бундай ерлар 2020 гектар бўлиб, шундан 1460 гектари пахта учун фойдаланилади.

Буларнинг ҳаммаси корхонада қолади. “Sulton Tex Group” фермер хўжаликлари ерларини бошқаришни ва ўз ҳисобидаги сармоялари таркибидаги фермер хўжаликларининг ерларида пахта етиштириш учун олинган имтиёзли давлат кредитларидан фойдаланишни тўхтатади.

Бу ерда мунозарадан ташқарида қолаётган асосий бир нуқта бор: Вазирлар маҳкамасининг 2018 йил 19 сентябрдаги ишлаб чиқаришнинг кластер шаклини йўлга қўйиш ҳақидаги ВМҚ-744-сонли Қарорида назарда тутилган Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидан ажратилган 1800 гектар ерда ва унга бириктирилган фермер хўжаликларининг 13,500 гектар ерида Кластер ишлаб чиқаришни жорий этиш дегани – бу ерларнинг ҳаммаси ўша пайтда “Sulton Tex Group” хусусий корхонасига топширилди дегани эмас. “Sulton Tex Group” компанияси ҳақиқатан ҳам “Кластер ишлаб чиқариши” формати орқали юзлаб мустақил фермер хўжаликлари майдонлари базасида фаолият юритиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу 400 га яқин субъект ва 13,500 гектар ер бўлиб, улар давлатдан тегишли хусусий ижара шартномалари асосида ушбу майдонларни фойдаланишга олган. Бу эса мазкур фермерларнинг ерлари ва уларнинг меҳнатидир, “Sulton Tex Group” корхонасиники эмас.

Шунинг учун бу ерда гап ҳеч кимдан ҳеч нарсани тортиб олиш ҳақида кетмайди, бу ердаги масала –фермерларнинг ўз имкониятларини ўзлари тасарруф этишлари, ишларини ким билан ва қандай шартлар асосида ташкил этишлари борасидаги қонуний ҳуқуқларини таъминлаш масаласидир.

Менга бугун тадбиркорларнинг қонунларга бўйсуниши, суд ва оммавий ахборот воситаларида ўз мавқеини ҳимоя қилиши ёқади. Биз янги ислоҳотлар доирасида шундай тартибни жорий этамизки, бунда фермерлар ҳам ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда керакли потенциалга эга бўлади, токи улар давлат ҳокимияти органлари даражасида ҳам, ресурслар тақдим этувчилар олдида ҳам, хизмат кўрсатиш ва қайта ишлаш корхоналарини таъминловчи йирик кластерлар даражасида ҳам ноҳақликларга дуч келганда, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда етарли салоҳиятига бўлишлари учун шароит яратиб берамиз.

Пахта ва буғдой – кўпгина фермерлар учун алмашлаб экишга имкон берувчи ўзаро бир-бирига боғлиқ экинлардир

“Sulton Tex Group” гуруҳи муҳокамаси фонида кўтарилган муаммолар асосийдир. Бир неча ўн йиллар давомида давлат, корхона ва хўжаликлар ер, ресурс ва ҳосилдан фойдаланиш бўйича маълум вазифа ва тасаввурларга эга бўлдилар. Қайта қуриш ҳамма учун осон эмас. Ҳатто, “Sulton Tex Group” га босим сифатида барчага берилган 5,6 млрд сўм билан боғлиқ масалани ҳам фермерларнинг позициясидан ҳам англаш лозим.

Мамлакатимизда ерга алмашлаб экишни таъминловчи икки асосий экин – пахта ва буғдой учун узоқ ўн йилликлар давомида деҳқонларга ижарага берилган. Деҳқонлар бу экинларни ҳар йили алмашлаб экишади. Бу йил об-ҳаво ва иқлим шароитлари туфайли фермерлар буғдойни муваффақиятли йиғиб олиш учун зудлик билан кўплаб миқдордаги ўғитларга муҳтож эди.

Анъанага кўра, бундай ҳолларда фермерлар пахта учун мўлжалланган маблағларни қайта кўриб чиқишади ва буғдой ҳосилидан кейин балансни ўз ўрнига келтиришади. Айни ҳолатда барча кредит маблағлари бевосита кластерга кирим қилингани сабабли, 5,6 млрд. сўм миқдоридаги маблағ кластердан буғдой ҳосили ҳисобига қайтарилиши шарти билан деҳқонлар учун сўралди. Аммо фермерларнинг ва кейинчалик маҳаллий маъмуриятнинг илтимоси кластер томонидан рад этилди.

Албатта, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқарувчисининг пахтадан бошқа экинларга қизиқиши йўқ. Кредит шартлари ва бизнес қонунлари нуқтаи назаридан ишлаб чиқариш кластери ташкилотчиси бу масалада рад этишга ҳақлидир. Бироқ, вазиятнинг ривожланиши шуни кўрсатдики, кластернинг ўз бизнес мақсадларида ери ва меҳнатидан фойдаланадиган одамлар – фермерлар билан мослашувчанлик муносабатларида ҳали муҳим муаммо мавжуд.

Нима учун тўқимачилик ишлаб чиқарувчиси учун “Кластер усулидаги ишлаб чиқарувчи”

бўлиб қолиш фойдали?

Кластер шакли йирик корхонага бир неча минг гектар фермер хўжаликлари ерларидан йирик миқёсда ўз корхонаси учун қулай шартларда фаолият кўрсатиш имконини беради.

Давлат томонидан тақдим етилган имтиёзли кредитлар бевосита пахта етиштирувчи деҳқонларга эмас, балки бевосита кластерга тақдим қилинади, ва у кейинчалик бу маблағлардан ўз хоҳишига кўра моддий-техника ресурсларини сотиб олишга йўналтириши ёки улардан фермер хўжаликлари ўртасида тақсимлашда фойдаланиши мумкин. Ва, шунингдек, фермерларга бериладиган ресурслар ва кўрсатиладиган хизматларга ҳам тўқимачилик ишлаб чиқарувчисининг ўзи нарх белгилайди.

Баъзан бу фермерларнинг норозилигига олиб келади, масалан, фермерлар ўз техникалари бўла туриб ёки бошқа фойдали вариантларга эга бўлса ҳам, қишлоқ хўжалиги машиналарини фақат кластердан ижарага олиш ва фойдаланишга мажбур бўлиб қолганда. Келиб чиқадики, кластер фермернинг еридан ва меҳнатидан фойдаланса-да, айрим фермерлар ҳар доим ҳам керак бўлмаган асбоб-ускуналарини ижарага олиш ёки бошқа зарур ресурсларни сотиб олиш учун кластерга ортиқча ҳақ тўлашга мажбур.

Бу ҳолатда кластер кафолатланган хомашё – пахтани олдиндан белгиланган нархда олиш имкониятига эга-ю, бунинг учун унга пахта хомашёси таннархи муҳим эмас. Аммо фермерлар учун бу масала доимо рентабелликка боғлиқ бўлиб қолади.

Шунинг учун биз янги Фармонда шартномалардаги нархлар бозорга асосланган бўлиши кераклигини тавсия қиламиз. Агар нарх адолатли бўлса ва фермерларнинг харажатлари ҳар доим ҳам ошавермаса, улар шундай компания билан ҳамкорлик қилишдан хурсанд бўладилар.

Нима учун айрим деҳқонлар “кооператив” яратиш орқали кластердан узилмоқчи?

Кооперацияни яратишда деҳқонлар қайта ишлаш корхонаси билан эркин бозор муносабатларини қуришлари мумкин. Деҳқонлар пировард натижада ўз товарларининг таннархини аниқлаш учун ўз харажатларини олдиндан назорат қила оладилар. Нархлар йирик корхона томонидан бир томонлама эмас, балки эркин бозор шароитида шакллантирилади. Деҳқонлар эса ўз маҳсулотларини биржа орқали бозор нархида сотишлари мумкин бўлади ва охир-оқибат соф фойда ўзаро тақсимланади.

Бундан ташқари, кооперациядаги хўжаликлар давлат томонидан ажратиладиган имтиёзли маблағларни ўзлари ўз ҳисобрақамларига оладилар ва мустақил ривожланадилар.

Ва энг муҳими: ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг кооператив шакли фермер хўжаликларининг ихтиёрий бирлашмаси асосида жорий этилади, чунки фермер хўжаликларининг ўзлари таъсисчи ҳисобланади. "Фермер хўжалиги тўғрисида" ги қонуннинг 25-моддасига мувофиқ, фермерлар касаба уюшмалари ва бошқа уюшмаларга маҳсулот ишлаб чиқариш, харид қилиш, қайта ишлаш ва маркетинг, моддий-техник кўмак, қурилиш, техник, сув хўжалиги, ветеринария, агрокимёвий, консалтинг ва бошқа хизмат турлари бўйича ихтиёрий асосда қўшилишлари мумкин.

Вазият фермерларга кластерлар томонидан бўладиган адолатли муомала қанчалик муҳимлигини кўрсатди

“Sulton Tex Group” кластери билан бўлган мавжуд вазият бошқа кўплаб компанияларга кластер доирасида фермерлар билан адолатли бозор муносабатларини ўрнатиш зарурлигини кўрсатади. Фермерларнинг энди танлови, муқобили бор. Йирик корхоналар фермерларни қизиқтириши, уларга қишлоқ хўжалиги хизматлари, ресурсларини янада жозибадор нархда таклиф этишлари зарур. Бошқа кўплаб ҳудудлардаги мисолларда кўрингани каби, фақат шундай ҳолдагина кластерлар, албатта, фермерлар учун ҳамкорлик энг маъқул шакли бўлиши мумкин. Ва шу ҳолда уларда кластер аъзолигидан чиқиш истаги бўлмайди.

Юқоридаги барча омилларни ҳисобга олган ҳолда, идоралараро комиссия фаолиятнинг Кластер шаклини бекор қилишга қарор қилди. Шу билан бирга, Президентимизнинг “Пахта соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 6 мартдаги №ПҚ-4633 қарори билан тақдим этилган имкониятлар фермерларга кооперация яратиш ва унга бирлашиш имконини берди.

Фаолияти давлат кўмагида бўлиб, ўзлари ва фермерлар ўртасида имтиёзларни адолатли алмашиш тамойилига асосланган "кластерлар" соҳани муваффақиятли ривожлантиришнинг калитидир.

“Sulton Tex Group” энди кооперативларнинг бир қисми сифатида, аммо фермерлар билан тенг ҳуқуқларда ривожланиш салоҳиятига эга

Бугунги кунда республикамизда 95 та кластер ишлаб чиқариш объектлари мавжуд. Биз эса, аввало, Қашқадарё вилоятида йирик замонавий кластерлар фаолият юритишининг тарафдоримиз. Аммо фермерларга алоҳида бирор Кластер билан ҳамкорлик қилиш учун босим ўтказа олмаймиз. Бу уларнинг танлови ва кооперацияга қўшилиш ҳуқуқидир.

Аммо буларнинг барчаси “Sulton Tex Group” учун истиқболлар ёпиқ дегани эмас. Бугунги кунда тадбиркор ўзига ажратилган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги фаолиятини давом эттирмоқда ва фермер хўжаликлари билан тенг ҳуқуқли кооператив таркибида ривожланиш имконига эга.

Бундан ташқари, “Sulton Tex Group” фермер хўжаликлари билан эркин бозор муносабатларини мустақил қуриши, уларни қишлоқ хўжалиги техникаси, ўғитлар ва бошқа хизматлар билан шартнома асосида таъминлаши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳар доим фермерларга ва йирик "кластерларга", шу жумладан, “Sulton Tex Group”га ёрдам беришга тайёр.

Ҳукумат ҳуқуқий базани такомиллаштириш йўлида доимий иш олиб бормоқда. Келгусида кластерлар ишига яқинда қабул қилинган "Пахта ва тўқимачилик маҳсулотларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 22.06.2020 даги ВМҚ-397-сонли ҳужжат асосида баҳо берилади. Бу ҳужжатда барча баҳолаш мезонлари белгилаб берилган.

Манба: Вазирлик Ахборот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech