Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
Чоп этиш учун
25 oct

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президентимизнинг 2019 йил 14 мартдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши вакиллари, тегишли бошлиқлари ва вилоятлардаги қишлоқ хўжалиги кооперациялар масъуллари иштирок этган тадбирда асосий эътибор мазкур ҳужжат асосида амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва тизимдаги муаммоларни ҳал этиш борасида қилинаётган ишларга қаратилди.

Қайд этилганидек, ушбу қарор бўйича тажриба синов тариқасида Жиззах вилоятининг Зомин, Ғаллаорол туманларида, Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Ургут туманларида, Тошкент вилоятининг Қибрай ва Паркент туманлари, Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қува туманларида жами 41 та мева-сабзавотчилик йўналишида қишлоқ хўжалиги бирлашмаси ташкил этилди.

Бирлашмаларга қарийб 27 минг минг гектардан ортиқ майдонда фаолият юритувчи 1 минг 128 та фермер хўжалиги, 22 та мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи, 29 та экспортёр, 10 та тайёрлов корхоналари ва 3 та бошқа ташкилотлар жами 1192 та субъект ихтиёрий аъзо бўлган. Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ва аъзолари ихтиёрида 24,4 минг тонна сиғимли музлатгичли омборхоналар, 20,3 минг тонна мева-сабзавотларни қайта ишлаш қувватлари, 1,9 минг тонна маҳсулотларни қадоқлаш имконига эга цехлар, 600 тонна қувватга эга мева-сабзавотни саралаш шахобчалари, махсус юк ташиш транспортлари ва қишлоқ хўжалик техникалари мавжуд.

– Бугунга қадар ҳудудлардаги қишлоқ хўжалиги бирлашмалари томонидан 63,9 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб, шундан қиймати 2 миллион 96 минг долларлик 3,3 минг тоннадан ортиқ маҳсулотлар экспорт қилинган. Тизимни янада такомиллаштириш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан мунтазам халқаро экспертларни жалб этган ҳолда қишлоқ хўжалик бирлашмалари ҳодимлари ва уларнинг аъзолари бўлган фермер хўжаликларини кооперация муносабатлари бўйича билим ва кўникмаларини ошириш юзасидан ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Германия ҳалқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг Тошкентдаги ваколатхонаси билан биргаликда ташкил этилган “Кооперативларни бошқариш тамойиллари” мавзусида ўқув-семинарларда Жиззах ва Фарғона вилоятлари қишлоқ хўжалиги бирлашмалари раҳбарлари, вазирликнинг ҳудудий бўлимларидаги аграр тадбиркорлик, агрокластерлар ва хўжалик бирлашмаларини ривожлантиришга масъул бўлган ҳодимлари фаол қатнашди. Мақсад бу соҳада хориж тажрибасини ўрганиш, мавжуд муаммоларни тизимли бартараф қилишдан иборат, – дейди Аграр тадбиркорлик, агрокластерлар, хўжалик бирлашмалари ва давлат хусусий шерикчиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Абдулло Йўлдошов.

IMG_0916.JPG

Тадбирда қишлоқ хўжалик бирлашмалари вакиллари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Фарғона вилоятининг Қува туманидаги "Qubbo fruit export" қишлоқ хўжалик бирлашмаси бугунга қадар 1 миллион 331,4 минг долларга тенг мева-сабзавот маҳсулотини экспорт қилган.

Бу йилги мавсум ҳали якунланмаган бўлса ҳам кўраётган даромадимиз ўтган йилга нисбатан анча яхши бўлди, – дейди бирлашма раҳбари Ғайратжон Мамадалиев. – Бугунги кунда бирлашмамизда 15 та фермер хўжалиги аъзо сифатида қабул қилинган. Улар билан ҳамкорликда ички ва ташқи бозор эҳтиёжига қараб маҳсулот етказмоқдамиз. Ҳудудимиз 182,2 гектар бўлиб сув етишмовчилиги сезилади. Шуни ҳисобга олиб, келгусида боғдорчилик ва деҳқончиликда томчилатиб суғориш технологиясини кенгроқ қўллашни мақсад қилганмиз.

Матбуот анжуманида қишлоқ хўжалиги кооперацияси бўйича ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш, соҳага кредит линияларини ажратиш, сифатли мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва малакали агрономларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Журналистлар соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олишди.

Манба: Вазирлик Матбуот хизмати




Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech